Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛК АРАБ-МУСУЛМОН ДАВЛАТЧИЛИГИ: СОЛИҚ СИЁСАТИ ВА УНИНГ ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИККА ТАЪСИРИ

ИЛК АРАБ-МУСУЛМОН ДАВЛАТЧИЛИГИ: СОЛИҚ СИЁСАТИ ВА УНИНГ ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИККА ТАЪСИРИ

Янги давлатнинг молиявий қудратини шакллантириш ва уни ривожлантиришда солиқлар муҳим ўрин тутади. Маълумки, ривожланган солиқ тизими давлат қудратини таъминлайди. Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадина шаҳар-давлати иқтисодий тизимини шакллантириш ҳаракатини бошлаб берганлар. Илк давр солиқ тизимида Мадина ҳукмига бўйсундирилган қабилаларнинг мол-мулки асосий ўрин тутди. Лекин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида (622-632) чорва-молдан давлат фойдасига олинадиган солиқ мавҳум – гоҳо «садақа» (صدقة), гоҳо «закот»  (زكاة) деб аталиб, бу термин – атамалар илк даврда синоним сўзлар сифатида қўлланган.

Қуръони каримнинг тарихий воқеалар акс этган оятларидан қадимда яҳудий [19; 20] ва насроний жамоалар [21; 22] учун ҳам диний солиқлар қўлланилганини кўриш мумкин. Демак, Арабистон ярим ороли, Византия ва Сосонийлар давлатларидаги христианлик ва яҳудийлик динларига эътиқод қилувчи аҳоли учун ислом пайдо бўлишидан олдин бундай солиқ тури маълум бўлган. Қадимда христианлар ўртасидаги табақавий тенгликни сақлаш мақсадида ушбу динга эътиқод қилувчи бой ва ўртаҳол аҳолидан ойлик даромадининг ўндан бири (десятина) солиқ сифатида черковга олинган. Бу солиқдан тушган маблағ черковни таъмирлаш ва руҳонийлар эҳтиёжи учун ишлатилган [20:69]. Яҳудийларда эса диний мажбурият сифатидаги солиқ «солиҳлик» (седака) деб аталган [25:321]. Яҳудийлар чорва-моллари, ҳосил, урушда орттирилган ўлжалар ва мол-мулкининг ўндан бирини ҳар ойда седака солиғи сифатида ибодатхонани таъмирлашга ишлатган, шунингдек, руҳонийлар, камбағаллар, бева ва етимларга тарқатган [18:25].

Ислом динида ҳам закот солиғи мусулмонларнинг бой табақалари учун диний мажбурият сифатида жорий этилди. Христианлик ва яҳудийликдан фарқли ўлароқ закот солиғи мусулмонлардан йилига бир марта йиғиб олинадиган бўлди. Аввалига Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва халифа Абу Бакр даврларида (632-634) закот солиғи Қуръонда буюрилганидек [23], фақат фақирлар[1], мискинлар[2], садақа [закот] йиғувчилар, кўнгиллари исломга ошна қилинувчи кишилар, қулларни озод қилиш учун, қарздорлар ва мусофирларга тарқатилди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам закот солиғидан тушган маблағнинг маълум қисмини мусулмон бўлмаган араб қабилалари шайхлари, эътиборли кишиларга нафақа сифатида бериб турган. Бундан асосий мақсад, уларнинг қабиладошлари орасида ислом динига нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғотиш эди. Аммо тадқиқотларда Қуръонда зикр этилган мазкур етти тоифанинг ичидаги кўнгиллари исломга ошна қилинувчи кишилар (مؤلفة قلوبهم – муъаллафату қулубиҳим)га нафақа бериш ҳукмининг бекор (منسوخ – мансух) қилиниши масаласида бироз ноаниқлик мавжуд. Масалан, Абдулазиз Мансуровнинг «Қуръони карим маънолари таржимаси» китобида ушбу тоифага Абу Бакр даврида закот солиғидан тушган маблағ ҳисобидан нафақа (мукофот) бериш ҳукми бекор қилинган деган хулоса мавжуд [6:187]. Бироқ бу фикрга бироз аниқлик киритиш мақсадга мувофиқдир. Чунки тарихий манбаларда хабар берилишича, Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Арабистон ярим оролида юз берган ар-Ридда ҳаракати натижасида исломни қабул қилган кўплаб араб қабилалари Абу Бакрга закот солиғи тўлашдан воз кечди. Абу Бакр закот солиғи тўламаган баъзи қабилаларнинг мусулмон бўлмаган саййидларига муъаллафат ал-қулубиҳим нафақасини беришдан бош тортди. Аммо қабиласи ўз вақтида закот солиғини тўлаб борган қабила саййидларига нисбатан мазкур статусни сақлаб қолди. Масалан, Ибн Саъднинг (ваф. 845 й.) маълумот беришича, Абу Бакр мусулмон бўлмаган Адий ибн Ҳотим (ваф. 687 й.)га йиғилган закотдан 30 туяни ҳадя қилган [5:306; 6:221].

Кейинчалик, халифа Умар ибн Хаттоб даврига келиб, ислом давлатининг таъсир доираси Арабистон ярим оролидан ташқарига ҳам кенгайди ва унинг нуфузи етарли даражада мустаҳкамланди. Шу сабабдан, ислом давлати учун Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр даврларида йиғилган закот солиғи ҳисобига яшовчи мусулмон бўлмаган раҳбарлар (муъаллафат ал-қулубиҳим) ёрдамига ортиқча зарурат қолмади. Шу ҳолатда давлат бошлиғи Умар ибн Хаттоб бу тоифага нафақа тўлашни узил-кесил тўхтатди [5:3/306; 1:2/571]. Демак, Умар ибн Хаттобнинг Қуръон оятларида зикр этилган кўнгиллари исломга ошна қилинувчи кишиларга нафақа беришни тўхтатиш ҳақидаги ҳукми бу оятнинг амалда мансух қилинишида асосий роль ўйнади.

Солиқ масаласида илк даврга нисбатан туб ўзгаришлар Умар ибн Хаттоб даврига келиб юз бера бошлади. Аммо тадқиқотчилар орасида ислом давлати илк даври (632-634) ва иккинчи халифа даври (634-644) вазиятлари ўртасида юз берган ўзгаришларга етарли даражада эътибор бермаслик тенденцияси кузатилади. Масалан, О.Г.Болшаковнинг фикрича, закот экинзор, узумзор ва хурмозорлардан ҳам олиниб, нисоби – 5 васқни (975 кг) ташкил этади. Закот солиғи маҳсулотнинг ўндан бир қисми (1/10) ҳажмида йиғиб олинган. Йиғилган закотни тақсимлаш қози ихтиёрида бўлган [19:74]. Аммо биринчидан, О.Г.Болшаковнинг закот терминига берган таърифида, иккинчидан, унинг йиғиб олиниш тартиби ва ниҳоят, учинчидан, уни сарф қилиниши масалаларини талқин этишида бир неча чалкашлик мавжуд.

Биринчидан, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдаврида суғориладиган ерлар, хурмозорлардан олинадиган солиқлар бутунлай бошқа турда бўлиб, босиб олинган ерлар Мадина шаҳар-давлати томонидан ўзининг аввалги эгаларига янгидан ижара сифатида расмийлаштириб берилган. Давлат уларга ҳеч қандай натура ёки пул солиғи солмас, балки ҳосил пишгандан сўнг эса унинг кўпроқ (50 %дан то 75 % гача) қисмини ижара ҳақи сифатида йиғиб олар эди [24:174]. Кейинчалик истило урушлари (фатҳ) натижасида Арабистон ярим ороли ташқарисида жойлашган катта ҳажмдаги суғориладиган ерлар босиб олина бошланди. Давлат хўжалиги тобора мураккаблашиб боргани сабабли Умар ибн Хаттоб даврига келиб солиқ тизимига бир неча янгилик киритилди. Улардан энг асосийси харож (خراج) бўлиб, у қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан олина бошлади [3:94,97].

Демак, давлат солиқ тизимида Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдаврида чорва-молдан олинадиган закот тушум миқдори суғориладиган ердан олинадиган харож тушум миқдоридан тобора озайиб боргани сабабли, закот давлат солиғи сифатида ўз мавқеини йўқота бошлади. Асосий давлат солиғи мавқеини халифа Умар даврига келиб, харож эгаллай бошлади. Чунки умумий ҳажм жиҳатидан харож давлат киримининг асосини ташкил этди. Закот эса ҳар бир мусулмоннинг давлат олдидаги эмас, балки унинг яратган олдидаги диний мажбуриятига – ночор мусулмонлар учун берадиган диний солиққа айлана бошлади. Табиий, уни тақсимлаш жамоа диний судьяси – қозининг ихтиёрига ўтди.

Шунингдек, тарихий маълумотларга кўра, Умар ибн Хаттоб даврига келиб, етиштирилаётган ҳосилнинг солиқ миқдорини ер ўлчов бирлигига қараб белгилаш жорий этила бошланган. Масалан, ҳар жариб (1592 м2) буғдойзордан – 4 дирҳам, арпазордан – 2 дирҳам, пахта ва кунжут учун – 5 дирҳам, ал-форсий навли хурмонинг ҳар бир тупи учун – 1 дирҳам, узумзордан – 10 дирҳамдан харож солиғи тайинланган [10:1/175]. Бу солиқлар табиатидаги ўзгариш россиялик тадқиқотчи тарафидан икки давр солиқ тизимини бир даврда деб ҳисоблаши оқибатида закот билан харож (ердан олинадиган маҳсулот солиғи) чалкаштирилиб юборилган. Энди О.Г.Болшаковнинг маҳсулотнинг (1/10) қисми закот солиғи сифатида йиғиб олиниши ҳақидаги фикрига келсак, бу ерда ҳам икки давр воқелигини аралаштириб юбориш ҳолатига дуч келамиз. Маълумки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламва Абу Бакр даврларида закот чорва-мол солиғи маъносида тушунилган ва унинг миқдори молнинг (1/40) улушини ташкил қилган. Кейинчалик харож турлари ривожланган даврда мол-мулкнинг (1/10) ҳажмида йиғиб олинадиган харож турига ушр номи берилди. Демак, О.Г.Болшаков аввалги давр закоти ва ушр типидаги харожни аралаштириб юборган. Бунинг оқибатида у закот (1/10) миқдорида йиғиб олинган, деган нотўғри хулосага келган.

Исломдан аввалги араблар амалиётида бирор ҳудудни куч билан (ъанватан) босиб олиш давомида аҳоли пунктларидаги экинзорларни ўзаро мулк қилиб бўлиб олиш одат тусига кирган эди. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламҳам шу одатга эргашган ҳолда Ҳайбарни забт этиш (628 й.) давомида эгаси урушда ҳалок бўлган экинзорларни истилода қатнашган аскарларга бўлиб берганлар [13:416].

Давлат мустаҳкамлана боргач, бу амалиётдан воз кечила бошланди. Масалан, Умар ибн Хаттоб Сосонийлар ва Византия империялари ҳудудларидаги подшоҳлар, уларнинг оилалари, амалдорлар ҳамда урушда ўлганлар, қочиб кетган ер эгаларининг экинзорларини давлат мулки ҳисобига ўтказди. Бу янги ерлар мусодара қилинмайдиган ас-савофий (الصوافي) ерлар деб ном олди [3:98-100]. Айниқса ас-Савод, Шом вилоятлари араб давлати тасарруфига киритилгач, савофий экинзорлар ҳажми ортиб кетди. Улар давлат тасарруфига киритилиб, ижарага берила бошланди. Умар даврида давлат амалиётида эски амалиётни давом эттирмоқчи бўлган қўмондонларнинг хатти-ҳаракатлари кескин тўхтатилди. Масалан, Амр ибн Ос Искандариядаги босиб олинган ерларни ал-файъ (الفيء – ўлжа) сифатида аскарларга бўлиб беришини истади. Аммо Умар давлат манфаатларига зид бўлган бу уринишни кескин тўхтатди [3:42].

Демак, Умар ибн Хаттоб Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламтомонидан таъсис этилган аскарларнинг ал-файъ улушини бекор қилиб, унинг ўрнига янги институтни жорий этди. Бу – аскарлик девони эди. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир аскарга давлат томонидан муайян маош тўлаб туришни тақозо қилди.

Марказлашиб келаётган давлатнинг иқтисодий ривожланишида харож институти муҳим ўрин тутади. Тадқиқотларда илк даврдаги харож солиғининг ҳажми ва унинг объекти масаласи муаммолигича сақланиб қолмоқда. Тадқиқотчи Тавфиқ Султон ал-Юзбакий харож солиғи Умар ибн Хаттоб даврида Византия ва Сосонийлар давлатлари босиб олинганидан кейин эронликлардан ўзлаштирилган ҳолда таъсис этилган, деган фикрни билдиради [17:80]. Аммо бирламчи манбалар бу фикрни рад этади. Масалан, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламва Абу Бакр даврида Арабистон ярим оролидаги деҳқончилик ривожланган бирор ҳудуд (сулҳан) истило этилганда, ундаги деҳқонларнинг экинзорлари ўз эгаларида қолдирилиб, уларга жизя солиғи ўрнига харож солиғи тайин этилган. Бу ҳолатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳажар аҳолиси билан сулҳ тузиб, уларга харож тайин этиши мисолида кўришимиз мумкин [3:229]. Демак, харож солиғини биринчи бўлиб, араб давлатчилиги тарихида Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламтатбиқ этганлар. Аммо, Умар ибн Хаттоб даврига келиб, давлатчиликнинг тезлик билан ривожланиб бориши шароитида ъанватан ёки сулҳан истило этилган ерларнинг ҳар иккисига ҳам экинзорлар ҳосилларидан олинадиган харож солиғи тайин этила бошланди.

Аста-секин Араб халифалиги амалиётида харожнинг уч тури шакллана бошлади: мисоҳа, муқотаъа, муқосама. Биринчи турдаги солиқ (مساحة – мисоҳа) олиш тартиби қуйидагича бўлган: ишлов берилган ер бир неча қисмга бўлиниб, унинг маълум бир қисмида етиштирилган ҳосил давлатга тўлиғича натурал ҳолда солиқ қилиб олинган. Иккинчи турдаги солиқ (مقاطعة – муқотаъа) эса катта ердан фойдаланиш учун бир неча йил олдин, белгиланган пул миқдори билан олинган. Учинчи турдаги солиқ (مقاسمة – муқосама) ерда етиштирилган умумий ҳосилнинг бир қисми ҳолида давлат фойдасига олинган.

Араб-мусулмон давлати бюджетининг юксалишидаги асосий манба ролини ушр ( عشر– араб тилидан сўзма-сўз: ўндан бир) солиғи ўйнади. Ушр солиғи йиғилган ҳосилнинг 1/10 қисмига тенг. Аксарият манбаларда ушр солиғи баъзан алоҳида, баъзан харож солиғининг таркибий қисми сифатида талқин этилади. Ушр солиғи халифа Умар даврида ўзининг аниқ кўринишига эга бўлди. Бу даврга келиб, марказлашган ислом давлатининг солиқ сиёсатида бож ва савдо ушри пайдо бўлди. Бу солиқ уруш олиб борилаётган давлат (балад ал-ҳарб)дан Мадина давлати тасарруфидаги ҳудудларга тижорат учун қатнайдиган кемалар ва якка савдогарларнинг товарлари ҳисобидан олинган. Шунингдек, бож ушрининг фоиз қиймати ҳам савдогарнинг диний эътиқодига қараб белгиланган: мусулмонлардан ушрнинг чораги (1/4), яъни 2,5 % ёки 5 дирҳам ёки ярим мисқол олтин, зиммийлардан ушрнинг ярими (1/2), яъни 5 % ёки 10 дирҳам ёки бир мисқол олтин, мусулмонлар уруш эълон қилган ҳудуддан келганлар (аҳл балад ал-ҳарб ёки ҳарбий) учун эса ўндан бир (1/10), яъни 20 дирҳам ёки икки мисқол ушр олинган. Шунингдек, ушр солиғининг нисоби 20 мисқол тилла ёки 200 дирҳам этиб белгиланган [3:234-236]. Бундан ушрга ҳам закотнинг нисоби асосий мезон қилиб белгиланганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, ислом давлати ҳудудига кириб келаётган буғдой ва ёғ маҳсулотларига мусулмонларда эҳтиёжнинг катталиги учун ярим ушр, мош, нўхат, ясмиқ, ловияларга – тўлиқ ушр тайин этилган [18:2/417].

О.Г.Болшаковнинг фикрича, янги барпо этилган Куфа ва Басра шаҳарларининг бозорларида савдогарларга ер ҳақи ва бож солиғи тайин этилмаган [19:74]. Аммо тарихчиларнинг маълумотига кўра, янги қурилган ҳарбий лагерларда аскарларнинг ўзлари яшамаган. Улар ўз оилаларини бирга олиб юриш имкониятига эга бўлган [16:64; 14:1/390-91]. Демак, шаҳарда ташқаридан келтириладиган кундалик озиқ-овқат ва бошқа товарларга эҳтиёж катта бўлгани табиий. Шунингдек, Куфа ва Басра шаҳарлари ўша даврда балад ал-ҳарбга яқин ерда жойлашган бўлиб, Халифа Умар буйруғига биноан ҳар бир четдан келган тижоратчи учун бож солиғи (ушр) жорий этилган эди. Тарихчиларнинг хабар беришича, Умар ибн Хаттоб Ироқ ва Шом ҳудудлари учун ушр, яъни бож солиғини тўплаш учун ас-Сари ибн Исмоилни тайинлаган [3:239; 13:416]. Демак, Куфа ва Басра шаҳарларидаги бозорлардан ҳам бошқа шаҳарлардагидек, бож ва бошқа солиқлар ўз ўрнида ва муайян тарзда олинган.

Тадқиқотчи Муҳаммад Акрамхон, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушр тўғрисидаги қуйидаги ҳадисини талқин этиб, шундай ёзади: «… ушрни мусулмонлар эмас, балки яҳудийлар ва насронийлар тўлайдилар» [18:211]. Ҳадисдан ушрнинг қайси тоифаси эканлигини билиш қийин, аммо муаллиф ҳадисни инглиз тилига таржима қилиш жараёнида ушрни «импорт дутй», яъни «бож солиғи» тарзида талқин қилган. Аммо манбаларда бож солиғига Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида асос солингани ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Басра волийси Абу Мусо ал-Ашъарий (ваф. 665 й.) халифага мактуб йўллаб, мусулмонлар балад ал-ҳарб ҳудудларига тижорат учун кирса, молларининг ўндан бирини солиқ сифатида олаётганини ёзади. Унга жавобан халифа: мусулмонлардан қанча олаётган бўлса, балад ал-ҳарб аҳолисидан – 10%; аҳли зиммадан – 5%; мусулмонлардан эса – 2,5% ушр солиғи олиш ҳақида буйруқ беради [14:381].

Шунингдек, Фурот дарёси ёқасида жойлашган Манбиж савдогарлари Умар ибн Хаттобдан тижорат учун марказлашган араб давлати таркибидаги ҳудудларда ушр солиғи эвазига савдо қилишга рухсат сўрайди. Халифа саҳобалар билан кенгашиб, уларнинг таклифига рози бўлади [13:417-418].

Демак, савдо ва бож ушрини Умар ибн Хаттоб таъсис этди. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламва Абу Бакр даврларида бож солиғи мавжуд бўлмаган. Кўриниб турибдики, Умар бу солиқ турини ҳам янги давр воқелигидан келиб чиқиб, жорий этди. Демак, Муҳаммад Акрамхоннинг «харож ушри» иборасини инглиз тилига хато таржима қилишининг боиси тадқиқотчининг марказлашган Мадина давлатининг иқтисоди, солиқлар сиёсатини яхши тадқиқ қилмаганидан юзага келган. Чунки илк бор бож солиғини Ироқ ва Шом тижоратчилари тўлаган [3:327], бу солиқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдаврида давлат иқтисодиёти учун номаълум бўлган.

Шунингдек, забт этилган ҳудудларнинг янги динни қабул қилган деҳқонлари ўз экинзорларидан харож солиғи ўрнига ушр солиғи тўлаган [12:131]. Лалмикор ва ариқлардан суғориладиган ерлардан ушр, қудуқ, ҳовуз, мешларда суғориладиган ерлардан эса ярим ушр олинган [3:95]. Бу мисоллардан Умар ибн Хаттобнинг давлат ҳукми доирасини янги ҳудудларга кенгайтиришда солиқлар сиёсатидан унумли фойдалана олганини кўриш мумкин.

Янги шаклланаётган солиқ тизимида мусулмон бўлмаган аҳолидан жон боши ҳисобида олинадиган жизя солиғи муҳим ўрин тутди. Ал-Жизя (الجزية) институти Араб халифалиги ўтмишдошлари – Сосонийлар (224-651) ва Византия империялари давлат тизимида ҳам мавжуд бўлган. Бу империялар ҳудудида яшаган жоҳилия даври араблари мазкур жон солиғини жолия деб атаган. Давлат намояндалари бу солиқни йилига уч марта йиғиб олгани маълум [12:3; 12:42]. Шаҳаншоҳ Хусрав Ануширвон (531-579) христиан ва яҳудийларнинг баъзи тоифаларига бу солиқни жорий қилган. Аммо, бошқа динга эътиқод қилувчилар орасидан зодагон хонадон вакиллари, волийлар, отлиқ аскарлар, ҳарам (ибодатхона) хизматчилари, судьялар, деҳқонлар раислари ва девон котиблари бу солиқдан озод этилган [12:42-43].

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Akram Diyo al-Umariy. Asr al-xilofa ar-roshida. – Ar-Riyod, 1998.
  2. Al-Jahshiyoriy. Al-Vuzaro val kuttob: 2 jildli. – Al-Qohira: Mustafo al-Bobiy al-Halabiy, 1981.
  3. Al-Movardiy, Abul Hasan. Al-Ahkom as-sultoniya: 2 jild. – Bayrut: Dor al-kutub al-ilmiya, 1909.
  4. Al-Xudariy Muhammad. Ad-Daula al-umaviya. – Bayrut: Dor al-qalam, 1986.
  5. Ameer A. A short history of the saracens. – Lahore, 1993.
  6. Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Куфи. Китаб ал-харадж / перевод с арабского и комментарии А.Э.Шмидта; супракоммент. к пер. А.С.Боголюбова. Подготовка к изданию А.А.Хисматулин. – СПб.: Петербургское востоковедение, 2001.
  7. Большаков О.Г. Закат // Ислам. Энциклопедический словарь. – М.: ГРВЛ, 1991. – Б.74.
  8. Вопрос пастору. Каково библейское учение о десятине. htm http://www. harvest.org.ua/html/ask.html/
  9. Hasan Ibrohim Hasan. Ali Ibrohim Hasan. An-Nuzum al-islomiya. – Al-Qohira, 1996.
  10. Hasan Ibrohim Hasan. Taʻrix al-islom as-siyosiy va-d-diniy va-s-saqofiy val ijtimoʻiy: 4 jildli. – Bayrut, 1996.
  11. Ibn Abi Shayba. Al-Musannaf fil ahodis val osor. – Bayrut, 1989. – T.2.
  12. Ibn Saʻd. At-Tabaqot al-kubro: 8 jildli. – Bayrut: Dor as-sadr, 1984-1988.
  13. Jirji Zaydon. Tarix at-tamaddun al-islomiy: 2 jildli. – Bayrut: Dor al-maktaba, 1996.
  14. Karaman X. Zekāt // Islam ansiklopedisi. – T. 13. – Istanbul, 1969.
  15. Muhammad Abul fadl Ibrohim. Tarix at-Tabariy. Tarix ar-Rusul val muluk li Abi Jaъfar Muhammad ibn Jarir at-Tabariy. 11 jildli. – Al-Qohira. Darul maorif bimisr, 1960-1969.
  16. Muhammad Akram Khan. Economic teachings of Prophet Muhammad. – Islamabad-Pakistan, 1989.
  17. Qurъoni karim maъnolarining tarjimasi. Mansurov A. tarjimasi. – T.: Toshkent islom universiteti, 2018.
  18. Taufiq Sulton al-Yuzbakiy. Tarix ahl az-zimma fil Iroq. – Ar-Riyod, 1983.
  19. Бақара сураси, 83-оят.
  20. Моида сураси, 12-оят.
  21. Марям сураси, 30-31-оятлар.
  22. Баййина сураси, 5-оят.
  23. Тавба сураси, 60-оят.
[1] Фақирлар – кундалик овқатини бемалол топиб, эртасига ҳам орттира оладиганлар.
[2] Мискинлар – кундалик озиқ-овқатини базўр топадиганлар.
ҚОБИЛ ЗОҲИДОВ,
«Янги аср» университети доценти, тарих фанлари номзоди

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙ ДУНЁҚАРАШИ ШАКЛЛАНИШИДА МУҲИТНИНГ ТАЪСИРИ

VII асрда дунёда оламшумул воқеалар юз берди. Бу асрда содир бўлган воқеалар дунё сиёсати ва …