Бугунги кунда диний бағрикенглик сиёсатини таъминлаш, динлар ва конфессиялараро мулоқотни йўлга қўйиш дунёда, минтақаларда ва давлатлар кесимида тинчлик, барқарорлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асоси бўлиб қолмоқда.
Диний бағрикенглик сиёсати деганда ҳукумат ёки ташкилот ўз юрисдикцияси доирасида турли динларнинг эътиқодини қўллаб-қувватлаш учун қабул қиладиган тамойиллар ва ҳаракатлар тушунилади. У шахсларнинг камситиш, таъқиб, давлат ёки бошқа гуруҳларнинг аралашувидан қўрқмасдан ўз диний эътиқодларини амалга ошириш, ифода этиш ва ўзгартириш эркинлигини таъминлашга қаратилган. Бундай сиёсатнинг асосий жиҳатларига шахсларнинг ўз динига эътиқод қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, диний эътиқодларга кўра камситишларни тақиқловчи қонунлар, барча динларга қонун остида бир хил муносабатда бўлишини таъминлаш, бировни бошқасидан устун қўймаслик, шахсларга ўз диний эътиқодларини очиқ ва махфий тарзда ифода этишига рухсат бериш, ҳукуматлар ёки ҳокимиятлар диний урф-одатларга аралашмаслиги, таълим ва жамоатчиликни хабардор қилиш кампаниялари орқали динларни тушуниш ва ҳурмат қилишни тарғиб қилиш киради. Мазкур сиёсат турли диний гуруҳлар ўртасида тинч-тотув яшаш ва ҳурматни мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорлик ва тотувликка ҳисса қўшишга қаратилган.
Диний бағрикенглик сиёсати халқаро ҳуқуқий, жумладан, БМТнинг 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси ва миллий қонунчилик меъёрлари билан барча давлатларда таъминланиши йўлга қўйилган бўлса-да, ҳар бир давлатнинг бу борада ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Қуйида бир нечта давлатлар мисолида буни ўрганиб, таҳлил қиламиз. Зеро, бу миллий тажрибамизнинг хорижий мамлакатлар билан қиёслаш орқали ютуқ ва камчиликларни сарҳисоб қилиш ва келгуси ишларни режалаштиришда илмий-методологик имкониятларни тақдим қилади.
Америка Қўшма Штатларининг диний бағрикенглик сиёсати тажрибаси “Ҳуқуқлар тўғрисидаги Билл”да ўз аксини топган. АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатиш ўзининг икки бандида дин эркинлигини ҳам, черков ва давлатнинг ажралишини ҳам кафолатлайди. Ҳукуматга маълум бир динни ўрнатиш ёки қўллаб-қувватлашни тақиқлайди. Бу давлат томонидан ҳомийлик қилинадиган дин яратилишининг олдини олади ва барча динларга тенг муносабатда бўлишини таъминлайди [14]. Шахсларга ҳукуматнинг ортиқча аралашувисиз ўз динини эркин эътиқод қилиш ҳуқуқини кафолатлай-ди. Бу диний плюрализм муҳитини ривожлантиради ва одамларга таъқибдан қўрқмасдан ўз эътиқодларига амал қилиш имконини беради [11]. Бу тамойиллар ўз даври учун инқилоб бўлса-да, чегараланган эмас эди. Дастлабки Америка жамияти, асосан протестантлар, кўпинча христиан бўлмаган динлар учун ҳақиқий тенглик тушунчаси билан курашарди. Кўпинча диний эътиқодлари сабаб четга сурилган маҳаллий америкаликлар ва қул бўлган африкаликларга бўлган муносабат бу юксак ғояларни амалиётга татбиқ этиш учун дастлабки курашларни акс эттиради.
АҚШдаги диний бағрикенглик эволюциясини тарихий босқичлар орқали ифодалаш мумкин. XVIII-XIX асрларда Конституция диний эркинлик учун асос яратган бўлса-да, Американинг динга бўлган муносабат ва дискриминациянинг мураккаб ҳолатини бошдан кечирди [15]. Протестантлик конфессиялари устун мавқега эга бўлиб, католиклик, шунингдек, иудаизм каби бошқа насроний эътиқодлари адоват ва жамиятдан четланишга дуч келганди. XIX аср Америкага янги диний анъаналарни олиб келган иммиграциянинг кўпайишига гувоҳ бўлди [12]. Бу ортиб бораётган хилма-хиллик, маданий ландшафтни бойитиш билан бирга, кескинликни ҳам оширди. Қўрқув ва нотўғри қарашлардан келиб чиққан католикларга қарши кайфиятнинг кучайиши диний жиҳатдан хилма-хил жамиятга мослашиш муаммоларига мисол бўлди. XX аср бошларида диний эркинлик учун муҳим ҳуқуқий ғалабалар бўлди. Рейнолдс Қўшма Штатларга қарши [5:7-10] ва Кантвелл Коннектикутга қарши [3:142-161] каби ҳолатлар жамият меъёрларига зид бўлса ҳам, эркин эътиқод қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватловчи прецедентларни ўрнатди. 1960-йиллардаги Фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракати диний эркинлик доирасини кенгайтирди. Хусусан, 1964 йилги Фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун [1:383-399] ва 1965 йилдаги Овоз бериш ҳуқуқи тўғрисидаги қонун каби муҳим қонунлар динидан қатъи назар, барча америкаликлар учун тенг ҳуқуқларни таъминлади.
АҚШ ҳукумати турли диний жамоалар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган динлараро мулоқот ва ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Бу конференциялар, ўқув дастурлари ва жамоатчиликни хабардор қилиш кампанияларига ҳомийлик қилишни ўз ичига олади. Кўплаб нотижорат ташкилотлар ва динлараро коалициялар диний гуруҳлар ўртасида мулоқот, тушуниш ва ҳамкорликни ривожлантириш учун ишлайди. Ушбу саъй-ҳаракатлар кўпинча умумий ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга, жамиятнинг фаоллигини оширишга ва динлар ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатишга қаратилган.
Европа Иттифоқи томонидан 1950 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси Европада инсон ҳуқуқларига оид энг муҳим ҳужжатлардан биридир [10: 217-231]. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 9-моддаси фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаб, ўз динини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ҳамда ўз динини ёки эътиқодини ибодат, таълимот, амалиёт ва маросимларда якка ўзи ёки бошқалар билан биргаликда, очиқ ёки ёпиқ равишда эълон қилиш эркинлигини ўз ичига олади.
2000 йилда эълон қилинган ва 2009 йилда Лиссабон шартномаси билан қонуний кучга эга бўлган Европа Иттифоқининг Асосий Ҳуқуқлар Хартияси инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлайди ва тасдиқлайди [6:137-170]. Низомнинг 10-моддаси фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқини очиқ-ойдин кафолатлайди, бу Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 9-моддаси қоидаларига мос келади. Хартияда, шунингдек, 21-модда дин ёки эътиқодга кўра камситишни тақиқлаш билан бирга, тенглик муҳимлигини таъкидлайди. Ушбу асос диний эркинликнинг бошқа асосий ҳуқуқлар билан бир қаторда ҳимоя қилинишини таъминлайди ва Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларга содиқлигини мустаҳкамлайди.
Диний қарама-қаршиликларнинг узоқ тарихи ва кучли дунёвийлик анъаналарига эга бўлган Франция дин ва давлат ўртасида қатъий ажратиш моделини қабул қилган. “Laïcité” деб номланувчи бу ёндашув диний эътиқодларнинг оммавий ифодасини чеклаш орқали барча фуқаролар учун тенглик ва бетарафликни таъминлашга қаратилган. 1905 йилда қабул қилинган “Черковлар ва давлатни ажратиш тўғрисида”ги қонун француз дунёвийлигининг асосини ташкил этади. Ушбу қонун диний ташкилотларнинг давлат маблағларини олишни тақиқлайди ва жамоат жойларида, жумладан, мактабларда диний рамзларни намойиш қилишни чеклайди [4:259-296]. Франция ўсиб бораётган мусулмон аҳолисини интеграциялашда жиддий муаммоларга дуч келмоқда. “Laïcité”нинг қатъий қўлланилиши мактабларда рўмол ўраш, ҳижоб кийишни тақиқлаш ва жамоат жойларида диний урф-одатларни чеклаш билан боғлиқ баҳс-мунозараларга олиб келди [2:11-19]. Бу чора-тадбирлар тенглик ва бетарафликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса-да, мусулмонларнинг четга сурилишига ҳисса қўшгани ва кескинликни кучайтиргани учун танқидга учради. Айниқса, мусулмонлар жамиятида экстремистик мафкураларнинг пайдо бўлиши интеграция жараёнини янада мураккаблаштирди. Франция бунга жавобан терроризм ва радикаллашувга қарши кураш, жумладан, экстремистик гуруҳлар фаолиятини тақиқлаш ва масжидлар мониторингини ўтказиш бўйича қонунлар қабул қилди. Бироқ бу чора-тадбирлар ҳаддан ташқари кузатув ва фуқаролик эркинликларининг бузилиши эҳтимоли ҳақидаги ташвишларни уйғотди.
Германия диний эркинлик ва динлараро мулоқотга катта эътибор берадиган давлатлардан биридир. Мамлакатда азалдан диний бағрикенглик анъаналари мавжуд бўлиб, у конституция ва диний озчиликларни ҳимоя қилишга содиқлигида ўз ифодасини топган. Германиянинг Асосий қонуни (Grundgesetz) диний эркинликни асосий ҳуқуқ сифатида мустаҳкамлаб, ибодат эркинлигини, диний ташкилотлар тузиш ҳуқуқини ва диний таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди [9:51-70]. 4-моддада шундай дейилган: эътиқод, виждон эркинлиги, диний ёки фалсафий эътиқодга эътиқод қилиш эркинлиги дахлсиздир; диннинг бузилмаслиги кафолатланади; ҳеч ким ўз виждонига қарши қурол ишлатиш билан ҳарбий хизматни ўташга мажбурланиши мумкин эмас. Тафсилотлар федерал қонун билан тартибга солинади.
Германия диний жамоалар билан турли давлат шартномаларига эга. Бу шартномалар давлат ва турли диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади, уларга маълум имтиёзлар беради ва уларнинг оммавий-ҳуқуқий мақомини тан олади. Масалан, 1933 йили Ватикан ва Германия ўртасида имзоланган Reichskonkordat шартномаси Германиядаги католик черковининг ҳуқуқларини тартибга солади [8:506-535]. Умуман олганда, Германияда динлараро мулоқот ва ҳамкорликнинг мустаҳкам анъаналари мавжуд бўлиб, у турли ташкилот ҳамда диний жамоаларнинг ўзаро тушуниш ва ҳамкорлигига ёрдам беради. Бунга антисемитизмга қарши курашиш, насронийлар ва мусулмонлар ўртасида мулоқот ҳамда динлараро таълимни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар киради. Бироқ охирги ўн йилликларда иммиграция билан боғлиқ муаммоларнинг кучайиши диний ва маданий бағрикенглик тамойилларини издан чиқарувчи ҳаракат ва ташкилотлар вужудга келмоқда. Улар иммигрантларни ўз миллий ва маданий қадриятларига таҳдид сифатида кўриб, бошқа дин ва маданият вакилларига нисбатан муросасизлик ва муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шундай ташкилот ва ҳаракатлардан бири PEGIDA (Patriotische Europäer gegen die Islamisierung des Abendlandes)– “Ғарбнинг исломлашувига қарши ватанпарвар европаликлар” ташкилоти бўлиб, улар ва шунга ўхшаш ҳаракат ва ташкилотлар Европанинг кўплаб давлатларида пайдо бўлмоқда ва ҳатто миграция ва бошқа маданиятларга қарши риторикалари билан ҳокимиятга келмоқда [7:158].
Буюк Британия инсон ҳуқуқлари бўйича катта тажрибага эга бўлиб, 1998 йилдаги Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун билан дин ва эътиқод эркинлигини кафолатлайди [13]. Мамлакатда диний эркинликнинг азалий анъаналари мавжуд бўлиб, черковлар ва бошқа турли диний гуруҳлар биргаликда тотув яшайди. У Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясини ички қонунчиликка киритиб, давлат органларининг Конвенция билан ҳимояланган ҳуқуқларга мос келмайдиган хатти-ҳаракатларини ноқонуний қилади. 9-модда фикр, виждон ва эътиқод эркинлиги деб номланиб, ушбу модда фикрлаш, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини, шу жумладан дин ёки эътиқодни ўзгартириш эркинлиги ҳамда ўз дини ёки эътиқодини ибодат, таълим, амал ва маросимларда намоён этиш эркинлигини кафолатлайди.
Хулоса қилиб айтганда, жамият барқарорлигини таъминлашда диний бағрикенглик сиёсати ҳар бир давлат ва жамиятда ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бу жамиятларнинг узоқ ривожланиш тарихи билан боғлиқ. Ўрганилган давлатларда диний муаммолар ва камситишлар учраб турса-да, жамият барқарорлиги ва тинчлиги учун диний бағрикенглик тамойилларига амал қилишга ҳаракат қилинган. Юқорида кўриб чиққанимиздек, ўрганилган барча давлатларда динлараро муносабатларни тартибга солиш учун миллий қонунчиликлар такомиллаштирилган ва БМТнинг 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси доирасида диний бағрикенгликни таъминлаш кафолатларини олган. Шу билан бирга, диний бағрикенгликни таъминлашда ўзига яраша қийинчилик ва муаммоларга ҳам эга эканлиги кўриниб турибди. Бу ушбу масалани доим диққат марказда тутиб туришни, диний бағрикенгликда давлат назоратини ўрнатиш ва уни такомиллаштирилган механизмлар асосида бошқариб туришни талаб қилади. Чунки оддий маиший масала ва муаммолар ҳам диний бағрикенгликка путур етказиши, динлар ва конфессиялараро муносабатларга совуқчилик тушириши ва ихтилофларга олиб келиши мумкин. Шу боис, инсонларнинг ҳис-туйғуларига боғлиқ диний масалани тартибга солиб туришни такомиллаштириш учун дунё тажрибалари доирасида сиёсат олиб бориш керак бўлади.
-
Aiken, J.R., Salmon E.D., & Hanges P.J. The Origins and Legacy of the Civil Rights Act of 1964. Journal of Business and Psychology. 2013, 28(4).
-
Baubérot J. La laïcité française : républicaine, indivisible, démocratique et sociale. Cités, 52. 2012.
-
Fisher L. Religious Liberty. In Reconsidering Judicial Finality: Why the Supreme Court Is Not the Last Word on the Constitution. – University Press of Kansas, 2019.
-
Guerlac O. The Separation of Church and State in France. Political Science Quarterly. 23(2), 1908.
-
Hamilton M.A., & Seligsohn L. Religion Governed by the Rule of Law. – Human Rights, 39(2), 2013.
-
Kardos-Kaponyi E. The Charter of Fundamental Rights of the European Union. Társadalom És Gazdaság Közép- És Kelet-Európában / Society and Economy in Central and Eastern Europe, 23(1/2), 2001.
-
Муйдинов Д.Н. Ҳозирги замон миграцион жараёнларнинг жамият барқарорлигига таъсири (Германия Федератив Республикаси мисолида). PhD дисс. – Т., 2019.
-
Repgen K. Zur vatikanischen Strategie beim Reichskonkordat. Vierteljahrshefte Für Zeitgeschichte, 31(3), 1983
-
Thränhardt D. Religiöse Pluralisierung im Einwanderungsland Deutschland. Glaubensfragen in Europa: Religion und Politik im Konflikt. – Transcript Verlag, 2011.
-
Wildhaber L. The European Convention on Human Rights and International Law. The International and Comparative Law Quarterly, 56(2), 2007.