Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилаётган “Қўлёзма асарларга эгалик ва уларнинг ёйилиши: Имом Бухорий ва ҳадис қўлёзмалари” мавзусидаги халқаро конференция 16 октябрь куни давом эттирилди.
Анжуманнинг бу қисми қўлёзмаларнинг кодикологик хусусиятлари, эгалик қайдларининг илмий ҳужжат сифатидаги аҳамияти ва китоб тўплаш маданиятини ўрганишга бағишланди. Унда қўлёзмалардаги соҳиблик белгиларини ўрганишнинг янги усуллари, шулар орқали илм тарқалиши ва ижтимоий муносабатларни тиклаш имкониятлари ҳақида сўз юритилди. Тақдим этилган маърузаларда Имом Бухорий асарларининг қўлёзма нусхалари, уларнинг географик тарқалиши, сақланиш тарихи ва бадиий жиҳатларига оид қизиқарли илмий маълумотлар баён этилди.
Шунингдек, қўлёзма маданиятининг ислом илм-фани тараққиётидаги ўрни, китоб тўплаш ва сақлаш анъаналарининг авлодлараро давомийлиги ҳақида фикрлар билдирилди. Илмий муҳокамаларда қўлёзмаларни фақат тарихий манба сифатида эмас, балки маънавий мероснинг тирик гувоҳи сифатида таҳлил этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Якунда симпозиум доирасида билдирилган илмий ғоялар, тадқиқот натижалари ва ҳамкорлик ташаббуслари умумлаштирилди. Қатнашчиларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди, Самарқанд шаҳрининг тарихий ва маданий обидаларига зиёрат ташкил этилди.
Уч кун давом этган халқаро илмий анжуман қўлёзма манбалар маданиятини ўрганишда янги босқични бошлаб берди. Симпозиум натижалари келгусида Имом Бухорий ва бошқа буюк мутафаккирлар илмий меросини чуқурроқ тадқиқ этиш, қўлёзма асарларни келажак авлод учун бус-бутун асраб, илмий муомалага янада кенг тарзда киритиш амалиётида муҳим аҳамият касб этади.