Home / АЛЛОМАЛАР / Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (810-870)

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (810-870)

Муҳаддислар имоми, ҳадис илмида мўминларнинг амири, ҳофиз, фақиҳ, муаррих ва мутафаккирнинг тўлиқ исми шарифи – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардазбеҳ Жуъфий.

Имом Бухорий 194/810 йил 21 июлда (шаввол ойининг 13-кунида жума намозидан кейин) Бухорода таваллуд топган.

Алломанинг исми Муҳаммад, куняси Абу Абдуллоҳ, насаби Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардазбеҳдир. Уни шарафлаб “имомул муҳаддисийн (“муҳаддислар имоми”), “амирул муъминийн фил ҳадис(“ҳадис илмида мўминларнинг амири”) деб аташган. Ота-боболарининг исмларидан турибдики, Имом Бухорий ажам бўлган. Бу фикр талай адабиётларда қайд қилинган. “Бардазбеҳ” сўзи “деҳқончилик билан шуғулланувчи киши” маъносини англатади.

Имом Бухорийнинг отаси Исмоилнинг куняси Абулҳасан бўлиб, у ўз даврининг етук муҳаддисларидан саналган. Имом Моликнинг шогирд ва асҳобларидан бири бўлган, тижорат билан шуғулланган. Манбаларда унинг Ҳаммод ибн Зайд, Абу Муовия каби ўша замоннинг йирик муҳаддисларидан ҳадислар ривоят қилгани, Абдуллоҳ ибн Муборакдан таълим олгани ҳақида хабарлар келтирилган. Шогирдлари қаторида Аҳмад ибн Ҳафс, Наср ибн Ҳусайн каби бир қанча ироқлик олимлар ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Имом Бухорий ўзининг “Ат-Тарихул кабир” (“Катта тарих”) асарида отасининг таржимаи ҳоли ҳақида бир қанча маълумотлар келтиради. Тарихчи Ҳофиз ибн Ҳиббон ўзининг “Китобус сиқот” (“Ишончли китоб”) асарида: “Исмоил ибн Иброҳим, яъни Имом Бухорийнинг отаси Ҳаммод ибн Зайд ва Моликдан ҳадислар ривоят қилган, ундан эса ироқлик олимлар ҳадислар нақл этган”, деб таъкидлайди.

Манбаларда зикр қилинишича, аллома Исмоил ўта тақводор инсон бўлган. Бухорийнинг онаси ҳам художўй, диёнатли ва кароматлар соҳибаси, ғоят оқила, фозила аёл бўлган. Эл орасида Аллоҳ таолога илтижо этиб, доимо дуолар ўқиб юрадиган покиза аёл сифатида танилган (ёш Муҳаммаднинг кўзи ожиз бўлиб қолганида, онаизор Парвардигорга нола қилиб, ўғлининг кўзи қайтадан кўра бошлашига сабабчи бўлгани боис уни “Дуоси мустажоб аёл” деб таърифлашган – таҳр.).

Имом Бухорий болалигида отаси вафот этиб, онаси тарбиясида вояга етган. Ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан ўзлаштирган. Ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ровийлардан ҳадис тинглаган, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Вакиъ ибн Жарроҳ каби алломаларнинг муснадларини ёд олган, устози Шайх Дохилий билан ровийлар тўғрисидаги қизғин баҳсларда қатнашган.

Имом Бухорийга ўн ёшидан бошлаб ҳадисларни ёд олиш қобилияти насиб этиб, улғайгани сари бу рағбати кучайиб, зиёда бўлиб борган. Нафақат шунчаки ёд олиш, балки саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайрисаҳиҳ (хато, нотўғри)ларга ажратиш, иллатларни аниқлаш, ровийларни ўрганиб таҳқиқ қилиш, ривоятининг адолатлилиги, тўғрилиги, ишончли ёки ишончсизлиги, ҳаёти, яшаган ва борган жойлари, туғилган ва вафот этган саналари, бир-бири билан мулоқотларини ўрганиб чиққан. Турли ровийлар келтирган ҳадисларни бир-бирига солиштириб муқояса қилишга, ўзаро боғлиқлиги ва боғлиқ бўлмаган, узилишлар мавжуд ҳолатларга алоҳида эътибор қаратган. Ҳадис илмининг турли масалаларини чуқур таҳқиқ этиш, ҳадисларни жамлаш ва Қуръони карим оятлари билан узвий боғлиқликда ўрганиш каби масалаларга қизиққан.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ китобидан

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …