Инсон табиатан билишга иштиёқманд мавжудотдир. Ҳамиша тўғри нима-ю ҳақиқат нелигини англашга интилади. Шундай экан, инсон билимни қандай қилиб қўлга киритади, нималар орқали билиш имконига эга бўлади? Бу борада турфа замон одамлари турли қарашларда бўлиб келган.
Кўпчилик фақат ақлий тафаккурга таянган. Дин, мулоҳаза, тажриба ва илмий кашфиётларни инкор қилганлар ҳам бўлган. Ислом эса билимга оид манбаларда доим мувозанат ва уйғунликни намоён этган.
Ислом билишнинг уч манбасини қабул қилган ва уларни бир-бирини тўлдирувчи деб ҳисоблаган. Улар ўртасида мувозанат сақланган бўлиб, бир-бирига зид эмас, балки уйғундир. Ҳаёт руҳий ва моддий жиҳатдан фақат шу уч манбани ҳамоҳанг тарзда қабул қилиш билангина тараққий этиши мумкин.
Шунинг учун ислом соясида бўлган ҳаёт тарзида бу манбалардан бирортасини инкор этиш ҳолати кузатилмаган. Айрим шахс ё гуруҳлар бу манбалардан фойдаланишда мувозанатни бузган бўлса-да, ҳеч қачон бирортасини тўлиқ инкор этиш даражасига етмаган.
Шундай қилиб, исломда илм-маърифатнинг манбаи учта: ҳис (мулоҳаза ва тажриба), ақл ва содиқ хабар (нақл – Қуръони карим оятлари ва саҳиҳ суннат). Бу манбалар оят ва ҳадисларда жуда кўп зикр этилган. Улар айрим оятларда биргаликда ҳам қайд этилган, масалан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларида: “Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва фуод (дил)ларни берди. Шояд, шукр қилсангиз” (Наҳл сураси, 78-оят). Бу оят илм ҳақида сўзлайди. Инсон дунёга келганда ҳеч қандай маълумотга эга бўлмайди. Кейин таълим (ўрганиш) манбалари зикр этилади:
Қулоқ (эшитиш) – бундан мақсад содиқ хабардир. Инсон ўз кўзи билан кўрмаган, аммо бошқалар кўриб, унга етказган маълумотларни эшитиш орқали ўрганади. Бу манбага ваҳий ҳам киради. Яъни, маълумотлар инсонга Аллоҳнинг элчилари – Пайғамбарлар орқали етказилади.
Кўз (кўриш) – бу оддий одам кўрган ё олимнинг кўриб, илгари сурган фаразлари, мулоҳазаларидир. Уларни тажрибалар орқали синаб, натижаларни таҳлил қилиб, илмий назариялар тузади, илмий ҳақиқатларни очади.
Фуод (қалб, дил) – бунда биринчи навбатда ақл назарда тутилмоқда. Ақл инсонга маълумотларни на кўриб, на эшитиб, балки мавжуд ҳиссий ё хабарий далиллардан хулоса чиқариш орқали англаш имконини беради. Уламоларнинг таъкидлашича, ақлий маълумотлар ҳиссий манбалардан олинар, ким ҳисни йўқотса, илмдан ҳам маҳрум бўлар экан.
Бу масала Қуръони каримда зикр этилган бўлиб, Аллоҳ таоло ҳиссиётлар ва ақл ўртасида боғлиқлик борлигини баён этган: “Куфр келтирганлар худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар” (Бақара сураси, 171-оят).
Шунингдек, У Зот: “Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар масъулдирлар”, (Исро сураси, 36-оят) деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биздан бир ҳадисни эшитиб, (ўзгага) етказгунича ёдда сақлаган кишини Аллоҳ ярлақасин! Фиқҳни ёд олган баъзилар уни ўзидан фақиҳроқларга етказади, фиқҳни ёд билган баъзиларнинг эса ўзи фақиҳ (тушунувчи) бўлмайди”, деганлар (Абу Довуд ривояти).
Баъзи ҳадисларда “Гапимни яхшилаб ёдлаб олиб, бошқаларга худди эшитганидек етказган кишини Аллоҳ ярлақасин!” дейилган (Баззор ва Шофеий ривоят қилган).
Бу ҳадислар тўғридан-тўғри “содиқ хабар – нақл” манбасини тасдиқлайди. Эшитилган илмни бошқаларга ўзгартирмай етказиш – илмни сақлаш ва тарқатишда муҳим воситадир. Шунингдек, ақл-тафаккур ва мулоҳазанинг билишдаги аҳамияти кўрсатиб ўтиляпти. Илм фақат эшитиш ва ёдлашдангина иборат эмас, балки уни англаш ва таҳлил қилиш ҳам зарур. Бу – ақл ва фаҳм манбасининг ўрни. Яъни, бевосита эшитган одамлардан кўра билвосита эшитган бир киши фақиҳроқ бўлиб чиқиши мумкин, ислом тарихида бунга далиллар жуда кўп.
Бу оят ва ҳадислардан маълум бўладики, инсоннинг билим олишида эшитиш, кўриш ва ақл – уч манба ҳам муҳим ва ҳар киши улардан фойдаланиш ё фойдаланмаслик учун жавобгар бўлади.
Ҳақиқий илмий тараққиёт, ҳаётдаги руҳий ва моддий барқарорлик ҳам ана шу манбалар ўртасидаги мувозанатни сақлаш билан боғлиқдир. Айнан шу мувозанатга таянган ҳаёт тарзи инсоннинг ҳар томонлама камолотига хизмат қилади.