Home / МАҚОЛАЛАР / Ота-онага оқ бўлишнинг оқибатлари

Ота-онага оқ бўлишнинг оқибатлари

Отангга қилганингни болангдан кўрасан.

Ўзбек халқ мақоли

Муборак ислом динимизда ота-онага оқ бўлиш – уларни норози қилиш энг катта гуноҳлардан бири ҳисобланиб, унинг даражаси Аллоҳдан бошқага сиғинадиган кишининг гуноҳи билан тенглаштирилган. Афсуски, ота-онанинг хизматидан бўйин товлаш, уларнинг ҳаққию мартабасини билмаслик сабабли уларнинг норозилига олиб борадиган нарсалар кейинги авлодларнинг назаридан бирмунча четда қолиб, одатий ҳолга айланиб бормоқдаки, бунинг оқибати инсон учун салбий ҳолатлар билан тугаши кўпчиликка маълум. Ана шу салбий оқибатлардан бири ота-онага оқ бўлишдир. “Оқ бўлиш”нинг “гапга кирмайдиган, бошқаларни ҳурмат қилмайдиган” деган маънолари мавжуд бўлиб, асл истеъмолда “ўзидан йироқ қилиш, бегона қилиш” маъноларини англатади. Хоссатан, ота-онага оқ бўлиш — уларга бегона бўлиш маъносида қўлланилиб, ота-она ва фарзанд муносабатларига хос иборадир.

Зайнулобидин (розияллоҳу анҳу)дан: “Сизни одамлар орасида онасига кўп яхшилик қилувчи инсон деб биламиз, аммо нима учун онангиз билан бир идишдан овқатланмайсиз?” – деб сўралганда, у: “Аллоҳга қасам, онамнинг қўли келаётган овқатга унинг қўлидан олдин менинг қўлим етиб (яъни онамнинг кўзи тушган луқмани ундан олдин еб қўйиб), уни норози қилиб қўйишдан қўрқаман”, – деб жавоб берган эканлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онасига оқ бўлганлар ҳақида шундай дейдилар: “Энг катта гуноҳлар ҳақида сизларга хабар берайинми? Улар Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишдир”. “Тўрт тоифа инсонлар (қилган ишларидан) тавба қилмаган бўлсалар, жаннатга кирмайдилар ва жаннат неъматларини татиб ҳам кўрмайдилар. Улар маст қилувчи ичимликларни кўп истеъмол қилган киши, (ризқини) судхўрликдан ейдиган киши, етимнинг молини ейдиган киши ва ота-онасига оқ бўлган кишилардир”. Ота-онасига оқ бўлиб, ҳоли ҳаётларида ота-онасининг розилигини олмасдан вафот этган кишилар ҳар қанча яхши амал қилган бўлсалар ҳам – ҳоҳ тавба қилган бўлсинлар, ҳоҳ тавба қилмаган бўлсинлар –  улар жаннатга кирмайдилар.

Фарзанднинг ота-онасига оқ бўлиши учун уни ота-онаси “оқ қилдим” дейиши шарт эмас. Ўзи тўқ бўлиб, ота-онасининг оч ўтириши ёки уларнинг дилини оғритадиган ишларни мудом қилиши, уларнинг норозилигига сабаб бўладиган ишларни қилиш фарзандни ўзи билмаган ҳолда ота-онасига оқ бўлишига олиб келади, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бора: “Бурни ерга ишқалсин! (хор бўлсин!)”, – дедилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ! Кимнинг бурни ерга ишқалсин”, – деганларида, у зот: “Ота-онаси ёки улардан бири унинг ҳузурида кексалик ёшига етса-ю, уларнинг хизматини қила олмаган фарзанднинг бурни ерга ишқалсин”, – дедилар[1].

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга шундай ваҳий қилган экан: “Эй Мусо! Ота-онангни улуғлагин. Кимки ота-онасини улуғласа, унинг умрини узун қилиб, унга ҳам уни улуғлайдиган фарзандни бераман. Ким ота-онасига оқ бўлса, умридан қисқартириб, унга ҳам оқ бўладиган фарзанд бераман”. Ота-онага оқ бўлиш шу даражада оғир гуноҳки, Аллоҳ таоло унинг жазосини шу дунёнинг ўзидаёқ тезлаштириб беради. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: “Аллоҳ таоло ҳар бир гуноҳдан хоҳлаганини (яъни жазосини) қиёмат кунига кечиктиради, аммо, ота-онага оқ бўлиш бундан мустаснодир. Зеро, Аллоҳ таоло ота-онага оқ бўлишнинг жазосини эгасига ўлимдан олдин, шу дунё ҳаётидаёқ (унинг жазосини) тезлаштиради”, – деганларини эшитдим”[2].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалансин (хор бўлсин), бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин”, – дедилар. Бир киши: “Кимнинг бурни ерга ишқалансин, эй Расулуллоҳ!” – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онасидан бирини ёки иккаласини қарилик ёшига етганларида кўриб, улар хизматини қилиб жаннатга кира олмаган кишининг”, – дедилар. (Имом Муслим ривояти)

Шу жумладан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Аллоҳ таолонинг рози бўлиши ота-онанинг рози бўлишига ва Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг ғазабига боғлиқлигини келтирган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Робби (Аллоҳ)нинг розилиги ота-онанинг розилигида ва Робби (Аллоҳ)нинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”. (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар бир фарзанд доим ота-онасининг яхши дуоларини олишга интилиши ва уларнинг ёмон дуоларига дучор бўлиб қолишдан сақланиши керак. Зеро, ота-онанинг фарзанди учун ҳар қандай дуоси ижобат бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи васаллам): “Учта дуо қабул бўлади. Уларда шак йўқ: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, отанинг фарзандининг ҳаққига дуоси”, – дедилар” (Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).

Юқорида келтирилган Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан бизга маълум бўладики, ота-онага оқ бўлиш кечириб бўлмас энг оғир гуноҳлардан экан, бу гуноҳнинг бадали уқубатлари ва жазоси ҳам қаттиқ бўлар экан.

Ҳикоя: “Қайтар дунё”. Бир чолнинг ўғли уни роса ураётган экан. Шунда одамлар ажратгани келса, калтак еяётган чол; ажратманглар, деб бақирибди, шунда ҳамма ҳайрон бўлиб, тўхтаб қолибди. Ураётган ўғил ҳам тўхтаб қолибди. Нимага унақа дейяпсиз? – деб сўраса, мен ҳам отамни шу ерда ургандим! Қайтар дунё экан!….. дебди.

Фарзанд, энг аввало, онага жуда эътиборли бўлиши керак. Уни ранжитадиган сўз ва ҳаракатлардан тийилмоқ лозим.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир фарзанд ота-онасининг ҳақларини адо этиш ҳаракатида бўлиши лозим. Ҳаётлик вақтларида хизматларини қилиб дуоларини олишга интилиш керак бўлади. Зеро, фарзанд ота-онасининг хизматини қилиб жаннатга кириши мумкин бўлгани каби уларни норози қилиш билан буни акси бўлиши ҳам мумкин.[3]

Боболаримизнинг “Фарзанд – ота-онанинг гарови, ҳам эгови” деб айтилган бу ҳикматли сўзлари бежизга эмас. Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг ўсиб, камолга етишида ота-онанинг хизмати беқиёсдир. Ота-она фарзандига дунёдаги бор яхшиликларни истайди. Фарзандини келажакда комил инсон бўлиб вояга етиши учун қўлидан келган барча имкониятларни муҳайё қилади. Уларга дунёдаги энг яхши, чиройли сўзларни топиб сўзлашга ҳамда уларнинг хизматларини бажаришга доим тайёр туриш ҳар бир фарзанднинг бурчи ва фарзи ҳисобланади.Фарзанд ота-онанинг кўз қорачиғи бўлиб, ота-она бутун орзу-ҳавасини фарзандидан умид қилади, аммо фарзанди нобакор бўлиб чиқса, ота-онанинг қадди букилишига сабаб бўлади.

И. Даурбекова
ИБХИТМ қўлёзмалар билан ишлаш ва музей
бўлими илмий ходими
[1] Имом Бухорий ал-Адабул муфрад 21-ҳадис
[2] Имом Табароний Шуъбул ийман 7505-ҳадис
[3] http://muslim.uz/index.php/maqolalar/item/2287

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …