Ҳаётда ҳалоллик ўта муҳим ўрин тутади. У инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровон ўтишига гаровдир, десак, муболаға бўлмайди. Ҳалоллик энг гўзал хислатлардан бўлиб, кўпинча айнан мана шу фазилат орқали инсон ўзгаларнинг меҳр-муҳаббатини қозонади. Ҳалол луқма ва меҳнат билан топилган мол-мулк инсон қалбида хотиржамлик, сокинликни мустаҳкам қилади. Инсон фақат ишга масъулиятли ёндашуви билан жамият тараққиёти ва халқ фаровонлигига эришишга ҳисса қўша олади. Бу эса, ҳалолликдан келиб чиқади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат куни Аллоҳ таолога ёруғ юз билан йўлиқади”, деганлар. Ҳа, инсон ҳалол меҳнат билан улуғ савоблар ва олий даражаларга эришади.
Инсон ёшлигидан илм ўрганмаса, касб-ҳунар эгалламаса, боқимандаликка ўрганиб қолиши, кейин тамагирликка ўтиб, охири хорликка учраши мумкин. Фарзандларнинг илм олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун ҳамма шароитларни қилиб бериш ҳар бир ота-онанинг, давлатнинг зиммасидаги муқаддас вазифадир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар, ҳеч бирингиз ризқингизни мукаммал олмагунингизча вафот топмайсиз. Ризқда шошилманг, Аллоҳдан қўрқинг, чиройли талаб этинг. Сизга нима ҳалол қилинган бўлса, уни олинг ва Аллоҳ ҳаром этганини тарк қилинг”, деганлар. Демак, илоҳий неъмат бўлган ризқни ҳалол йўл билан талаб қилиш лозим. Бу – эркакка тааллуқли гап.
Аёл эса, турмуш ўртоғининг ризқ топиш йўлидаги машаққатларини қадрлаши ва ҳожатидан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Аксинча, ўзи ва фарзандларини қаноатга ундаб, эрини ҳаром йўллардан огоҳлантириб туриши зарур. Момоларимиз боболаримизни кузата туриб: “Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига бардош бера олмаймиз”, деган. Яъни, аёл эрининг тоқатидан, салоҳиятидан ортиқ нарсаларни талаб қилмасин.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий: “Ҳар нарсанинг зийнати бор, йигитликнинг безаги касбдир”, деган. Демак, инсон фарзандларини касб-ҳунар ўргатиш билан зийнатлайди.
Ёшларга замонавий илм ва ҳунарларни эгаллашни тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан саналади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳар бир даврда ўзига хос илмларни ўрганиш заруратига ишора қилиб: “Фарзандларингизга ўз даври илмларини ўргатинг, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келган”, деган. Албатта, инсоннинг солиҳ ва баркамол бўлиб вояга етиши, ёшлигида олган одоб-ахлоқи ва илм-маърифатига боғлиқ. Шу билан элга танилади, эътиборга тушади, қадр топади.
Доно халқимизнинг “Ҳунар бўлса қўлингда, нон топилар йўлингда“ деган нақли бор. Бундай мақоллар ёшларни касб-ҳунарга чорлаш учун айтилган. Чунки эр киши ҳунарсиз бўлмайди.
Миқдам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ҳеч ким ўз қўли билан топган ризқдан лаззатлироқ таом емаган, Аллоҳнинг Пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам қўл меҳнати билан тирикчилик қилганлар”, деганлар”.
Ҳалоллик бобида юртимиз заминидан етишиб чиққан алломаларнинг ҳаёти биз учун энг гўзал намуна. Хусусан, Имом Бухорийнинг озгина ери бўлган, уни етти юз дирҳамга йиллик ижарага берган. Отасидан мерос қолган тижорий мол-мулкни музорабага қўйган (бир киши сармоя ётқизиб, иккинчиси ишлаши, фойдада тенг шериклик қилиши шундай аталган). Буларнинг даромадини илмий сафарларининг харажатларига сарфлаган. Ортиғини талаба ва фақирларга улашган. Халқ фойдасига ҳам ишлатган, масалан, Фирабрда карвонсарой қурдирган. Яъни, бойликни янада кўпайтириш ҳақида бош қотирмасдан, бор имкониятини илмга олишга сарфлаган.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий бундай дейди: “Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг: “Ҳар ой оладиган беш юз дирҳам фойдамнинг барчасини илм йўлида сарфлардим”, деганини эшитдим”.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётидан ҳам мисол келтириш мумкин. Абу Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Алининг “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” китобида Баҳоуддин Нақшбанднинг биринчи халифаси Алоуддин Атторнинг мана бу сўзлари келтирилган: “Ҳазрати Эшоннинг қадамлари суннатга тобеъ бўлишда мустаҳкам эди. Ҳалолга интилиш ва шубҳали нарсалардан қочишни, айниқса, ҳалол луқмани таъкидлаб гапирарди. Суҳбатида доимо: “Ибодат – ўн қисм, тўққиз қисми ҳалолни қидириш, бир қисми бошқа ибодатлардир”, деган ҳадисни айтар эди”.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳар йили арпа ва мош экиб, ўз қўли билан парвариш берган. Чорвасига ҳам ўзи қараган. Таоми тўлалигича ўз зироатидан таркиб топган. Манбаларда ёзилишича, аллома: “Отам иккимиз кимхоббофлик касби билан машғул эдик”, деган экан. Демак, Баҳоуддин Нақшбанд отаси билан бирга ўша даврда Бухорода тайёрланадиган ва чет элларда машҳур энг сара мато – кимхобга нақш солиш билан машғул бўлган. Мол-мулк жамлашга ружу қўймаган. Фақат эҳтиёжи учун керакли нарсаларни сақлаган ва шуларга қаноат қилган.
Ҳар бир инсон шундай мезонларга амал қилиши, яъни мол-давлатга меҳр қўймаслиги ва бошқаларни ҳам ҳалол меҳнат қилиб яшашга ундаши керак.
Давлатимиз раҳбари ҳам одамларни ҳалолликка даъват этиб, ҳаром йўллар билан бойлик орттириш, ўзгалар ҳаққига тажовуз ё хиёнат қилиш каби разил сифатлардан сақланиш кераклигини бот-бот таъкидлаб келади.
Буюк аждодларимизнинг гўзал фазилатлари ҳақидаги мисоллар бежиз келтирилмади. Ибратдан мақсад ҳалол-ҳаром масаласида ўта қатъиятли бўлиш, уларни бир-биридан ажрата олиш – комил инсон белгиси эканини таъкидлашдир.
Инсон ўзи, оиласи, қарамоғидаги қариндош-уруғини ҳалол меҳнат билан боқиши ва муҳтожларга мурувват қўлини чўзиб, оғирини енгил қилишга интилиши лозим. Ҳалоллик жамият тараққиёти, инсонлар ҳаловати ва фароғати, ўзаро меҳр-оқибатлилик асосий пойдевор вазифасини бажаради.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz