Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Индонезиянинг Шариф Ҳидоятуллоҳ давлат ислом университети ва Қуръон илмлари институти (IIQ) ҳамкорлигида “ИМОМ БУХОРИЙ ВА МУСУЛМОН ОЛАМИДА ИЛМ-ФАН (2025)” мавзусида халқаро анжуман бошланди.

Форум жорий йил июль ойида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Шариф Ҳидоятуллоҳ давлат ислом университети ўртасида Жакартада имзоланган Англашув меморандумида кўзда тутилган илмий ҳамкорлик йўналишларининг амалий натижаларидан бири сифатида ташкил этилди.
Тантанали очилиш маросимида икки мамлакат ўртасидаги илмий-маънавий алоқаларни ривожлантиришга, Имом Бухорий меросини чуқур ўрганиш ва унинг илмий аҳамиятини кенг ёритишга қаратилган ташаббуслар алоҳида таъкидланди.

Иштирокчилар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди.

Анжуман доирасида “Имом Бухорий мероси ва замонавий ислом тафаккури” ҳамда “Ҳадисшунослик методологияси ва классик илмлар” мавзуларида илмий сессиялар ўтказилиб, олимлар Имом Бухорий асарларининг илмий асослари, жаҳон ҳадисшунослик мактабида тутган ўрни ва замонавий талқинлари ҳақида фикр алмашди.

Биринчи кун якунида иштирокчилар фикр ва тажриба билан ўртоқлашиб, икки мамлакат илмий муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.


Қатнашчилар билан овоздан таъкидлаганидек, форум илмий мулоқот, тажриба алмашиш ва мусулмон оламида илм-фан тараққиётини янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлмоқда.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz







