Сўнгги йилларда юртимизда туризмга давлат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири сифатида эътибор берилмоқда. Иқтисодиётнинг ноишлаб чиқариш соҳаси бўлмиш туризмдан тушган маблағ жаҳондаги айрим давлатлар даромадининг салмоқли қисмини ташкил этади. Ўзбекистонда туризмнинг барча йўналишлари қатори зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Натижада, мамлакатимизга келаёт-ган сайёҳлар сони сезиларли даражада ошишига эришилди. Айниқса, охирги уч йил мобайнида юртимизда мусулмон мамлакатлари ва араб сайёҳлари оқими юқори даражада ошди. Бу ўринда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги табаррук қадамжолар аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўзбекистонда туризм ва унинг ижтимоий хусусиятлари мамлакатимиз олимларидан М.Пўлатов, И.Тухлиев, М.Пардаев С.Абдухамидов, Н.Тухлиев, М.Алимова, Б.Ш.Сафаров, Б.Навруззода, Д.Норқулова, З.Рахимов, Р.Амридинова, Р.Хайитбоев, Х.Маматқулов ва Ш.Сайфутдинов илмий ишларида ўрганилган.
Мазкур мақолани ёзишда анализ ва синтез, индукция ва дедукция, тизимли мантиқий ёндашув, иқтисодий ва статистик таҳлил усулларидан фойдаланилган.
“Туризм қадим замонлардан бошлаб сайёрамиз халқлари ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Одамлар янги ўлкаларни кашф этиш, дунёни кўриш ва билиш савдо-сотиқни ривожлантириш, маданий ва дипломатик алоқаларни ўрнатиш мақсадида саёҳатга чиққанлар. Савдо карвонлари йўллари кесишган, маданиятлар ва цивилизациялар туташган чорраҳада жойлашгани учун Марказий Осиё минтақаси бу жараёнда муҳим ўрин тутган [1:46].
Бу, айниқса, жаҳон туристик бозорига хос бўлган дам олиш ва даволаниш масканларига, дунё миқёсидаги турли хил туристик объектларга эга Ўзбекистон учун бетакрор аҳамият касб этади. Майдони салкам ярим миллион квадрат километрни ташкил этувчи, океан ва денгизлардан анча йироқда, материк ичкарисида жойлашган Ўзбекистонда сайёҳлик объектлари қаторида даставвал рекреация ресурслари ҳамда қадимги тарихий обидаларга бой Фарғона ва Зарафшон водийлари, Хоразм воҳаси алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу даволаниш ва дам олиш масканлари ҳамда оммавий сайилгоҳлар жойлашган воҳа ва водийларда йилига бир неча ўн-юз минглаб маҳаллий аҳоли ҳамда яқин ва узоқ хориждан келган инсонлар дам олади, даволанади, ҳар хил сайёҳлик турлари билан шуғулланади.
Қадимий маданиятлар бешиги бўлган, ЮНЕСКО нинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, қадимги давлатчиликнинг шаклланиш ва ривожланиш марказлари бўлиб келган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари минтақада зиёрат туризми ривожланишини таъминлаб келмоқда. Айнан зиёрат туризми бугунги кунда дунёда тобора катта қизиқиш уйғотмоқда ва бутун сайёҳлик соҳасининг энг муҳим қадриятларидан бирига айланмоқда. Дам олиш, даволаниш, ҳар хил сайёҳлик турлари, шу жумладан, маърифий туризм билан шуғулланиш мақсадида Ўзбекистонга расмий тарзда келаётганлар сайёҳлар сони кейинги бир-икки йил ичида жадал кўпайиб бормоқда. “Мамлакатимизга 2022 йил январь-май ойларида дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан 668.6 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди.
Ўзбекистоннинг тарихи ва маданияти ниҳоятда бой ва туризм тармоғининг ривожланиши учун юқори салоҳиятга эга. Ҳудуд “Буюк Ипак йўли”да жойлашгани боис, тарихда савдо ва маданий алоқалар маркази сифатида дунё мамлакатлари ичида шуҳрат қозонган. Республика ҳудудида 4000 га яқин архитектура ёдгорликлари бўлиб, уларнинг баъзилари 2500 йиллик тарихга эга. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарлардаги тарихий обидалар дунё тарихчилари ва сайёҳларининг доимо диққат марказида бўлиб келган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон туризм индустриясида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Мамлакатда туризмнинг ривожланиши билан боғлиқ сиёсий қараш ўзгарди. Туризмни ривожлантириш мақсадида 80 га яқин меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Туризмнинг барча турларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асослари ишлаб чиқилди ва ҳозирда такомиллаштирилмоқда.
Президент Ш.Мирзиёевнинг 2021 йил 9 февралда “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги [10] Фармони эълон қилинди. Унда туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлашга йўналтирилган вазифалар белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги [9] Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун харажатларнинг бир қисмини қайтариш тартиби жорий қилинди.
Шу билан бир қаторда, ташкилий, иқтисодий-ижтимоий масалалар юзасидан соҳани қўллаб-қувватлашда Молия вазирлиги, банк молия тизими, транспорт логистикаси ҳамда солиқ тизимларига тегишли кўрсатмалар берилди. Бу, ўз навбатида, ички туризмнинг жадал ривожланиши ҳамда фуқароларимизнинг ҳордиқ чиқаришларига қулай имкон яратади. Эътиборли жиҳатларидан яна бири – бу буюк аллома Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламолар қабрини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепцияси “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишидир.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати сифатида Имом Бухорийнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида хорижий тилларда “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканалини, хорижий мамлакатларда унинг мухбирлари фаолият олиб боришини назарда тутган ҳолда ташкил этиш ва уни ривожлантириш концепциясининг яратилиши ҳисобланади.
Ўзбекистон туризм индустриясида зиёрат туризми субъектларининг фаолияти, талаб ва таклиф қонунининг устуворлиги, ташкилий-иқтисодий жараёнларни мувофиқлаштиришнинг маъмурий механизмларини яратиш ҳолати каби мавжуд ижтимоий-иқтисодий жараёнлар жамиятдаги турли ихтисослашган институтлар ва уларнинг фаолият юритиш тартибига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади.
Шундай экан, Ўзбекистонда туризм индустриясининг бугунги ҳолатини ўрганиш билан бир қаторда, бозор механизмларидан ҳам устун турувчи жамиятнинг маданий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, диний, ҳуқуқий механизмлари мажмуаси сифатида намоён бўлувчи мавжуд институтларнинг жараёнларга таъсир даражасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг мазкур Фармонлари юқорида қайд этилган жиҳатларни тўлиқ қамраб олгани билан диққатга сазовордир. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ Ўзбекистон “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” рейтингида 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) кўтарилиб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “Энг жозибадор” ҳамда “Хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин эгаллади [3].
Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълум қилишича, дунё ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг 10 фоизи, инвестицияларнинг 11 фоиздан ортиғи, халқаро экспортнинг 7 фоизи айнан туризм ҳиссасига тўғри келади. Халқаро туризм келтирадиган даромад 1995 йилда 373 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич йилига 1 триллион АҚШ долларидан ошиб кетди [5].
Айни пайтда мазкур соҳада 250 миллиондан ортиқ киши меҳнат қилаётгани эса унинг аҳамиятини янада оширмоқда. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, республикамизда халқаро туризм бозорини ривожлантириш, уни жаҳон андозалари талаби асосида шакллантириш ва шу орқали иқтисодиётни янада юксалтириш имконияти жуда кўп. Халқаро туризм бозорида, кучли рақобат кураши шароитида кўзланган мақсадга эришиш учун, энг аввало, аниқ йўналиш, доимий равишда изланиш, фаолиятни жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш талаб қилинмоқда. Бу борада Республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ичида энг аҳамиятлиси Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5611-сонли Фармони асосида Туризмни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди ва у 2019-2025 йиллар учун қилиниши керак бўлган ишларни ўз ичига олади [6].
Ўзбекистонда сайёҳлик тизимини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш бугунги кундаги долзарб масалалардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги [7] ПФ 4861-сонли Фармони туризм тармоғини жадал ривожлантиришни таъминлаш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш ва ҳудудларда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПФ 5326-сонли “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги [8] Фармони эълон қилинди.
Мазкур Фармонда Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланиши кўзда тутилди.
2019 йилнинг 1 февралидан 45 давлат фуқаролари 30 кунлик муддатга Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин бўлди. Шунингдек, 2-3 иш кунида бериладиган электрон визалар билан мамлакатга қисқа муддатга саёҳат қилиш имкони берилган мамлакатлар сони ҳам 76 тага етказилди. Шу пайтгача, фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунга визасиз саёҳат қилиши мумкин бўлган мамлакатлар сони 18 та эди [4].
Ҳозирги кунда Ўзбекистонга келаётган хориж фуқаролари сони йилдан йилга ўсиб бораётганини кузатишимиз мумкин. Статистик маълумотларга кўра, 2016 йил Ўзбекистон Республикасига 2,027 млн киши ташриф буюрган бўлса, 2017 йил ушбу кўрсаткич 2,69 млн кишини ташкил этган, бу эса 2017 йилда ташриф буюрган кишилар сони 2016 йилга нисбатан 32,7 % га ошганини билдиради. Ўз навбатида, 2018 йил мамлакатимизга 5,346 млн киши ташриф буюрган бўлиб, ўтган 2017 йилга нисбатан 99% га ўсган [2]. Ушбу сайёҳлар мамлакатимизга соғломлаштириш, маърифий, касбий-амалий, зиёрат ёки бошқа мақсадларда келаётганини кузатиш мумкин.
Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хориж фуқароларини мақсади бўйича тақсимлайдиган бўлсак, уларнинг кўрсаткичи бир-биридан катта фарқ қилишини кўриш мумкин. Мамлакатимизда туризмнинг кўплаб турларини ривожлантириш имконияти мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириши давлат қўмитаси томонидан мамлакатимизга ташриф буюрган фуқаролардан келиш мақсади бўйича сўровномалар ўтказилган. Сўровнома ўтказиш жараёнида 72 та давлатдан жами 5756 респондент иштирок этган. Тадқиқот натижалари БТТ экспертлари иштирокида ва Туризм статистикаси бўйича халқаро тавсиялар асосида умумлаштирилган. Ушбу тадқиқот натижаларига кўра, 2018 йилда 88,1% қариндошлари ва дўстларини кўриш мақсадида, 8,6% дам олиш ва саёҳат мақсадида, 1.1% малакавий хизмат юзасидан, 1,0% даволаниш юзасидан, 1,0 тижорат қилиш мақсадида ва 0,2% таълим олиш юзасидан келгани аниқланган. Демак, асосий ўринда турган қариндош ва дўстларни кўриш туризми бевосита зиёрат туризми билан боғланадиган жараёндир.
Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш учун Миср, Қувайт, Қатар, Уммон, Саудия Арабистони, Индонезия, Малайзия, Туркия, Покистон, Эрон ва МДҲ давлатларидан зиёратчиларни янада кўпроқ жалб қилиш бўйича қуйидаги ишларни амалга ошириш зарур:
– Ўзбекистонни зиёрат қилишга қизиқиши кучли бўлган мамлакатларни аниқлаш;
– мазкур мамлакатлар билан зиёрат туризми соҳасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш;
– Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича икки томонлама ҳуқуқий асос ва йўл хариталарини ишлаб чиқиш;
– зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича мазкур давлатларнинг туризм компаниялари ўртасида турли учрашув ва семинарларни доимий ташкил этиш;
– юртимизга зиёрат учун келиш истагида бўлган давлатлар учун Ўзбекистондаги тарихий обида, маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларни ёритиб берувчи махсус ролик, буклет ва зиёратгоҳлар бўйича нашрлар чоп этиш;
– зиёратчиларга зиёратгоҳ ҳақидаги маълумотларни батафсил маълумот берадиган, ислом таълимини яхши ўзлаштирган араб ва инглиз тилини пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш;
– Ўзбекистонда дунёга машҳур бўлган алломалар ҳақида маълумотларни тўплаш ва уларнинг зиёратгоҳлари рўйхатини шакллантириш.
-
Болтабоев М.Р., Тухлиев И.С., Сафаров Б.Ш., Абдухамидов С.А. Туризм: назария ва амалиёт. – Т., 2018.
-
Сайфутдинов Ш.С. Ўзбекистонда Зиёрат туризмини ривожлантиришнинг ижтимоий-иқтисодий механизмлари. Open economy: healthy competition, business environment and favorable investment climate.
-
http://old.muslim.uz/index.php/english/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/30477-zbekiston-zijoratchilarni-zhalb-etish-b-jicha-etakchi-davlatga-ajlanmo-da
-
https://m.kun.uz/news/2019/01/05/1-fevraldan-yana-45-davlat-fuqarolari-ozbekistonga-vizasiz-kirishi-mumkin-boladi
-
https://lex.uz/docs/3311817.
-
https://lex.uz/docs/4143188.
-
https://lex.uz/docs/3077025.
-
https://lex.uz/docs/3548467.
-
https://lex.uz/docs/5283956.