Маълумки, Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсати инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан, виждон эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу йўналишда олиб борилаётган тарғибот тадбирларининг навбатдагиси Kaттaқўрғон гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб ўтди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этган учрашувда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари қатнашди. Суҳбат “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” мавзусида ташкил этилиб, унинг доирасида давлатнинг мазкур соҳадаги ёндашувлари, мақсад ва устувор вазифалари кенг ёритилди.
Таъкидланганидек, бугунги глобаллашув шароитида қуролсиз уруш шаклидаги мафкуравий таҳдидлар кўпроқ бўй чўзмоқда. Айниқса, ахборот ҳужумлари орқали инсон онгига таъсир ўтказиш, турли қарама-қарши ғояларни тарқатиш ҳолатлари кучаймоқда. Бундай вазиятда жамиятни фақат куч билан эмас, балки билим, онг ва фикрий мустаҳкамлик билан ҳимоя қилиш муҳим. Шу боис, ахборот хатарларига қарши иммунитетини мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Маърузаларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди, фаол мулоқот асосида бир қатор таклиф ва фикрлар илгари сурилди.
Тадбир якунида бундай учрашувларни мунтазам ташкил этиш, жамиятнинг барча қатламларини қамраб олиш орқали маънавий барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшиш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.