Кўпчилик халқларда етти сони хосиятли рақам ҳисобланади. Бу анъана муайян илоҳий мантиққа ҳам асосланган. Масалан, Қуръонда Аллоҳ таоло борлиқни олти кунда[1] яратиб, еттинчи куни Аршга кўтарилгани баён қилинган [1:59-оят]. Ушбу муқаддас китоб етти хил араб шевасига мувофиқ келадиган “расми хат” услубида битилгани[2] ва етти қироат[3] қорилари ҳам шу услубга таянгани ҳадисда қайд қилинган[4].
Ҳаётда ҳам мазкур сон билан боғлиқ тушунчалар анчагина кенг тарқалган. Жумладан, етти қават осмон, етти қават ер, ҳафтанинг етти куни, мусиқанинг етти нотаси, дунёнинг етти мўъжизаси, етти хазина, моддаларнинг етти кўриниши, етти авлод, етти иқлим, етти ранг, етти сайёра, Инжилда зикр этилган етти ҳалокатли гуноҳ ва ҳоказоларни эслаш мумкин [45].
Исломда етти рақамининг эъзозланиши бир қатор аниқ фактларга асосланади. Масалан, Муҳаммад (с.а.в.) даврларида шариат аҳкомларини мукаммал эгаллаган етти фақиҳ саҳоба ҳақидаги тушунча мавжуд[5]. Саҳоба ва тобеинлар даврида ҳам етти нафар фақиҳ[6] ўзининг чуқур билими, юксак иқтидори ва бенуқсон фатволари билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам улар “Ал-Фуқаҳо ас-сабъа” (“Етти фақиҳ”) деб эъзозланган. Улар ҳақида араб шоири “Илм борасида ривоятлари илмдан ташқарига чиқиб кетмаган етти денгиз ким” дейилса, улар – Убайдуллоҳ, Урва, Қосим, Саъид, Абу Бакр, Сулаймон, Хорижадир” деб айтинг”, [24:1/23] деган. Шунингдек, араб давлатларидан бири Марокашда ҳам Ўрта асрларда фақиҳ, муҳаддис, мутасаввиф ва тилшунос уламолар ўтган бўлиб, улар “Ар-Рижол ас-сабъа”[7] (“Етти киши”) номи билан қадрланган [31:142-143].
Мовароуннаҳрда ҳам етти сони билан боғлиқ кўплаб сюжетлар шаклланган. Масалан, Бухорода Нақшбандия тaриқaтининг етти пешвоси ҳақидаги феномен юзага чиққан[8]. Уларнинг мақомига муносиб зиёратгоҳлар барпо этилган.
Мил. авв. IV-III асрларда пайдо бўлган Қорақалпоғистондаги Миздахкон манзилгоҳининг деярли барча объектлари “етти” рақами билан боғлиқ. Етти гумбаз Шамуна Набийнинг етти гўзал қизи шарафига қурилган, деб ҳисобланади. Халифа Ережеп ёдгорлигининг остида, ривоятларга кўра, етти саҳоба дафн қилинган. Сағана ҳам “Етти саҳоба” номи билан машҳур. “Жетти қари” мақбараси Қуръоннинг етти ҳофизига тегишли, деган ақида мавжуд.
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётни шариат қоидалари асосида тартибга солиш заруратини келтириб чиқарди. Бу ишлар қозилик маҳкамаларининг вужудга келишига туртки берди. Уларнинг “қозихона”лар ёки “дор ал-қуззот” деб номланган адолат даргоҳи сифатида аҳоли қонуний манфаатларини рўёбга чиқариши назарда тутилган.
Бухорода илму маърифати, тақвоси, парҳезкорлиги ва адолати билан ажралиб турган етти нафар фақиҳ ўтгани маълум. Тарихга “Ал-Қуззот ас-сабъа” (“Етти қози”) номи билан кирган ушбу фақиҳлар адолатсизликка йўл қўймагани туфайли халқ орасида катта обрў қозонган. Улар турли даврларда яшаган бўлса-да, қабрлари бир жойда – Бухородаги “Чор Бакри Бухоро”[9] мажмуасида жойлашган. Шунинг учун ҳам ушбу қабристон халқ орасида “Мазороти қуззоти сабъа” номи билан ҳам машҳурдир.
Бухоронинг етти қозиси ҳанузгача яхши ўрганилмаган. Уструшана минтақасининг илмий-маданий марказ сифатидаги ролини аниқлашга бағишланган тадқиқотимизга тегишли жойи шундаки, етти нафар фақиҳнинг исми шарифи келтирилган рўйхат Абу Жаъфар Уструшанийдан бошланади. Олимнинг тўлиқ исми Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр (Умар) ибн Сулаймон Шаъбий (Шуъабий) Уструшанийдир[10]. Тарихий манбаларда унинг таваллуд санаси тўғрисида маълумот учратмадик. Аммо манбаларда вафот санаси 400/1010 ёки 404/1013 йил деб кўрсатилган ва “Мазороти қуззоти сабъа” қабристонига биринчи дафн этилган қози сифатида зикр қилинади. У Уструшана минтақасининг йирик фақиҳларидан бири бўлган. Фақиҳ дастлабки илмни ўз юртида олиб, кейинчалик Бухорода қозилик лавозимида хизмат қилган.
Абу Жаъфар Уструшанийнинг устозлари асосан X асрда ислом илмлари ривож топган марказлар – Уструшана, Бухоро ва Бағдодлик ҳанафий мазҳабининг етук олимларидан бўлган. Олимнинг ўзи ҳам фақиҳлар оилавий сулоласи вакилидир. Илк устози X асрда Уструшанада яшаган ўзининг амакиси Луқмон ибн Шаъбий ибн Сулаймон Уструшаний бўлган. Бинобарин, Абу Жаъфар Уструшаний бошланғич таълимни ҳамда ўз замонида кенг тарқалган диний илмларни туғилиб ўсган ватани Уструшанада Луқмон ибн Шаъбийдан олган. Кейинчалик фиқҳ илмини чуқур ўрганиш мақсадида таҳсилни давом эттириш учун Бухорога борган ва шу ерда муқим яшаб қолган. Иккинчи устози бухоролик фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Каморий Бухорийдир [37:3/300]. У 301/913 йил таваллуд топган, кўплаб бухоролик ҳанафий фақиҳларнинг устози ҳисобланади. У Самарқанд илоҳиётчиларининг “имон – яратилган” деган фикри тарафдори бўлган [36:1/100]. Каморий, ўз навбатида, бухоролик машҳур мутасаввиф Калободий Бухорийнинг устози саналади.
Абу Жаъфар Уструшанийнинг учинчи устози бағдодлик олим Абу Бакр Аҳмад ибн Али Розий Ҳанафий Жассос лақаби билан машҳур фақиҳ бўлган. У 305/917 йил таваллуд топган ва 370/980 йил вафот этган. Асли Рай аҳлидан бўлган мазкур олим Мовароуннаҳрда фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшган. Абу Бакр Косоний (494/1100-587/1191) ўзининг “Бадоиъу ас-саноиъи фи тартиб аш-шароиъи” (“Шариат тартиблашда гўзал услуб”) асарида Абу Бакр Жассосни “ҳужжатул ислом” (“Ислом дини ҳужжати”) деб эътироф этган. Шубҳасиз, ҳанафий мазҳабига оид мўътабар манбаларда Абу Бакр Жассоснинг сўзлари ҳужжат, яъни якуний хулоса сифатида келтирилади. Абу Бакр Жассос ҳам усул ал-фиқҳ, ҳам фуруъ ал-фиқҳни мукаммал эгаллаган етук олим бўлган [29:13/271; 42:21-22; 35:1/7; 18:9/389].
Абу Жаъфар Уструшанийнинг устоз ва шогирдлари ҳақидаги маълумотлар уларнинг илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшганини тасдиқлайди. Зеро, унинг кўп сонли шогирдлари ҳам Мовароуннаҳр маданий тараққиётида муҳим ўрин тутган. Табақот манбаларида таъкидланишича, ислом оламида “Шамсул аимма” (“Имомлар қуёши”) шарафли унвонига бешта фақиҳ[11] мушарраф бўлган [33:10,142; 38:2/1014,1224,1298; 23:4/194; 27:4/136; 34:158,163,271; 37:3/3360,4/143]. Абу Жаъфар Уструшаний Абу Зайд Дабусийга устоз бўлиши билан бир қаторда, мазкур бешта “Шамсул аимма” унвонли фақиҳларнинг учтасига[12] ҳам устоз-шогирд силсиласи билан устоз ҳисобланади [33:142; 38:2/1224; 23:4/194; 27:4/136]. Шунингдек, Абу Жаъфар Уструшаний Мовароуннаҳрда ўз илму маърифати ва адолатпешалиги билан донг таратган қозилар сулоласининг асосчиси ҳисобланади. Зеро, унинг шогирдлари Абу Зайд Дабусий, Шамсул аимма Ҳалвоний, Абул Юср Баздавий, Фахрул ислом Баздавий, Абул Маолий Аҳмад ибн Абул Юср Баздавий, Абу Собит Ҳасан ибн Фахрул ислом Баздавийлар кўп йиллар қозилик лавозимида ишлаган.
Абу Жаъфар Уструшанийнинг ҳаёти, илмий-ижодий фаолияти ва Ўрта асрлар Мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожига қўшган ҳиссасини аниқроқ ёритиб бериш учун у яшаган давр ҳақида ҳам маълумот бериш жоиз. Шунда олимнинг ҳанафийлик мазҳаби ривожида тутган ўрнини холисона таҳлил қилиш ва баҳолаш мумкин. У яшаган замон Аббосийлар ҳукмронлиги даврига (132-656/750-1258) тўғри келади. Аббосийлар сулоласининг таъсири халифа Мустакфий давридан заифлаша бошлаган. Абу Жаъфар Уструшаний яшаган мутаассиблик чуқурлашган X асрда (309/922412/1022) диний тортишувлар асосан ҳанафийлар ва шофеъийлар ўртасида бўлгани туфайли ҳар иккала мазҳаб уламоларига кўплаб тош отилар эди [14:1]. Яъни шофеъийлар ҳанафийларни оят ва ҳадисларга кам суянганликда танқид қилар, ҳанафий фақиҳлари эса ўз мазҳабини Қуръон ва Суннага асосланганини кўрсатишга интилар эди. Абу Жаъфар Уструшаний “Кифоят аш-Шаъбий” асарини мазкур таъна ва дашномларга раддия сифатида, аввало, Қуръон ва ҳадисларга, сўнгра эса ўзининг раъйига ва қиёсдан фойдаланган шаклда таълиф этган. У Уструшана илмий муҳитидан озиқланган олим сифатида ҳадис илми ривожига ҳам муҳим ҳисса қўшган. Абу Зайд Дабусий “Ал-Асрор” асарида тўртта ҳадисни Халил ибн Аҳмад Сижзий (290/902-378/988 й.)дан Абу Жаъфар Уструшаний воситасида ривоят қилгани [22:26-27] бунинг исботидир.
Абу Жаъфар Уструшаний маълум муддат қозилик лавозимида фаолият кўрсатган. Аммо унинг асосий фаолияти ўзи ўрганган илм соҳаларида, хусусан, ҳадис ва фиқҳ борасида тадқиқот олиб бориш ва фундаментал асарлар ёзиш билан боғлиқ бўлган. Унинг илмий-маънавий меросини “Ал-Жомиъ ал-кабир” (“Катта тўплам”), “Аз-Зиёдот” (“Қўшимчалар”) ва “Кифоят аш-Шаъбий” (“Шаъбийнинг кифояси”) каби фиқҳий асарлар ташкил қилади. Унинг “Аз-Зиёдот” асари бизгача етиб келмаган, лекин бошқа манбаларда ундан иқтибослар келтирилган.
Абу Ҳанифа вафотидан сўнг (150/767 й.) милодий XI аср бошигача Мовароуннаҳрда ҳанафий фиқҳи бўйича ёзилган саноқли асарлар[13] қаторига Абу Жаъфар Уструшанийнинг “Кифоят аш-Шаъбий” (“Шаъбийнинг кифояси”) асарини киритиш мумкин [20:443,447]. Мазкур асарнинг Туркияда сақланаётган нусхаси “Ал-Мажолис фи фуруъ ал-фиқҳ” (“Фиқҳ тармоқларига бағишланган мажлислар”), [2:233в] деб номланади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Кифоят аш-Шаъбий” асарининг учта қўлёзмаси 4611, 4666, 6013 рақамлари остида сақланмоқда.
“Кифоят аш-Шаъбий” таркибий тузилиши нуқтаи назаридан 80 та мажлис, яъни суҳбатдан иборат. Асарда фиқҳий масалалар билан бирга, нақлий илмлар ва ваъзлар, яъни Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг фиқҳий-ҳуқуқий масалаларга доир ҳадислари қамраб олинган. Китоб нафақат фиқҳий, балки амри маъруф ва наҳйи мункар жанрида битилган дидактик, яъни панд-насиҳатлардан иборат асарлар сирасига ҳам киради [19].
Абу Жаъфар Уструшаний асос солган Бухоро фиқҳ мактабини давом эттирган “Қуззоти сабъа”нинг иккинчиси Абу Зайд Дабусий ҳисобланади. У Абу Жаъфар Уструшанийнинг хос шогирди бўлган, тўлиқ исми – Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Дабусий. У Бухоро билан Самарқанд оралиғида жойлашган Дабусия қишлоғида туғилиб ўсган. Абу Зайд Дабусий 20 ёшида 389/999 йилдан кейин Қорахонийлар томонидан қозилик лавозимига тайинланган [5:27]. Тадқиқотчи А.Акгундузнинг ёзишича, Дабусий Қорахонийлар даврида расмий қози вазифасида ишлагани сабабли фиқҳий асарларда у “Қози Зайд” деб зикр қилинган [9:90].
Абу Зайд Дабусий қатор фиқҳий асарлар[14] ёзган [10:3; 11:1/184; 12:1/456]. У илми хилоф бўйича “Ат-Таълифату фи масоил ал-хилоф байна ал-аимма” (“Алломалар ўртасида фиқҳ илмидаги ихтилоф йўллари”) номли асар ҳам яратган. Абу Таййиб Муҳаммад Сиддиқхон ибн Ҳасан Қанужийнинг “Абжад ал-улум” китобида таъкидланишича, ҳанафий мазҳабида у қиёс услуби бўйича кенг маълумот берган, унга тегишли бўлган шартлар ва баҳсларга чек қўйган ҳамда усулул фиқҳ илмини камолга етказган олим бўлган [30:3/109]. Ибн Халдун “Ҳанафий мазҳабида усулул фиқҳ борасида энг яхши асар ёзган олим, аввалгилардан Дабусий ва кейингилардан Сайфулислом Баздавий эди”[15], деб таъкидлагани ҳам ушбу хулосани тасдиқлайди [21:427].
Абу Зайд Дабусий қатор шогирдлар ҳам етиштирган. Улардан биринчиси замонасида “Ал-Қози ал-жамол” (“Чиройли қози”) номи билан танилган Абу Наср Аҳмад ибн Абдурраҳмон Риғдамуний Бухорий (414/1024-493/1101)дир [36:46; 20:72]. Иккинчи шогирди Алоуддин Али Марвазий XI асрнинг иккинчи ярмида яшаган. Тарожим асарларида унинг таваллуд ва вафот саналари қайд этилмаган. Фақат Абу Зайд Дабусийнинг дўсти ва шогирди[16] сифатида тилга олинган [36:234]. Абу Зайд Дабусий 430/1039 йили вафот этган ва “Ал-Қуззоти ас-сабъа” (“Етти қози”) мақбарасига дафн этилган [23:1/147; 36:73; 33:2/1590].
Абу Зайд Дабусий “Илм ал-хилоф” (“Фиқҳий ихтилофларни ўрганувчи илм”) фанига асос солган аллома ҳисобланади. Илм ал-хилоф бугунги ҳуқуқшуносликда “Қиёсий ҳуқуқшунослик” сифатида эътироф этилмоқда [4:4]. Хилоф илми ‒ шаръий фикрлардаги тафовутлар, муҳокама ва натижаларнинг ҳолати ва шубҳаларни даф қилиш ҳақида баҳс юритадиган илмдир [44]. Шаръий далиллардан чиқарилган фиқҳий масалаларда хилоф кўп бўлади. Чунки мужтаҳидлар манбалари ва услуби ҳамда назари турличадир. Шунинг учун бу каби хилофларнинг бўлиши табиий ҳолдир [8:170].
Эътиборлиси шундаки, хилоф деганда, уламолар бир-бирини тамоман қораламаган. Хилоф фақатгина бирор-бир масалага ечим топишда мужтаҳидлар томонидан олинган шаръий далилларнинг турлича эканида ўз ифодасини топган. Бир мужтаҳид муайян масала бўйича ҳукм чиқаришда бир далилни кучлироқ санаган бўлса, бошқаси айнан шу масалада бошқа бир далилни афзал ҳисоблаган. Шу сабабли битта ҳукм борасида мазҳаблар ўртасида фарқли ёндашувлар пайдо бўлган. Фақиҳлар ихтилофи бўйича китоблар ҳам таълиф этилган[17].
Мовароуннаҳрда V-VI/XI-XII асрларда илм ал-хилоф соҳасида асарлар ёзишда муайян анъана шаклланган. Бу йўналишдаги илк асар Абу Али Ҳасан ибн Қосим Табарийнинг “Ал-Муҳаррар фи ан-назар”, иккинчи муҳим асар Абул Қосим Маҳмуд Замахшарийнинг (ваф.538/1144) “Руус ал-масоил ал-масоил ал-хилофиййати байна ал-ҳанафиййа ва-ш-шофииййа” (“Ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари ўртасидаги ихтилофли масалаларнинг илдизлари”) [7] ва учинчиси Абу Зайд Дабусийнинг “Таъсис ан-назар” (“Ёндашувларни асослаш”)[18] асари эди. Охиргиси энг мукаммал экани туфайли Абу Зайд Дабусий Мовароуннаҳрда илм ал-хилоф асосчиси сифатида эътироф этилади [16:532]. Абу Зайд Дабусийдан кейин яшаган Абу Ҳафс Умар Насафийнинг (ваф.537/1142) “Ал-Манзума фи ал-хилофиёт” ва Алоуддин Самарқандий (ваф.553/1158)нинг “Мухталаф ар-ривоя” асарлари илм ал-хилоф соҳасида “Таъсис ан-назар”га ўхшаса-да, унинг ўрнини боса олмади [11:184].
Ибн Халдун “Ал-Муқаддима”да таъкидлашича, Абу Зайд Дабусий ўзининг “Таъсис ан-назар” ва “Ал-Асрор” (“Сирлар”) асарлари орқали олимлар томонидан “Илмул хилоф” асосчиси деб тан олинган. Демак, олим бундан тўққиз ярим аср муқаддам қиёсий ҳуқуқшуносликка асос солган [21:2/931; 3:42]. Олим суннийлик мазҳаблари орасида ҳуқуқий муаммолар бўйича кузатилган ихтилофларни чуқур ўрганиб, уларни илмий услубда тушунтириш қоидаларини яратган ва кўплаб илмий асарлар ёзган [37:1/220; 36:1/27; 21:320]. Андалусиялик олим Ибн Арабий Бағдод шаҳрига келганда, унинг асарларини кўчириб, ислом дунёсининг ғарбий мамлакатларига тарқатган. Ибн Рушд ҳамда Ибн Нужайм ўз ҳуқуқий асарларини ёзишда Дабусийдан илҳомланган экан [17:34].
Етти қози – “Қуззоти сабъа”нинг учинчиси Мустамлий Бухорий ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми – Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Мустамлий Бухорийдир. Унинг ҳаёти ва илмий фаолияти тўғрисида араб ва форс тилида ёзилган тарожим асарларида қисқа маълумотлар мавжуд [23:5/289; 43:71; 39:57]. У ҳақда бирмунча тўлиқ маълумотлар К.Раҳимов тадқиқотида келтирилган [6:67-71]. Унинг таъкидлашича, “мустамлий” сўзи араб тилида “ёзувчи”, “котиб”, “тушунтирувчи”, “шарҳловчи” маъноларини билдирган. Ўрта асрларда дарс берувчи устознинг ёрдамчиси, ўқувчилар саволларига жавоб берувчи ҳамда талабалар хатоларини тузатувчи киши “мустамлий”[19] деб аталган [6:67].
Мустамлий Бухорий 358/968-360/970 йиллар атрофида Бухорода таваллуд топган. Унинг ижодий фаолияти Сомонийлар ҳукмронлигининг охирги йиллари ва Қорахонийлар сулоласи ҳукмронлигининг бошларига тўғри келади [6:68-69].
Мустамлий Бухорий олим сифатида асосан Мовароуннаҳр илмий муҳити таъсирида шаклланган. Кўпчилик тарожим асарларида унинг ҳадис бўйича уч устози ва тасаввуф бўйича битта устози[20] зикр этилади [37:3/308; 23:3/247-248,5/289]. Шунингдек, Мустамлий Бухорий кексалик чоғларида тасаввуф илми соҳасида Омул (Чоржўй) шайхларидан ҳам таълим олган [23:5/289]. Мустамлий Бухорий диний ва дунёвий билимларини чуқур ўрганган. Унинг илмий-маънавий меросини иккита асар[21] ташкил этади [6:71]. У фиқҳ соҳасининг билимдони экани “Шарҳ ат-Таарруф” асарида ўз аксини топган [39:57]. К.Раҳимовга кўра, Мустамлий Бухорий 434/1043 йил вафот этган. Порсонинг ёзишича, Мустамлий ушбу шаҳардаги Буғробек тепалиги номи билан машҳур бўлган қабристонда дафн этилган. Бироқ “Тарихи Муллазода” асари муаллифи Муин ал-Фуқаро Аҳмад ибн Маҳмуднинг таъкидлашича, Мустамлий Бухорийнинг қабри Буғробек қабристонинг шарқ томонида, ундан бироз яқин масофада жойлашган “Қуззоти сабъа” (“Етти қози”) қабристонидадир [6:71].
Етти қозининг тўртинчиси Бадиуддин Аҳмад ибн Умар Бухорийдир. “Тарихи Муллозода”да у Заҳириддин Бухорийнинг отаси сифатида зикр қилинади. У “Фатово Бадиъ ад-дин” ёки “Фатово Бухоро” деб номланган асар муаллифидир.
Етти қозининг бешинчиси – Заҳириддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар Бухорий (ваф.619/1222) Бухоро қозиси ва муҳтасиби сифатида танилган. У Ҳусомиддин Садр аш-Шаҳиднинг “Ал-Жомиъ ас-сағир” асарига “Фавоид” номли фиқҳий асар ёзган. Бу асар “Ал-Фавоид аз-заҳириййа” деб ҳам юритилади. Яна унинг “Ал-Фатово аз-заҳириййа” номли фиқҳий асари ҳам мавжуд [27:5/320].
Етти қозининг олтинчиси Аҳмад ибн Амр ибн Мусо ибн Абдуллоҳ Бухорий (тахминан ваф.396/1006) Абу Наср Ироқий нисбаси билан шуҳрат қозонган. Бир муддат Самарқандда қозилик қилган ва Бухорога кетиб, ўша ерда вафот этган. Тўра Бухорийнинг “Туҳфат аз-зоирийн” (“Зиёратчиларга туҳфа”) асарида Бухоронинг еттинчи қозиси сифатида номи келтирилади [36:29].
Етти қозининг еттинчиси Завзаний ҳисобланади. Манбаларда Завзаний нисбаси билан бир неча фақиҳлар бўлгани зикр этилган[22]. Амалга оширилган изланишлар натижаси “Қуззоти сабъа”нинг еттинчиси қуйидаги уч фақиҳдан бири бўлганини фараз қилиш имконини беради. Уларнинг бири Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Аҳмад ибн Ҳусайн Завзаний (ваф.486/1093) ёзувчи, тилшунос, фақиҳ ва шоир бўлган. Унинг “Шарҳ ал-муаллақот ас-сабъа”, “Таржумон ал-Қуръон”, “Китоб ал-масодир”, “Шарҳ боийати зий ар-рамат” каби асарлари бор [32:202-203]. Иккинчиси, Абдурраҳим ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Садидий Завзаний бўлиб, у Абу Жаъфар Таҳовий (239/853-321/933)нинг “Шарҳ маоний ал-осор” асарини ривоят қилиб, ўқитгани билан танилган. У XIV асрда яшаган, Имод ал-ислом лақаби билан танилган ҳанафий фақиҳ бўлиб, Бухорода қозилик қилган. “Туҳфат аз-зоирин” ва “Тарихи Муллозода”да Қози Имом Завзан, деб келтирилган. Учинчиси Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Сулаймон Завзаний (ваф.370/980) бўлиб, шофеъий мазҳаби вакили бўлгани учун шофеъийларнинг табақот китобларида зикр этилган. У Хуросон ва Мовароуннаҳрда адолатли қози бўлгани билан шуҳрат қозонган. Уларнинг қайси бири еттинчи қози мақомида зикр этилгани масаласи ҳамон очиқлигича қолмоқда.
Айтиш жоизки, манбаларда етти қозининг саноғи ва улар кимлардан иборат бўлгани турлича талқин этилади. Масалан, “Тарихи Муллазода” асари муаллифи Муъин ал-Фуқаро Аҳмад ибн Маҳмуднинг (VIII/XIV аср биринчи ярми) таъкидлашича, Бухорода “Талли судур” (“Садрлар тепалиги”) номли қабристон бўлиб, унинг четида Абу Бакр Тархон қабри жойлашган [39:56]. Қабрнинг шарқий томонида “Етти қози”нинг қабрлари жойлашган. Абу Жаъфар Уструшанийдан бошланган етти қози қаторига Абу Зайд Дабусий (ваф.430/1039), Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Мустамлий Бухорий (ваф.434/1043), Завзон, Бадиуддин Бухорий (XII аср) ва унинг ўғли Заҳириддин Бухорий (ваф.619/1222) киритилади [5:30]. Бироқ ушбу хабарда еттита эмас, балки олтита исм келтирилади.
Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавийнинг (ваф.1176/1762) “Ал-Инсоф фи баён асбоб ал-ихтилоф” (“Ихтилофлар сабабларини баён қилишда ўртача йўл”) асарига асосланиб, араб тадқиқотчиси Субҳий Жамил ал-Хайёт “Бухоронинг етти қозиси” тушунчаси, аслида тўққизта қозини ўз ичига олади, деб ҳисоблайди ва “Қуззот тисъа” иборасини истеъмолга киритади. Улар – Абу Жаъфар Уструшаний, Абу Зайд Дабусий, Исмоил Мустамлий, Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Марвазий, Абул Юср Муҳаммад Баздавий, унинг ўғли Абул Маолий Аҳмад, Бадиуддин Бухорий, унинг ўғли Заҳириддин Бухорий ва Қозихон Ўзгандий [28:27]. Кўриниб турганидек, бу рўйхатда фақиҳлар сони тўққизтани ташкил этади.
Тўққиз қозининг тўрттаси ҳақида юқорида маълумот берилди. Ал-Ҳайётнинг рўйхатидаги бешинчи қози Абул Юср Баздавийдир. У Абу Жаъфар Уструшанийнинг шогирди Шамсул аимма Ҳалвонийнинг[23] шогирди [29:18/177; 36:231]. Садрулислом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Мужоҳид Абул Юср Баздавий 421/1030 йилда туғилган [33:91]. Дастлабки сабоқни отаси Абул Ҳасан Муҳаммад Баздавийдан олган. Бобоси Абдулкарим ибн Мусо Баздавий Абу Мансур Мотуридийнинг шогирдларидан бири бўлган. Абул Юср Баздавий Самарқанд калом мактаби билан оиласи орқали танишиш имконига эга бўлган. У бир неча асарлар муаллифи [26:2-3,65]. Унинг қатор шогирдлари бўлиб, уларнинг машҳурлари Абул Муин Насафий ва Абу Ҳафс Нажмуддин Умар Насафий (ваф. 537/1142) ҳисобланади [20:321].
Абул Юср Баздавийнинг “Фахрул ислом Баздавий” номи билан машҳур фақиҳ акаси ҳам бўлиб, тўлиқ исми Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим Баздавийдир[24]. У ҳам Абу Жаъфар Уструшанийнинг шогирди Шамсул аимма Ҳалвонийнинг шогирди саналади [40:2/55]. Фахрул ислом Баздавий 400/1010 йили таваллуд топган. Самарқандда дарс берган. У машҳур фиқҳий асарлар муаллифи. Фахрул ислом Баздавий 482/1089 йил ражаб ойининг бешинчи куни вафот этган ва Самарқандда дафн этилган. Унинг Абу Собит Ҳасан исмли фақиҳ ўғли бўлиб, Самарқандда таваллуд топган ва отаси вафотидан сўнг амакиси Абул Юср Баздавий уни Бухорога олиб кетади. У фиқҳ илмини амакисидан ўрганади. Кейинчалик илм излаб Марвга боради ва бир муддат ўша ерда яшаб қолади. Амакисининг ўғли Абул Маолий Аҳмад Баздавий ҳаж сафарига кетганидан сўнг, Бухорога қайтиб, у ерда муқим яшайди ва қозилик лавозимида фаолият юритади. Унинг вафот санаси номаълум [29:18/602-603].
“Қуззоти тисъа”нинг олтинчиси Абул Маолий Аҳмад Баздавийдир. У Абул Юср Баздавийнинг ўғли бўлиб, унинг тўлиқ исми – Абул Маолий Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо Баздавий. У Бухорода 481/1088 ёки 482/1089 йил таваллуд топган. Фиқҳ илмини отасидан ўрганган. Ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрдаги йирик вакилларидан бири сифатида танилган. Бухорода қозилик вазифасида ишлаган. Ҳаж сафарига бориб, қайтишда 542/1147 йил Сарахсда вафот этган. У ҳам устоз-шогирд силсиласи билан Абу Жаъфар Уструшанийнинг шогирди саналади [29:18/602-603].
Ва ниҳоят, “Қуззоти тисъа”нинг тўққизинчиси – фақиҳ Қозихон. Унинг тўлиқ исми – Фахрул ислом (Фахруддин) Абулмафохир Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғоний бўлиб, Қозихон тахаллуси билан танилган. У бир қатор китоблар муаллифи[25], машҳур мужтаҳид олим бўлган. Фақиҳ Фарғона водийсининг марказий шаҳарларидан бўлган Ўзгандда таваллуд топган, вафоти эса 592/1196 йилларга тўғри келади. Ўз замонасида “Фахрул милла”, “Рукнул ислом”, “Бақиййатус салаф” сифатлари билан танилган. Қозихоннинг фиқҳий мероси ва мужтаҳидлик мақоми кейинги давр олимлари томонидан юксак эътирофга сазовор бўлган [38:2/169].
Маҳмуд ибн Аҳмад маълумотлари ва ал-Ҳайёт хулосасининг қиёслашга асосланган ўзбек тадқиқотчисининг фикрича, “Бухоронинг етти қозиси таркибига Абу Жаъфар Уструшаний, Абу Зайд Дабусий, Исмоил Мустамлий, Бадиуддин Бухорий ва унинг ўғли Заҳируддин Бухорий кириши аниқ. Завзон, Абу Умар Аҳмад Марвазий, Абул Юср Муҳаммад Баздавий, унинг ўғли Абул Маолий Аҳмад Баздавийнинг бу гуруҳга мансублиги бўйича эса ишончли маълумот топилмаган [5:33].
Хулоса қилиб айтганда, мусулмон оламида машҳур бўлган мовароуннаҳрлик “Етти қози” феноменининг пайдо бўлиши Уструшана минтақаси билан боғлиқлиги мазкур ҳудуд биринчи Ренессанс даврида шаклланган нуфузли илмий-маданий марказлар қаторида бўлганини кўрсатади.
- Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2016.
- Абу Жаъфар аш-Шаъбий ал-Уструшаний. Ал-Мажолис фи фуруъ ал-фиқҳ. – Кўпрулу кутубхонаси (Туркия). – Меҳмед Асимбей бўлими. – Қўлёзма №
- Жабборов М. Фиқҳ илми ва Абу Жаъфар Уструшаний. Имом Бухорий сабоқлари. – Самарқанд. 4/2019.
- Жўзжоний А.Ш. Абу Зайд ад-Дабусий – илмул хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик) фанининг асосчиси // Тошкент ислом университети илмий-таҳлилий ахборот. – Т., 2003.
- Нажмиддинов З.Х. Абу Зайд ад-Дабусий меросининг Мовароуннаҳрда фиқҳ илми ривожида тутган ўрни: Тар. фан. номз. … дис. ТИУ, 2007.
- Раҳимов К. Мовароуннаҳр тасаввуфи илдизлари: Тасаввуф таълимотининг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VIII-XI асрлар). – Т.: “Splendid Idea” нашриёти, 2021.
- Уватов У. Аз-Замахшарий асари Ирландияда. – Халқ сўзи. – 2006 йил 21 март. – №
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар. ‒Т.: Шарқ, 2011.
- Akgündüz A. Karahanlıların Büyük Hukukçusu Ebu Zeyd Debbusi ve Mezheplerarası Mukayeseli Hukuka Te’sirleri // Selçuk Üniversitesi Hukuk Fakultesi Dergisi. ─ Kunya (Turkıya), 1989.
- Bedir M. Interplay of sufism, law and theology: a tenth century example / The IVth International conference of islamic legal studies on sufism and law. – Murcia (Spain), May 8-11, 2003.
- Brockelmann C. Geschichte des arabischen Litteratur. – Т. 1. – Leiden: Brill, 1943.
- Sezgin F. Geschichte des arabischen Schrifttums. – Т. 1. – Leiden: Brill, 1967.
- Brockelmann C. Geschichte der arabischen Litteratur: T. I-II. – Weimar-Berlin, 1898.
- Schacht J. Theology and law in Islam / Ed. G.E. von Grunebaum. – Wiesbaden: Otto Harrassowitz,
- Özel A. Hanefi fıkıh аlı – Ankara, 1990.
- Özen Ş. ’İlm-i Нilâfın Ortaya Çıkışı ve Ebû Zeyd ed-Debûsî’nin Te’sisü’n-nazar Adlı – Istanbul: Marmara unıversıtı, 1988.
- Kavakcı Y. Z. XI ve XII. Asırlarda Karahanlılar Devrinde Māvāra’ al-Nahr İslâm Hukukçuları. – Ankara: Sevinç matbaası, 1976.
- ابن حجر العسقلاني. تهذيب التهذيب. القاهرة: «دار الفكر»، 2009 م.
- أبو جعفر محمد بن عمرو الشعبي بن سليمان الأستروشني. كفاية الشعبي. تحقيق. أ.د. زاهد الله منوّروف و د. مسلم رزقي عطاء. (faximile). طشقند. ٢٠٢١ م.
- أبو حفص عمر بن محمد النسفي. القند في ذكر علماء سمرقند. تحقيق: نظر محمد الفريابي. المكتبة الكوثر. المملكة العربية السعودية. 1991.
- أبو زيد عبد الرحمن بن محمد بن خلدون الحضرمي. المقدمة. اسكندرية.
- أبو زيد الدبوسي. كتاب المناسك من الأسرار. تحقيق نايف بن نافع العمري. القاهرة: دار المنار، 1411\1991
- أبو سعد عبد الكريم بن محمد بن منصور التميمى السمعانى. الأنساب.بيروت. ١٩٩٨م.
- أبو عبد الله محمد بن أبي بكر بن أيوب الزرعي المعروف بابن قيم الجوزية. إعلام الموقعين عن رب العالمين. تحقيق: محمد عبد السلام إبراهيم. دار الكتب العلمية – ييروت. الطبعة: الأولى، ١٤١١هـ – ١٩٩١م.
- أبو الليث السمرقندي. خزانة الفقه وعيون المسائل. تحقيق: صلاح الدين الناحي. شركة الطبع والنشر. بغداد. 1965.
- أبو اليسر محمد بن محمد بن حسين بن عبدالكريم بن موسى بن مجاهد البزدوي. أصول الدين. دار الكتب العربية. القاهرة. 1963.
- خير الدين الزركلي.الاعلام قاموس تراجم لاشهر الرجال و النساء من العرب و المستعربين و المستشرقين. القاهرة: دار العلم للملاين, 1998.
- سبحي جميل الخيات. دراسة مقارنة لكتاب تقويم الأدلة في اصول الفقه. القاهرة. ١٩٧٧.
- شمس الدين الذهبى. سير أعلام النبلاء. تحقيق: محيب الدين أبو سعيد عمر الأمروي. بيروت. دار الفكر. 1997.
- صديق بن حسن القنوجي. أبجد العلوم. بيروت. ١٩٧٨.
- عباس بن ابراهيم التعارجي المراكشي. اظهار الكمال في تتميم مناقب ثبات الرجال. دراسة و تحقيق: ظ.ادريس الشرواتي. الطباعة والاخراج: دار أبي رقراق للطباعة والنشر. 1434\2013.
- عمر فروخ، تاريخ الأدب العربي: من مطلع القرن الخامس الهجري إلى الفتح العثماني. الجزء الثالث. دار العلم للملايين – بيروت. الطبعة الرابعة – 1981.
- قاسم بن قطلوبغا الحنفي. تاج التراجم في طبقات الحنفية. مطبعة المثنى.بغداد. 1962.
- أبو إسحاق الشيرازى. طبقات الفقهاء. تحقيق: د.اسحاق عباس. بيروت. 1970.
- محمد أنور شاه بن معظم شاه الكشميري الهندي. العرف الشذي شرح سنن الترمذي. بيروت – لبنان. «دار الدراس العربية».
- محمد عبد الحى اللكنوى. الفوائد البهية فى تراجم الحنفية. بيروت. ١٩٧٢ م.
- محيى الدين القادر بن أبى وفاء القرشى. الجواهر المضيئة في طبقات الحنفية. هجر للطباعة والنشر والتوزيع والاعلان ١٩٩٣ م.
- مصطفى بن عبدالله حاجي خليفة. كشف الظنون عن أعصام الكتب والفنون. دار الفكر. بيروت – لبنان. 1402\1972.
- معين الفقراء، تاريخ ملازاده در ذكر مزارات بخارا / با مقدمه و تصحيح وتحشيه و تراجم اعلام باهتمام احمد گلجين معاني. تهران، مركز مطالعات ايراني، 1370.
- مفتاح السعادة ومصباح السيادة. المؤلف: أحمد بن مصطفى الشهير بطاش كبري زاده. الناشر دار الكتب العلمية. في ثلاث مجلدات عام ١٩٨٥/١٤٠٥.
- ناصر الدين توره بخاري، سيد محمد. تحفة الزايرين. چاب سنگی . بخارا، 1910 م.
- نور الدين محمد عتر. الامام الترمذي. استانبول. «دار السلام»، 2009 م.
- پارسا، خواجه محمد. فصل الخطاب / به تصحيح و با مقدمه و تعليقات جليل مسگرنژاد. تهران. مركز نشر دانشگاهى، 1381.
- https://terminologyenc.com/ar/browse/term/75267.
- https://ziyouz.uz/ajoyibotlar/mash-ur-ettiliklar/