Home / МАҚОЛА / ҲИЖРАТ ҲИКМАТИ

ҲИЖРАТ ҲИКМАТИ

Ақидада адашган, исломнинг асл моҳиятини тушунмайдиган, илмдан узоқ кимсалар мусулмонлар қалбига фитна солиш, фикрини чалғитиш ва эътибор қозониш учун шаръий истилоҳлардан кўп фойдаланади. Бу йўлда соф диний тушунчаларни бузиб талқин қилади. 

 “Ҳижрат” тушунчаси шулардан бири. Улар “ҳижрат фарз”, “ҳижрат қилмаганлар кофир”, деган гапларни тарқатишга интилади. Аслида “Ҳижрат ўзи нима? Қачон ҳижрат қилиш керак? Қаердан қаерга ҳижрат қилинади?” деган саволларга жавоб топган киши уларга алданиб қолмайди.

Ҳижрат сўзи луғатда “ажрамоқ”, “тарк этмоқ” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда “куфр юртидан ислом диёрига кўчиб ўтиш” дегани. Ҳижратнинг икки тури мавжуд: маънавий ва жисмоний.

Маънавий ҳижрат: Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсадан ҳижрат қилиш. Бу қуйидаги ҳадисда баён қилинган:

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган кишидир. Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсани тарк этган кишидир”, дедилар”[1].

Демак, ҳижрат – Аллоҳ таоло ман қилган, қайтарган ишлардан тийилиш, гуноҳ-маъсиятни тарк қилиш, буйруқларига бўйсуниш, кўрсатмаларига амал қилиш. Киши ўз юртида, ўз уйида туриб ҳам ҳижрат қилиши мумкин экан. Диннинг талаби ҳам шу!

Жисмоний ҳижратга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Мадинага ва баъзи саҳобаларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилиши мисол бўлади.

Жисмоний ҳижрат қоидалари вазиятга қараб ўзгаради: ҳижрат куфр ўлкаларида туриб, ўз динидаги фарзларни адо эта олмайдиган ва кўчиб кетишга қодир бўлганларгагина фарздир.

“Ҳижрат ҳаммага фарз”, деб даъво қилувчи тоифаларга қуйидаги оят жавобдир: “Албатта, имон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жидду жаҳд қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Имон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат, сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир”[2].

Аллоҳ таоло ушбу оятда мўминларни бир неча тоифага бўлмоқда:

  1. Ҳижрат қилганлар.
  2. Жой бериб, ёрдам кўрсатганлар.
  3. Имон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганлар.

Аллоҳ таоло буларнинг ҳаммасини “мўминлар” деб атамоқда.

Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Бухорий” асарида ўндан ортиқ жойда “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!” деган ҳадиси шарифни келтирган. Уламоларнинг таъкидлашича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ қилинганидан кейин жисмоний ҳижрат бекор қилинганини назарда тутган. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни тарк қилиш маъносини англатувчи маънавий ҳижрат тушунчаси абадий бўлиб, унинг ҳукми бекор қилинмаган. Шунингдек, ушбу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчи ҳадисларни насх қилади. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларга ўзлари томон ҳижрат қилишни амр қилмаганлар ва ўз юртларида қолишни инкор этмаганлар.

Саҳоба ва тобеинлар ҳам худди шу фикрда бўлган. Мужоҳид ибн Жабр Маккийдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дер эди”.

Ислом фиқҳи терминологиясида дорул ислом (ислом диёри), дорул ҳарб (уруш диёри) ёки дорул куфр (куфр диёри) тушунчалари бор. Адашган тоифалар фикрича, ҳозир кўпчилик давлатлар дорул куфр бўлиб, у ерлардаги мусулмонлар ҳижрат қилиши фарз эмиш. Аслида, дорул ҳарб ва дорул ислом тушунчалари исломнинг маълум даврига хос фиқҳий атамалардир. Қолаверса, уларнинг таърифи борасида ҳам уламолар ҳар хил фикр билдирган. Замонамиз уламоларидан Шайх Юсуф Қарзовийга кўра, бугунги кунда ер юзида бирорта ҳам дорул ҳарб йўқ. Аксинча, мусулмонлар учун дунёнинг барча мамлакати, жумладан аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлмаган диёрлар ҳам доруд даъва (яъни даъватни етказиш диёри) ҳисобланади.

Замондош уламолар таъкидлайдики, ҳозирги кунда барча мамлакатлар ўртасида тинчлик сулҳлари тузилгани сабаб, мусулмонлар учун бирорта давлат дорул ҳарб ҳисобланмайди. Ҳатто, мусулмонлар юрти бўлмаган диёрлар ҳам дорул аҳд (ўртада тинчлик ва сулҳ шартномаси бор диёр)дир. Бинобарин, у юртларга ҳужум қилиш ёки ўша юртга борганда уларнинг қонунларини бузиш шаръан ҳаром бўлади.

Шунингдек, фуқаҳолардан бир тоифаси аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган ҳар қандай мамлакат дорул ислом ҳисобланишини таъкидлайди.

Энди, ўз юртида намозини ўқиб, рўзасини тутиб ва бошқа ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни қандай қилиб кофирга чиқариш мумкин?! Улар яна қаерга ҳижрат қилсин?! Яна ҳижратни комил ва тўлиқ қилиш дегани нимаси?!

[1] Имом Бухорий ривояти.
[2] Анфол сураси, 72-оят.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

“ШАРҲ АТ-ТАЪВИЛОТ” АСАРИНИНГ “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН”ДАН АЖРАЛИБ ТУРУВЧИ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Алоуддин Самарқандийнинг “Шарҳ ат-Таъвилот” асари Қуръони карим тафсири ҳамда мотуридий таълимотини ўрганишда муҳим аҳамият касб …