Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Лаборатория фаолияти такомиллашмоқда

Лаборатория фаолияти такомиллашмоқда

Ўтган йили Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида қўлёзма китобларни реставрация қилиш лабораторияси фаолият бошлаганини хабар қилган эдик. Бугунги кунгача ушбу йўналишда аҳоли томонидан тақдим этилган қимматли қўлёзма китоблар ҳамда Марказ фондида сақланаётган ёзма манбалар изчил ўрганилиб, жами 300 дан ортиқ қўлёзма асарда консервация – чанг ва ғубордан эҳтиёткорлик билан қуруқ тозалаш, саҳифа бутлигини таъминлаш ишлари ва бошланғич профилактик чора-тадбирлар амалга оширилди.

Лаборатория ишини янада такомиллаштириш, шунингдек, қўлёзмалар бўлими ходимларининг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида Марказга Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат шарқшунослик институти реставрация лабораторияси етакчи мутахассиси Исломжон Раҳимов таклиф этилди.

Мутахассис бир неча кун давомида амалий-маърифий машғулотлар ўтказиб, қўлёзма асарларни реставрация қилиш бўйича назарий асослар, манбалар билан ишлашда эътибор қаратилиши зарур бўлган консервация талаблари, қоғоз тузилиши, ёзув хусусиятлари ва ранг моддалари хусусида атрофлича маълумотлар тақдим этди. Қўлёзмалардаги заифлашган қисмлар, намлик, ҳарорат ва бошқа омилларининг манба ҳолатига таъсири каби масалалар эътибор марказда бўлди.

Машғулотларда реставрация жараёнида қўлланадиган турли елимларни комил таркибда тайёрлаш бўйича батафсил кўрсатмалар берилди. Хусусан, моддаларнинг тўғри меъёри, уларнинг қоғозга таъсир даражаси, иш шароитига мос ҳолда тайёрлаш технологияси ва қўллаш соҳалари амалий мисоллар асосида намойиш этилди.

Муқовалари йўқолган ё шикастланган қўлёзмалар билан ишлаш бўйича алоҳида машғулот ўтилди. Исломжон Раҳимов янги муқова тайёрлаш тартиби, мавжуд муқова қисмларини тиклаш, асарнинг асл ҳолатини сақлаган ва мустаҳкамлаш ҳолда кемтикликни пардалаш технологияларини кўрсатиб берди. Жараёнда манба асллиги ва унинг илмий-тарихий қийматини сақлашнинг устуворлиги алоҳида таъкидланди.

Машғулотларнинг якуний қисмида реставрация жараёнидан ўтган китобларни тикиш ишлари амалий тарзда намойиш этилди. Турли формат ва тузилишдаги китобларга мос бўлган анъанавий ва замонавий тикиш усуллари, уларнинг хусусиятлари ва афзалликлари ҳақида тегишли маълумотлар берилди.

Раҳимовнинг маҳорат дарслари Марказда реставрация ишларини илмий-методик асосда ташкил этиш, ходимлар малакасини ошириш ва мустаҳкамлаш, шу билан бирга, нодир ёзма мерос намуналарини асраб-авайлаш соҳасидаги фаолиятни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилди. Тақдим этилган амалий кўрсатма, маълумот ва тавсиялар келгусида лаборатория ишини такомиллаштиришда, қўлёзмаларни юксак масъулият билан қайта тиклашда муҳим дастуриламал вазифасини бажаради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ҚОНУН УСТУН БЎЛСА,ЭЛ ОСОЙИШТА ЯШАЙДИ

Халқ орасида “Пойдевор мустаҳкам бўлса, уй тик туради, томи ҳам бутун бўлади” деган ҳақли гап …