Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Малайзиянинг Исломшунослик бўйича илғор тадқиқотлар халқаро институти (International Institute of Advanced Islamic Studies – ISTAC) ва Малайзия халқаро ислом университети (International Islamic University Malaysia – IIUM) муассасаларида фаолият юритиб келаётган, ислом молияси бўйича малакали мутахассис др. Шейла Айнун Юсуф хоним иштирокида илмий суҳбат ташкил этилди.


Мулоқот давомида олима Марказ илмий ходимлари билан ислом молияси, шаръий ҳуқуқлар ва ижтимоий масъулият соҳаларидаги замонавий тенденциялар ҳақида фикр алмашди. Ислом банкчилик ва молия тизимларида шариат мезонларини амалиётга жорий этиш бўйича ўз тажрибаси ва “Maqāṣid al-Sharī‘ah” (“Шариат мақсадлари”) ғоялари асосида ишлаб чиққан ички аудит усуллари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Шейла Юсуф ислом молиясининг барқарор ривожланишга қўшадиган ҳиссаси, шунингдек, вақф ва закот тизимларини ижтимоий адолатни таъминлаш воситаси сифатида такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Тадбир якунида Марказ билан ISTAC ва IIUM ўртасида илмий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






