Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ ДУНЁҚАРАШИ ШАКЛЛАНИШИДА МУҲИТНИНГ ТАЪСИРИ

ИМОМ БУХОРИЙ ДУНЁҚАРАШИ ШАКЛЛАНИШИДА МУҲИТНИНГ ТАЪСИРИ

VII асрда дунёда оламшумул воқеалар юз берди. Бу асрда содир бўлган воқеалар дунё сиёсати ва маданиятига катта ўзгаришлар олиб келди.  Ер юзида мавжуд анъанавий сиёсий кучлар қисқа муддат ичида барҳам топди. Бу ўзгаришларнинг бош сабаби Арабистон ярим оролида ислом динининг вужудга келиши эди. Муҳаммад алайҳиссалом томонидан асос солинган Ислом давлати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан кейин қисқа муддатда Рум ва Форс империяларини мағлуб этиб, бепоён ҳудудларни эгаллади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан кейин давлат тепасига келган халифалар Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али бу ишни давом эттирди. Бу раҳбарлардан кейин иқтидорга келган Муовия ибн Абу Суфён Умавийлар сулоласига асос солди. Бу воқеа 661 йил Ҳасан ибн Алининг Куфани Муовияга топшириши билан содир бўлди [1:901]. Бу сулола ҳам давлатни бир асрга яқин муддат идора қилди. Умавийлар даврида ҳам мамлакат анча кенг эди, лекин ҳукумат тепасида фақат араблар фаолият юритар эди. Бошқа маданиятлар билан таъсирланиш кузатилмаган эди.

750 йилда Абул Аббос Саффоҳ умавийлардан давлат бошқарувини тортиб олди ва Аббосийлар сулоласига асос солди [2]. Аббосийлар Хитойдан Испаниягача, Африкадан Кавказгача бўлган катта ҳудудни мерос қилиб олди. Пойтахтни Дамашқдан Ироққа кўчириб, Бағдод шаҳрига асос солди. Иккинчи Аббосий халифа Абу Жаъфар Мансур Дажла соҳилида, эски Мадоин шаҳри ёнида, Салафқа шаҳри харобалари устига Бағдод шаҳрини қурдирди. Халифалик пойтахтини Ҳошимиядан Бағдодга кўчирди. Саккизинчи халифа Муътасим ҳам Бағдоддан ўн икки фарсаҳ (ўн икки соатлик) масофада Самарра шаҳрини барпо этиб, у ерга кўчиб ўтди. Ўзидан кейин келган халифаларнинг кўпчилиги ушбу шаҳарда яшади [3].

Араблар “Мовароуннаҳр” (дарё орти) деб атаган ўлка учун жанглар  умавийлар даврида бошланган эди. Хуросон ҳокими Убайдуллоҳ ибн Зиёд 672-673 йилларда Бухоро қўшини билан жанг қилиб, енгади ва катта маблағ эвазига Бухорхудотнинг аёли (эри вафот этган ва ўғли кичик бўлгани учун Бухорони бошқариб турган) билан сулҳ тузади [4:64].

Бу аёл Убайдуллоҳ ибни Зиёддан кейин Саид ибн Усмон билан ҳам сулҳ тузди. 706 йилда Хуросонга тайинланган Қутайба ибн Муслим Бухорога қўшин тортади. Қутайба уларни уч марта исломга даъват қилди. Ҳар сафар улар исломни қабул қилар ва Қутайба қайтгач, яна мажусийликка қайтар эди. Тўртинчи марта Қутайба шаҳарни тўлиқ эгаллаб, ҳар бир ҳовлининг ярим қисмига араблардан одам жойлаштирди. Бу араблар уларни исломга амал қилишини кузатар эди. Катта қийинчиликдан сўнг Бухорода ислом тарқалди. Шундан сўнг масжидлар қурилди ва мажусийлик барҳам топди [4:77].

Қутайба Бухорода жоме масжид ва ҳайит намози ўқиладиган намозгоҳ қурдирди. Бу намозгоҳ Арслонхон замонигача мавжуд эди. Арслонхон намозгоҳни яқинроқ жойга кўчирди. Қутайба Бухоро шаҳрини арабларга тақсимлаб берди. Шаҳарда етти дарвоза бор эди. “Боб ҳақ роҳ” дарвозаси жойлашган маҳаллада Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг шогирди Абу Ҳафс Кабир Бухорий яшар эди. Унинг сабабидан Бухоро “Қуббатул ислом” номини олди. Чунки бу ерда илм тарқалиб, ҳурматга сазовор олимлар етишиб чиқишига Абу Ҳафс Кабир сабаб бўлди [4:86-87]. Абу Ҳафс Кабир 822 йилда вафот этди ва бу вақтда Имом Бухорий ўн икки ёшга етган эди.

Умавийлар даврида амалга оширилган ишлар аббосийлар даврида ҳам давом этади. Аббосий халифа Маъмун даврида (198-218/813-833) исломни қабул қилган маҳаллий ҳокимларни рағбатлантириш сиёсати жадаллаштирилади. Кейинчалик халифа Муътасим биллаҳ даврида (218-227/833-841) бу сиёсат ўз самарасини беради. Яъни Сўғд, Фарғона, Уструшана, Шош ва бошқа шу каби Мовароуннаҳр шаҳарларидан кўплаб аскарлар аббосийлар қўшини таркибида хизмат қила бошлайди. Маҳаллий ҳокимлар Муътасим биллаҳга ишонч билдириб, аббосийлар билан яқин муносабатда бўлади. Натижада, Мовароуннаҳр ўлкасида ислом дини таълимоти кенг ёйилиб, бу ўлкадан етук исломий олимлар етишиб чиқишига замин яратилади. Муътасим биллаҳ байтул молдан икки миллион дирҳам ажратиб Шош воҳасида кўмилиб кетган дарёларни қайта қаздиради ва шошликларнинг бир муаммосини ҳал қилиш билан бирга, уларнинг муҳаббат ва эътиборини ҳам қозонади. Маъмун халифа бўлишидан олдин Хуросонда, хусусан, Марв шаҳрида истиқомат қилган. Шу боис Хуросон ва Мовароуннаҳр аҳолиси урф-одат ва анъаналаридан яхши хабардор бўлгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий яшаган давр (810-870) аббосийлар сулоласининг гуллаб яшнаган ва бутун дунёга Биринчи Ренессансни тақдим этган IX асрга тўғри келади. Имом Бухорий туғилишидан бир йил олдин Ҳорун ар-Рашид вафот этиб, ҳукмронлик унинг ўғли Аминга ўтди. Бу вақтда Маъмун ҳозирги Туркманистонда жойлашган Марв шаҳрида эди. Амин билан Маъмун ўртасида келишмовчилик бошланди ва Амин Маъмунни валиаҳдликдан бўшатди [1:1717].

Амин ва Маъмун ўртасидаги низо кучайиб, Амин Маъмунга қарши қўшин жўнатади. Маъмун тарафидан жангга кирган саркарда Тоҳир ибн Ҳусайн Бағдодгача барча шаҳарларни эгаллайди ва 813 йилда Амин қатл этилиб, Маъмун тахтга ўтиради [5:899-906].

Имом Бухорий яшаган даврда аббосий сулоласи вакилларидан ўн нафари ҳукмронлик қилди. Улар: Амин, Маъмун, Муътасим, Восиқ, Мутаваккил, Мунтасир, Мустаин, Мўътаз, Маҳдий, Мўътамиддир. Аббосийлар ҳукмронлиги аввалида давлатни кучли сиёсатчилар бошқарди. Уларнинг ҳукми давлатнинг барча жабҳаларида кучли таъсирга эга эди. Аммо кейинчалик ҳукмдорлар сиёсати заифлашди, чунки ҳар тарафдан қарши ҳаракатлар юзага кела бошлади. Давлатнинг ҳар чеккасида қарши ҳаракатлар ҳарбий куч билан бостирилар эди. Бу қаршиликлар натижасида аббосийлар давлатидан тўлиқ ёки қисман мустақил давлатлар ажралиб чиқди. Мустақил давлатлар ҳам аббосийларни диний халифалик сифатида тан олар, минбарларда хутбада аббосий халифа номини ўқитар, танга пулларда мустақил амир исмидан олдин аббосий ҳукмдор исмини зарб қилар ва йиғиб олинган хирож солиғидан бир қисмини халифалик байтул мол (давлат жамғармаси)ига жўнатар эди [6:48].

Маъмунга қилган хизматлари эвазига Хуросонга амир қилиб тайинланган Тоҳир ибн Ҳусайн 820-873 йилларда ҳукм сурган Тоҳирийлар давлатига асос солди ва Нишопур шаҳрини марказ қилди. Имом Бухорий мана шу давлат соясида яшади.

Ҳижрий III асрда (милодий IX аср) олдинги икки асрда бошланган илмий ҳаракатлар янада кенгайиб, турли соҳаларни қамраб олди. Илм доиралари кенгайди, фан турлари кўпайди, нақлий илмларга катта эътибор берила бошланди. Тафсир, қироат, ҳадис, фиқҳ, сийрат, тарих илмларида забардаст олимлар етишиб чиқди. Ҳадис ва суннат илмида буюк муҳаддис ва ҳофизлар, моҳир танқидчи олимлар, кучли муаллифлар ижод қилди. Бу асрда ҳадис илми ислом диёрининг турли чеккаларига тарқалди. Ҳадис устозлари ва ҳофизларидан илм олиш учун муҳаддисларнинг сафарлари кўпайди. Энг мукаммал ҳадис асарлари шу асрда таълиф этилди. Улардан машҳурлари: Имом Аҳмаднинг “Муснад”и, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари, “Саҳиҳул Муслим”, “Сунани Саид ибн Мансур”, Ибну Аби Шайбанинг “Ал-мусаннаф” асари, “Муснади Ҳумайдий”, “Сунани Доримий”, “Сунани Абу Довуд”, “Жоме ат-Термизий”дир.

Бу асарлар ҳадис илми асосини ташкил қилади. Бу асарларнинг барчаси Бухорий яшаган асрда яратилди. Улар орасида энг мўътабар асар “Саҳиҳул Бухорий”дир. Биргина ҳадис илмида шунча ишлар амалга оширилди. Барча илмларда ҳам шундай инқилоб ва ренессанс кузатилди. Бу аср ҳадис илмида олдинги асрларнинг хулосаси ва натижаси бўлди. Бу борада Заҳабий қандай ажойиб гап айтди: “Бу асрда ҳадис имомларидан жуда кўп халқ яшаб ўтди. Биз бу ерда уларнинг ўндан бирини ҳам келтира олмадик”. Шунингдек, фиқҳ олимларидан ҳам кўп олимлар етишиб чиқди [6:49].

VIII-IX асрларда Мовароуннаҳр маданияти ва маънавий ҳаётида жуда катта ижобий ўзгаришлар рўй берди. Бу ўзгаришлар нафақат Ўрта Осиё, балки бутун мусулмон Шарқида уйғониш ва ренессансга сабаб бўлди. Ислом дини бу халқларни фақат динигина бўлиб қолмади, балки у янги маънавий йўналиш сифатида бутун маданий жараён, ижтимоий-маданий ва маърифий алоқалар кучайишига жуда катта таъсир кўрсатди. Бу даврда ҳурфикрлилик, илм, илмга ҳурмат-эътибор кўрсатиш ва уни юксак баҳолаш устунлик қилди. Диний илмлар билан узвий ҳолда дунёвий илмлар ҳам ривожланди. Юнон, ҳинд ва бошқа халқларнинг илмий салоҳиятидан кенг фойдаланилди. Айнан шу даврдан ҳудудларда мактаб ва мадрасалар пайдо бўла бошлади [7:7].

VIII аср охири IХ аср бошларида халифаликни ларзага келтирган оғир сиёсий вазият аббосийларнинг Мовароуннаҳр ва Хуросонда олиб бораётган сиёсатини ўзгартиришга мажбур қилди. Бирин-кетин Ўрта Осиёда тоҳирийлар, саффорийлар, сомонийлар давлатлари ташкил топди. Мамлакатда содир бўлган бундай сиёсий ўзгаришлардан сўнг Мовароуннаҳр Хуросондан ажралиб, ўз мустақиллигини тўла тиклаб олиш имконига эга бўлди. Мовароуннаҳрни бирлаштириб, мустаҳкам давлат тузган давлат арбоби Исмоил Сомоний, 900 йилда Хуросонни ҳам саффорийлардан тортиб олиб, улкан давлат барпо этди. Халифа Сомонийлар давлатини тан олишга ва унга ҳукмронлик ёрлиғини юборишга мажбур бўлди. Шу тариқа IХ аср охирларига келиб Мовароуннаҳр халқлари араб халифалигидан абадий халос бўлди ва ундан мустақил бўлган йирик феодал давлат – Сомонийлар давлати ташкил топди.

Бу даврда илм олиш аҳолининг кенг қатламлари учун ҳаётий заруратга айлангани, ҳатто ночор ва бева-бечоралар ҳам илм олишга имкон топа олганини ифодалайди. Академик В.В.Бартольд ўзининг “Мўғуллар босқини даврида Туркистон” асарида бир бева аёл тикувчилик қилиб, икки ўғлини Самарқанд мадрасаларида ўқита олганини хабар беради [7:8].

IX аср биринчи ярмида халифалик пойтахти Бағдод шаҳрида жойлашган “Байтул ҳикма” нуфузини кўтаришда Ўрта Осиёдан борган Хоразмий, Фарғоний, Жавҳарий, Марвазий каби олимларнинг аниқ ва табиий фанлар соҳасидаги хизмати жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Математика фани ривожига юртдошимиз Муҳаммад Хоразмий (тахм. 166-235/783-850) катта ҳисса қўшган. Сифр, яъни нолни тўққизлик сонга қўшиб, ўнлик алгоритм назариясига асос солган. Бугунги кундаги компьютерлашган тизимлар ўша меҳнат маҳсулидир. Америкалик машҳур олим Д.Сартон ўз асарида IX аср биринчи ярмини “Хоразмий даври” деб атайди [7:13].

Хоразмий математика ва алгебрага оид “Мухтасар фи ҳисабил жабри  вал муқобала” асарини ва астрономияга оид “Зижи Хоразмий” асарини ёзди [7:17]. Хоразмийга замондош бўлган Абу Наср Форобий ва Аҳмад Фарғоний ҳам астрономияга оид китоблар ёзган. Фарғоний биринчи бўлиб асбоблар ихтиро қилган ва 1022 юлдузнинг жойлашуви ҳақида маълумот қолдирган. Бизгача олимнинг “Илми нужум асослари ҳақида китоб”, “Астрономия илми” ва бошқа китоблари етиб келган [7:18]. Кимё илми ҳам бу асрларда анча ривожланди. Абу Наср Форобий “Кимё илмининг фойдаси” китобида элементларнинг хоссалари ҳақида ёзиб, моддаларни кимёвий йўл билан олтинга айлантириш каби сохта назарияларни танқид қилди. Кимё соҳасида ўтказилган тадқиқотлар туфайли металлургия, керамика, шиша, нитрат кислота ишлаб чиқариш, газламаларни бўяш, новшадил, киновардан симобни ажратиб олиш ва бошқа ишларни амалга оширишга муваффақ бўлинди.

Тиббиёт ҳам жадал ривожланди. Табиблар учун зарур бўлган жарроҳлик асбоблари – нозик кесувчи наштарлар (скальпель), жароҳатларни тикиш ниналари ва турли-туман дорилар тайёрланар эди. Ўша даврдаёқ ўликни ёриб ўрганиш орқали тананинг ички аъзолари тасаввур қилинган ва тирик мавжудотларда қон айланиш тизими мавжудлигини билишган. Археологлар томонидан Пойкент шаҳрида (Қоракўл ва Жондор туманлари туташган жой) топилган дорихонада қон қуйиб, қон оладиган аламбиклар, дори тайёрланадиган колбалар топилиши ўша даврда тиббиёт нечоғлик ривож топганидан далолат беради. Бу даврда олимлар нафақат табобат билан шуғулланди, балки тиббиёт назарияси ривожига ҳам ҳисса қўшди. Абу Наср Форобийнинг “Инсон аъзолари ҳақида рисола” асари шулар жумласидандир [7:22]. Бу даврга келиб юнон, санскрит ва бошқа шарқ тилларида ёзилган тиббиёт ва доришуносликка оид Арасту, Диоскрит ва Гален каби олимлар асарлари сурёний ва араб тилларига таржима қилиниши бу фаннинг Мовароуннаҳр ҳудудларида ривожланиш омилига айланди [7:23].

Ветеринария соҳасида ҳам ишлар амалга оширилган. Отлар ва лочинларни кўпайтириш ва парваришлашга алоҳида эътибор берилган.  Бу борада  Абу Наср Форобийнинг “Ҳайвон аъзолари тўғрисида рисола” китоби ҳозир ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

VIII асрга келиб араб тили халифаликнинг расмий ва тижорат олиб борадиган тилига айланди. Ўша даврда фақиҳ ва олимлар араб тилини билиши зарурат эди. Юнон, ҳинд ва форс тилларидан таржима қилинган асарлар ҳам араб тилининг бир қисмига айланди. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф котиб Хоразмийнинг “Мафотиҳул улум” асарининг бешинчи боби араб адабиёти ва шеъриятига бағишланган. Халил, Сибавайҳ ва Мубаррадлар араб тили грамматикасига оид асарлар ёзган. Тарихчи Ибн Халдун асарининг етти фасли араб тили грамматикасига бағишланган [4:753-778].

Маълумки, халифалик марказига бошқа шаҳарлардан келгани сингари Мовароуннаҳрдан ҳам илм олиш ва тижорат мақсадида кўплаб олим ва савдогарлар ташриф буюрган. Улар пойтахтда бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи бўлиб, бу ҳақдаги маълумотларни бизнинг заминимизгача олиб келган. Бу гаплар халқ орасида тарқалиб, араб тилининг оммалашувига сабаб бўлган. Шотландиялик арабшунос олим А.Р.Гибб (1895-1971) араб адабиётига: “Араб адабиёти бир миллат эмас, балки бутун тамаддун томонидан яратилган ўлмас ёдгорликдир”[7:28], деб таъриф берган.

VIII-IX асрларда Мовароуннаҳр ва Хоразмда ҳунармандлик ва архитектура ҳам ривож топди. Шаҳарларда тўқимачилик, кулолчилик, чилангарлик, мисгарлик, заргарлик, шишасозлик, дурадгорлик каби касб-ҳунарлар ривожланиши натижасида шаҳарларнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Подшо саройи, регистон, сарой аъёнлари ва мулкдорлар қурдирган саройлар, мақбара ва карвонсаройлар, устахоналар кўплаб қурилди. Шу тариқа Бухоро, Самарқанд, Урганч, Кеш, Ахсикат каби шаҳарлар ҳунармандчилик равнақ топган йирик марказларга айланди. Хоразмий ва Форобийнинг геометрияга оид асарлари бинокорлик ишларида муҳим ўрин тутган. Шу давргача хом ғишт ва лойдан фойдаланиб келинган бўлса, эндиликда пишиқроқ ашёлардан фойдаланиш бошланди [7:33-35]. Ўша вақтда шаҳарларда канализация сопол қувурлар орқали қурилган эди. Бу қувурлар ўша даврда қурилган иншоотларни қазиб олганда кўп учрайди. 862 йилда халифа Мунтасир вафот этгач, онаси унинг қабрига мақбара қуришга ижозат сўрайди. Шундан кейин бизнинг юртларда ҳам мақбаралар кўпайди [7:39]

VIII-IX асрларга келиб ўлкада темирчилик ҳам ривожланган. Истахрий маълумотига кўра, Уструшонада жойлашган Минк ва Марсманда темирдан турли буюмлар ясалган ҳамда Бағдод ва Эронга экспорт қилинган. Бу ўлкада узоқдан келганлар учун бир ойда бир марта ярмарка ташкил қилинган [7:40]. Бу даврга келиб, ҳайкалтарошлик ва рассомчилик ўрнига ўймакорлик ва наққошлик ривожланди ва бу қурилиш иншоотларида ўз аксини топди. Кулолчилик, заргарлик, дурадгорлик каби соҳалар ҳам жадал ривожланди. Қоғоз ишлаб чиқаришда Самарқанд пешқадам бўлган. Бунга сабаб 751 йилда Талос водийсида араблар ва хитойликлар ўртасида бўлган жангда асир тушганлар Самарқандга олиб келинган ва у ердан бутун дунёга тарқалган. Бунгача Хитой қоғоз ишлаб чиқаришда пешқадам бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да келтиришича, энг яхши қоғоз Самарқандда ишлаб чиқарилган [8:58].  Истахрийнинг айтишича, IX асрда қоғоз фақат Мовароуннаҳрда ишлаб чиқарилган. X асрга келиб эса Дамашқ, Тверия (Фаластин) ва Триполида қоғоз ишлаб чиқарилган бўлса-да, Самарқанд ҳали ҳам марказ бўлиб қолаверган [7:49]. Бу даврда қоғоз нархи жуда қиммат бўлган, зотан ҳунарманднинг бир ойлик иш ҳақига икки ёки уч дона қоғоз сотиб олиш мумкин бўлган. IX асрга келиб, тўқимачилик ҳам яхши ривожланган. Бухоро “карбос” (пахтадан тайёрланадиган мато) – “занданачи”ни ишлаб чиқарадиган шаҳар сифатида машҳур бўлган. Наршахийнинг хабар беришича, шаҳарда жоме масжиди яқинида қурилган мато тўқийдиган корхона бўлиб, уни “Дорут тироз” (Тўқимачилик корхонаси) деб аташган [4:39].

VIII-IX асрларга келиб, ўлкада кончилик ҳам яхши ривожланган. Зарафшон тоғларидан темир, мис, қўрғошин, олтин, кумуш, феруза қазиб олинган бўлса, Фарғона водийси тоғларидан темир, қўрғошин, мис, симоб, қалай, новшадил қазиб олинган. Ҳатто Бухоро ва Фарғонада ўша даврданоқ тошкўмир ва нефть топилиб, амалда фойдаланилган. Ҳозирги Навоийдаги олтин конларидан ўша даврданоқ фойдаланиб келинган. Бу даврга келиб қишлоқ хўжалиги ҳам яхши ривожланган. Мурғон ва Зарафшон дарёларига тўғонлар қурилган ва сув тақсим қилинган. Ҳазар денгизи орқаси вилоятидаги баъзи суғориш шахобчалари Абдуллоҳ ибн Тоҳир томонидан ташкил қилиниб, ҳатто бу ишларга Бағдод ҳукумати ҳам жалб қилинган. Тошкент атрофида катта дарё қазиш учун халифа Муътасим томонидан икки миллион дирҳам ҳадя қилингани манбаларда зикр қилинади [7:64]. Бу даврга келиб, чорвачилик юксак даражада ривожланган. Ўлкада чорва моллари беҳисоб бўлган. Наршахий маълумотларига кўра, VIII-IX асрларда Қоракўлдан тутилган қуш ва балиқлар бутун Хуросон ҳудудидан овланган балиқлардан анча кўп бўлган [7:65].

Ислом дини кириб келгандан сўнг Мовароуннаҳрда катта уйғониш ва ривожланиш вужудга келди. VIII-IX асрларда ўлкадан қомусий олимлар етишиб чиқиб, улар кўплаб кашфиёт қилди ва жаҳон илм-фани тараққиётига катта ҳисса қўшди. Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб, квадрат тенгламалар типларини ва ҳар бир типни ечиш услубини (классификациясини) яратди. Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазий ва Абул Вафо Бузжоний ясси ва сферик тригонометрия соҳасида катта ютуқларга эришди. Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий бошчилигида тригонометрия фанига биринчи бўлиб тангенс ва котангенс истилоҳлари киритилди. Аҳмад Фарғоний эса астрономия фани бўйича биринчи бўлиб, осмон жисмлари радиусини аниқлаб берди [7:67].

Имом Бухорий энг етук муҳаддис бўлиб етишишига қарамай, Бухорога қайтиб келганда унга ҳасад қиладиганлар пайдо бўлди. Ҳасадчилар иғво қилиб, Бухорийни Бухоро амири Холид ибн Аҳмад билан орасига адоват солади ва натижада Бухорий ўз ватанини ташлаб, Самарқандга кетишга мажбур бўлади [9].

IX асрда илмнинг барча соҳаларида, касб-ҳунар, савдо-иқтисодий соҳаларда ҳам олдин мисли кўрилмаган ривожланиш бўлди. Бу ҳолат ўша давр инсонларининг илмга кучли интилгани, барча қатлам вакиллари ўз ишининг профессионал мутахассислари бўлишга муваффақ бўлганини кўрсатади. Чунки бирор соҳа орқада қолмади, балки барча соҳаларда ўсиш кузатилди. Бу даврда инсонлар ўз ақл-идроки ва тафаккуридан оммавий ва максимал даражада фойдаланди. Бутун ислом Шарқи маърифат ва маданият бешигига айланган эди. Бугунги Ғарбнинг технологик ютуқлари ислом Шарқининг ренессанси таъсирида шаклланди. Минглаб ғарбликлар Шарқ маданиятини ўрганиб, “шарқшунослик” фанига асос солди. Бу ишларнинг ҳаммаси Шарқдаги ютуқ ва билимга маҳлиё бўлганидан келиб чиққан эди.

Имом Бухорий яшаган даврда илмга интилиш чўққисига чиққан эди. Қаерда бир мажлис бўлса,у ерда қайсидир илм баҳс қилинаётган бўлар эди. Илм шаҳар ва қишлоқларга тарқалганидан ҳамма оз ёки кўп миқдорда илм олиши мумкин эди. Бу даврда шаҳарма-шаҳар сафар қилиш чегара ва тўсиқларсиз амалга оширилар эди. Илмга қизиққан олимлар сафарда юриб, умри ўтиб кетганини сезмай ҳам қоларди. Имом Бухорий ҳам шундай олимлардан бири эди. Имом Бухорийгача ҳадислар уни ёдлаб олган кишилар зеҳнида сақланган. Ҳадисларни ёд олганлар бутун мусулмон Шарқи бўйлаб тарқалган эди. Бухорий кўп йиллар сафарда бўлиб, бу инсонлардан олти юз минг ҳадисни ёд олди. Имом Бухорий меҳнати тенгсиз бўлишининг муҳим омили, унинг ҳадис ровийларига қўйган ишончлилик талабларидир. Ҳадис илмида ровийлар ҳаётини чуқур ўрганиб, уларни ишончли ёки ишончсиз эканини исботлаш шартларини ишлаб чиқди. Бу илм “жарҳ ва таъдил” (ровийларни ишончли ва ишончсизга ажратиш) илми дейилади. Алломанинг ҳадис илмида тенгсиз бўлиб етишишининг яна бир омили унинг кучли қувваи ҳофизаси, яъни зеҳнидир. Шубҳасиз, Бухорий яшаган давр одамларининг изланувчанлиги ва илмга чанқоқлиги алломага ижобий таъсир кўрсатган. Унинг сафарларда турли шайхлар суҳбатидан манфаат олиши бутун умри илм сафарларида ўтиб кетишига олиб келди. Кўп йиллар давомида қилинган узлуксиз меҳнат ўз самарасини берди. Имом Бухорий буюк мерос қолдирди.

Алломани бу буюкликка ўша давр муҳити, ўша давр олимлари етказди. Албатта, ҳар қандай олим устозлар хизмати билан юксалади. Имом Бухорийнинг ўзи эътироф этишича, бир минг саксон нафар устоздан ҳадис ўрганган. Бу даврда Бухорий ва унга ўхшаган кўп олимлар етишиб чиқишига илмий муҳит асосий сабабдир. Инсонлар илм барча нарсанинг ечими эканини англаб етди ва бутун умр илм талабида бўлди. Бу даврда қомусий олимлар жуда кўп бўлган. Инсонлар илмга чанқоқ эди. Янги ихтиролар инсон тафаккуридан келиб чиқади.

Бугунги кунда ҳам ўша даврдаги илмий-маърифий муҳит барча инсонлар орасида жорий қилинса, албатта, ўз самарасини беради. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, биз таълим ва тарбияни тўғри йўлга қўя олсак, биринчи ва иккинчи Ренессансни такрорлаб, Учинчи Ренессансни ҳам барпо қила оламиз. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. ابو جعفر محمد بن جرير الطبري. تأريخ الطبري. الرياض, بيت الافكار الدولية. 1ج, 2260 ص. Noor book. com
  2. Аббосийлар давлати. https://e-tarix.uz/maqolalar/1005-maqola.
  3. Ироқ Аббосий халифалиги. https://siyrat.uz/maqola/1210
  4. ابو بكرمحمد بن جعفر النرشخي. تأريخ بخارى. الفاهرة, دار المعارف. 196ص. Noor book. сom
  5. عز الدين ابو الحسن علي بن محمد بن محمد بن عبد الكريم ابن الاثير. الكامل في التأريخ. تأريخ ابن الأثير. الرياض, بيت الافكار الدولية. 2000ص. Noor book. com
  6. أبو عبد الله محمد بن اسماعيل البخاري. صحيح البخاري. بيروت, 2019. 1904ص
  7. Асророва. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва ҳанафий фиқҳи. Т.: – Тошкент ислом университети нашриёти, 2014.
  8. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. – Т.: Ўзбекистон, 2019.
  9. Имом Бухорий. https://islom.uz.
ЖОБИР ЭЛОВ,
Бухоро муҳандислик-технология институти мустақил тадқиқотчиси

Check Also

ЗАМОНАВИЙ ХАЛҚАРО МУНОСАБАТЛАР ТИЗИМИДА ХИТОЙНИНГ ГEОСИЁСИЙ ВА ГEОИҚТИСОДИЙ АҲАМИЯТИ

Сўнгги йилларда Хитойнинг халқаро майдондаги роли сезиларли даражада ортиб, у глобал сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик …