Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илмий марказлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди

Илмий марказлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

Мазкур ҳужжат икки марказ ўртасида қўшма илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, муштарак илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш, аллома аждодлар меросини чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган залворли қадам бўлди.

Тадбирда икки муассаса раҳбарлари, илмий ходимлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Бу ҳамкорлик ислом дунёси маънавий меросини тадқиқ қилиш ва ёш авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Меморандум доирасида қўшма илмий экспедициялар ташкил этиш, манбашунослик ва тасаввуфшунослик соҳаларида ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш, қўлёзма меросни рақамлаштириш ҳамда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда турли илмий нашрлар тайёрлаш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, Имом Бухорий ва Баҳоуддин Нақшбанд номлари нафақат миллий, балки жаҳон ислом тамаддуни тарихида ўчмас из қолдирган. Шу маънода, мазкур меморандум икки марказ фаолиятини ҳамжиҳатликда ривожлантириш, ислом маърифатини тарғиб этиш ва жаҳон илм майдонида Ўзбекистон нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Анжуманнинг иккинчи кунида илм ва анъана уйғунлиги намоён бўлди

Марказда ўтказилаётган “Қўлёзма асарларга эгалик ва уларнинг ёйилиши: Имом Бухорий ва ҳадис қўлёзмалари” мавзусидаги халқаро …