“Имом Бухорий ва мусулмон оламидаги илм-фан (2025)” халқаро анжумани ўз ишини иккинчи кун ҳам қизғин илмий муҳокамалар билан давом эттирди.

Бу сафар “Ҳадис, тафсир ва ахлоқий мулоҳазалар”, “Замонавий тадқиқотлар, рақамли гуманитар илмлар ва институционал таълим” мавзуларида илмий сессиялар ўтказилди. Уларда Ўзбекистон ва Индонезия олимлари ва тадқиқотчилар иштирокида ҳадис ва тафсир илмларининг замонавий нафаси ва тенденциялари, уларни рақамли муҳитда тадқиқ этиш усуллари, ахлоқий-тарбиявий мазмун берадиган матнларни илмий таҳлил қилиш йўллари муҳокама қилинди.

Имом Бухорий асарларидаги маънавий қадриятларнинг бугунги таълим жараёнлари ва жамият ҳаётидаги аҳамияти, ислом илмларини ўқитишда рақамли технологиялардан янада унумли фойдаланиш имкониятлари, қўшма тадқиқотларни амалга оширишнинг долзарб масалалари иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Анжуманнинг якуний қисмида икки кунлик илмий мулоқот натижалари сарҳисоб қилиниб, илмий тавсиялар қабул қилинди. Шунингдек, истиқболда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Индонезиянинг илмий муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди ва муҳокама этилди.

Қатнашчилар ушбу халқаро форум ислом илмларини ривожлантириш, илм-фан ва маърифат борасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш йўлида янги илмий мулоқот ва ҳамкорлик майдонини яратганини эътироф этди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






