Home / АЛЛОМАЛАР / НОСИРИДДИН САМАРҚАНДИЙНИНГ ҲАНАФИЙЛИК ФИҚҲИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ

НОСИРИДДИН САМАРҚАНДИЙНИНГ ҲАНАФИЙЛИК ФИҚҲИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ

Мовароуннаҳрнинг илмий марказларидан бири бўлган Самарқандда IX – XII асрларда ҳадис, тафсир ва ақоид каби исломий илмлар билан бир қаторда фиқҳ илми ҳам ниҳоят даражада тараққий этган. Бу даврда Абу Муқотил Самарқандий, Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Абуллайс Самарқандий, Абу Наср Иёз Самарқандий, Исҳоқ Самарқандий, Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад Самарқандий каби кўплаб фақиҳ аллломалар етишиб чиқди. Дарҳақиқат, Муовия розияллоҳу анҳудан келган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, деганлар.

Носируддин Самарқандий Абулқосим Муҳаммад ибн Юсуф Ҳасаний Алавий Маданий (ваф. 556/1161 й.) ўз даврида самарали ижод қилган алломалар жумласидандир. Куняси – Абулқосим, тахаллуси – Носируддин. “Ҳасаний” сўзи эса, Ҳофизуддин Насафийнинг фикрига кўра, олимнинг Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб авлодидан эканлигини англатади. Демак, у асли араб, қурайш қабиласидан бўлган. Шунингдек, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга нисбат берилиб, яна “Алавий” ҳам дейилган. Олим Мадинаи мунавварада маълум бир муддат истиқомат қилганлиги сабабли исмига Маданий нисбаси ҳам қўшилган. Туғилиб ўсган ва яшаган жойига нисбат берилиб Самарқандий ҳам дейилади.

Манбаларда алломанинг таржимаи ҳолига оид унинг таваллуд санаси ҳақида маълумот келтирилмаган. Унинг вафоти хусусида ҳам бир қадар ихтилофлар мавжуд. Алломанинг ўзи «ал-Мултақот» асарининг якунида ушбу асарни 554 ҳ.й. шаъбон ойининг охирида (1159м.й.), Жомиъу-л-фатово”ни эса 549 ҳ.й. жумоду-л-увло ойида (1154м.й.) тамомлаганини зикр этган. Бундан унинг 556 ҳ.й. (1161м.й.)да вафот этганлиги аён бўлади.

Имом Қураший “ал-Ансоб” асарининг муаллифи Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъонийдан нақл қилиб келтиришича, “Носируддин Самарқандий “замонасининг етук имоми, фозили, муфассири, муҳаддиси, фақиҳи ва воиз олими” ҳисобланган. Маждуддин Ферузободий ҳам юқоридагиларга ҳамоҳанг фикр билдирган. Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон Кафавий эса, Носируддин Самарқандий ҳақидаги ўз мулоҳазаларини қуйидагича ифодалаган: “У буюк имом, қадр-қиммати баланд, шаъни улуғ, мартабаси юксак, илмда тенгсиз, амали гўзал, шуҳрати порлоқ, илм ва одоб бобида ўз даврининг етакчисидир”. Шайх Абдулҳай Лакнавийнинг ҳам бунга ҳамфикр бўлган: “У замонасининг пешвоси, одобда даврининг пешқадами, кучли олими ва мужтаҳидидир”.

Аллома Носируддин Самарқандий тафсир, ҳадис, нотиқлик илмлари билан бир қаторда фиқҳ илми соҳасида ҳам машҳур бўлиб, фиқҳ борасидаги икки асари ислом оламида жуда катта аҳамиятга молик асарлардир.

«Ал-Фиқҳун нофиъ» («Фойдали фиқҳ»), номидан кўриниб турганидек, фиқҳ илмига оид бу китоб тўғрисида жуда кўп олимлар ижобий фикр билдирганлар. Унга ёзилган кўпдан-кўп шарҳларнинг энг машҳури буюк муфассир юртдошимиз Абулбаракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад Насафий (ваф. 710/1310 й.)нинг «Мустасфо»си ҳисобланади. Аллома “Нофиъ” ҳақида шундай дейди: “Ушбу асар дуру гавҳарларининг бойлигидан тубсиз уммон, улкан осмон, жаннатнинг бепоён боғлари, саодатлар хазинаси, ифодаларнинг рамзларига ўхшайди”. “Нофиъ”га битилган муҳим шарҳлардан яна бири Аҳмад ибн Умар Насафийнинг қаламига мансуб бўлиб, муаллиф уни «ал-Мунофиъ фи фавоидин-нофиъ» (“Нофиъ”нинг фойдалари”) деб номлаган. Шунингдек, Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Маҳмуд “ал-Ҳодий лил бодий” номли асарида “ал-Фиқҳун нофиъ” китобидаги истилоҳлар ва мураккаб ибораларни изоҳлаб, шарҳ ёзган.

Алломанинг бу асари ислом оламида фиқҳий масалаллар бўйича беназир бўлиб, Абу Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад Насафий томонидан ёзилган шарҳда бундай дейди: ““Нофеъ” китоби жавҳар ва дурларини кўплигидан нурли мавжланиб турган денгизга ўхшайди”.

Бу асар Саудия Арабистонидаги “Малик Сауд” университети профессори Доктор Иброҳим ибн Муҳаммад Аббуд томонидан тадқиқ этилиб, изоҳлари билан 2000 йили қайтадан нашр қилинган.

Мазкур асарнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам мавжудки, улар китобнинг аҳли илм орасида кенг ёйилишига, шунингдек, кўплаб китобхон ва тадқиқотчиларнинг эътиборига сабаб бўлган. Асар, авваламбор, ҳажм жиҳатидан ихчам, шу билан бирга, ҳар бир мавзу содда ва равон тилда ёзилган. Муаллиф далил сифатида ояти карима ва ҳадиси шарифларни келтирган. Бу, ўз навбатида, асарнинг илмий-амалий қимматини янада оширган. “Фиқҳун нофиъ”нинг яна бир диққатга сазовор жиҳати шундаки, у фиқҳ илмига оид масалаларнинг барчасини қамраб олган. Муаллифнинг аксарият ҳукмларни баён этишда энг нуфузли ҳисобланган ҳанафия ва шофиъия қарашларини таққослашга таянгани юқоридаги фикрни яна бир бор далиллайди.

Ушбу асарни ёзишда муаллиф томонидан алоҳида аҳамият берилган ўзига услуб мавжуд бўлиб, уни бошқа фақиҳлардан ажратиб туради.

Аввало, ибораларининг равонлиги, барча боблар ва фаслларнинг равшан баён этилган, келтирилаётган фиқҳий фатволарни асослаш учун Қуръони карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан фойдаланилган. Айни пайтда, фиқҳий масалаларни айримларида Имом Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва Имом Зуфар фатволарини мувофиқлаштирилган.

Айрим масалаларда, юқорида кўрсатиб ўтилганидек, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофеъ фикрларини уйғунлигини, айримларида эса ҳанафийлар ва моликийлар фикри уйғун бўлган жиҳатларни ёритиб берган. Муаллиф аксар ўринларда Абу Ҳанифанинг фикрларини далиллар билан қувватлаб келтирган ва унинг фикрларини тўғрилигини таҳлил билан исботлаб берган.

Алломанинг “Мултақот фий фатавоя ҳанафийя” (“Ҳанафий фатволар ҳақида йиғма китоб”) асари ҳам ҳанафийлик фиқҳига оид масалаларга бағишланган яна бир муҳим манба ҳисобланади. У кейинчалик мисрлик олимлар Маҳмуд Нассор ва Саййид Юсуф Аҳмад томонидан тадқиқ қилиниб, изоҳлар билан қайта нашр қилинган. Бу эса ушбу асарнинг ҳанафий олимлар наздида катта аҳамиятга эга эканлигини билдиради.

Алломанинг ушбу асарини ўзига хос жиҳатларидан бири, унда ҳанафий мазҳабига оид фатволар далилловчи ҳадислар билан келтирилган.

“Мултақот”да фиқҳий масалалардан бир қанчасига Имом Абу Ҳанифа мазҳабига кўра шаръий ҳукмлар баён қилинган. Асар “Китобут таҳорат” (Таҳорат китоби), “Китобус солат” (Намоз китоби), “Китобу зиллатул қорий” (Қуръон ўқигувчининг хато қилиши китоби), “Китобуз закот” (Закот китоби), “Китобус савм” (Рўза китоби), “Китобул имон” (Имон китоби), “Китобул буюуъ” (Савдо китоби), “Китобул одоб” (Одоб китоби), “Китобу одобил қозий” (Қозига хос одоблар китоби), “Китобуш ширк” (Ширк амаллар ҳақидаги китоб), “Китобул мерос” (Мерос китоби) каби қирқга яқин китобни ўзида мужассам қилган. Ҳар бир китоб ўзи ифода қилган масалага кўра бир неча бобларга ва ҳар бир боб бир неча матлаблар билан қисмларга ажратилган. Ҳар бир китоб шаръий ҳукмларга оид масаланинг фаръий ечими баён қилинган қисмларни ўз очига олган. 

Ушбу асарда ҳанафий мазҳабига оид фатволарни далилловчи ҳадислардан келтирилган.

Дарҳақиқат, аждодларнинг ҳаёт йўли, қолдирган бой илмий мероси, қўлёзма асарлари бизнинг келажак авлод ёшларимиз учун катта ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди. Шуни эътироф этиш мумкинки, аждодлар мероси билан бизнинг ҳаётимиз ўртасида чамбарчас боғлиқлик борлигини кўрамиз. Бугунги кунга келиб, ушбу меросни ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида юртимиз уламолари томонидан кенг миқёсда тадқиқот ишлар олиб борилмоқда.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Насафий Абулбаракот Ҳофизуддин. Ал-Мустасфо. – Истанбул: Сулаймония (“Иброҳим Пошшо”) кутубхонасидаги № 655 ашёвий рақам билан сақланаётган қўлёзма нусха.
  2. Қураший Абдулқодир. Ал-Жавоҳирул музия фи табақотил ҳанафия. 2-жуз. –Б147.
  3. Фирузободий Мажидуддин. Ал-Мирқотул вофия. Қўлёзма.
  4. Кафавий Муҳаммад ибн Сулаймон. Аъломул ахёр. Қўлёзма.
  5. Лакнавий Муҳаммад Абдулҳай. Ал-Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия. “Ал-Матбаъул Мустафоий”. 1976.
  6. Абу Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад Насафий. Ал-Мустасфо.
  7. Самарқандий Носируддин Абулқосим. Ал-Фиқҳун нофиъ. /Доктор Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Аббуд таҳқиқи. – Риёз, “Мактабатул ибикон”, 2000.
  8. Самарқандий Носируддин Абулқосим. “Ал-Мултақот фий фатавоя ҳанафийя”/Маҳмуд Нассор, Саййид Юсуф Аҳмад таҳқиқи “Дорул кутубул илмия”. Байрут 2000.
Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
СамДЧТИ магистиранти

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …