Home / АЛЛОМАЛАР / ШАРҚ ВА ҒАРБ ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАРИНИ ТУТАШТИРГАН МУТАФАККИРЛАР(2 қисм)

ШАРҚ ВА ҒАРБ ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАРИНИ ТУТАШТИРГАН МУТАФАККИРЛАР(2 қисм)

Бу мақолада Шарқни, хусусан, Ўрта Осиёни Ғарб билан туташтиришда илмий, маданий, маърифий ва маънавий соҳада ўзининг илмий кашфиётлари билан катта ҳисса қўшган барча алломалар ҳақида эмас, балки фақат Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Абу Наср Форобий ҳақида фикр юритдик. XI-XII асрларда Ўрта Осиёда фаннинг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатиб бу заминда цивилизацияни юзага келишига ўзининг ҳиссасини қўшган олимларнинг сони, айрим маълумотларда келтирилишича 300 дан ортиқ бўлган. Уларнинг барчасини ўз йўналишида фундаментал тарзда ўрганиш талаб этилади.

Хоразм Маъмун академиясида фаолият олиб борган ва уни Маҳмуд Ғазнавий тарқатиб юборганидан кейин бошқа мамлакатларга тарқалиб кетган хоразмлик мутафаккирларнинг илмий меросини Ғарблик ва Россиялик олимлар фундаментал тарзда ўрганган. Улар ҳам тарқоқ ҳолда, у ёки бу ҳудудда, бир марказ доирасида тадқиқот олиб борган.

Айни пайтда номлари у ёки бу манбаларда келтирилган, аммо уларнинг илмий, маданий, маърифий ва маънавий соҳада қўлга киритган илмий ютуқлари умуман ўрганилмай қолаётган алломаларимиз ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Айниқса, Ўзбекистонда ана шу алломаларнинг меросини ўрганиш талаб даражасида эмас десак адолатли бўлади. Ўрта Осиёда шаклланган биринчи Ренессанс ва унинг юзага келиши, унда амалга оширилган кашфиётларни фундаментал тарзда ўрганиш ҳамон ўлда-жўлда қолаётгани ачинарлидир. Бугун биз уларни фақат тилга олиш ва фахрланиш билан чегараланиб қолаяпмиз. Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар эса, океандан томчи холос.

Замон шиддат билан ўзгармоқда, инсониятнинг эҳтиёжини қондирадиган техника ва технологиялар юксак даражада ривожланди, шундай шароитда меросларни ўрганишга вақт ва маблағ сарфлаш керакми? деган фикрдаги инсонлар ҳам учраб туради. Шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, бугун илм-фан, маданият, маърифат ва маънавият соҳасида қўлга киритилган ва киритилаётган барча ютуғимизнинг заминида аждодларимизнинг бизга қолдирган мероси бор. Биз бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолаётган кўпгина манбалардан бехабар қолмоқдамиз. Уларни ўрганиш, таҳлил қилиш, тегишли илмий хулосалар ишлаб чиқиш ва оммалаштириш илм-фанимиз, маданиятимиз, маърифатимиз, маънавиятимизнинг бугуни ва истиқболи учун назарий ва амалий аҳамиятга эга.

Ўрта Осиёда юзага келган Иккинчи Ренессанс бўш жойда эмас, балки Биринчи Ренессанснинг таъсири катта бўлган ҳудудда юзага келди. Биринчи Ренессанс IX-XII асрлар оралиғида содир бўлган бўлса, ундан 2-2,5 асрдан кейин, яъни XIV-XVI асрларда Иккинчи Ренессанс юзага келди. Лекин орадаги вақтга қарамасдан уларнинг ўртасида ўзаро боғлиқлик борлигини кўриш мумкин. Биринчи Ренессанс даврида математика, астрономия, медицина, давлат бошқаруви ва бошқа соҳаларда қўлга киритилган кашфиётлар Иккинчи Ренессанснинг юзага келишига асос бўлган бўлса, уларни Иккинчи Ренессансни юзага келтирган мутафаккирлар ижодий ривожлантирди. Унда илм-фан, маданият, маърифат ва маънавият соҳасида жуда катта ютуқлар қўлга киритилди. Уларнинг барчаси учун Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек (1394-1449 йй.) ташкил этган академия илмий марказ бўлган эди.

Иккинчи Ренессанс даврида қўлга киритилган ютуқлар Ўрта Осиёни Ғарб билан туташтиришда муҳим омил бўлган эди. Хусусан, Иккинчи Ренессанс Амир Темур ва Темурийлар номи билан боғлиқ. Амир Темур (1336-1405)нинг хизматлари фақат Ўрта Осиёда Марказлашган давлат барпо этиши, кучли саркардалиги, йирик давлатни барпо этиши ва уни юксак маҳорат билан бошқаришигина эмас, шулар билан бир қаторда илм-фан, маданият, маърифат ва маънавиятни ривожлантиришида, Самарқандни ўз давлатининг марказига айлантириб, уни дунё цивилизацияси марказларидан бири сифатида ривожлантирганида ҳам намоён бўлган эди. У асос солган салтанатда илм-фан, маданият, маърифат ва маънавиятни ривожлантириш устувор мақсадлардан бири бўлган.

Амир Темурнинг Ўрта Осиёни ғарб билан туташтиришдаги хизматларини тахминан уч соҳага ажратиб ўрганиш мумкин:

Биринчиси, унинг кучли марказлашган давлатни ташкил қилиши ва уни маҳорат билан бошқариши. Мўғиллар босқинида эзилган халқнинг дардига дармон бўлиб, унинг қаддини кўтариб, руҳ бағишлаши. Давлатни бошқаришда адолатни ўрнатиши. Ўз мамлакати ва халқининг манфаати йўлида тўсиқ бўлган душманларга қарши олиб борган жангларда кўрсатган қаҳрамонлик ва маҳорати. Ғарбда унинг бундай фаолиятини тажриба мактаби сифатида эътироф этилгани.

Иккинчиси, Самарқандни илм-фан, маданият, маърифат ва маънавият гуллаб яшнаган шаҳар даражасида ривожлантириши. Ғарб мамлакатлари жумладан, Испания, Франция, Англия ва бошқа мамлакатлар билан турли соҳада алоқа ўрнатиб, ўз мамлакатини Ғарб мамлакатлари билан ҳамкорликда ривожланишидаги улкан хизматлари.

Учинчиси, Шарқнинг маданият ва маърифат соҳасида кўзга кўринган алломаларини Самарқандга тўплаши. Ўрта Осиёлик олимларга ўз фаолиятини олиб боришида ва бу заминда дунё цивилизациясига катта хизмат қиладиган алломаларнинг етишиб чиқишига хомийлик қилгани. Дунё илм-фани, маданияти, маърифати ва маънавияти соҳасида Темурийлар номини олган цивилизациянинг шаклланишида қилган хизматлари.

Амир Темурнинг иштироки ва кўрсатмаси асосида дунё маданиятининг дурдонасига айланган Самарқанд 600 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам халқимизнинг, қолаверса бутун дунё халқларининг маънан бойишига хизмат қилиб келмоқда. 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан Тошкентнинг “Туркистон” саройида унинг фаолияти ва хизматларига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий конференцияда (бу конференцияда камина ҳам иштирок этган эди) Эрондан келган профессорнинг Амир Темурга бағишлаб Ғарбда 1,5 мингта, Шарқда мингдан ортиқ турли йўналишдаги асарлар яратилгани ҳақида берган маълумотининг ўзи унинг қанчалик буюклигидан далолат беради. Афсуски, Ўзбекистонда буюк бобомиз ҳақида тўлиқ маълумот ҳалигача тўпланмаган.

Амир Темур ўз даврида яратган ва бизга қолдирган маданий ва маърифий мерос бугун ҳам Ўзбекистоннинг дунёдаги нуфузини мустаҳкамланишига Ғарб ва Шарқ халқларининг ўзаро ҳамкорлигининг ривожланишига ва маънан бойишига хизмат қилиб келмоқда. Амир Темурнинг невараси астроном, математик ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ва унинг сафдоши, улуғ шоир Алишер Навоий (1441-1501), Шарқ миниатюра мактабининг кўзга кўринган вакили Камолиддин Беҳзод (1455-1535) ва бошқа алломалар Марказий Осиёни Ғарб билан туташтиришга катта ҳисса қўшган. Хусусан, Улуғбек яратган астрономик жадвал 1646 йилдан бошлаб Англия, Франция, Белгия ва Европанинг бошқа мамлакатларида чоп этилди. Бу жадвал 1917 йилда АҚШда ҳам нашр этилди [3.413 б.]. Мирзо Улуғбек Ғарб ва Шарқ халқларининг фан, маданият ва маърифатини ҳамкорликда ривожланишига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган.

Шарқни, хусусан, Ўрта Осиёни Ғарб билан туташтиришда катта ҳисса қўшган алломалардан яна бири Алишер Навоийдир. У ўзининг шеърияти ва достонларида халқларнинг дўстлигини куйлайди ва эзгулик, инсонийлик ва бахтли ҳаётга эришиш орзуларини тараннум этади. “Унинг достонларининг қаҳрамонлари турли мамлакат, турли халқнинг вакилларидир: Ширин – арман қизи, Фарҳод – Чин ўғлони, эронлик Шопур, ҳинд Маъсуд, Лайли ва Мажнун араб элига мансуб, Искандар ва унинг маслаҳатчилари бўлмиш Аристотель, Буқрот, Суқрот кабилар юнонлардир” [3.19 б.]. Буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий яшаган давр жуда мураккаб бўлиб, тахт учун курашлар, давлатлараро муносабатлар чигаллашган, дунёнинг турли ҳудудларида катта-кичик урушлар давом этаётган давр эди. Алишер Навоий ана шундай мураккаб вазиятни юмшатиш, халқлар ва давлатларнинг ҳамкорликда ривожланиши учун ўз шеър ва достонларида дўстлик, ҳамкорлик ғояларини илгари сурди. Яъни у илм-фан, маданият ва маърифат орқали дунё ҳудудларини ўзаро туташтиришга салмоқли ҳисса қўшган аллома даражасида фаолият олиб борди.

Шарқни Ғарб билан туташтиришга катта ҳисса қўшган мутафаккирлардан яна бири Камолиддин Беҳзод эди. У Алишер Навоийнинг асарларидан баҳра олиб, ўз асарлари билан Шарқ миниатюра мактабининг асосчиси сифатида эътироф этилди. Камолиддин Беҳзод Шарқ халқларининг маънавий дунёси таъсирида улуғ рассом даражасига кўтарилди. У ўша даврда дунёда эътироф этилган Ғарбнинг кўзга кўринган рассомларининг асарларини ҳам синчиклаб ўрганди ва улардан ўз ижодида фойдаланди. У Шарқ ва Ғарб санъатини уйғунликда ўзлаштириб, уларни ўз асарларида акс эттирди ва дунёда “Шарқ Рафаэли” деган эътирофга сазовор бўлди. Яъни у бу билан дунёнинг энг йирик рассоми деб эътироф этилган Рафаэл даражасида Ғарб ва Шарқнинг туташишига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшди.

Ўлкамизда Шарқни, хусусан, Ўрта Осиёни Ғарб билан туташтиришга катта ҳисса қўшган фан, маданият, маърифат ва маънавият арбоблари кўплаб етишиб чиққан. Уларнинг ҳар бирининг хизматларини алоҳида ўрганиб чиқиш, фикр юритиш ва аҳамиятини кўрсатиш учун комплекс ва фундаментал тарзда ўрганиш талаб этилади. Чунки улар дунё халқларининг ўзлигидан ва бир-биридан бегоналашиши кучаяётган бугунги кунда амалий аҳамиятга эга. Дунё бепоён ва айни пайтда ниҳоятда “тор”, ана шу икки ҳолатни аниқ тасаввур этиб мазмун-моҳиятига тушуниб етсак бугун юзага келган глобал муаммоларнинг ечимини топиш, ягона куч сифатида ҳаракат қилиш имконияти юзага келади.

Ўрта Осиёда IX-XII ва XIV-XVI асрларда юзага келган икки уйғониш даврида фан, маданият, маърифат ва маънавият соҳасида қўлга киритилган ютуқларнинг ўша даврдаги тараққиётдан орқада қолиб келаётган Ғарбга, унинг уйғониш даврига ўтказган таъсири фанда аниқ маълумотлар асосида ўзининг исботини топган. Жумладан, ХХ асрнинг бошида яшаб ижод қилган рус шарқшунос файласуф олими Ольденбургнинг қуйидаги фикри бунинг исботидир: “Европанинг маънавият соҳасида шу кунгача қўлга киритган ютуқлари ўтмишда Шарқ маънавиятида кўтарилган камолот чўққисига нисбатан гўдак боланинг “чуғур-чуғури” даражасидадир” [10.34 б.]. Машҳур инглиз олимаси Хилда Хукхем эса Амир Темурнинг ва Ўрта Осиёнинг Ғарбнинг уйғонишига таъсирини қуйидагича таърифлайди: “Амир Темурнинг бешигини тебратган заминда, X-XI асрлардаёқ философия, тиббиёт, математика, астрономия, география, назм ва тарихнавислик борасида жаҳоншумул асарлар яратилган. Бу беқиёс илмий-маърифий тараққиёт Европа уйғониш даврига туртки берди ва Европа илм-фани камол топишига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди” [10.34 б.]. Бундай эътирофларни кўплаб келтириш мумкин. Гап уларда эмас, балки иккита уйғониш даврини босиб ўтган ва бу даврда илм-фан, маданият, маърифат ва маънавият соҳасида катта кашфиётлар ярата олган ва улар билан Европанинг уйғонишига ўзининг таъсирини ўтказган Ўрта Осиёнинг Европадан орқада қолиб кетишига нималар сабаб бўлганида.

Бунинг сабабини тадқиқотчилар турлича талқин қилмоқда. Уларнинг аксарият кўпчилиги Марказий Осиёнинг Европа тараққиёт даражасидан орқада қолиб кетишига асосий сабаб қилиб, Амир Темурнинг марказлашган давлатининг парчаланиб кетишини кўрсатмоқда. Бундай қарашларга эътирозимиз йўқ. Аммо нега қолоқликнинг бугунги кунгача давом этаётгани ҳақидаги илмий асосланган фундаментал ғоялар ҳалигача йўқ.

Шунинг учун ҳам биз бугун аждодларимизнинг бизга қолдирган илмий меросидан фақат фахрланиш ва ғурурланиш билан чекланиб қолмоқдамиз. Шу маънода ўтмишда Ўрта Осиё цивилизациясидан баҳра олган ва XXI аср цивилизациясининг марказига айланган Европа тажрибасининг қайси бирини амалиётда қўллашимиз мумкинлигига бағишланган умумлашган фундаментал ғояларни ишлаб чиқишга эҳтиёж кучайиб бормоқда.

Фойдаланилган адабиётлар
  1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 9-жилд. Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. 2005. 548-б.
  2. Е.Абромян. Цивилизация в XXI веке. Глобальные кризисы. Четвертое издание. М.: 2009. стр-24.
  3. Фалсафа қомусий луғат. Тошкент, “Шарқ”, 2004. 11-б.
  4. Ҳ.Бобаев, Т.Дўстжонов, С.Ҳасанов. “Авесто” – Шарқ халқларининг бебаҳо ёдгорлиги. Тошкент, 2004, 14-б.
  5. Авесто: Тарихий-адабий ёдгорлик (Н.Жўраев: таржимон А.Маҳкам). Тошкент, “Ғофур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи”, 2005, 32-б.
  6. Тоҳир Карим Миллий тафаккур тараққиётидан. Тошкент, “Чўлпон”, 2003, 33-б.
  7. Ш.И.Хаитов. Ўзбек философия тарихининг идеографик луғати. Тошкент, “Имом Бухорий халқаро маркази”, 2015, 34-б.
  8. О.Файзуллаев. Муҳаммад Ал-Хоразмий ва унинг илмий мероси. Тошкент, “Фан”, 1983, 36-б.
  9. А.Ахмедов. Муҳаммад Ал-Хоразмий. Тошкент, “OʻZBEKISTON”, 2011, 12-13-б.
  10. П.Шермуҳаммедов. Даҳонинг туғилиши ёҳуд Абу Райҳон Беруний қисмати. Илмий-маърифий қисса. Тошкент, 2009, 336-б.
  11. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, 9-жилд, 2005, 288-б.

 

Садулла ОТАМУРАТОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …