Home / Имом Бухорий ҳадислари / БИЛГУВЧИ ҲАМ, БИЛДИРГУВЧИ ҲАМ УНИНГ ЎЗИДИР

БИЛГУВЧИ ҲАМ, БИЛДИРГУВЧИ ҲАМ УНИНГ ЎЗИДИР

 Бир ҳадис шарҳи

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Мадинанинг босқинчилар ғорат қилган жойларида бирга юрдим. У зот хурмо шохидан ясалган ҳассага таяниб олган эдилар. Шу онда бир қанча яҳудийлар ўтиб қолишди. Уларнинг баъзилари, Муҳаммаддан руҳ ҳақида сўранглар-чи, деса; бошқалари, сўраманглар, сизларга ёқмайдиган жавоб айтади; яна айримлари эса, албатта, сўраймиз, дейишарди. Шу пайт уларнинг орасидан бири: “Эй Абул Қосим, руҳ нима”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга бирон жавоб айтмасдан жим турдилар. Шу вақтда у зотга ваҳий нозил қилинаётган эди. Мен турган жойимдан қимирламадим. Ваҳий ниҳоясига етгач, у зот: “(Эй Муҳаммад) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир”. Сизларга эса оз илм берилгандир”, (Исро сураси, 85-оят) оятини тиловат қилдилар (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ: Кўплаб ҳадиси шарифларда илм жаннат йўли эканлиги кенг баён этилган. Илм ўрганиш ҳар бир эркагу аёлга фарзлиги, агар у Чин мамлакати каби узоқ юртда бўлса ҳам бориб ўрганишда улуғ фазилат борлиги таъкидланган. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маъноларда келган. Ҳатто илм ўрганиш энг афзал амаллар қаторида зикр қилинган. Ривоятлардан бирида бундай дейилади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Амалларнинг қай бири афзалроқ?” деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Илм”, дедилар. У киши иккинчи, учинчи бор сўради. Расулуллоҳ унга аввалгидек жавоб бердилар. Шунда у: “Эй Расулуллоҳ, сизга саломлар бўлсин, мен амал ҳақида сўраяпман”, деди. Набий алайҳиссолату вассалом: “Аллоҳ амалларни илмсиз қабул қиладими?” дедилар[1]. Яна ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда садақа қиладиган нарсанинг энг афзали илм ўрганмоғи сўнг уни ўзидан бошқаларга ўргатмоғидир”, дедилар.

Ҳолбуки, банда қанчалик илму маърифатга эришса, у Аллоҳ таоло олдида шунчалик ожиз эканини ҳис қилиб боради. Бироқ, Исро сурасининг 85-ояти нозил бўлиши ҳақидаги ушбу ҳадиси шарифда, илм ўрганиб уни мунозара қилишда ҳам маълум чегара борлиги, банданинг ақли қабул қилмайдиган нарсалар хусусида тортишиш керакмаслиги билдирилди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу қилган ривоятда: «Қурайшликлар яҳудийларга деди: «Бирон нарса айтингларчи, биз уни бу киши (Муҳаммад алайҳиссалом)дан сўрайлик”. Шунда яҳудийлар: «Руҳ ҳақида сўранглар», деди. Қурайшликлар, яҳудийлар айтишганидек, руҳ ҳақида сўрашган эди. Шунда ушбу оят нозил бўлди» [2], дейилган.

Руҳ ҳақида бир неча қавллар бор: инсонлар руҳи, ҳавонлар руҳи, Жаброил алайҳиссалом ҳам руҳ дейилган, Қуръон ҳам руҳ, ваҳий ҳам руҳ ёки Исо алайҳиссалом ҳам руҳ деб аталади ва ҳоказо. Қуръони каримнинг Шуаро, Исро, Қадр ва бошқа бир қанча сураларида бунинг далиллари мавжуддир. Қуртубий ва Розий тафсирларида: “Яҳудийлар, инсон руҳи, яъни жасаддаги ҳаётни пайдо қилиб турган нарсанинг нималигини сўрашди”, дейилган. Яҳудийлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни уялтириб қўйиш мақсадида атайин руҳ ҳақидаги савол билан мурожаат қилишган эди. Чунки уларнинг пайғамбарига нозил қилинган китоб – Тавротда ҳам руҳ ҳақида баён қилиниб, буни улар билишарди. Шу сабаб, ушбу савол билан Расулуллоҳ алайҳиссаломни мот қилишга уриниб кўришди. Бироқ Аллоҳ таоло уларнинг ҳийлаларини пучга чиқариб, руҳ ҳақидаги мазкур оятни нозил қилди.

Аллоҳ таолонинг бу илмни бандаларидан сир тутишида ҳикматлар кўп ва буни Ўзи билгувчидир. Имом Қуртубий айтади: “Мана шу билан Ҳақ таоло Ўз бандаларига уларнинг ожиз эканини билдирди…”.

Шундай экан, инсон ҳар қандай ҳолатда ҳаволаниб кетмаслиги керак. Зеро, банда Аллоҳ билдирган нарсаларнигина идрок этишга қодирдир. Ҳолбуки, биз яшаб турган заминдан туриб кузатар эканмиз, коинотда ҳали ўрганилмаган, ақлни лол қолдирувчи қанча сир-синоатлар борлигини инкор этолмаймиз. Билгувчи ҳам, билдиргувчи ҳам фақат Унинг Ўзидир. У яратувчидир, ҳамд ва саноларимиз Унга бўлсин!

“Фатҳул Борий шарҳи Саҳиҳул Бухорий”, “Тафсири Розий” ва “Тафсири Қуртубий” китоблари асосида
Имом Бухорий  халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.
[1] Абу Лайс Самарқандий.  “Бўстонул орифийн”.
[2] Имом Термизий ривояти.

Check Also

АЙЁМ ФАЗИЛАТИ: Аллоҳ лаънатлаган тўрт тоифа кишилар

Дин ва ҳадис илмлари инсонни ҳамиша маънавий камолотга етаклайди. Ундан олинадиган фойдалар беқиёсдир. «Имом Бухорий …