Home / АЛЛОМАЛАР / МИРЗО АБДУЛАЗИМ СОМИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИГА ДОИР ЯНГИ МАЪЛУМОТЛАР (давоми)

МИРЗО АБДУЛАЗИМ СОМИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИГА ДОИР ЯНГИ МАЪЛУМОТЛАР (давоми)

Араб тилини мукаммал билган Мирзо Сомий форс‑тожик тилида сўзлашувчи Бухоро зиёлиларининг ўқиши қулай бўлиши учун араб тилидаги иккита асарни форс тилига таржима қилган. Юқорида қайд этганимиздек, улардан бири “Аълом ан‑нос” асаридир. Ушбу асарнинг муаллифи ким, у қайси даврга тегишли, деган саволларга ҳозирча жавоб тополмадик.  Шунингдек, асарнинг Сомий томонидан амалга оширилган таржимасини ҳам қўлга киритганимизча йўқ. Фақат Тожикистонда сақланаётган бир қўлёзмада “Аълом ан‑нос” китобининг тожик тилига таржима қилиниши тарихи берилган, холос [10: №283].

Сомийнинг қаламига мансуб иккинчи таржима Ҳусайн ат-Тавиронийнинг (XIX аср) “Масобиҳ ал‑фикр фи вужуб ас‑сайр ва‑н‑назар” (“Сайр ва назарнинг зарурлиги ҳақида фикр чироғи”) номли асаридир. 1904 йилда асар таржимасини битиргач, таржимон уни “Мафотиҳ ал‑абр фи таржима масобиҳ ал‑фикр” (“Фикр чироғи” таржимасида ибрат калити”) деб номлайди. Сўзбошида таржимон бизга номаълум сабаб билан ўзини Азомиддин Улвий сифатида таништиради [14: 1б]. Сомий ўзининг таржимонлигини яшириш мақсадида шундай йўл тутгандир, дея  олмаймиз. Чунки Сомийнинг дастхати билан кўчирилган бу қўлёзманинг колофонида таржима Абдулазим Дабир томонидан амалга оширилгани қайд этилган [14: 93б]. “Сомий” ва “Улвий” сўзлари араб тилида “олий”, “юқори” маъноларини англатади. Эҳтимол, бир хил маънони англатгани учун ҳам бу таржимада Абдулазим Улвий тахаллусини қўллагандир. Назаримда, мазкур асарнинг тавсифини амалга оширган Р. Жалилова китобнинг боши ва охирида таржимоннинг номи ва тахаллуси икки хилда ёзилгани боис, унинг бухоролик Абдулазим Мунший томонидан бажарилганига амин бўлмай, иккилангандир. Шунинг учун, у тавсифида таржимон ҳақида маълумот беришдан чеклангандир[19:  №7005].

Юқорида қайд этганимиздек, Мирзо Сомий ўзи шоҳид бўлган воқеалар асосида “Дахмайи шоҳон”[1], “Туҳфайи шоҳий” ва “Тарихи салотини манғитийа” деб номланувчи  тарихий асарларни яратдики, натижада Бухоро амирлигининг сўнгги саҳифалари тарихга муҳрланди. Кейинги икки асар сулолавий тарих жанрига мансуб бўлиб, Бухорода бир ярим асрдан зиёдроқ ҳукмронлик қилган манғит амирлари тарихига бағишланган. Бу асарлар XIX асрнинг сўнгги чораги ва XX аср бошларидаги Бухоро тарихини ўрганишда айниқса муҳим. Чунки уларда келтирилган аксар маълумотлар бошқа маҳаллий манбаларда ҳам, рус йилномаларида ҳам учрамайди. Айниқса, “Туҳфайи шоҳий” асари Россия – Бухоро уруши арафасида амирликдаги ички аҳвол, унинг урушга тайёргарлиги масаласи, жанг тафсилотлари ва ниҳоят, урушнинг бой берилиши сабабларини очишда тарихчилар учун янги маълумотлар бера олади. Шунингдек, асарда истилочиларга қарши маҳаллий аҳолининг Абдумалик тўра, Бобон тўқсоба, Аллоҳёрбек баҳрин бошчилигида олиб борган миллий озодлик курашлари  батафсил ҳикоя қилинган. Бироқ “Туҳфайи шоҳий” расмий сарой руҳида ёзилганлигини ҳам назардан қочирмаслик лозим. Унда муаллиф воқеаларни ёритишда маълум бир холисликни сақлагани ҳолда, амирларнинг шахсий сифатларини мақтаб, уларнинг фаолиятини тилёғламалик билан улуғлайди. Шунинг учун бу асар манбашунослар орасида тарихнинг расмий версияси, деб ном қозонган. “Туҳфайи шоҳий”дан бироз кейинроқ, яъни 1324/1906 йилда таълиф этган “Тарихи салотини манғитийа” асарида Бухоро амирлари фаолияти танқидий ёритилганлиги боис, тарихчилар унга Бухоро тарихининг “норасмий версия”си сифатида қарашди. Шу сабабли, совет даврида асосан кейинги асар атрофлича ўрганилди ва рус тилига таржима этилди [24:18: 22].

Мирзо Сомийга тарихчи ва шахс сифатида баҳо беришда, аввало, унинг шахсий ҳаётида ҳамда у яшаган даврда рўй берган ижтимоий-сиёсий ва маданий ўзгаришларни назарда тутмоқ лозим. Зеро, муайян шахс ҳаёти ва ижодини у яшаган давр ва муҳитдан ажратиб олиб ўрганиб бўлмаслиги яхши маълум. Мирзо Сомий умрининг асосий қисми сарой хизматида кечди. Маълумки, муншийларнинг амир саройидаги мавқеи анча баланд бўлиб, амир ва амалдорлар чиқараётган ҳар бир расмий ҳужжат уларнинг қўлидан ўтган. Мунший чиройли ҳуснихат эгаси бўлишидан ташқари саводли ва дунёқараши кенг киши бўлиши талаб қилинган. Чунки ўша даврда иншо санъатига катта аҳамият берилган. Мирзо Сомий ушбу талаблар даражасидаги мунший бўлгани боис узоқ йиллар бу масъулиятли лавозимда хизмат қилди. Замондошларининг тазкираларида Сомий Шарқ тарихининг билимдони, амирликдаги машҳур муаррих, нозиктаъб шоир ва моҳир хаттот сифатида тилга олинади ҳамда сарой муншийси бўлганлиги эслатиб ўтилади.

Аммо қариган чоғида Мирзо Сомий саройдан қувилди. У саройга қайтиш ва олдинги мавқеини тик­лашга анча ҳаракат қилган. Саёҳат қилишни хуш кўрадиган ва саёҳатлари ҳақида китоблар ёзган амир Абдулаҳад назарига тушиш учун араб ёзувчиси Ҳусайн ат-Тавиронийнинг саёҳатга бағишланган асарини таржима қилиб, таржимасини Абдулаҳадга бағишлайди. Бундан ташқари, ўзининг “Миърот ал-хаёл” асари билан ҳам худди шундай йўл тутади. Асарининг бошида, охирида ва махсус бобларда амир Абдулаҳадни хушомадгўйлик билан мақтайди:

Вале махдуми ман шахсест доно,

Суханро назди у қадрест воло.

Дилаш аз гармийи маъни ба чўш аст,

Рауф асту ҳалиму айбпўш аст [15: 278а-б].

“Миръот ал-хаёл”нинг хотимасида Сомий амирга мурожаат этиб: “Ёмғиру шамол таъсир этмайдиган устувор бино ижод қилиб, унинг қабулига ҳавола қилаётганини” таъкидлайди ҳамда подшоҳдан ўзини афв этишни сўрайди:

Талаб фи ризойи шаҳриёрам,

Ба хабари афву ризо матлаб надорам [ўша бетда].

Мазмуни: “Шаҳриёрим ризосининг талабгориман. Унинг кечирими ва ризолиги хабаридан бошқа мақсадим йўқ”.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Сомий ушбу хитобномасида амирдан хайру эҳсон сўрамайди, балки подшоҳдан ўзининг кўп йиллик хизматларининг қадрига етишни талаб қилади:

Ба ёд ори ҳуқуқи хизматамро,

Ба ин давлат кашидам меҳнатамро.

Мазмуни: “Бу давлат учун қилган хизматларим ва чеккан заҳматларимни эсла”.

Амирнинг чекланмаган якка хукмронлиги даврида бу каби сатрларни ёзишнинг ўзи катта жасорат эди.

Хуллас, Мирзо Сомий саройдан четлатилганидан то “Миръот ал-хаёл” ёзиб тугалланган 1904 йилга қадар амир Абдулаҳадга узрхоҳлик билан қасидаю шеърлар битиб, ундан кечирим сўрайди ва ўзининг оғир аҳволини баён қилади, бир неча асарлари ва таржималарини унга бағишлайди. Бу билан Сомий қайтадан амирнинг “назарига” тушиш ва хизматга қайтиш орқали оиласидаги иқтисодий тангликка барҳам беришга уриниб кўради. Аммо барча саъй-ҳаракатлари зое кетганидан сўнг унинг фикрлашида бурилиш юз беради. Сомийнинг шундан кейин ёзган “Тарихи салотини манғитийа”  асари ва бошқа бир қанча шеърларида амиру амалдорлар фаолиятига танқидий кўз билан қараш, ижтимоий адолатсизликни қоралаш, замонадан шикоят руҳи кўзга ташланади.

Садриддин Айний Сомийнинг саройдан ҳайда­ли­шига сабаб унинг танқидий фикрларида, деб билади. “Амир Абдулаҳад ва сарой аҳлининг бемазагарчиликлари яна ҳам авж олиб, аҳоли янада хонавайрон бўлади. Бу ҳолни кўрган Сомийнинг қалами янада ўткирлашди ва охири саройдан ҳайдалиб, муҳтожликда яшади”, деб ёзади у [2: 23]. Аммо, юқорида кўриб ўтганимиздек, сарой хизматидан қувилгунча ва ундан кейин ҳам бир муддат Мирзо Сомий ижодида амир ва сарой аҳлига қарши сатрлар ва умуман танқидий руҳ кузатилмайди. С.Айнийнинг “Амир Музаффарнинг руслар билан олиб борган уруши даврида кузатувчи бўлиб иштирок этган Абдулазим ўзининг бахтсиз халқига янгича кўз билан қарай бошлади ва амирга қарши бўлган кишилар гуруҳига қўшилди” деган фикрига ҳам қўшилиб бўлмайди [ўша бетда]. Кўриб ўтганимиздек, унинг танқидий кайфиятдаги ижоди асосан 1904-1905 йиллардан кейинги даврларга тўғри келади. Бу даврда сарой муҳитидан узоқлашган Сомий Бухоронинг илғор фикрли, тараққийпарвар ижодкорлари даврасига яқинлашади. Хусусан, Садр Зиёнинг ҳовлисида ҳафтанинг уч кечасида ҳурфикр ижодкорлар тўп­ланиб, фикр алмашишган. Айний Садр Зиёнинг уйидаги йиғинларда Сомийнинг ҳам қатнашганини эътироф этади. Бир сўз билан айтганда, бу йиғинлар бир гуруҳ XX аср маърифатпарварларини етиштирган ўзига хос мактаб ролини ўтаган.

Табиийки, Бухоро тараққийпарварларининг воқе­ликка танқидий назар билан қарашлари, маърифатпарварлик ва ислоҳотчилик ғоялари Сомий дунёқарашига таъсир этган. Бу эса унинг ижодида ўз ифодасини топди. “Сомий” “Мепарварад” радифли йигирма беш байтлик қасидасида тўғридан-тўғри амирни танқид қилиб, салтанат шаънига қалтис гаплар айтади», деб ёзади адабиётшунос олима Г. Аҳророва [5: 35]. Мазкур қасида ҳақида фикр юритиб З. Ражабов бундай ёзади: “Сомий “у” тарбиялайди деганда “у” остида амирни назарда тутади. “У” сўзи қасидада нимани англатади? У – шундай золим, нобакор шахски, одамга ўхшамаган эшак нав­карни тарбиялайди” [18: 30]. Бошқа бир шеърида Сомий арк дарвозасини ўлим дарвозасига ўхшатади.

Ин дарки, баромади ба авжи иззат

Дарвозайи марг аст, на дарвозайи арк[5: 35].

Мазмуни: “Сен иззат икром билан чиқиб келаётган бу дарвоза арк дарвозаси эмас, ўлим дарвозасидир”.

Шуни таъкидлаш лозимки, маърифатпарвар ва тараққийпарвар зиёлилар таъсирида умрининг охирларида Сомий ижодида амир, амалдорлар ва замонага нисбатан танқид руҳи кучайган бўлса‑да, у чинакам маърифатпарвар бўлиб етишмади. Сомийнинг бирор‑бир асарида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида, давлат қурилиши ёки маданий соҳасида ислоҳот ўтказиш тўғрисида ҳеч қандай фикр билдирилмайди. Р.Ҳодизода ўринли қайд этганидек, Сомий ўша давр илғор адабиёт намояндаси ҳисобланса ҳам, у маърифатпарварлик ғояларидан йироқ эди [26: 111]. Америкалик олима Ж. Гросснинг хулосалари ҳам шунга яқин. Сомий Россия армиясининг технологик ва ташкилий устунлиги сабаб Бухоро қўшинлари мағлубиятга учраганига гувоҳ бўлганлигига қарамай, жадидлардан фарқли равишда, технология, коммуникация, социал институтлар (жумладан таълим)ни ислоҳ қилиш ҳақида қайғурмайди [29].

Сомий ўзи яшаётган даврда Бухорода илм, маданият анча инқирозга учраган, деб ҳисоблайди. Жумладан, 1882 – 1883 йилда тартиб берган “Рисолайи иншо” асарида замонаси котибларининг саводсизлиги тўғрисида сўз юритади. Уларнинг профессионал маҳоратини, саводхонлигини ошириш лозимлиги ҳақида қайғуради. Орадан қарийб йигирма йил ўтиб ҳам у ўз фикрида қолади. Чунончи, “Туҳфайи шоҳий” асарининг муқаддимасида “суханравлик майдонида жавлон уриш тўхтагани”, “дониш матоҳининг бозори касодга учрагани” боис тарихий асарлар яратилмаётганини баён қилади.

Мирзо Сомий ўқимишли тарихчи. У фақат Ўрта Осиё халқлари тарихини ўрганиш билан чекланмай, мусулмон тарихига ва луғатшуносликка оид кўплаб китобларни мутолаа қилган. Жумладан, у “Табақоти Носирий”, “Равзат ас‑сафо”, “Миръот ал‑олам”, “Тарихи Фаришта”, “Мафотиҳ ал‑таворих”, “Носих ат‑таворих” ва Йофеъий, Вассоф, Ибн Халдун, Ибн Халликон ва бошқа муаррихларнинг асарларини мутолаа қилганини қайд этади [17: 4б].

У луғатшунослик ва тарих илмига юқори баҳо беради: “Оллоҳ таолонинг каломи ва расули каримнинг ҳадисларидан кейин бирор‑бир илм нафосат, мўътабарлик, серфойда ва серхосиятликда луғат ва тарихга тенг келолмайди”. “Туҳфайи шоҳий”нинг сўзбошисида Сомий гарчи бу асарни таълиф этишдан мақсади “тақводор подшоҳнинг (амир Музаффар – Ш.Т.) довруғдор номини” ёдгорликка қолдириш [17: 7б], яъни тарих ёзишдан иборатлигини эътироф этган бўлишига қарамай, тарихнинг тарбиявий томонига кўпроқ аҳамият беради. Маълумки, ҳамма даврда ҳам Шарқ адабиётининг негизида панду насиҳат ва инсон тарбияси турган. Мана шу Шарқ сўз санъати усталарининг меросхўри бўлган Мирзо Сомийнинг нигоҳида тарих, аввало, инсонлар учун ибрат булоғидир. Тарих китобларини ўқиш ва тадқиқ қилиш билан инсонлар “донолик даражаларига кўтарилиши” ва “дунёнинг ўткинчилиги ҳақиқатини” билиши мумкин, деб тушунтиради муаррих. “Бирор‑бир сабаб билан ғам ва қайғу гирдобида қолган киши ўтмиш хабарлари ва мозийда яшаган шахслар аҳволини ёритувчи саҳифалар, яъни тарихий асарлар мутолааси билан оламнинг боқий эмаслигини англаб етади ва бунинг ёрдамида унинг кўнгли қайтадан тозаланади” [17: 3б‑4а].

Хулосада шуни қайд этмоқ лозимки, Абдулазим Сомий  XIX асрнинг адоғи ва XX аср бошларида Бухоро адабий муҳитида ўз ўрни ва мавқеига эга тарихнавис. Унинг асарларини ўрганмай туриб, бу даврдаги ижтомоий-сиёсий ҳаёт, тарихий, адабий ва диний жараёнларни барча мураккабликлари билан тушуниб олиш ва ҳадди аълосига етказиб ўрганиш қийин. Айниқса, унинг тарихий асарларида манғитлар сулоласи сўнгги вакиллари даврида уларнинг ички урушлар гирдобига ғарқ бўлиб, жаҳон тараққиётидан ортда қолиб кетиши ва охир-оқибат Россия империяси асоратига тушиши тафсилотлари ёритилиши билан муҳим. У асрлар оша авлодларни тарихимизнинг шонсиз ва забун саҳифаларидан сабоқ олишга чорлайди. XX аср бошида қўлида қалам, юрагида изтироб билан юрти ва миллатининг инқирозига олиб келган сабабларни қоғозга тушираётган тарихнависнинг асарлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Алиев С. Бухорода битилган байтлар. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт‑матбаа бирлашмаси, 1992.
  2. Айний С. Эсдаликлар //Айний С. Асарлар. 6‑жилд. – Тошкент: 1965. –
  3. Айний С. Намунаи адабиёти точик. – Москва: Госиздат, 1926.
  4. Ахророва Г. Сами и его литературное наследие: Дисс. … канд. филол. наук. –Т., 1998.
  5. Ахророва Г. Мирзо Азим Сомий ижодида давр танқиди // Адабий мерос. – 1989. – № 1.
  6. Афзал Пирмастий. Тазкират уш-шуаро. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 7279.
  7. Бухоро сафарномаси / Форсчадан ўзбек тилига ўгирувчи, кириш сўзи ва изоҳлар муаллифи Исмоил Бекжон. Тошкент, 2007.
  8. Ислом Энциклопедияси / Зуҳриддин Ҳусниддинов таҳрири остида. Тошкент, 2004.
  9. Каталог арабографических рукописей Бухарской областной библиотеки им. Абу Али ибн Сины / Составители: Г. Курбанов, Ф. Щварц. Бухара, 1998.
  10. Каталог восточных рукописей Академии наук Таджик. ССР. – Сталинабад: Полиграфкомбинат, 1960. Т. I.
  11. Kimura Satoru. Sunni–Shi‘i relations in the Russian protectorate ofBukhara, as perceivedby the local ‘ulama // Ед. UYAMA Tomohiko, Asiatic Russia: Imperial power in regionaland international contexts. London, 2011.
  12. Мир Муҳаммад Ҳишмат. Тазкират аш-шуаро. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 2728.
  13. Мирзо Сомий. Баёз. Бухоро қўриқхона‑музейи қўлёзмаси, №675.
  14. Мирзо Сомий. Масобиҳ ал‑фикр фи вужуб ас‑сайр ва‑н‑назар. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №2194
  15. Мирзо Сомий. Миръот ал-хаёл. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №2188/2.
  16. Мирзо Сомий. Миръот ал‑яқин. Бухоро вилояти давлат кутубхонаси қўлёзмаси, № 70.
  17. Мирзо Сомий. Тухфайи шоҳий. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 2091.
  18. Ражабов З.Р. Мирзо Азим Соми ва осори у // Шарқи сурх. – Душанбе, 1947.
  19. Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекистана. – Тошкент: Т.XI.
  20. Садр Зиё. Тазкор ал‑ашъор. Бухоро музейи қўлёзмаси, № 1681. – В.
  21. Садр Зиё. Шуарои мутааххирин ва фузалои муосирини роқими адим ал‑қадри Зиёи Садр. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №2193.
  22. Сами Мирза Абдалазим. Тарих‑и салатин‑и мангитийа (История мангытских государей) / Изд. текста, пред., пер. и прим. Л.М. Епифановой. – Москва: ИВЛ, 1962.
  23. Хасанова З.Ш. Сами и теория эпистолярного стиля в таджикской литературе ХIX в. Автореф. … дисс. … канд.фил. н. Душанбе, 1976.
  24. Чабров Г.Н. Новый источник по истории Бухарского ханства // Бюллетень АН УзССР. – Ташкент, 1947. – №3.
  25. Қори Рахматуллоҳ Возех. Тазкират ал‑асхоб. Тошкент: Литография, 1913.
  26. Ҳодизода Р. Адабиёти точик дар нимаи дуввуми асри XIX. – Душанбе: Дониш, 1968.
  27. Ҳожи Абдулазим Шаръий. Тазкират ал‑фузало. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3396/III.
  28. Ҳожи Неъматуллоҳ Муҳтарам.Тазкират аш‑шуаро. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 2252/2.
  29. Jo-Ann Gross. Historical memory, cultural identity, and change: Mirza ‘Abd al-‘Azim Sami’s representation of the Russian conquest of Bukhara // Russia’s Orient, imperial borderlands and peoples.Ед. D.R.Brower and E.J. Lazzerini. –Bloomington, 1997. – Р. 203-226.
Шарифахон ТОШОВА
ЎзР ФА Миллий археология маркази илмий ходими
____________________________________________________________
[1] Асли “Дахмайи шоҳон” асари саёҳатнома характеридаги достон бўлиб, Мирзо Содиқ Мунший (ваф. 1235/1819-1820) қаламига мансубдир. Асар 1875 йилда ёзилган бўлиб, унда шоирнинг Баҳоудддин Нақшбандий қабристонида дафн этилган шоҳлар дахмалари зиёрати пайтида туғилган ички кечинмалари қаламга олинган. Адабиётшунос олим У. Каримовнинг фикрича, “Дахмайи шоҳон” достонининг ёзилишига қадимги Эроннинг афсонавий шоҳлари ва шавкатли баҳодирлари дахмалари билан боғлиқ ривоятлар асосида яратилган шу номли халқ қиссаси туртки бўлган. Содиқ Жондорий ўз асари сюжетини машҳур Эрон достонидан олган бўлса ҳам, мазмунни Бухоро воқелигидан танлайди. Қиссада Аштархоний ҳукмдорлардан Субҳонқулихон (1680 – 1702), Убайдуллохон (1702 – 1711), Абулфайзхон (1711 – 1747) ва Абдулмўминхоннинг ҳукмдорлик тарихлари уларнинг ўз тилларидан ҳикоя қилинади. Мирзо Сомий ўз салафи Содиқ Муншийнинг “Дахмайи шоҳон” қиссаси номини ўзгартирмаган ҳолда давом эттириб, унга Манғитлар сулоласи вакиллари – Муҳаммад Раҳимхондан тортиб Музаффарга қадар Бухоро тахтида ўтирган амирлар тарихини қўшади. Асар 1319/1901 – 1902 йилда ёзилган.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …