Ўтган ҳафта Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Миллий, минтақавий ва глобал миқёсда халқ дипломатияси орқали барқарор ривожланишни таъминлаш” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Анжуман халқ дипломатияси ва фуқаролик жамияти институтларининг халқаро ҳамкорликни равнақ топтириш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ўрнига бағишланди. Тадбирнинг “Минтақавий ва глобал даражада халқ дипломатияси орқали барқарор ривожланишни таъминлаш” мавзусидаги сессиясида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев “Халқ дипломатияси ривожида ёшларнинг ўрни: замонавий тенденциялар ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик” мавзусида маъруза қилди.

Олим мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилишини, Ўзбекистон тараққиёти аввало ёш авлоднинг илм-маърифат ва замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашига боғлиқ эканини қайд этди. Таъкидланганидек, бугунги ёшлар илғор билим ва кўникмаларга эга, бир неча хорижий тилни билади, ахборот технологияларини чуқур ўзлаштирган ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдалана олади. Уларнинг халқаро форумлар, спорт мусобақалари ва фан олимпиадаларида фаол иштирок этаётгани халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро ишончни кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шу боис ўғил-қизларимизни халқ дипломатияси жараёнларига жалб этиш ва жаҳон ёшлари билан мулоқотини қўллаб-қувватлашга юрт манфаатларини халқаро майдонда илгари суришнинг самарали йўли сифатида қаралади.

Маърузада, шунингдек, халқ дипломатияси бугунги глобал жараёнларга мос равишда янгиланиб бориши, синергетик ва стратегик тафаккурга таяниш зарурлиги таъкидланди. Фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда рақамлаштириш ва электрон ҳукумат тизимида эришилаётган ютуқлардан кенг фойдаланиш муҳим экани айтилди. Бундан ташқари, хорижий давлатларда ўзбек тилини ўргатиш марказларини ташкил этиш орқали нафақат тилни, балки халқимизнинг бой маданияти, урф-одатлари ва қадриятларини ҳам кенг тарғиб этиш имконияти мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, оила ва маҳалла институтига хос қадриятлар жаҳон ҳамжамиятида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланди.

Тадбир доирасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор қўшма ташаббуслар илгари сурилди ва уларнинг ҳосиласи сифатида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






