Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ёшларни ёт ғоялардан асраш — жамоатчиликнинг умумий вазифаси

Ёшларни ёт ғоялардан асраш — жамоатчиликнинг умумий вазифаси

Маънавий барқарорликни таъминлаш, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш ва жамиятда соғлом фикрлаш муҳитини шакллантириш бугунги куннинг устувор вазифалари сирасига киради. Маънавий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида Kaттaқўрғон туманида навбатдаги маърифий учрашув ташкил этилди.

“Жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз” шиори остида тумандаги маҳаллалар раислари, фаол хотин-қизлар, ёшлар етакчилари, профилактика инспекторлари, шунингдек, ҳокимлик мутасаддилари билан диний-мафкуравий таҳдидларга қарши курашишда жамоатчилик, айниқса, маҳалла тизимининг ўрни ва масъулияти, ёшларда маънавий иммунитетни мустаҳкамлашда билим, маърифат ва тарғиботнинг ўрни ҳақида суҳбат қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги ахборот майдонида инсонлар онги учун жадал кураш кечмоқда. Ёшлар эътиборини ўз ҳудуди, жамияти ва Ватани манфаатига йўналтириш, уларда фуқаролик масъулиятини шакллантириш ва ривожлантириш ҳар бир маҳалланинг, ҳар бир фаолнинг вазифасидир.

Мулоқотда қатнашчилар ҳудудларда олиб борилаётган профилактик ишлар, муаммоли нуқталар ва уларга ечим бўлиши мумкин бўлган таклифлар билан ўртоқлашди.

Тадбир якунида бундай маърифий мулоқотларни тизимли равишда йўлга қўйиш, маҳаллада фаолият юритаётган турли тузилмалар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш орқали жамиятда барқарор маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Профилактик мулоқотда – тиббиёт ходимлари

Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳада оқилона давлат сиёсатини юритиш устувор йўналишлардан бири …