Home / МАҚОЛАЛАР / Савобли ишдан кеч қолманг!

Савобли ишдан кеч қолманг!

Қадимдан ота-боболаримиз баҳорни деҳқончилик, зироатчилик, янгиланиш фасли сифатида ўзгача кутиб олишган. Шу кунларга соғ-саломат етиб келганликлари учун яратганга шукроналар қилиб, умид ва эзгу тилаклар билан ерга уруғ қадашган, мевали ва манзарали дарахтлар экишган. Албатта, бу ишларнинг фазилати нечоғли улуғ эканлигини билган ҳолда, қалб амри билан савоб умидида қилишган.

Муқаддас диний қадриятларимизда ҳам кўчат экиш инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам савоб етказиб турадиган эзгу амал – садақаи жория эканлиги алоҳида таъкидланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар инсон вафот этса, унинг уч нарсадан ташқари амаллари тўхтайди. Улар: Садақаи жория (мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар), манфаат олинадиган илм, ҳаққига дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”,- дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон бирор кўчат (дарахт), ёхуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосили – мевасидан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бу унинг учун садақа бўлади”, – дедилар.

Ривоят қилишларича, Амиру-л-мўминин Ҳорун Рашид бир куни навкарлари билан овга отланиб шаҳардан чиқиб кетаётганида далада бир мўйсафид кишининг кўчат экаётганига кўзи тушибди. Яқинлашиб: “Эй отахон, ўзингиз кексайиб қолган бўлсангиз-да, кўчат экишингизни қандай тушуниш мумкин? Ахир, улар мева бергунга қадар яшайсизми, йўқми, билмайсиз-ку?!”, – дебди. Мўйсафид: “Гапингиз тўғри, лекин мен шу ёшимгача мендан олдин дарахт экиб кетган инсонларни дарахтларининг мевасини едим. Мен эккан кўчатларнинг мевасидан емасам-да, мендан кейинги авлод ейди, деб экаяпман”, – деб жавоб берибди. Амиру-л-мўминин бу жавобдан завқланиб, хазинабонга бир ҳамён тиллани деҳқонга беришни буюрибди. Шунда ҳамённи ола туриб деҳқон: “Мана, кўрдингизми, экаётган кўчатим ҳозирдан мева беришни бошлади”, – дебди. Амиру-л-мўмининга унинг бу сўзи ҳам ёқиб кетиб хазинабонга: “Яна бир ҳамён бериб юбор”, – деб буюрибди. Шунда деҳқон: “Ана, кўрдингизми, бошқаларнинг эккан дарахти бир йилда бир марта ҳосил берса, менинг эккан кўчатим бир йилда икки марта ҳосил берди”, – дебди. Бу гапдан сўнг амир вазирига: “Энди бу ердан тезроқ кета қолайлик, йўқса бу чол хазинамизни қуритадиганга ўхшайди”, – деб йўлида давом этган экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”, – деганлар.

Бир дарахтнинг меваси ёки соясидан бошқалар баҳраманд бўлса ушбу дарахтни эккан, сув қуйган ва парваришлаган кишиларнинг нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам то даври қиёматганча садақаи жория сифатида савоб етказиб туради. Шу каби деҳқоннинг ҳам ерга уруғ қадаб, етиштирган ҳосилидан бошқаларнинг баҳраманд бўлиши улкан савобли амаллардан ҳисобланади.

Деҳқончилик ва зироатчилик билан шуғулланиб келаётган деҳқону боғбонлар бундай юксак ажр-савобли ишларни қилиш орқали мўл-кўлчиликка, ҳаёт фаровонлигига, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Улар нафақат ўз манфатларини ўйлаб, балки атрофдаги барча инсонларнинг бахт-камолини ўйлаб иш тутиб, шу каби эзгу амалларнинг кўпайишига ёрдам бермоқда.

Жаннатга қиёсланган юртимизнинг қай гўшасига бормайлик турли хил мевали боғларни, ҳосилга тўла экин майдонларни ва кўчаларни безаб турган манзарали дарахтларни учратамиз. Албатта, ўтган-кетган йўловчилар, болакайлар ғарқ пишган дарахтларнинг меваларини териб ейишади, уларнинг соясида ўтириб дам олишади. Улар беихтиёр шу мевали ва манзарали дарахтларни эккан инсонларнинг ҳаққига “Аллоҳ баракасини берсин”, “барака топсин”, “Аллоҳ охиратини обод қилсин”, – дея дуо қилишади. Бу эса дарахтларни эккан инсонларнинг ҳаёти баракали, фаровон ва охирати обод бўлишига сабаб бўлади.

Тўрт фаслнинг ибтидоси бўлган баҳор фасли ҳам она заминимиз узра кириб келди. Биз ҳам мана шундай хайрли ишларни давом эттирган ҳолда ҳовлимизга, кўчаларимизга мевали ва манзарали кўчатларни экиб, халқимиз дастурхонини мўл-кўл бўлишида ҳамда маҳалла, қишлоқ ва шаҳарларимизни обод ва кўркам бўлишида, фарзандларимизни фаровон ҳаёт кечиришида ўзимизнинг ҳиссамизни қўшиб, кўп қатори савобли ишларга шерик бўлайлик.

Йўлдошхон ИСАЕВ
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими

Check Also

ШУКРОНАЛИК – ИНСОН КАМОЛОТИНИНГ АСОСИ

Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни …