Манбаларда Бурҳониддин (Бурҳониддин вал милла – дин ва мусулмонларнинг далили, исботи. Ўрта асрларда исломий илмларда юксак даражага эришган алломаларни шундай ном билан аташган) Марғинонийнинг тўлиқ исми Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Фарғоний Рошидоний Марғиноний сифатида келтирилади. Унинг нисбасидан олимнинг ҳозирги Фарғона вилоятининг Риштон туманида таваллуд топганини кўриш мумкин. XIX аср охирида яшаб ўтган ҳанафий олими Абдулҳай Лакнавий Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ илмидан ташқари тафсир, ҳадис каби бошқа ислом илмлари бўйича ҳам етук олим эканини таъкидлайди [18:201].
Олимнинг туғилган санаси борасида манбаларда турлича маълумотлар учрайди. Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига оид тадқиқотларда кўпинча 515/1123 йил келтирилади [15:144-161-179]. Чунки Абу Тоҳирхўжанинг “Самария” асарида аллома 515/1123 йилда таваллуд топгани хусусида маълумот берилади. Аммо ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти шарқ қўлёзмалари хазинасида сақланаётган “Ал-Ҳидоя”нинг қадимий қўлёзма нусхасида ва Маҳмуд Афанди Ҳамзовийнинг “Мисбоҳуд дироя фи истилоҳил Ҳидоя” [12:4] асарида алломанинг таваллуд санаси 511/1118 йил деб кўрсатилган. Шунга кўра, ушбу маълумот, яъни нисбатан Бурҳониддин Марғиноний даврига яқинроқ даврга тегишли манбада 511/1118 йил дейилиши ҳақиқатга яқинроқ деб қабул қилинади [24].
Аллома яшаган муҳитни ҳис қилиш учун ушбу тахминий давр ҳам кифоя қилади. Шу боис, Бурҳониддин Марғиноний туғилган санани у ҳақдаги барча маълу-мотларга мос тушувчи давр оралиғи, яъни милодий XII асрнинг биринчи чораги деб белгилаш мақсадга мувофиқ.
Фақиҳнинг Рошидоний нисбаси Марғиноний нисбасидан олдин бўлишининг сабаби, бир томондан, алломанинг айнан ҳозирги Фарғона вилоятининг Риштон тумани ҳудудида туғилгани бўлса, иккинчидан эса, Ўрта асрларда Риштон Марғилондан кўра каттароқ шаҳар бўлгани учун олдин қайд этилган бўлиши ҳам мумкин [3:250].
Бурҳониддин Марғиноний дастлабки таълимни Риштон ва Марғилонда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандга кўчиб борган ва умрининг охиригача ўша ерда яшаган. Марғиноний ёшлигидан Қуръон [11] ни ёд олиб, ҳадисларни ўрганган.
У балоғат ёшига етганида мукаммал илмга эга бўлганига қарамай, устозлардан таълим олишни давом эттирган. 1149 йили Бурҳониддин Марғиноний ҳаж сафарига борди. “Китобул машойих” (“Шайхлар ҳақидаги китоб”) асарида у ўзи таълим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломани санаб ўтган. Бу рўйхатда Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафий (унинг исми Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Самарқандий. Ҳижрий 461 йилда Насаф шаҳрида таваллуд топган. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, “Имомус сақолайн” номи билан машҳур бўлган.), Абу Исҳоқ (ушбу ном (куня) билан ҳанафийликда уч нафар имом танилган. Бири Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад Хатиб Муҳаллабий. Иккинчиси, Абу Исҳоқ Навқадий. Охиргиси Иброҳим ибн Исмоил ибн Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Шис ибн Ҳакам Абу Исҳоқ Рукнул Ислом Саффор) Навқадий (тўлиқ исми Абу Исҳоқ Навқадий Муҳаммад ибн Мансур ибн Махлас Насафий бўлиб, Абу Жаъфар Ҳиндувонийдан (ваф. 362/973) илм олган. Самарқандда муфтий ва мударрис бўлган ва у ерда 434/1042 йил Рамазон ойида вафот этган), Жаъфар Ҳиндувоний (тўлиқ номи Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Балхий. Балхнинг Ҳиндувон маҳалласидан бўлган. Абу Ҳанифаи сағир ҳам дейилади. У 362/973 йил вафот этган) [27:322-323] каби ва бошқа олимларнинг номи бор.
Марғинонийнинг кейинчалик фиқҳга қизиқиши уйғониб, ҳаётининг асосий қисмини шу илмга бағишлади. Саъй-ҳаракати самараси натижасида у мусулмон дунёсига ноёб асарлар тақдим қилиб, “Шайхул ислом” ва “Имом” номлари билан танилди.
Бурҳониддин Марғиноний Қуръон, ҳадис илмларини мукаммал эгаллаб, фиқҳ – ислом ҳуқуқшунослиги борасида илмга эга бўлган ва бу соҳада кўплаб асар яратган, ислом фиқҳининг ривожланишига ҳисса қўшган, тавҳид илми билан шуғулланган фақиҳдир.
Марғиноний “Фиқҳ” йўналиши бўйича “Бидоятул мубтадий”, “Кифоятул мунтаҳий”, “Нашрул мазҳаб”, “Китабул мазид”, “Маносикул ҳаж”, “Мазид фи фуруъ ал-ҳанафий”, “Китабут тажнис вал-мазид” каби китоблар таълиф этган [26:25-26].
Ўрта аср шарқининг буюк фақиҳи “Ал-Ҳидоя”сининг ҳар бир китоб (бўлим)и ислом қонунчилигининг маълум бир соҳаси тавсифига бағишлаган. Олим маълум бир ҳуқуқий меъёрни қўллаб-қувватлайдиган манба сифатида Муҳаммад (с.а.в.), саҳобалар ва бошқа фақиҳлар, жумладан, мовароуннаҳрлик сафдошларидан далил келтиради.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида алломанинг бир қатор асарлари қўлёзма нусхалари мавжуд: “Мажма мухторотун навозил” ёки “Мухторотун навозил” деб ҳам аталади [23], “Бидоятул мубтади” (тартиб рақами 3895), “Ал-Ҳидоя фил-фиқҳ” – 11497 (4 нусха), “Ал-Кифоя фи шарҳул Ҳидоя” – 3618, “Ал-Ҳидоя фил фуру” – 11046 (33 нусха).
Ўз даврининг етук, кўзга кўринган уламолари “Фақиҳ”, “Қозихон” номи билан машҳур Ҳасан ибн Мансур, “Итобий” деб танилган Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар “Муҳит”, “Захира” китобининг муаллифи Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазиз имом ҳақида жуда илиқ фикрларни билдирган. Улардан аллома Анваршоҳ Кашмирий “Имомнинг фиқҳдаги мартабасига мингта фақиҳ етолмайди”, деган [14:16].
Бутун ислом оламига “Сияр аълом ан-нубало” асари билан танилган тарихчи имом Заҳабий айтади: “Аллома, Мовароуннаҳр олими Бурҳониддин Абулҳасан Али ибн Абу Бакр илм ўчоғи эди, Аллоҳ уни раҳмат қилсин. Имом ҳанафий мазҳабида мужтаҳидлардан олимларнинг эътироф этганидек, масалаларни истинбот (ҳукм чиқариш) қилишда, далилларни келтиришда устозларидан ўзиб кетган эди, айниқса “Ал-Ҳидоя” асарини ёзганидан кейин”.
Имом илм олишга жуда ташна эди, ўзи ҳақида шундай дейди: “Мен шерикларимдан илмни тўхтатмасдан, узлуксиз талаб қилганим учун ўзиб кетдим”. Устозлари ҳақида “Машойихатул фуқаҳо” номли асар ёзган, улар ҳанафий мазҳабидаги ўттизга яқин олимларни санаб ўтган эди.
Бурҳониддин Марғинонийнинг устозлари: Отаси Абу Бакр ибн Абдужалил, Бобоси Умар ибн Ҳабиб Абу Ҳафс қози имом (Имом Сарахсийнинг шогирди), Аҳмад ибн Абдуррашид ибн Ҳусайн Қавомиддин Бухорий, Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Моза Садр Саййид (фиқҳ илмини ўрганган), Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Лайс Насафий Самарқандий, Ҳасан ибн Али ибн Абдулазиз Марғиноний (“Сунани Термизий”дан таълим олган), Зиёд ибн Илёс Абумаъали Зоҳириддин (Фарғонадаги шайхлардан эди).
Марғиноний жуда кўп шогирд қолдирган, улар ўз даврида ҳанафий мазҳабининг уламолари бўлиб етишган. Шогирдлари сифатида ўғли Имодиддин Али ибн Абу Бакр Марғиноний, у “Ал-Фусулул Имодия” китобини ёзган, ўғли Умар Абу Ҳафс Низомиддин “Жавоҳирул фиқҳ” китоби соҳиби, ўғли Муҳаммад Жалолиддин Абул Фатҳ. Учалови ҳам отасидек олим бўлган. Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад Имодий, Ҳасан ибн Али ибн Ҳажжож [26:21-22], шунингдек, Шамсул аимма Кардарий (Марғинонийнинг хос шогирдларидан бўлиб, фақиҳлар орасида имомлар қуёши деган даражага эга бўлган. Унинг фатволари Усмонийлар давлатида жуда машҳур бўлганидан турклар “фиқҳ илмини тирилтирувчиси” деб ном берган. “Ал-Ҳидоя” асарини Бурҳониддин Марғинонийдан фақат Шамсул аимма Муҳаммад ибн Абдусаттор Кардарий нақл қилган) (1163-1244) ҳамда Бурҳонул ислом Зарнужий – “Таълимул мутааллим” (“Таълим олувчига илм бериш”) асари муаллифидир. Зарнужий 593/1196-97 йили ўз устози билан бир пайтда вафот этган [14:45]. Кафавий Шамсул аимма Кардарийни муқаллид ҳанафий фақиҳларининг учинчи табақасига киритган [13]. Булардан ҳам бошқа кўп шогирдларини зикр қилган.
Бурҳониддин Марғиноний асарларини ўрганишда иккита жиҳатга эътибор бериш мумкин:
Биринчиси, фақиҳнинг асарларида, хусусан, “Ал-Ҳидоя”да битилган шариат аҳкомлари аввалги буюк фақиҳлар фикрлари ва бошқаларнинг эътироз ва қўшилиши билан адолат мезони устида ёритилган. Унда кишининг дунёқарашини, фикр-мулоҳазасини ўткирлайдиган, масалага адолат кўзи билан қарашга ундайдиган ёрқин далил ва ҳужжатлар оят ва ҳадислар мисолида келтирилган.
Иккинчиси, Марғинонийнинг фиқҳий қараши ислом таълимотининг суннийлик ақидаси билан боғлиқ бўлиб, бугунги кундаги турли ихтилофларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Марғиноний фиқҳий қарашларидан ўрин олган “Аҳли илмлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат” (уларга итоат қилиш)”, “Мусулмонлар жамоаси билан бирга бўлиш”, “Муҳаммад (с.а.в.) умматига зид иш қилмаслик” каби тамойиллар аҳамиятини тасаввур қилиш қийин эмас.
Шунингдек, олим Зарнужий устозидан шундай мисраларни ривоят қилган:
“Бузғунчи олим катта фасоддир,
Унданда каттаси художўй жоҳил.
У иккиси оламлар узра фитна,
Динда улар этагин тутган кишига” [19:142].
Манбаларни ўрганиш жараёнида Марғинонийнинг юксак илмий даражага эга бўлиб, фақиҳ ва ўз даври алломаси сифатида танилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
Биринчидан, Бурҳониддин Марғиноний ўта истеъдодли ва юксак тафаккурли шахс сифатида, илм-фанга қизиқар эди. Тинимсиз изланиш, билим олиш, узилишга йўл қўймасдан давомий ўрганиш, унинг асосий фазилати эди. Илмга қизиқиш натижасида узоқ сафарларга ҳам йўл олиб, асосий фанларни ўзлаштиришга ҳаракат қилган.
Иккинчидан, у яшаган давр Шарқ Ренессанси (Уйғониш даври)нинг биринчи босқичи IХ-ХII асрлар, яъни Марказий Осиёда илм-фан гуркураб ривожланган, жамият тараққиёти учун фиқҳ илмига зарурат туғилган даврга тўғри келди. Шу сабабли фиқҳ илми бўйича у яратган асарлар, айниқса “Ал-Ҳидоя” китоби ушбу даврда тез-тез юзага келадиган янги муаммоларни ечишга қаратилган эди.
Учинчидан, у яшаган Қорахонийлар даврида сулоланинг тўғридан тўғри ҳимояси ва ташвиқоти соясида 300 га яқин йирик фақиҳлар мавжуд бўлиб, 150 дан кўпроқ ҳуқуқий асарлар, 20 та фатво тўпламлари ёзилган эди. Улардан 98 фоизи ҳанафий мазҳабига тегишли бўлган.
Марғиноний ва унинг авлодлари Қорахоний ҳукмдорлари билан дўстона муносабатда бўлиб, шайхул исломлик олий вазифасини бирин-кетин бажариб, моддий ва маънавий имтиёзлардан баҳраманд бўлиб яшашди. Давр Марғинонийга илмий ютуқларга эришиш учун қулай шароит яратиб берди.
Тўртинчидан, Марғинонийнинг Имом Абу Ҳанифа (699‑767) асос солган ҳанафий мазҳабига мансублиги ҳам унинг камолот даражасига кўтарилиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилди. Сабаби, Абу Ҳанифа шариатнинг уч асосий манбаси (Қуръон, суннат ва ижмо)дан кейин, тўртинчи асосий манба бўлмиш рационал (ақлий) манба, яъни қиёсга бошқа мазҳабларга нисбатан кўпроқ эътибор қаратгани билан ажралиб туради. Бу борада Абу Ҳанифадан ўзининг сўзи етиб келган [20:80]. Шунингдек, халқ ичида ёйилиб, улар ҳаётига сингиб кетган урф-одатлар ҳанафий мазҳабида ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишда қўшимча манба сифатида кенг кўламда қўлланади. Мазкур омиллар, айниқса, ҳанафий мазҳабининг раъй (шахсий фикр) ва қиёсга таянгани Бурҳониддин Марғинонийга ўз малакасини ошириб, ислом ҳуқуқи фалсафасининг туб моҳиятини англаш ва бу соҳада эркинлик билан фикр юритиш учун муносиб шароит яратиб берди.
Кўплаб тадқиқотчилар олимнинг Самарқанддаги (400 та Муҳаммад исмли фақиҳлар дафн этилган) “Турбатул Муҳаммадийин” қабристони (ана шу даврдаги уламолар вафот этган кишини бу ерга қўйиш учун 2 шартни жорий этган. Биринчи шарт – бу риҳлат қилган кишининг исми Муҳаммад, иккинчиси – мужтаҳид даражасига етган мукаммал олим бўлиши керак. Шу боис бу қабристон “Турбатул Муҳаммадийин”, яъни Муҳаммад исмли олимлар хоки абадий қўним топган маскан номини олган) яқинида дафн этилгани ҳақида хабар беради [21:1302].
Ўрганилган тадқиқот натижаларига кўра Бурҳониддин Марғиноний 593/1197 йили зулҳижжа ойининг 14 куни сешанбада вафот этган ва Самарқанддаги Чокардиза қабристонида дафн этилган деб қайд этиш мумкин.
Ҳозирги Марғилон шаҳрида имомнинг рамзий мақбара ёдгорлиги бунёд этилган. Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳаёти ва ижодига Ўзбекистонда алоҳида эътибор қаратилган. Унинг асарлари, уларда кўтарилган масалалар аҳамияти ва мавзулари ҳуқуқшунос, шарқшунос, тарихчи, филолог ва ёзувчилар томонидан ўрганилмоқда. 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонада – Марғиноний илмий марказида “Ислом ҳуқуқи мактаби”ни ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Ҳанафий мазҳабининг фиқҳ масалаларида асосий қўлланмасига айланган Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асари 1178 йили Самарқандда ёзилган. Бу асар бутун мусулмон оламида машҳур бўлиб кетди, мусулмон ҳуқуқи – фиқҳ бўйича энг аниқ, изчил ва мукаммал асар сифатида тан олинди [1:183].
“Ал-Ҳидоя”нинг матни ва қисқартмалари устидан фақиҳлар томонидан 60 дан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар ёзилган ва улар ушбу мазҳабнинг тарқалиши йўлида таъсирчан омил сифатида хизмат қилиб келган [20:1356].
“Фатовойи Қозихон”, “Ал-Ҳидоя”, “Муҳитус Сарахсий” каби асарларда аввал усулга оид қоидалар, кейин наводирга доир масалалар келтирилган. Албатта, фатво ва воқеотларнинг мартабаси усул ва наводирнинг мартабасидан қуйидир. Сабаби усул ва наводирлар мазҳаб соҳибларининг сўзларидир. Фатво ва воқеот каби асарлар эса уларнинг сўзлари асосида издош бўлган фақиҳлар ечим берган масалалардир [8:4-6].
Ушбу уч хилдаги фиқҳий асарларнинг уйғунлашувидан ҳанафий мазҳаби ташкил топган.
Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавийнинг “Катоибул аъломул ахёр фит- табақотил фуқаҳо ва машойих мазҳабун Нуъмон” (“Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳ ва шайхлар ҳақидаги китоб”) номли асарида келтирилишича, Бурҳониддин Марғиноний “Бидоятул мунтаҳий” асарининг сўзбошисида “Ал-Ҳидоя”нинг яратилиши хусусида шундай ёзган: “Марғиноний бир куни фиқҳ масалаларига бағишланган ҳажми унча катта бўлмаган, лекин мазмуни тўлиқ бўлган бир яхлит китоб зарур экани ҳақида фикр билдирди. Ироққа сафар қилганимда у ерда “Мухтасарул Қудурий” (“Қудурий қисқартмаси”)ни кўрдим. Бу пайтгача катта-кичик барча “Жомеъус сағир” (“Кичик тўплам”)дан фойдаланган эди. Шунда фиқҳга оид барча асарларни жамлаб, улардан энг зарур масалаларни олдим ва бу асарга “Бидоят ал-мунтаҳий” деб ном бердим. Кейинчалик бу асарга шарҳ ёзиб, уни “Кифоятул мунтаҳий” деб номладим” [22:214]. Шунингдек, Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий ҳам худди шу мазмундаги фикр [18:57] билан “Ал-Ҳидоя” асарини яратилишига оид маълумотларни қўллаб-қувватлайди.
Марғиноний ёзган тўрт жилдлик “Ал-Ҳидоя” китоби аҳли сунна йўналишида ҳанафий мазҳаби бўйича муҳим ва мукаммал ҳуқуқий кодекс сифатида 57 та китоб, юзлаб боб ва фаслдан таркиб топган бўлиб, мерос ҳуқуқидан ташқари, ислом ҳуқуқининг барча соҳаларини қамраб олади. Мерос ҳуқуқини ўз китобига киритмаганининг сабаби шундаки, Имом Аъзам Абу Ҳанифа мерос муаммоларини бир мустақил фан сифатида фиқҳ илмидан ажратиб, уни “Ал-Фароиз” деб атаган [1:191]. Қолаверса, Бурҳониддин Марғинонийнинг мерос илмига оид “Мажмуъул усмоний” асари ҳам мавжуд.
“Ал-Ҳидоя”нинг энг дастлабки таржимаси 1190/1776 йилда Бангола ҳокими Имодуд давла Масиволнинг топшириғи билан араб тилидан форс тилига мазкур шаҳар бош қозиси лавозимида бўлган Ғулом Яҳёхон Баҳорий, Мавлавий Тожуддин Банголий, Мир Муҳаммад Ҳусайн Эроний ва Мавлавий Шариатуллоҳ Самбҳалий томонидан амалга оширилган. Бу таржима “Ал-Ҳидоя” мутунул бидоя маъа таржимаи форсий” номи билан 1808 йилда Калкуттада нашр қилинган [14:31-32].
“Ал-Ҳидоя” бир неча асрлар давомида кўп мусулмон мамлакатларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам ҳуқуқшунослик бўйича энг асосий қўлланма ҳисобланиб, бу ерда 1917 йил инқилобидан, то 30-йилларгача шариат қозилари бекор қилиниб, совет суд тизими жорий қилингунга қадар амалда бўлган. Ҳозирги кунда ҳам ислом шариати асосида иш юритадиган мусулмон мамлакатлари ҳуқуқшунослигида бу асардан кенг фойдаланилади. “Ал-Ҳидоя”нинг 1893 йилда рус тилида қисқартирилган таржимаси Н.П.Гродеков томонидан нашр этилган (Хидоя. Комментарии мусульманского право. – Т., 1893. Т. I-IV. Асар 400 нусхада босилган бўлиб, “Туркистон ўлкасини” маъмурий жандарм бошқарув ишларидаги хизматчиларига мўлжаллангандир (“Туркестанские ведомости” 1893 г. 16 (28) июня), яъни Рус чоризмининг мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишни осонлаштириш мақсадларига бўйсундирилган бўлиб, русча таржима инглизча таржимасидек тўлиқ эмас, айрим қисмлари тўлиғича тушириб қолдирилган).
“Ал-Ҳидоя” бошқа фиқҳий манбалардан мантиқий ва мавзулар бўйича тартиблангани билан фарқ қилади. Бу ноёб ҳуқуқий қонунлар Марғиноний вафот этганидан кейин ҳам минг йил давомида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг иши олимлар томонидан чуқур ўрганилган ва кўп марта шарҳ ёзилган. Чунки унда муҳим ва долзарб муайян ҳаётий масалалар ҳал этилган бўлиб, ҳозиргача амалий қўлланма сифатида фойдаланилмоқда.
Алломанинг ушбу асари асосан Ўрта Осиёда, кейинроқ эса Шарқ ва Ғарбда кенг тарқалган. Форс, инглиз, рус [28:480] ва бошқа тилларга таржима қилиниб, ислом фиқҳи бўйича кўп китобларнинг вужудга келишида манба бўлиб хизмат қилган.
Мазкур асарнинг қўлда ёзилган 200 дан ортиқ нусхалари ҳозирги пайтда жаҳоннинг кўплаб фондларида сақланмоқда [25:203-209]. Бу асар ўша давр ҳуқуқшунослиги ва бой тарихга эга бўлган илмий меросни ўрганиш учун маълумотнома вазифасини ўтайди.
Марғиноний “Ал-Ҳидоя”да кўпинча аввал икки имом – Абу Юсуф ва Муҳаммад далилларини келтириб, сўнг Имом Аъзам далилини ёзган. Агар “Ал-Ҳидоя”да “китобда айтганки”, дейилса, Қудурий қасд қилинган бўлади.
Шайх Акмалуддин фикрига кўра, “Ал-Ҳидоя” соҳиби бу китобни ўн уч йил давомида тасниф қилган ва ўша муддатда доимо рўза тутиб юрган. Шу билан бирга, рўзадорлигини бировга билдирмасликка ҳаракат қилган. У кишининг зуҳди ва тақвоси туфайли китоби ҳаммага мақбул бўлган.
Бурҳониддин Марғиноний “Ал-Ҳидоя”да кўпинча ҳар бир фиқҳий ҳукмнинг далили ва таълили – ҳикматини ёки қайси фиқҳий қоидага биноан чиқарилганини айтиб кетган. Бу эса китоб қийматини оширган. Шу билан бирга, танқидчилар Имом Марғиноний “Ал-Ҳидоя”да келтирган ҳадис ва асарлар манбаси ва ровийси келтирилмаганини нуқсон сифатида зикр қилган. Бу таънага қарши иш олиб борган ҳанафий уламолардан имом Зайлаъий “Ал-Ҳидоя”да келтирилган ҳар бир ривоятнинг манбаси ва ровийсини топиб, “Насбур роя тахрийж аҳодисил Ҳидоя” деган китоб тасниф қилган. Бу китоб ҳам “Ал-Ҳидоя” каби шуҳрат топган.
Тадқиқотчилар ушбу китобга алоҳида эътибор берган. Ҳозирда баъзи мамлакатларда, жумладан, Ироқда “Ал-Ҳидоя”ни ёд олмаган одам фақиҳ ҳисобланмайди.
Олимлар “Ал-Ҳидоя”ни турли йўллар билан тадқиқ қилган. “Ал-Ҳидоя”га жуда кўп шарҳ ёзилган. Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун”да бу шарҳларнинг ўзига етиб келганларини беш саҳифага яқин ҳажмда санаб ўтган. Бадруддин Айнийнинг “Ал-Ҳидоя”га ёзган “Биноя” номли шарҳини таҳқиқ қилиб, чоп этишни йўлга қўйган замондош олим Амийн Солиҳ Шаъбон китобнинг қирқ иккита шарҳи рўйхатини келтирган.
Шофеий мазҳаби намояндалари ҳам “Ал-Ҳидоя” муаллифини, баъзи эътиборга эга бўлмаган ҳадислардан фойдаланган, деб танқид қилган. Лекин тадқиқотчилар, жумладан, Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий бундай ёндашувларга “Марғинонийнинг мақоми ва илмидан хабарсизлик сабаб бўлган”, деб таъкидлаган. Шайх Муҳйиддин Абдулқодир (ваф.775) ибн Муҳаммад Қураший Мисрий “Ал-Ҳидоя” китобида келтирилган ҳадисларни тахриж қилиб (ҳадислар матни тўғри ва ровийларининг ишонарли эканини исботлаб бериб) уни “Ал-Иноя би маърифати аҳодисил ҳидоя” деб атаган.
Шунингдек, шайх Алоуддин “Ал-Кифоя фи маърифати аҳодисил ҳидоя” номли китобида ва шайх Жамолуддин Абдулло ибн Юсуф Зайлаъий “Насбур роя ли аҳодисил ҳидоя” номли китобида мазкур ҳадисларнинг саҳиҳлигини кўрсатиб берган. Охирги асарни ибн Ҳажар Асқалоний қисқартириб, “Ад-Дироя фи мунтахаб аҳодисил ҳидоя” деб атаган.
“Ал-Ҳидоя” асарига ўз даври ва кейинги аср уламолари томонидан 50 га яқин шарҳлар ёзилган. Айрим олимлар “Ал-Ҳидоя” китобини мухтасар ҳолга келтириб тартиблаб чиққан.
Шунингдек, баъзи уламолар “Ал-Ҳидоя” китобида келган ҳадисларни тахриж қилиб, алоҳида китоб таълиф этган. Имом Абу Бакр ибн Али Ҳомилий Яманий (ваф.769) “Ал-Ҳидоя” китобининг матни “Бидоятул мубтадий” китобини назмий тарзда ёзиб, уни “Дурарул муҳтадий ва захрул муқтадий фи назми бидоятил мубтадий” деб номлаган. Абу Бакр ибн Али Ҳаддод Яманий (ваф.800) ушбу назмий асарга шарҳ ёзиб, уни “Сирожуз золам ва бадрут тамом шарҳид дурарил муҳтадий” деб номлаган.
“Ал-Ҳидоя – шарҳу бидоятил мубтадий” китобига ёзилган ушбу шарҳ, мухтасар ва назм китоблари “Ал-Ҳидоя” китобининг машҳур ва кўпчилик мурожаат қиладиган китоб эканига далилдир.
Ўрта осиёлик фақиҳларнинг ҳар бири ўз илмий услуби ва яшаган даври шароитига қараб ислом ҳуқуқи, айниқса, ҳанафий мазҳаби ривожи йўлида унутилмас хизмат қилиб, ўзларидан барҳаёт асар қолдирган. Улар орасида Бурҳониддин Марғиноний ёзган ҳуқуқий кодекс “Ал-Ҳидоя” ихчамлиги, мукаммаллиги, ҳанафий мазҳабини бошқа мазҳаблар билан қиёсий услубда ўрганиб, ҳар томонлама ёритгани учун ўзига хос катта назарий ва амалий аҳамият касб этади.
“Ал-Ҳидоя”нинг арабча матни 4 жилддан иборат бўлиб, унинг ҳар бир жилди шариат нуқтаи назаридан ибодат ва ижтимоий ҳаётдаги турли хил муаммоларнинг ҳуқуқий ечимига бағишланган [5:460].
Биринчи жилди 5 китобдан иборат бўлиб, таҳорат ва амалий ибодатлар намоз, рўза, закот ва ҳажга бағишланган. Бу жилд 47 боб ва 37 фаслдан иборат.
Иккинчи жилдга никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган болалар насабини аниқлаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар ва йўқолган буюмлар, шерикчилик шартлари, вақф ҳуқуқи каби масалалар киритилган. Бу жилд 60 та боб, 36 та фаслдан ташкил топган.
Учинчи жилд 14 та китобни ўз ичига олади. Булар: олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қози вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳликдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни сақлашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик (патронат), мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган. Бу жилдда 36 та боб, 37 та фасл мавжуд.
Тўртинчи жилдда эса, шафоат қилиш шартлари, меросни тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчиликка доир шартномалар, қурбонликка сўйиладиган жонлиқлар ҳақида, қурбонлик қилиш шартлари, шариатга зид келадиган ҳолатлар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар, овчилик, гаровга бериш ва олиш, жиноятлар, хун ҳақи тўлаш, васият каби ҳуқуқий масалалар ёритилган. Бу жилд 23 боб, 38 та фаслдан иборат.
“Ал-Ҳидоя” муаллифи муҳим ва мунозарали масалаларни ёритмоқчи бўлганда саҳобалар, мазҳаб асосчилари, фақиҳлар исми, жуғрофий ва тарихий жойлар, турли тоифа ва қабилалар номини зикр этади. Абдулҳай Лакнавий ўз муқаддимасида “Ал-Ҳидоя”нинг биринчи қисмида зикр этилган саҳоба ва тобеин исмлари 50 дан кўпроқ, тоифа ва уруғлар номи 12 та, жуғрофий ва тарихий жойлар номи 55 та эканини кўрсатиб, уларнинг ҳар бири ҳақида қисқача маълумот бериб ўтган. У Марғиноний асарида келган 90 дан ортиқ фақиҳ, имом, мужтаҳидлар, жумладан, машҳур саҳоба ва муҳаддислар исмини ҳамда уларга тегишли бўлган маълумотларни зикр этади. Шунга кўра, “Ал-Ҳидоя” муаллифининг иши қанчалик оғир ва кенг қамровли эканини тушуниш мумкин [6:622].
Ислом ҳуқуқи манбаларини ўрганишга бағишланган тадқиқотларда ислом ҳуқуқи манбаларини асосий ва ҳосила (қўшимча) манбаларга бўлиш ҳақидаги фикр кенг тарқалган. Асосий манбаларга одатда Қуръон, Муҳаммад (с.а.в.) суннати, ижмо ва қиёсни кўп тадқиқотчилар киритади. Қўшимча манбалар сифатида эса, истеҳсон, маслаҳатул мурсала, урф, истисҳоб, аввал ўтган умматлар шариати, саҳобалар йўли, қонун, фармон кабиларни кам тадқиқотчилар эътироф этади [9:44].
Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг назарий манбаларини қуйидагилар ташкил этади:
- Қуръон оятлари.
- Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадислар.
- Дастлабки тўрт халифа, саҳоба ва тобеинлар ривояти.
- Суннийликдаги тўрт мазҳаб асосчилари Абу Ханифа Нўъмон ибн Собит, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеий, Молик ибн Анас, Аҳмад иби Ҳанбалнинг асарлари ва фиқҳий қарашлари.
- Абу Ҳанифанинг шогирд ва сафдошларидан Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар ва бошқа фақиҳлар асарлари. Бурҳониддин Марғиноний “Ал-Ҳидоя” асарида сўнгги уч фақиҳ асарларига ҳавола қилади. Улар Абу Юсуф (Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳубайб фиқҳ илми соҳасида машҳур бўлиб, Абу Ханифанинг шогирди, “аҳли рай” мактаби асосчиларидан бўлган. Умрининг охиригача, яъни ҳижрий 183 йилгача – Ҳорун ар-Рашид давригача Бағдодда қозилар қозиси бўлган. Абу Юсуф ҳанафий мазҳаби бўйича биринчи бўлиб китоб ёзган ва ушбу мазҳабнинг тарқалишига сабабчи бўлган фақиҳдир. Унинг энг машҳур китоби “Китоб ал-хирож”дир), Имом Муҳаммад (Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Воҳид Абу Абдуллоҳ Шайбоний. Унинг отаси асли шомлик бўлган. Муҳаммад Куфада катта бўлган, аввал илмни Молик, Авзоий, Мусъар ва Сарийлардан олган. Сўнг Абу Ҳанифага шогирд бўлиб, фиқҳ илмини ўрганган. Грамматика, ҳисоб ва Қуръонда моҳир бўлган. Шофеий: “Мен Муҳаммаддан бир туяга юк бўлгудек илм олдим”, деган. “Шарҳ ал-муқаддима”да ёзилишича, Муҳаммад диний соҳада 990 та китоб ёзган. Муҳаммад Анас ибн Молик ҳузурида уч йил давомида 700 та ҳадисни ёд олган. Шогирдлари Абу Ҳафс Кабир, Аҳмад ибн Ҳафс, Абу Сулаймон Жузжоний, Мусо ибн Кусайр Розий, Муҳаммад ибн Самоа ва бошқалар. Муҳаммаднинг энг машҳур китоблари каторига “Мабсут”, “Жомеъус сағир”, “Жомеъул кабир”, “Сиярус сағир”, “Зиёдот”, “Китобул осор” каби асарлари киради) ва Имом Зуфар ҳисобланади (Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс Басрий, ҳижрий 110 йилда туғилиб, 158 йили Басрада вафот этган. Абу Ҳанифа уни ҳурматлаб: “Зуфар мени шогирдларим орасида қиёсга энг моҳиридир”, деган. Ҳасан ибн Зиёднинг айтишича, “Абу Ҳанифанинг мажлисларида энг пешқадам шогирд Зуфар эди”. Абу Қоимнинг таъкидлашича, Зуфар ишончли, омонатдор киши эди, Басрага кирганида (акасининг меросини олгани) шаҳар аҳолиси уни маҳкам ушлаб олиб, шаҳардан чиқиб кетишига қарши бўлган. Абу Довуд Тойининг ривоят қилишича, Зуфар Абу Юсуф билан фиқҳ борасида мунозаралар қилган, унинг тили бағоят фасоҳатли, равон бўлган. Кўпинча Абу Юсуф ушбу мунозараларда бироз ҳаяжонланиб қолган. Тарихчи Ибн Ҳалликон “Вафиётул аён” асарида ёзишича, Зуфар асли Исфаҳон шаҳридан бўлган. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аксорийнинг таъкидлашича, Зуфарга қозилик таклиф этилганда қабул қилмай бир қанча муддат беркиниб юрган. Шунда келиб уйини бузиб кетишган. Сўнг ўзи келиб уйини тузатган. Яна таклиф бўлган, Зуфар рад этган, келиб уйини яна вайрон қилишган. Аммо Зуфар таклифни қабул қилмаган. Бу ерда қозилик мансабини қабул қилмаслик бу касбни масъулияти катта бўлганидан эди).
“Ал-Ҳидоя” асарининг кенг кўламли назарий манбалари Марғинонийнинг кенг ва кўп қиррали истеъдод ҳамда илм эгаси эканини яққол кўрсатади.
Бурҳониддин Марғиноний “Ал-Ҳидоя” китобини ёзишда ўзига хос услуб яратди. Унинг ҳар бир ибораси қисқа ва мухтасар, фиқҳий ҳукмларни ифодаловчи жумлаларнинг ҳар бири бир умумий қоида шаклида берилади. Унинг иборалари мўъжаз, яъни қисқа ва сермазмун, сўзларининг таркиби пухта, нуқсонсиз бўлиб, сунъийликдан узоқ, у кўп зарурат сезмаса, синоним сўзлардан фойдаланмайди. Ҳашв ва завоидни (керак бўлмаган ортиқча сўзларни) ишлатмайди. Унинг ёзиш услуби “саҳли мумтаниъ” (осон, содда, лекин унингдек қилиб ёзиш мумкин эмас).
Муаллиф “Ал-Ҳидоя”ни ёзишда ўзига хос бўлган қисқа сўз, истилоҳ (атама) ва ихчам ибораларни ишлатади. Ушбу иборалар “Ал-Ҳидоя”га ёзилган шарҳ ва ҳошияларда муаллифлари томонидан белгилаб берилган. Мазкур манбаларга асосланиб, Ҳожи Халифа (Котиб Чалабий), Шайх Абдулҳақ Деҳлавий ва Абдулҳай Лакнавий ўз асарларида уларни изоҳлаб ўтган. Улардан айримлари қуйидагилардан иборат:
Муаллиф асарда “رضي الله عنه” (Ундан Аллоҳ рози бўлсин) деса, ўзини назарда тутган. Усмонийлар қозиси Абу Сууд айтади: “Ал-Ҳидоя” соҳиби қачон ўзининг сўзини келтирса, “قال العبد الضعيف عفا الله عنه” (Заиф банда, Аллоҳ уни афв қилсин, айтади), иборасини келтирган. Лекин вафотларидан сўнг баъзи шогирдлари бу иборани “قال رضي الله عنه” иборасига ўзгартирган” [10:322].
Демак, муаллиф манманлик шубҳага келишидан сақланиш учун ўзини биринчи шахсда зикр қилмаган. Камтарлик фақиҳ ва муҳаддисларнинг доимий одати бўлган.
Фақиҳ ўзи ихтиёр қилган мазҳаб далилларини энг сўнггида келтиради. Яна шундай доимий одатлардан бири, гарчи фақиҳларнинг сўзларини келтирганда, кўпинча биринчи бўлиб энг кучли сўзни келтирса, ихтилофли сўзларга далил келтирган вақтда охири келтирилган далил олдингисига жавоб ўрнида бўлиши учун энг кучли сўзнинг далилини охирида келтиради.
في ديارنا – (Бизнинг диёримизда) деганда, у Мовароуннаҳр шаҳарларини назарда тутади.
قال مشايخنا – (Бизнинг шайхларимиз, яъни устозларимиз дедилар)дан мурод, у Мовароуннаҳр (Бухоро, Самарқанд) олимларини назарда тутади.
Муаллиф “Фиқҳ” сўзи билан, ақлий далилни ифодалайди. Масалан,كذا الفقه فيه яъни ушбу масала ҳақида ақлий далил қуйидагидек… Муаллиф ўзини худбинликдан сақлаш мақсадида “мен” сўзини ўз фикрини билдиришда ишлатмаган.
Унинг одатларидан бири шундаки, назарида маъқул кўринган мазҳаб далилини асар охирида келтиради. Қозизода Румий лақаби билан машҳур бўлган Зайниддин Шайх Муҳаммад Афанди “Натоижул афкор” китобида ёзишича, муаллиф турли мавзулар учун далил келтириш жараёнида энг кучли далилни ҳаммасидан охирида келтиради. Бундан унинг мақсади охирги сўзни илгари зикр этилган матлаблар учун далил сифатида қўллашдир.
Муаллиф илгари зикр этилган оятга “бимо талавна” (тиловат қилганимизга биноан), ҳадисга “бимо ровайно” (ривоят қилганимизга биноан) ва илгари келтирилган ақлий, мантиқий далилга “бимо закарно” (зикр қилганимизга биноан) деган иборалар билан ишора қилади. Шунингдек, у “насс”, яъни оят ё ҳадис матнида келган иллат ёки сабабни текшириладиган масалани исботлаш учун мантиқий далил қилиб ишлатади. У кўпинча ақлий далилни, нақлий далилдан кейин келтиради. Туғилиши мумкин бўлган савол ё эътирозга эга, “фаин қийла казо, қулна казо” (агар бундай дейилса, бундай деб жавоб берамиз) ибораси билан жавоб қайтаради. У кўпинча, аввало, Абу Ҳанифа шогирдлари Абу Юсуф ва Шайбонийнинг қарашларини, сўнгра далилини келтиради, ундан кейин Абу Ҳанифанинг назарини зикр этиб, унинг далилини шундай изоҳлаб ўтади-ки, ҳар иккаласи учун жавоб бўлади. Муаллифнинг ёзиш услуби, у ишлатган ўзига хос ибора ва атамаларни яхши билиб олиш, “Ал-Ҳидоя”ни ўқиб, ундан фойдаланишга катта ёрдам беради.
Муаллиф “асл” деб айтса, бу билан Имом Муҳаммаднинг “Мабсут” асарини назарда тутган бўлади. “Мухтасар” ва “Китоб” лафзларини зикр қилганда эса, “Мухтасари Қудурий” асарини назарда тутади.
Кўрилаётган масала “Қудурий” ёки “Жомеъус сағир”нинг масаласи бўлса ёки “Ал-Бидоя”да зикр қилинган бўлса, “قال” (айтди) лафзини зикр қилади.
Қози Маҳмуд Айний айтади: “Ал-Ҳидоя” ҳақиқатда Муҳаммаднинг “Жомеъус сағир” ва Қудурийнинг “Мухтасарул Қудурий” асарларининг шарҳидир”.
“Мифтоҳус саодат”да қуйидагича келтирилади: “Бурҳониддин Марғиноний “Ҳар масаланинг аввалида агар у “Қудурий”нинг ёки “Жомеъус сағир”нинг масаласи бўлса ёки “Бидоя”да зикр қилинган бўлса, “قال” (айтди) лафзини зикр қилади. Агар юқоридагилардан бошқа асарларда зикр қилинган бўлса, “قال” (айтди) лафзини зикр қилмайди” [2:248].
Агар муаллиф “бу ҳадис фалон маънода” деса, ҳадис имомлари томонидан якдил хулосага келинганига ишора қилади. Агар “биз уни шу маънода деб ҳисоблаймиз”, деса, ҳадис имомлари эмас, балки фақиҳнинг ўзи ушбу хулосага келганини тушуниш мумкин.
Агар “фалончига кўра”, деса, унинг мазҳабини назарда тутган бўлади. “Фалончидан” деса, ундан қилинган ривоят назарда тутилади.
“Насс” сўзидан Қуръон оятлари ёки ҳадисларни назарда тутади.
“Зоҳир ар-ривоя”дан мақсад Имом Муҳаммаднинг олти китоби, “Мабсут” (бу китоб “Асл” деб ҳам аталади), “Зиёдот”, “Жомеъул кабир”, “Жомеъус сағир”, “Сиярул кабир” ва “Сиярус сағир” асарларидир.
“Ал-Ҳидоя”да қиёс сўзи ўз жойига қараб икки хил маънода ишлатилган. Биринчиси, нассда келмаган масалани нассда келган масалага таққослаш ва унга бунинг ҳукмини бериш. Иккинчиси, шариатда жорий бўлган умумий-куллий қоидалардадир.
“Ал-Ҳидоя” асарида истеҳсон умумий-куллий қоидалари тарк қилиниб, масаланинг кўпчилик илғамайдиган нозик жиҳати эътиборга олинган. Бундан мақсад одамлар учун осонлик яратишдир. Бу хусусда “Усул ал-фиқҳ” китобида батафсил маълумот мавжуд.
“Ал-Ҳидоя” китобининг яна бир хусусияти шундан иборатки, унда “Илмул хилоф” орқали белгилаб берилган қоидалар кенг кўламда назарда тутилади. Чунки Марғиноний ушбу фан соҳасида ҳам мутахассис ҳисобланган.
“Илмул хилоф” фанига биринчи бўлиб асос солган аллома Абу Зайд Дабусий эди [16:26]. Бурҳониддин Марғиноний “Ал-Ҳидоя”да ҳуқуқий муаммоларни ечиш жараёнида фақат асосий мазҳабларга эмас, балки зоҳирий ва авзоий мазҳабларига доир фикр-мулоҳазаларни ҳам ўрни келганда текшириб ўтади ва ҳар бири ҳақида ўз нуқтаи назарини билдиради. Ушбу нуқтаи назардан қараганда “Ал-Ҳидоя” “Илмул хилоф”ни кенг кўламда ўрганиш учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Айни ҳолда унга охирги даврда янги бир фан сифатида юзага келган “қиёсий ҳуқуқ”нинг ўзига хос бир шакли деб қараш мумкин.
Марғиноний фиқҳий нуқтаи назардан, ҳуқуқий масалаларни изоҳлаш жараёнида, уларнинг машруъ (қонуний) ёки номашруъ (ғайриқонуний) эканини нақлий далиллардан кейин ақлий далиллар билан ёритиб ўтади. Шунинг учун “Ал-Ҳидоя” ислом ҳуқуқи фалсафаси ва кейинги даврларда кенг ривожланган “ҳуқуқ фалсафаси” фанининг манбаларидан бири деб қабул қилинган [4:31].
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асари инсон ҳаётининг шахсий, ижтимоий, ахлоқий, иқтисодий, маънавий, маданий ва бошқа барча жабҳаларига алоқадор бўлган жиҳатларни қамраб олган ва уларни муайян ҳуқуқий меъёрлар, қонун ва қоидаларда изчиллик билан акс эттирган мукаммал китобдир. Асарнинг умумий ҳажми қўлёзма нусхаларида унинг ўлчамига қараб 500-600 варақни ташкил этса, замонавий босма нусхалари 1090 бетни ташкил этади. “Ал-Ҳидоя” асари турдош асарлардан ўзининг тузилиши, мавзуларнинг изчил тартибда жойлаштирилиши, таъбир шакллари ва хос баён услуби билан ажралиб туради.
- Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги, ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2002.
- Аҳмад ибн Мустафо Тошкубризода. Мифтохус саъода ва масобихис сийода. 11 жилдли. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-ҳадисия, 1995. – Ж. 9.
- Бартольд В.В. История Туркестана // Бартольд В.В. Соб.соч. в 9 т. Т. II. Ч.I. – М., 1963.
- Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя шарҳ бидоятил мубтади. Ибодат қисми. Биринчи жилд. / Таржима ва муаллифлари: А.Қамбаров, А.Икромжонов ва И.Бекмирзаев. – Т.: Ҳилол-нашр,
- Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя шарҳи бидоятил мубтадий. – Макка: Мустафо Аҳмад Боз, 1994. – Ж. 1-2.
- Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя шарҳи бидоятил мубтадий. – Макка: Мустафо Аҳмад Боз, 1994. – Ж. 3-4.
- Жўзжоний А.Ш., Юсупова Н.Ж. Бурҳониддин Марғиноний: ҳаёти ва илмий мероси. – Т.: Академия, 2007.
- Зайнуддин Қосим ибн Қутлубғо. Тожут тарожим фит табақотил ҳанафия. – Бағдод: Матбаъул ъоний, 1962.
- Зуҳайлий Ваҳба. Алфиқҳул исломий ва адиллатуҳ. 8жилд. – Байрут.: Дор алкутуб алилмия, 1984.
-
Kavakci Y.Z. XI ve XII asirlarda Karahalilar devrinde ma vara’ al-Nahr islom hukukculari. – Аnkara: Sevinc matbaasi, 1976. – XXIV.
-
Манно Қаттон. (Мабоҳис фи улум ил Қуръан). – Байрут, 1980; Васильев А. Учение Корана и Мухаммеданского предания о боге и предопределении. – Казань, 1987. – С.7; Мусульманское право / Первод с французского С.И.Волка. Под ред. и с предис. Е.А.Беляева. – М., 1959. – С.19; Сюкияиннен Л.Р. Мусульманское право (структура и основные институты). – М.: Институт государства и право АН СССР, 1981.
-
Маҳмуд Афанди Ҳамзовий. Мисбоҳуд дироя фи истилоҳил Ҳидоя. – Дамашқ: Маориф, 1303.
-
Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Мунтаҳаб аъломул ахёр фит-табақот ҳанафий ал-мухтор”. – Т.: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фонди // Қўлёзма № 91. – Б. 98 б, 155 а.
-
Маҳмуд Ҳасаний. Ал-Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асари ва унга ёзилган шарҳлар. – Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2000.
-
Маънавият юлдузлари: (Марказий Осиёлик машҳур сиймолар, алломалар, адиблар) // Тўпловчи ва масъул муҳаррир: М.М.Хайруллаев. / – Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти., 2001. – Б. 144; Ислом ҳуқуқшунослиги (Фиқҳ): ўқув қўлланма. / Ж.Тошқулов ва бошқ. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2014. – Б. 161; Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. (фиқҳ фанидан ўқув қўлланма) / Ҳ.Аминов ва бошқ. – Т.: Мовароуннаҳр, 2017. – Б. 179.
-
Мўминов А.Қ. Ҳанафий уламоларининг марказий Мовароуннаҳр шаҳарлари ҳаётида тутган ўрни ва роли (II-VII/VIII-ХIII асрлар). Тарих фан. докт. дис. автореф. – Т.: ТИУ, 2003.
-
Мустафо ибн Абдуллоҳ Румий. Ал-ҳадис ҳанафий аш-шаҳир би Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун ъан асмоъул кутуб вал-фунун. 2 жилдли. – Макка: Мактабатул файласалия, 1981. Ж. 2.
-
Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожим ал-ҳанафия / Аҳмад аз-Заъбий таҳрири остида. 1-нашри. – Байрут: Дорул Арқам ибн ал-Арқам, 1418/1998.
-
Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фавоидул баҳия фи тарожимул ҳанафия / Саййид Муҳаммад Бадруддин таҳрири остида. 1-нашри. – Қоҳира: Матбаатус саодат, 1324/1906.
-
Саймарий. Ахбору Абий Ҳанифата ва асҳобуҳу. – С.10; Маккий. Маноқибу Абий Ҳанифата.
-
Хайруддин Зириклий. Ал-Аълом: Қомус тарожим ли шуҳурир рижол ван нисо минал араб вал мусташриқин. 10 жилдли. – Қоҳира: Дорул илм лил малайин, 1998. – Ж.2.
-
ЎзР ФА Абу РАйҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. Инв. № 2929, 214.
-
ЎзР ФА ШИ Қўлёзмалар хазинаси, инв. № 4624, № 5748.
-
Қориев О. Ал-Марғиноний – машҳур фиқҳшунос. – Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2000. – Б. 20; Лыкошин Н.С. Автор Хидаи // Туркестанские ведемости. 1907. № 106. – С. 64.
-
Қориев О.А. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. – Т.: Фан, 2009.
-
Қориев О. Ал-Марғиноний – машҳур фиқҳшунос. – Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2000.
-
Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. (фиқҳ фанидан ўқув қўлланма) / Ҳ.Аминов ва бошқ. – Т.: Мовароуннаҳр, 2017.
-
Хидоя. Комментарии мусульманского право. Отв. Ред. и авт. Вступ. Статьи и комментарий А.Саидов. – Т.: Узбекистан, 1994.