Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Самарқанд шаҳридаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда Марказ илмий ходимлари Ж.Жумаев ва Т.Эвадуллаев маҳалла аҳли вакилларига жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлаш ва замонавий мафкуравий таҳдидларга қарши маърифат билан курашиш масалалари юзасидан маъруза қилиб, ёт ғоялар хатарлари, бузғунчиларнинг айниқса ёшлар онгига таъсир кўрсатиш усуллари ва бутун жамият ҳаётига солаётган таҳдидлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Шундай ҳолатларга қарши теран тафаккур ва бой миллий қадриятлар воситасида маънавий иммунитетни янада мустаҳкамлаш, бунда маҳалла аҳлининг фаол иштироки муҳим эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти ҳамда “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамияти муҳокама этилди.
Учрашув якунида маҳалла кутубхонасига Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган 18 номдаги рисола ва буклетлар совға қилинди. Мазкур нашрларда кўтарилган мавзуларнинг бугунги кундаги долзарблиги ҳақида фикр алмашилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати