Марказда ўтказилаётган “Қўлёзма асарларга эгалик ва уларнинг ёйилиши: Имом Бухорий ва ҳадис қўлёзмалари” мавзусидаги халқаро симпозиумнинг иккинчи куни ҳам юқори илмий муҳит ва мазмундор маърузалар билан давом этди.
Бу кунги сессияларда қўлёзма мероси янги илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиниб, ҳадис қўлёзмаларининг айрим нусхалари, айниқса “Саҳиҳул Бухорий”нинг турли давр ва минтақалардаги кўчирма вариантлари илмий жиҳатдан таққослаб ўрганилди.
Маърузалар давомида қўлёзмалардаги эгалик қайдлари фақат мулкчилик белгиси эмас, балки илм-фан ривожининг, китоб мутолааси ва меросни асраб-авайлаш маданиятининг муҳим кўрсаткичи экани таъкидланди. Олимлар бу қайдлар орқали ўтмишдаги илм аҳлининг ўзаро алоқалари, китоб айирбошлаш ва ижозат анъаналари ҳақида қимматли маълумотларни тиклаш мумкинлигини, Ўрта асрларда илмий мактаблар ўртасидаги муносабатлар, китобдорлар фаолияти ва китоб тарқалиш географиясини ўрганиш имкониятига эга бўлинаётгани алоҳида қайд этилди.
Муҳокамаларда илмий изланишларни интеграциялаш, қўлёзма маълумотлар базасини яратиш ва тадқиқотчиларнинг халқаро ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Симпозиум иштирокчиларининг фикрича, бу анжуман нафақат Имом Бухорий меросини чуқурроқ ўрганишга хизмат қилмоқда, балки ислом дунёсидаги қўлёзма маданиятини тадқиқ этишда янги босқични бошлаб бермоқда.
Тадбирнинг илмий муҳокамаларга бой иккинчи куни симпозиумнинг умумий йўналиши ва мақсадларини янада равшанроқ ёритиб, иштирокчиларга янги илмий ғоялар ва ҳамкорлик имкониятларини тақдим этди.
Халқаро симпозиум 16 октябрь куни ишини давом эттиради.