Home / МАҚОЛАЛАР / МОВАРОУННАҲРЛИК ОЛИМАЛАРНИНГ БИРИНЧИ РЕНЕССАНСДАГИ ЎРНИ

МОВАРОУННАҲРЛИК ОЛИМАЛАРНИНГ БИРИНЧИ РЕНЕССАНСДАГИ ЎРНИ

Жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вазифалари қаторига киради.[1] Унинг ижросига катта илмий кучлар жалб этилганини қайд этган ҳолда айтиш лозимки, Мовароуннаҳр цивилизациясидаги аёлларнинг ўрни энг кам ўрганилган масалалардан бўлиб қолмоқда.

Ваҳоланки, тафсир, фиқҳ, ҳадис, адабиёт ва бошқа илмлар соҳасида Мовароуннаҳрдан кўплаб олима аёллар етишиб чиққан. Уларнинг илмий-ижодий фаолиятини ўрганган муаллифлар ҳақида машҳур ҳуқуқшунос олим Илёс Дудур китобида[2] айрим маълумотлар зикр этилган. Уларнинг орасида Имом Заҳабий, Имом Зуҳрий, Имом Молик, Имом Аҳмад, Абу Яъло, Абу Саъд Самъоний, Ҳофиз ибн Ҳажар, Ибн Асокир, Ибн Жавзий, Ибн Қаййим ва бошқалар борлигининг ўзиёқ аёлларнинг Мовароуннаҳр ислом цивилизациясидаги ўрни анчагина эътиборли бўлганини кўрсатади. Ибн Асокир томонидан бундай тоифага мансуб саксонта аёл зикр этилгани ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.

Мовароуннаҳрдаги Биринчи Ренессанс даврида фаолият кўрсатган аёл олималар ичида Самарқанд фиқҳ мактаби асосчиларидан бири Муҳаммад Самарқандийнинг қизи – Фотима бинт Муҳаммад Самарқандий алоҳида ўринга эга бўлган. Унинг тўлиқ исми Фотима бинт Имом Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий бўлиб, отаси машҳур “Туҳфат ал-фуқаҳо” (Фақиҳларга туҳфа) асари муаллифидир. Манбаларда Фотима ҳанафий мазҳабида “Олимлар подшоҳи” номи билан шуҳрат қозонган “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” (Шариат ҳукмларини тартиблашга оид гўзал санъатлар) китобининг муаллифи ҳамда отасининг истеъдодли шогирди Имом Косонийнинг рафиқаси бўлгани хабар қилинади[3].

Ибн Абу Вафо Қураший маълумотича, Имом Косоний бирон фиқҳий масала борасида фатво чиқаришда иккиланган пайтларида, рафиқаси Фотиманинг маслаҳатларига қулоқ солган ҳамда унинг тавсияларига риоя қилган. Косоний томонидан устози Имом Самарқандийнинг “Туҳфат ал-фуқаҳо” китобига ёзилган “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” номли шарҳ Фотима учун маҳр сифатида қабул қилинган. Буни ўша давр фақиҳларининг Имом Косоний ҳақидаги “Муҳаммад Самарқандийнинг “Туҳфа”cини шарҳлади ва унинг қизига уйланди”, дееганлари ҳам тасдиқлайди[4]

Муҳаммад Заҳабийнинг “Машҳур аёллар қомуси” китобида Фотима Самарқандия ҳақида қуйидагича муҳим маълумот берилган. Жумладан, унинг тўлиқ исми, отаси Абу Бакр Аллоуддин Самарқандий – “Туҳфат ал-фуқаҳо” асари муаллифи экани, улуғ ва фазилатли, қадри баланд шайх Абул Муин Маймун Макҳулий Насафий ва Садрул Ислом Абул Йуср ал-Паздавийдан фиқҳ ўргангани хабар қилинади. Паздавий фақиҳ ва аллома қизи Фотима “ал-Бадоиъ” муаллифи Алоуддин Абу Бакрнинг хотини эди дейди. У (Фотима) фиқҳ илмини отасидан ўрганган ва “Туҳфат ал-фуқаҳо”ни ёд олган эди. У (Фотима)нинг эри (Алоуддин Абу Бакр) унинг фиқҳдаги хатоларини кўрсатиб, тўғри йўлга бошлаб қўярди. У (Фотима) фатво берганда ўз имзоси ва отасининг имзосини қўяр эди. “Ал-Бадоиъ” муаллифига турмушга чиққанидан кейин ўзи ва отаси имзосининг ёнига эрининг имзосини ҳам қўя бошлаган[5].

Баён этилганлардан Фотима Самарқандия фиқҳ билимдони бўлгани, унинг нозик жиҳатларини чуқур билгани, фатво чиқаришда отаси Муҳаммад Самарқандий ва турмуш ўртоғи Алоуддин Косонийга кўмаклашгани ҳақидаги мантиқий хулосалар келиб чиқади. Шунингдек, олимлар томонидан Фотима Самарқандиянинг хати гўзал бўлгани, хаттотлар унинг хатини танигани, унга юксак баҳо беришганини таъкидлайдилар[6].

Абдулғофир Форсий ўз тўпламига ҳадис илми билан шуғулланган Карима бинт Аҳмад ал-Марвазияни киритган[7]. У Марв вилоятидан бўлган Кушмайҳаний исмли кекса олимдан Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ини ўргангани, Марвазиянинг устози ўз нусхасини машҳур муҳаддис Имом Бухорий “Саҳиҳ”ининг аслидан кўчириб олгани ҳақида маълумот келтирилган. Форсийнинг ўзи ҳам бу асарни Карима Марвазия билан бирга ўргангани ҳақида айтади[8].

Имом Заҳабий ўз китобида Карима Марвазиянинг отаси билан Кушмихондан (ҳозирги Туркманистон ҳудуди) Қуддусга ва Маккага бориб қайтганини зикр этади. Карима Абу Ҳайтам Қушмихоний, Зоҳир ибн Аҳмад Сарахсий ва Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Асбаҳонийдан таҳсил олган”[9]. Карима бинт Аҳмад ислом илмлари, хусусан, ҳадис илмида юксак мавқега эришиб, Муҳаммад алайҳиссалом маънавий меросини ўрганиш учун отаси билан кўплаб саёҳатларга борган.

Хулоса қилиб айтганда, Мовароуннаҳрлик аёлларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси муҳим илмий муаммолардан бўлиб, унинг ўрганилиши юртимиз маънавий тарихини янада бойитишга хизмат қилади.

[1] Қар. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида. (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги ПҚ-3420-сонли қарори таҳририда) // https://lex.uz/docs/3600059?query=%D1%86%D0%B8%D0%B2%D0%B8%D0%BB%D0%B8%D0%B7%D0%B0%D1%86%D0%B8%D1%8F%D1%81%D0%B8#sr-1
[2] Қар. И.Дудур. Ислом ҳуқуқшунослигининг тарихи. 2-жуз.
[3] Муҳаммад Хойр Рамазон Юсуф Фақийҳат аълимот. “Ал-котибият исламия” 12-13 вв.
[4] Ўша манба
[5] Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий: Алфаваидил баҳия фи тарожимил ҳанафия. 1906 й. – Б. 158.
[6] Аброр Мухтор Алий: Фотима Самарқандия. 03.01.2015 // https://muslimaat.uz/maqola/4211
[7] Карима бинт Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Хотим Марвазия ислом тадқиқотчиларидан асосий аёл олималаридан бири ва Имом Бухорийнинг “Жомеъ ас-саҳиҳ”ининг машҳур ҳадис ривоятчиси. Уни Уммул Карам деб номлашган (саховатлиларнинг онаси), ҳижрий V асрда 100 ёшида вафот этгунига қадар Маккада яшаган.
[8] G.Nashat and L.Beck: Women in Iran from the Rise of Islam to 1800. – Urbana and Chicago: “University of Illinois press”, 2003. – P. 71.
[9] Имом Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий: Сияр аълям ан-нубала (Буюк олимлар таржимаи ҳоллари). Б.233.
Барно АНВАРОВА,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси
маркази катта илмий ходими,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
мустақил изланувчиси

Check Also

Сўзнинг тузи нимада?

Тил инсонга ато этилган сув ва ҳаводек бебаҳо неъмат. Мисол учун, қаршингиздаги одамга «мен ҳозир …