Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Илм билан йўғрилган дўстлик

Илм билан йўғрилган дўстлик

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро Қозоғистон-Туркия университети профессори, Аҳмад Яссавий илмий-тадқиқот маркази директори Досай Кенжетаев бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Меҳмонлар Марказ музейини кўздан кечириб, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий меросига оид экспозициялар билан танишди.

Ташриф доирасида “Марказий Осиёга исломнинг кириб келиши ва ёйилиши” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда VIII-X асрларда минтақа цивилизацион юксалишининг асослари, ислом динининг илм-фан ва маънавият ривожида тутган ўрни, шунингдек, ўзбек ва қозоқ халқларини уйғунлаштириб турган маънавий боғлиқлик борасида фикрлар билдирилди.

Профессор Д.Кенжетаев Яссавийлик тариқатининг Марказий Осиё маънавий ҳаётидаги роли, унинг сўфийлик тафаккури ва инсон камолотига оид ғоялари ҳақида мулоҳаза юритиб, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий каби мутафаккирлар мероси икки халқ учун умумий илмий-маънавий асос эканини таъкидлади.

Суҳбат чоғида эпистемология – илмнинг манбаи ва ривожланиш қонуниятлари ҳақидаги назария ҳам тилга олинди. Меҳмонлар Мовароуннаҳр уламоларининг мантиқ, тажриба ва тарихий фактларни уйғунлаштирган кўп асрлик илмий мактаби бутун дунёда юксак қадрланишини қайд этди.

Таъкидлангандек, исломнинг Марказий Осиёга кириб келиши диний ҳаётдагина эмас, балки ҳуқуқ, иқтисодиёт, маданият, меъморлик ва давлат бошқаруви каби йўналишларда ҳам янги босқични бошлаб берган. Турли халқлар уламолари ўртасидаги алоқалар эса минтақадаги буюк илмий уйғониш – Шарқ Ренессанси юзага келишида муҳим омил бўлган.

Мулоқот асносида марказлар ўртасида қўшма тадқиқотлар, амалий лойиҳалар ва илмий алмашувларни йўлга қўйиш бўйича ҳам мулоҳазалар билдирилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ёшлар қалбига йўл

Каттақўрғон педагогика институтида талаба ёшлар иштирокида «Раҳбар ва болалар» учрашуви ташкил этилди. Унда Каттақўрғон шаҳри …