Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Покистон ва АҚШда фаолият олиб бораётган тарихчи ва тадқиқотчи Муҳаммад Аюбнинг “Имом Термизий: Ўрта Осиё тарихи бўйлаб саёҳат – ўтмишдан ҳозиргача” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Марказ ходимлари, Ҳадис илми мактаби устоз ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тақдимот жараёнида китобнинг ёзилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва илмий аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди. Асар 2024 йил октябрь ойида АҚШнинг Сан-Хосе шаҳридаги Verse Vista нашриётида чоп этилган бўлиб, унда буюк муҳаддис Имом Термизийнинг ҳаёти, илмий мероси ва аллома фаолият юритган тарихий муҳит кенг ёритилган.
Китобда нафақат Имом Термизийнинг ҳаёти ва фаолияти, балки Марказий Осиёда ислом тараққиёти, Россия империяси ва шўро даврларидаги диний ҳаёт, мусулмонларга қарши зулмлар, мустақиллик давридаги тикланиш жараёнлари ҳам кенг қамраб олинган.
Асарнинг илмий қийматини оширадиган жиҳатлари шуки, у ишончли ва бой манбаларга таянган ҳолда, холис тадқиқот услубида ёзилган. 9 бобдан иборат китобда 8 та харита, 74 та сурат, 200 дан ортиқ манба номи келтирилган. Ҳар бир боб охирида батафсил изоҳлар берилган.
Муҳаммад Аюб 2015, 2017 ва 2023 йилларда Термиз, Самарқанд ва бошқа тарихий шаҳарларимизда бўлиб, тадқиқот олиб борган.
Тадбир иштирокчилари китобнинг тарихий ва маънавий қийматини юқори баҳолаб, уни нафақат илмий жамоа, балки ёш тадқиқотчилар учун ҳам муҳим манба сифатида эътироф этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати