Инсонга берилган энг улуғ неъматлардан бири илмдир. У нур каби қалбларни ёритади, ақл-идрокни равшан қилади, ҳақ ва нотўғрини фарқлаш имконини беради. Уламолар эса шу нурни башарият қалбига етказувчидир.
Илм ва уламолар ҳақида зикр қилинган оят ва ҳадисларга эътибор қаратсак, илм кенг маънода тилга олингани ва жамиятнинг барча соҳалари билан чамбарчас боғланганига гувоҳ бўламиз. Мазкур манбалар диний билимни ягона илм деб ҳисобламайди, балки илмнинг бир қисми деб билади.
Илмнинг умумий маънода эътироф этилиши ва уламолар ҳақида Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини келтириш мумкин: “Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингизми? Бас, у билан турли ранглардаги меваларни ва тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик. Шунингдек, одамлардан, ҳайвонлардан ва чорвалардан ҳам турли ранглардагиларини чиқардик. Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир” (Фотир сураси, 27–28-оятлар мазмуни). Аллоҳ таоло оят аввалида ёмғир, ўсимликлар, тоғлар, одамлар ва ҳайвонот ҳақида зикр қилган. Сўнг “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар” деб давом этган. Аллоҳ шундай мавжудотлари орқали қудратини кўрсатмоқда. Бу нарсаларнинг хилма-хиллиги илм аҳлини Аллоҳга яқинлаштиради. Илм орқали Аллоҳнинг санъатини кўриб, Унга бўлган қўрқуви ва муҳаббати зиёда бўлганлар ҳақиқий олимлардир.
Шунингдек, Қуръони каримда нозил бўлган илк оятларда илмнинг кенг маънода тилга олинганига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таоло Алақ сурасининг 1-5- оятларида бундай марҳамат қилган: “Яратган Раббингиз номи билан ўқинг. У инсонни алақдан яратди. Ўқинг! Раббингиз энг карамлидир! У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга билмаган нарсани ўргатди”.
Бу оятларда умумий илм ва инсоннинг она қорнида яратилиш илми ҳақида сўз бормоқда. Шунингдек, Қуръон динни илм деб атаганига эътибор берамиз. Ҳақиқатдан ҳам дин илмнинг бир қисмидир. Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: “Агар сизга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсангиз, унда, албатта, золимлардан бўлурсиз”, (Бақара сураси, 145-оят мазмуни) деган. Оятдаги илм Аллоҳ таолонинг у зотга қиблани Масжидул Ақсодан Масжидул Ҳаромга ўзгартириш ҳақида ваҳийдир.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 7-оятида: “Илмда собит бўлганлар эса, унга (муташобиҳ оятларга) иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олур”, деган. Бу ердаги илм динни билиш ва Қуръони каримнинг муташобиҳ, яъни асл маъноси бандасига номаълум оятлари ҳақидадир.
Ислом илм ва уламоларга жуда юксак мақом берган, бунга деярли ҳеч бир нарса тенглаша олмайди. Қуйида ушбу юксак мақомни кўрсатадиган далилларни келтириб ўтамиз.
Илм – имоннинг асоси. Эътиқод динда зарур бўлган ҳар бир нарсани аниқ, қатъий билиш билан ҳақиқийдир. Аллоҳ таоло: “Билгинки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва ўзингиз, мўмин ва мўминаларнинг гуноҳлари учун мағфират сўранг!” (Муҳаммад сураси, 19-оят мазмуни) деган. “Билгинки” деб айтилиши ақида масаласида билимнинг зарурлигидан далолат беради. Демак, Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқлигига эътиқод қилиш билим асосида бўлиши кераклигини билдиради. Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида “Илм сўз ва амалдан олдиндир” деган боб келтирган ва бу оят ҳақида “Илмга чақириш билан бошлаган”, деган.
Илм билан комил бўладиган иймоннинг аҳамияти юқори бўлгани учун Макка даври тахминан ўн уч йил асосан эътиқодга бағишланган ва шариат ҳукмлари кам бўлган. Ақидавий асослар мустаҳкамланганидан сўнг, Мадина даври ўзининг батафсил қонунлари билан келди.
Илм – ибодат. Буни фарз десак ҳам бўлади. Ҳақиқатдан ҳам илм исломдаги биринчи фарздир. Юқорида келтирилган Алақ сурасининг дастлабки беш ояти шундан далолат беради.
Шубҳа йўқки, ўқиш инсон ҳаётидаги энг кенг ва чуқур илм олиш воситаси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ушбу оятлар нозил қилинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмасдилар. Бу Расулуллоҳнинг ҳақиқий пайғамбарликларига ишора эди.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир”, дедилар” (Ибн Можа ривоят қилган). Бу ҳадиси шарифдан илм ўрганиш фарз эканини биламиз.
Илм ва унга оид сўзлар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир неча юзлаб зикр қилинган. Баъзиларида илм ва уламоларнинг юксак мақоми ҳақида сўз кетган.
Жумладан, оятларда:
“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар” (Зумар сураси, 9-оят мазмуни).
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят мазмуни). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Уламолар мўминлардан етти юз даража устун бўлиб, ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг”, деган (“Иҳёу улумид дин” асаридан).
“У Зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат ақл эгаларигина эсларлар” (Бақара сураси, 269-оят мазмуни). Муфассирлар “ҳикмат” сўзига турли маънолар берган. Аксари илм деб ва илмга яқин бўлган маънода тафсир қилган.
“Аллоҳ адолат билан туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам” (Оли Имрон сураси, 18-оят мазмуни). Имом Ғаззолий илмнинг фазилати ҳақида ушбу оятни келтириб: “Қаранг, Субҳанаҳу ва таоло ўзидан бошлаб, кейин фаришталарни, сўнг илм аҳлини зикр қилмоқда. Бу сизга шараф, фазилат, шон-шуҳрат ва олийжаноблик жиҳатидан кифоя қилади”, деган (“Иҳёу улумид дин” асаридан).
Саҳиҳ ҳадиси шарифларда қуйидагича келган:
Муовия розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (яъни, диннинг моҳиятини чуқур англайдиган, билимдон) қилиб қўяди”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм излаб йўлга тушса, шу сабабли Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, дедилар” (Муслим, Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Абу Умома Боҳилийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизларнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди” деб, сўнг: “Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловат (истиғфор) айтади”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади.
Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Қуръони каримда илм ва унинг воситалари билан қасам. Аллоҳ таоло Қалам сурасининг бошида “Нун. Қалам ва ёзадиган нарсалар билан қасам”, деган. Сура ёзиш ва сўзлашда ишлатиладиган бир ҳарф билан бошланган. Сўнг Аллоҳ илм ва маърифатни ёзадиган қалам билан қасамёд этган. Бу билан бандаларига ёзишни ўргатган неъматини эслатмоқда. Сўнг ортидан ёзадиган нарсалар билан қасамёд этган. Бу одамлар томонидан ёзиладиган илмларга ишорадир. Демак, бу оятда илм ва уни ёзиш воситаси – қалам билан қасам ичилмоқда. Бу эса қаламнинг шарафи, илм ва олимларнинг мақоми улуғлигидан далолат беради.
Илм ва ҳикмат Аллоҳ таолонинг сифатларидандир. Қуръони каримнинг кўп ўринларида Аллоҳ таолонинг ўта билувчи ва ўта ҳикматли Зот экани ҳақида келади. Бу шубҳасиз, илм ва уламоларнинг мавқеи баландлигидан далолатдир.
Илмнинг ажри инсон вафот этгандан кейин ҳам давом этади. Бу эса илмнинг улуғ мавқеи, жамиятдаги ўрни ва одамлар орасидаги фойдали таъсири сабаблидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этса, унинг уч нарсадан бошқа амаллари узилади: жорий садақа, фойдаланиладиган илм ёки ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, дедилар” (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Илмни зиёда қилиб бориш. Аллоҳ таоло набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илмлари, фазилатлари, юксак мавқелари ва Аллоҳ ҳузуридаги иззат-икромларига қарамай, “Раббим, илмимни зиёда қилгин”, денг” (Тоҳа сураси, 114-оят мазмуни) деб, илм сўрашни буюрган.
Бунинг барчаси исломда илм ва уламоларнинг мавқеи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. Илм энг улуғ қадриятлардан бири ҳисобланади. Уламолар эса, шу илмни олиб борувчи ва жамиятга етказувчилардир. Уларни ҳурмат қилиб, илм ўрганиш ва эргашиш ҳар бир инсоннинг бурчидир.
Тўғри йўлдаги уламоларга эргашиш – ҳақ билан ботилни фарқлаш, динни тўғри тушуниш ва амал қилишнинг энг ишончли йўлидир. Улар Қуръон ва суннатга асосланган холис илм ва тақво эгалари бўлиб, адашишдан сақлайди.