Home / АЛЛОМАЛАР / МУСТАМЛИЙ ОДОБЛАРИ (Абдулкарим Самъонийнинг “Адабул имло вал истимло” асари асосида)

МУСТАМЛИЙ ОДОБЛАРИ (Абдулкарим Самъонийнинг “Адабул имло вал истимло” асари асосида)

Абдулкарим Самъонийнинг ҳадис илми таълим методологиясига бағишланган “Адабул имло вал истимло” асарида асосан устоз-шогирдга тегишли одоблар, таълим бериш ва олиш услублари ҳақида маълумотлар келтирилган.

Аввалги мақолада мумлий – ҳадис ривоят қилувчи шайхнинг одоблари ҳақида маълумот берилган эди. Бу сафар мустамлий – ҳадис ёзиб олувчи талабанинг одоблари ҳақида сўз боради. “Адабул имло вал истимло” асарида мустамлий амал қилиши лозим бўлган ҳар бир одоб ҳақида оят, ҳадис ёки бирор ривоят келтирилган.

Мустамлий эътибор бериши лозим бўлган одоблар:

  1. Барча ишларда ажралиб туриш.

Иброҳим Ҳарбий айтади: “Киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоблари ҳақида бирор нарса эшитиб қолгудек бўлса, албатта, уни маҳкам тутиши лозим”.

  1. Имло мажлисида ухламаслик.

Абу Сулаймон Дороний: “Агар ҳадис мажлисида ухлаётган кишини кўрсам, уни (эшитишни) хоҳламаяпти деб биламан. Агар хоҳлаганида, уйқуси учиб кетган бўларди”, деган.

  1. Имло мажлисида уйқу ғолиб келса, жойини ўзгартириш.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сиздан бирингиз масжидда мудраса, жойини бошқасига ўзгартирсин”, дедилар”.

  1. Имло вақтида диққат билан тинглаш.

Муҳаммад ибн Назр Ҳорисий айтади: “Илмнинг аввали жим туриш, сўнг унга қулоқ солиш, сўнг унга амал қилиш, сўнг уни муҳофаза қилиш, сўнгра уни тарқатишдир”.

  1. Шайхига пешвоз чиқиш.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни минбарга кўтарилар эдилар. Шунда биз пешвоз чиқиб, у зотни кутиб олар эдик”.

  1. Имло қилувчи шайхга тавозеъда бўлиш.

Абдуллоҳ ибн Муътазир айтади: “Илм талабида мутавозеъ бўлиш худди аксарият пастқам ерларни сув босгани каби илмни кўпайтиради”.

  1. Курсига ўхшаш баландроқ жойга ўтириш, ундай жойни топмаса, тик туриб ҳадис ёзиш.

Абу Бакр Ибсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб билан бирга хайр-садақа қилинган моллар турган жойга кирдим. Шунда Усмон сояга ўтирди. Али эса унинг боши узра тик туриб, Умар унга айтаётган нарсаларни ёздирди. Шунда Умар қуёшда турган эди. Ўша куни ҳаво жуда иссиқ эди. Унинг эгнида эса иккита қора бурда бор эди. У бирини кийиб, иккинчисини бошига ёпиб олганди. У садақа қилинган туяларни кўздан кечириб, уларни рангларига ва ёшларига қараб ёздиртирди. Шунда Али Усмонга: “Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида Шуайб қизининг: “Эй ота, уни (ишга) ёллагин! Зеро, сен ёллайдиган (бу) яхши киши кучли ва ишончли кишидир”[1] деган гапини эшитганмисан?” деди ва Умар розияллоҳу анҳунинг қўлларига ишора қилди. Шунда Усмон: “Бу кучли ва ишончли кишидир”, деди”.

Изоҳ: Ушбу ривоятдан маълум бўладики, ҳадис ёзиб олувчи киши Усмон розияллоҳу анҳу каби ўзига қулай бўлган жойни эгаллаб, диққат билан ёзиб бориши лозим.

Муҳаммад ибн Аҳмад Риёҳий айтади: “Отамнинг бундай деганини эшитдим: “Молик ибн Анаснинг ҳузурида ҳадис ёзаётган эдим. Ўшанда Исмоил ибн Алийя икки оёқда тик туриб, ҳадис ёзган эди”.

  1. Мажлисдаги овозни жамлаб (юқорилатиб), (ҳозир бўлганларни) бошқариб туриш.

Довуд ибн Рушайд айтади: “Ибн Алийянинг ҳузурида эдик. Мустамлий унга: “Эй Абу Бишр! Одам кўп, овозингизни улар эшатадиган даражада баланд қилинг”, деди. Шунда у: “Сен кимсан?” деди. “Мустамлийман”, деди. Шунда: “Уларга бошчилик қилиш сенинг зиммангда. Мен муҳаддисман, сен эса мустамлийсан”, деди”.

Абу Уқайл Даврақий: “Мустамлий мажлисда бамисоли аскарлар орасидаги ноғарачидир”, деди.

  1. Ҳушёр ва зийрак бўлиш.
  2. Ҳозир бўлганларга фасоҳат билан гапириш.

Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хушовоз кишининг Қуръонни овоз чиқариб ўқишини қўшиқчи аёлнинг хўжайини ўз қўшиқчисига қулоқ солганидан кўра қаттиқроқ тинглайди”, дедилар”.

Убайдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: “Биз Ибн Шиҳобдан қироатдан бошқа нарсани ўрганмадик. Молик ибн Анас бизга Қуръон қироат қилиб берарди, унинг қироати жуда яхши эди”.

Убайдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал сўзлаб берди: “Отам (Аҳмад ибн Ҳанбал)нинг: “Шофеий раҳимаҳуллоҳ инсонлар орасида энг фасоҳат билан гапирувчи эди”, деганини эшитдим. “Унинг ёши неччида эди?”, дедим. Отам: “Унчалик катта эмасди”, деди. Кейин: “Шофеий айтди: “Мен Моликка қироат қилиб бердим. У қироатимдан ҳайратга тушди”, деди. Шундан сўнг: “Чунки у фасоҳат билан гапирувчи эди”, деди”.

  1. Доим ҳадис билан машғул бўлиш ва шунга одатланиш.
  2. Одам кўпайиб кетса, бир-бирига етказиб туриш учун мустамлийларни ҳам кўпайтириш.

Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ Мунодий айтади: “Осим ибн Али ибн Осим Абул Ҳусайн Воситий “Расофат” масжидида ҳадис айтди. Унинг мажлисида тахминан юз мингдан зиёд одам тўпланди. Шунда уни фақат Ҳорун Дийк ва Ҳорун Макҳала истимло қилиб турди”.

Абу Бакр Аҳмад ибн Жаъфар ибн Салм: “Абу Муслим Кажжий олдимизга келганида, Ғассон майдонида ҳадис имло қилди. Унинг мажлисида еттита мустамлий бор эди. Уларнинг ҳар бири ҳадисни ўзидан кейин турган бошқа мустамлийга етказиб турди. Одамлар тик турган ҳолида, қўлларида сиёҳдонлар билан ундан ҳадис ёзиб олди. Ҳатто майдон бўялиб кетди. Сўнг сиёҳдони билан қатнашганлар ҳисобланди. Бас, шунчаки кузатиб турганлардан ташқари сиёҳдон билан қатнашганлар сони қирқ мингдан ошиб кетган экан”.

  1. Мустамлий аввал ўзи, сўнг ҳозир бўлганлар учун дуо қилиши лозим.

Бунинг далили қуйидаги ҳадисда яққол намоён бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла бизга ва Однинг биродарига (яъни Ҳуд алайҳиссаломга) раҳм қилсин”, дедилар”.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

[1] Қасос сураси, 26-оят.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …