Home / МАҚОЛАЛАР / Ваҳий ва унинг ҳолатлари

Ваҳий ва унинг ҳолатлари

Ваҳий сўзи луғатда – илҳом, таъсир, кўнглига солмоқ маъноларини беради. Истилоҳда – Аллоҳ таоло Ўзининг каломини танлаган расулига Жаброил алайҳиссалом воситачилиги билан етказишига ишлатилади. Аллоҳ таолонинг каломи Жаброил алайҳиссаломнинг ҳам ёки Пайғамбар алайҳис саломларнинг ҳам сўзи эмас. Балки Аллоҳ таоло ваҳий орқали бандаларга ақл ва ҳис аъзолари билан маълум бўлмаган нарсалар ҳақида таълим беради. Бу таълимот динга ва дунёвий заруратларга тегишли бўлиб, инсонларга фитрий илҳом ҳам берган, худди Мусонинг онасига ваҳий қилганидек: “Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: “Уни эмизавергин…[1].

Аллоҳ таоло бошқа махлуқотларга ҳам табиий илҳом берган, асаларига ваҳий қилганидек: “(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз асаларига ваҳий — амр қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин[2]. Шулар қатори Аллоҳ таоло фаришталарга ҳам ваҳий қилган: “Эсланг, (эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фаришталарга: “Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман», деганида улар айтдилар: “У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?[3].

Бу оятлардан маълум бўладики, албатта Аллоҳ таоло ўз махлуқотларига ваҳийсини илҳом орқали ёки улар тушунадиган калом билан етказади. Уламолар Аллоҳ таоло Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломга қандай етказганлиги ҳақида турли хил фикрлар билдирган. Жумладан:

а) Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолодан махсус лафзлар билан эшитишлик орқали қабул қилиб олди,

б) Жаброил алайҳиссалом Қуръонни лавҳул маҳфуздан ёдлаб олди,

в) Жаброил алайҳиссаломга Қуръоннинг маъноси ташланган. Лафзлари Жаброил алайҳиссаломникидир.

Бу фикрларнинг тўғриси биринчи фикр эгалари бўлиб, улар аҳли сунна валжамоа эътиқодини ушлаганлардир.

Аллоҳ таоло ўз элчиларига ўз сўзини бирор восита билан ёки ҳеч қандай воситасиз ваҳий қилди. Бунга Пайғамбар алайҳиссаломлар тушида яхши тушлар кўриши мисол бўлади. Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушлар эди. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди…”[4]. Бу тушлар ҳақиқий ваҳий бўлмай, балки ҳақиқий ваҳийни қабул қилишгача бўлган ҳолат бўлгани сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушларидан ҳукм олинмайди. Аллоҳ таоло тарафидан бўладиган тўғри тушлар фақатгина пайғамбарларга хос эмас. Ваҳий бўлмасада бу ҳолат бошқа мўминлар учун ҳам содир бўлади. Чунончи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Ваҳий тўхтади. Фақат башоратлар ва мўминларнинг тушлари қолди”.

Воситасиз ваҳийга яна бир мисол, Илоҳий каломнинг Мусо алайҳиссаломга уйғоқ ҳолатларида ҳижоб орқасидан ваҳий қилинганидир. Аллоҳ таоло айтади: “Қачонки Мусо (ваъдалашган) вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: “Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин. Сенга бир қарай”, деди[5]. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам Исро ва Меърож кечасида содир бўлган.

Юқоридаги ҳолатлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ваҳийни қабул қилишга тайёрлашлик бўлиб, сўнгра у кишига ҳақиқий ваҳий уйғоқ ҳолатларида Жаброил алайҳиссалом воситасида ваҳий қилинди. Қуръони каримнинг бирорта ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туш орқали нозил бўлмаган, балки ҳаммаси уйғоқ ҳолатларида нозил бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий иккита ҳолатда нозил бўлган:

1. Фаришта ўзи кўринмай туриб, Набий алайҳиссаломнинг қалбларига керакли хабарни етказар эди. Бунга Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис мисол бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Руҳул-амин менинг қалбимга солдики, албатта, ҳеч бир жон ўз ризқини мукаммал олмай туриб ўлмас. Бас, Аллоҳга тақво этинг ва талабни гўзал қилинг. Ризқнинг кеч қолиши сизларни уни Аллоҳнинг маъсияти ила талаб қилишга олиб бормасин. Чунки Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага У Зотнинг тоати билангина эришилади”[6]. Ушбу ҳадиси шарифдан фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг ўзлари кўринмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига бир неча маъноларни ваҳий қилгани тушунилади.

2. Қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келар эди.

3. Фаришта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам шаклида кўринар эди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Сизга ваҳий қандай келади?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аҳёнда менга қўнғироқ жаранги каби келади, шуниси менга энг оғиридир. Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан. Аҳёнда фаришта менга инсон қиёфасида гавдаланиб сўзлайди, мен унинг айтаётганларини ўзимга сингдириб оламан”, дедилар”[7]. Қуръони карим асосан ушбу ривоятда айтилган қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келадиган ваҳий орқали нозил бўлган.

4. Фаришта ўзининг асл яратилган суратида кўриниб, ваҳийни етказган. Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг асл яратилган суратида икки марта кўринган. Ўшанда Жаброил алайҳиссалом қанотлари билан осмону фалакни тўсган ҳолларида кўриниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийни етказганлар[8].

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жоҳиллар Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуридан бўлиб, унинг маъноларини тўқиб, шу услубга солган, у Аллоҳ тарафидан ваҳий қилинган эмас, деб гумон қиладилар. Афсуски, уларнинг бу гумонлари ботил бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳасад қилишдан бошқа нарса эмас.

О.Бахриев
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Қасос, 7.
[2] Наҳл, 68.
[3] Бақара, 30.
[4] Имом Бухорий ривояти.
[5] Аъроф, 143.
[6] Ибн Абу Шайба ва Байҳақий “Шуъабул-ийман”да ривоят қилган
[7] Бухорий ривоят қилган.
[8] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Улумул Қуръон”. “HILOL NASHR” Нашриёти. 2017.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …