Аллоҳ таоло азза ва жалла ислом умматини илм уммонининг маржон ва жавҳарлари, яъни илму маърифат билан мукофотлади. Бу уммонга беркинган хазиналардан бизни хабардор қилиш учун дунёни уламолар билан зийнатлади.
“الْعُلَمَاءُ” “Ал-Уламо” сўзи араб тилидаги “عَلِمَ” (алима) феълининг кўплик шакли бўлиб, “билувчилар”, “олимлар” ва “илм эгалари” каби маъноларни ифодалайди. Демак, луғавий нуқтаи назардан “уламо” сўзи илмли, ўз соҳасининг билимдони бўлган шахсларни англатади. Ислом шариати истилоҳида эса бу сўз Қуръон, Суннат ва ислом ҳуқуқи (фиқҳ) каби диний илмларни чуқур ўзлаштирган, шу илмлари асосида фатво берадиган ва одамларга ҳидоят йўлини кўрсатадиган олимлар дея изоҳланган.
Олимлар жамиятда муҳим ўрин тутади. Одамлар ўзлари билмаган ёки тушунмаган ҳаёти ва диний масалаларда, албатта, уларга мурожаат қилади. Уламолар берган жавоблари учун Аллоҳ олдида масъул эканликларини англаган ҳолда ҳар бир саволга эҳтиёткорлик ва масъулият билан ёндашади. Улар ўз билими орқали одамларга тўғри йўлни кўрсатади, диний саволларга аниқ ва асосли жавоблар беради ва кишиларни адашишдан ҳимоя қилади.
Уламонинг фазилати ва даражалари ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар бор.
Жумладан, “Фотир” сурасининг 28-оятида бундай марҳамат қилинган:
﴿… كَذَلِكَ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ﴾
“Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқар. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир”.[1]
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло бандаларига ўзидан фақат олимларгина қўрқишини билдириб қўйди. Чунки улар ҳар ишда Аллоҳ таолонинг қудрати ва улуғлигини ҳис қилган, бунга ақли ва онги билан ишониб, имон келтирган. Аллоҳнинг азамати ва яратиш ҳикматини англаган инсонгина чин олим саналади. Илмнинг бирор жабҳасида буюк кашфиётлар қилиб танилган бир олим Аллоҳни таниса, бу унинг етук олимлигидан дарак беради.
Аллоҳ азза ва жалла мўминларнинг даражасини кўтариб, уларнинг орасидаги уламоларни баланд мартаба ва фазилати билан сийлаган. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 269-оятида бундай марҳамат қилади:
﴿يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُولُو الأَلْبَابِ﴾
“У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, унга кўп яхшиликлар берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар”.[2]
Муфассирлар оятдаги “الحكمة” (“ҳикмат”) сўзини қуйидагича таъвил қилган: “Ҳикмат” луғатда “нарса ва ҳодисаларнинг энг афзал жиҳатларини англаш-тушуниш, ҳар бир ишнинг энг дақиқ ва нозик жойларигача билиб, уни мукаммал тарзда бажариш” маъносини билдиради.[3] Ҳикмат ортидан нафақат олимга, балки унга эргашган одамларга ҳам кўп яхшиликлар берилади. Чунки одамлар олимнинг илми сабабли дунё ва охират саодатига эришади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилинади.
عَنْ أَبَى الدَّرْدَاءِ: فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم، يَقُولُ: «مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَطْلُبُ فِيهِ عِلْمًا سَلَكَ اللَّهُ بِهِ طَرِيقًا مِنْ طُرُقِ الْجَنَّةِ، وَإِنَّ الْمَلائِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا رِضَاءً لِطَالِبِ الْعِلْمِ، وَإِنَّ الْعَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَوَاتِ وَمَنْ فِي الأَرْضِ، و الْحِيتَانُ فِي جَوْفٍ الْمَاءِ، وَإِنَّ فَضْلَ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ، لَيْلَةَ الْبَدْرِ، عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ، وَإِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأَنْبِيَاءِ، وَإِنَّ الأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلا دِرْهَمًا، وَرَّثُوا الْعِلْمَ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ»[4]. رَوَاهُ اَبُو دَاؤُدَ.
Абу Дардо[5] розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деб айтаётганларини эшитдим: У зот: “Ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ таоло унга жаннатга элтувчи йўлни енгил қилиб қўяди. Албатта Фаришталар толиби илм учун, рози бўлган ҳолда, қанотларини тўшайдилар. Олим (киши) учун еру осмондаги (барча) зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Албатта, олимнинг обид[6]га нисбатан фазли Бадр кечасидаги тўлин ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан фазилатига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар бирор динор ҳам ва бирор дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қилиб қолдирганлар. Ким уни олса (дунёда) улуғ насибани олибди”, дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).
عَنْ أَبِى أُمَامَةَ الْبَاهِلِىِّ قَالَ: ذُكِرَ لِرَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم رَجُلاَنِ أَحَدُهُمَا: عَابِدٌ وَالآخَرُ عَالِمٌ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِى عَلَى أَدْنَاكُمْ»، ثُمَّ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّ اللَّهَ وَمَلاَئِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِى جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ»[7]. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ.
Абу Умома Боҳилий[8] розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обидга нисбатан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди”, дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳдан Унинг фаришталари, осмонлар ва ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумолилар ва (сувдаги) балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи муаллим (олим) ҳаққига мағфират сўраб дуо қилади”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти).
Аслида саҳоба, ўзи катта бахт. Катта саҳоба бўладими ёки кичик саҳоба бўладими, у саҳоба мақомидаги кишидир. Фақат катта саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп вақт бирга бўлиб, кўп нарсани ўрганган. Шунингдек, обидлик ҳам яхши даража. Аммо обидни олим билан тенглаштириб бўлмайди. Олимнинг даражаси жуда ҳам юқори. Ҳадиси шарифда олим билан обиднинг орасидаги фарқ худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобанинг орасидаги фарққа ўхшатилди.
Бу фарқни тўла тасаввур этиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти мубораклари нақадар олий эканлигини англаб етишимиз керак бўлади. У зот одам боласининг энг улуғи, Пайғамбарларнинг энг афзалидирлар. Оддий инсонлар ичида энг афзал инсонлар саҳобалар бўлиб, уларнинг ичида катта саҳобалар, катта саҳобалар ичида эса тўрт халифа энг афзалидир. Барчасининг фазли жамланса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Энди мана шу қиёсни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳоба ўртасидаги фарқ билан тасаввур қилиб кўрайлик.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ: «فَقِيهٌ وَاحِدٌ، أَشَدُّ عَلَى الشَّيْطَانِ مِنْ أَلْفِ عَابِدٍ [9]«. رواه ابن ماجة.
Ибн Аббос[10] розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтонга мингта обиддан (кўра) биргина фақиҳ (олим) киши қаттиқроқ (хавфлироқ)дир”, дедилар. (Имом Ибн Можа ривояти).
Обид кўп ибодат қилувчи, фақат ўзини охират азобидан сақлаш учун ибодат билан машғул бўладиган кишидир. Олим эса диний ва дунёвий илмларни чуқур ўзлаштирган ва бу билимлари билан жамиятни дунё ва охират яхшиликларига етаклайдиган кишидир. Олим одамларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантириб, раҳматига чақирувчи шахс бўлса, шайтон инсонларни мана шу саодатдан маҳрум қилишга, охиратда абадий азобга мубтало этишга ҳаракат қилади. Ҳар иккисининг мақсади ҳам, амали ҳам бир-бирига зиддир. Шу сабабли шайтон учун мингта обиддан кўра биргина олим хавфлидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга меросхўр даражасидаги олимнинг сифати ҳақида салафи солиҳлар бундай деганлар:
Масруқ[11] айтади: “Кишининг илмли эканига Аллоҳдан қўрқишининг ўзи далил ва кифоядир. Унинг жоҳил – илмсиз эканлигига эса ўзига ўзининг ажабланиши етарлидир”.
Яҳё ибн Абу Касир[12] айтади: “Олим Аллоҳдан қўрққан кишидир. Аллоҳдан қўрқиш эса парҳезкор (тақводор)ликдир”[13].
Айюб Сихтиёний[14] айтади: “Олим қудратли ва улуғ Аллоҳга тавозе қилган ҳолда бошига кул қўйиб юриши лозим”[15].
Ҳасан Басрий[16] айтадилар: “Киши агар илм талаб қилса, (илмини) хушусида, кўзи, тили, қўли ва дунёга эътибор қилмаслигида кўрсатишни кечиктирмасин. Агар киши илм эшикларидан бирини қоқса, унга амал қилсин. Ана шу иш унга дунёдаги бор нарсалардан яхшироқдир. Агар мазкур нарсалар ўзиники бўлса, уларни охират учун ишлатсин”.
Ибн Уяйна[17] айтади: “Агар кунларим ёмон хулқ ва қўполлик бўлса, тунларим эса жоҳил илмсизнинг кечаси каби бўлса, унда илмни ёзиб нима қилдим!?” [18]
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Илм моҳир нотиқликда эмас, балки тақвонинг кўплигидадир”, деган.
Ҳасан Басрий эса: “Олим – Аллоҳдан ғойибона қўрққан ва Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир”, деб ортидан, “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқар” оятини тиловат қилган.
Юқорида келтирилган оят ва ҳадислар Ислом дини нуқтаи назарида олимнинг фазилати ва даражасини қанчалик буюклигини ифода қилади. Аммо бугунги кунда айрим жоҳил кимсаларнинг уламолар, хусусан, дин арбоблари шаънига турли асоссиз сўзларни айтаётгани соғлом ақл эгаларини хавотирга солмоқда. Юқорида зикр этилган ва кўплаб асосларга кўра, уламолар шаънига тош отиш, обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш соғлом илм ва ислом динининг илмий ҳужжатларига ҳужум саналади. Чунки Исломда одамларнинг, хусусан, уламоларнинг шаъни ва ҳурмати қаттиқ ҳимоя қилинган, инсон шаънига тажовуз қилишнинг гуноҳи одам ўлдирганнинг гуноҳи билан тенглаштирилган.
Жумладан, Абдуллоҳ ибн Амр ва Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عن عبدالله بن عمرو و عبادة بن صامت رضي الله عنهما: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «ليس من أمتي من لم يجل كبيرنا ويرحم صغيرنا ويعرف لعالمنا حقه»[19].
“Ким ёши улуғларимизни улуғламаса, кичикларимизга меҳрибонлик (ғамхўрлик) қилмаса ва олимларимиз ҳаққини билмаса, у менинг умматимдан эмас”, деб айтганлар. (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадисга биноан уламоларга нисбатан салбий фикрлар билдириб, негатив баҳо бераётганлар, уламоларнинг ислом динидаги илмий ва ахлоқий мавқеини баҳолашда нотўғри фикр билдираётганлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати эмас, дейишимиз мумкин.
Демак, олимлар пайғамбарларнинг ворисидир, Аллоҳ таоло кимга яхшилик ва ҳикмат беришни ирода қилса, уни олим қилиб қўяди. Уларни ҳурмат қилиш динни асрашдир, уларга нисбатан ҳурматсизлик инсон учун ҳалокатдир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
عن الحسن أن أبا الدرداء قال:» كن عالمًا أو متعلمًا أو محبًّا أو متبعًا، ولا تكن الخامس فتهلك«[20].
Абу Дардо розияллоҳу анҳу бундай деган: “Ёки олим бўлгин, ёки таълим олувчи бўлгин, ёки олимга қулоқ солувчи бўлгин, ёки олимни яхши кўрувчи бўлгин! Бешинчиси, яъни олимни ёмон кўрувчи бўлмагин, ҳалок бўласан!” )Имом Байҳақий ва Имом Табароний ривояти(.
Хулоса қилиб айтганда, уламолар Ислом динининг таянчи, жамиятнинг маънавий устунларидир. Уларнинг илми, тақвоси ва ҳикмати жамият ривожланиши учун ғоят муҳим. Зеро, уламоларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг илмидан фойдаланиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.