Home / МАҚОЛАЛАР / БУЮК ШОҲ ВА ШОИР

БУЮК ШОҲ ВА ШОИР

Эртага шоҳ ва шоир бобомиз Бобурнинг таваллуд куни. Бу буюк бобомиз Ислом оламининг даҳоларидан ва ўз истеъдоди билан бутун дунёга донг таратган беқиёс шахсдир. У ўзининг қисқа умри давомида жаҳон адабиётига улкан ҳисса қўшди. Шубҳасиз, унинг энг шоҳ асари ўз мемуарлари ёзилган “Бобурнома” асаридир. Бу асарни ўқир эканман, унинг ҳар жабҳада етуклиги, мардлиги, керак пайтда ўз камчилигини тан олиши, ўзи қурган империянинг мураккаб ва чалкаш ишларини маҳорат билан бошқара олганига беихтиёр маҳлиё бўласиз. Бобур бобомизнинг энг буюк ишларидан бири эса ўз асарини туркий тилда ёзганидир. Бу асар ўша даврни акс эттирган ва ўзбек адабий тилининг юксак намунаси ҳамдир.

Туркий халқларни бир бири билан боғлаб турувчи энга катта омил бу – тилимиздир. “Бобурнома”ни ўқир эканман, бунга яна бир бор амин бўлдим. Бу барча соҳалар каби тилшунослар учун ҳам бебаҳо манба. Асар мутоалааси сизни беихтиёр ўша даврга тортади. Ўрта асрлар Ўзбек адабий тили билан замонавий тилимизни беихтиёр қиёслайсиз ва ҳайратланасиз.

З. М. Бобур бобомиз ўзининг қарама-қаршиликлар ва қисқа ҳаёти давомида (1483-1530) анчагина асарлар яратган бўлса-да, уларнинг барчаси бизгача етиб келган эмас. Бу асар мазмунининг турфа хиллиги, бир жаҳон маълумотларни ўз ичига олганлиги, тил ва услубининг гўзаллиги билан шарқшунос олимларининг диққатини ўзига тортган ва унинг қўлёзма нусхалари топилиб, ХVIII, айниқса, ХIХ асрда ғарб тилларига таржима қилинган эди.

Асарнинг асли номи “Бобурия” бўлса-да, уни “Воқеанома”, “Тузуки Бобурий”, “Воқеати Бобурий” деб ҳам атаганлар ва кейинчалик, бу китоб “Бобурнома” номи билан машҳур бўлиб кетди. Бу асарнинг мавжуд тўлиқ матни 1857 йилда Татаристонлик турколог Н.И. Илминский томонидан Қозонда русча сўз боши билан босилган. Бу нашрдан кейин 1905 йилда инглиз шарқшуносларидан А. Бевериж хоним “Бобурнома”нинг Ҳайдарободда топилган факсимилесини нашр этган.

Мана шу икки мавжуд нусхага асосланиб, 1948-1949 йилларда Ўзбекистонда ҳам “Бобурнома”нинг икки қисмдан иборат тўлиқ матни нашр қилинган. Бу нашр янги ўзбек алифбосида, киши ва географик номлар кўрсаткичи, тўлиқ луғат, баъзи бир қисқа изоҳ ва таржималар иловаси билан берилган эди. Шундан кейин “Бобурнома”нинг тўлиқ матни 1960 йили қайта нашрга тайёрланди ва нашр этилди. Бундан ташқари, бу китоб Туркияда ҳам машҳур шарқшунос олим Проф. Др. Решит Раҳмети Арат томонидан 1943-1946 йилларда туркчага таржима қилиниб, иккита китоб шаклида Турк тарих уюшмаси томонидан босиб чиқарилган. 1970 йилда эса Миллий Таълим Вазирлиги томонидан “1000 тамал асар” туркуми остида уч жилдда нашр этилган.

Шоҳ ва шоир Бобур бобомизнинг “Бобурнома” асари ҳақиқий хазина бу асар барча соҳа ходимларига бир неча юз йиллардан бери бебаҳо манба бўлиб келмоқда, айниқса, тарихчи ва тилшунослар учун унинг қадри беқиёс.

 

Ф. Мадиев
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Халқаро алоқалар бўлими илмий ходими

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …