Ҳадиснавислик ривожланиб, ҳадис тўпламлари туркумларга, йўналишларга бўлингач, Қуръон ҳақида шунингдек, сура ва оятлар фазилатига бағишланган «Фазоилул Қуръон» йўналишида кўплаб асарлар тасниф қилинган. X-XI асрларда яшаган буюк ватандошимиз Абу Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий Насафий (961-1041) [5:123] кўп қиррали олим сифатида аввалги уламолар анъанаси давом эттириб, бу соҳада ҳам ижод қилди ва «Фазоилул Қуръон» асарини мерос қолдирди.
Имом Шамсиддин Заҳабий: «У Мовароуннаҳрнинг ўз давридаги муҳаддиси эди», [3/17:565] деб таъкидлаган. Имом Бохарзий алломани: «У Насаф имоми, хатиби ва муфтийси бўлган. У ерда унга ўхшашини топа олмайсиз», [4:74] деб тарифлаган.
Мустағфирий ҳақидаги илк маълумотлар Самъоний, Суютий асарларида ва бошқа табақот китобларида учрайди. Замонавий адабиётлар бўйича эса У.Уватовнинг китобидан [5:123-126] фойдаланиш мумкин. Бу манбаларда келтирилган маълумотлар умумий бўлиб, Мустағфирий шахсияти ва илмий фаолияти ҳақидадир. Унинг «Фазоилул Қуръон» асари ҳақида батафсилроқ танишиш учун замонавий араб ва турк адабиётига мурожаат қилиш керак. Ушбу мақолада мазкур асардаги ҳадислар ва улар атрофидаги маълумотларни ёзиш усуллари таҳлил қилинди.
Ушбу мақола умумқабул қилинган методлар, қиёсий-мантиқий таҳлил, кетма-кетлик тамойиллари асосида ёритилган.
Мустағфирий ҳадисларни ривоят қилар экан, китобида илк бор зикр қилинган ровийнинг аниқ исмини қайд этган. Кейинроқ ўша ровийдан олган бошқа ҳадисни зикр қилгач, унинг исмини қисқартириб, машҳур номини қўйган. Лекин биринчи марта ёзиб олган жойи билан кейинроқ ёзиб олган жойи ўртасида кўплаб ҳадисларни зикр қилган бўлса, бу ҳолда ўша ровийнинг исмини тўлиқ айтиб, уни бошқа ровийлар билан чалкаштириб юборишнинг олдини олган ва осон тан олинишини таъминлаган. Мустағфирий ўз асарларида баъзи ровийлар учун қўллаган бу усулни у ривоят қилган ҳадисларнинг нисбатини кенгайтирмаслик учун тафсир қилиш мумкин. Дарҳақиқат, унинг кўплаб асарлар ёзганини ва ўзи яшаган давр шароитини ҳисобга олсак, у ёзув материалларини тежаш ёки баъзи тушунмовчиликлардан қочиш учун бу усулдан фойдаланган бўлиши мумкин. Қолаверса, буюк муҳаддислар бир хил ҳадисни такрорлашдан сақланганидек, Мустағфирий ҳам зарурат бўлмаса, ўша маълумотни яна зикр қилишни истамайди, деган фикрни айтиш мумкин.
Санадда ровий исмининг берилиши. Ровийлар исмининг қисқартмаси.
– 1أخبرنا أبو محمد عبد الله بن محمد بن زر ، أخْبَرَنا محمد بن صالح ، حَدَّثَنا أبو كريب ، حَدَّثَنا المحاربي عن سفيان عن واقد عن زاذان قال : من تعلم القرآن يأكل به جاء يوم القيامة ووجهه عظم ليس عليه لحم
– 2أخبرنا عبد الله بن محمد بن زر ، أخْبَرَنا محمد بن صالح ، حَدَّثَنا أبو كريب ، حَدَّثَنا المحاربي عن جويبر عن الضحاك قال : قال عمر رضوان الله عليه : تعلموا كتاب الله تعالى وسلوا الله به قبل أن يأتي أقوام يتعلمونه يسألون به الناس يتخذونه مأكله وزاملة يحقبونه خلف الرحال
3- أخبرني الشيخ أبو محمد عبد الله بن محمد بن زر الرازي حدثنا الحسين بن الحسن العطاري حدثنا ابن الأشعث حدثنا حزم قال : سمعت أبا عمران الجوني يقول : بلغنا أن النبي صلى الله عليه وسلم قال : اقرؤوا سورة هود يوم الجمعة
Келтирилган уч мисолда ҳам юқорида айтиб ўтган фикрларни яққол кўриш мумкин. Дарҳақиқат, Мустағфирий биринчи ҳадисда [4:138] устози Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Зир исмини зикр қилади. Иккинчи ҳадисда Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Зир [4:139], деб қисқартириб келтирган. Кейингисида Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Зир, деб биринчи мисолдагидек ровийнинг исмини тўлиқ [4/2:557] кўрсатади.
Яна бир мисол: Мустағфирий Абу Али Зоҳир ибн Аҳмаддан сабоқ олган [3/16:478] ва асарида кўп ўринларда тилга олган. У баъзи ўринларда Аҳмад исмини қисқартириб, Шайх Абу Али деб [4:392] ёзади. Унинг асарларида бундай мисолларни кўп учратиш мумкин.
Ҳадисларнинг фарқли санадлари баёни. Унинг асарлари билан танишиш жараёнида Мустағфирий китобларининг манбаларини икки қисмга бўлиш мумкин:
Устозларидан ўрганган ҳадислари.
Ёзма манбалардан олиб киритганлари.
Унинг «Фазоилул Қуръон» ва «Далоилун нубувва» асарида қайд этилган бобларда мавзуга оид бир хил ҳадисларни учратиш мумкин. У ҳадиснинг турли туруқларини лафз жиҳатидан бирлаштирган. Бу ҳолат Мустағфирийнинг яна бир жиҳатини ҳам очиб беради. Бу нисбат билими ва унга берган аҳамиятидир. Дарҳақиқат, у ҳадисларнинг бир қисмини ёзма манбалардан олган бўлсада, барча ривоятларнинг, жумладан, мавзу ҳадисларнинг иснодларини айтиб ўтишни ҳам эътибордан четда қолдирмаган.
Бу ерда Мустағфирий, одатда, бир ҳадиснинг бир неча вариантини аниқлаб, баъзиларини жамлаган ҳолда қайд қилиб, тўхталиб ўтади. Табиийки, ривоятлардаги тафовутларни аниқлаш учун санад илмига эга бўлиш зарур. Қолаверса, муҳаддис ўз асарини ёзиш чоғида ёзма манбаларга мурожаат қилган бўлсада, ҳадисларни ривоятлари билан бирга ёдлаб, ҳофизлик даражасига эришгани, ҳадисларнинг турли бўлимларини бир ўринда зикр этишни жуда осон қилгани шубҳасиздир. Мустағфирий баъзан ўзи ёзган мавзуда ўзи билган барча ривоятларни айтиб ўтишга ҳаракат қилган. Ушбу масала бўйича танланган қуйидаги мисоллар мавзуни тушунтириш учун етарлидир:
«Қуръонни восита қилиб пул топадиганларга таҳдид ҳақидаги боб»да бир хил маънони ифодалаган, аммо турли санад ва лафзлар билан етказилган тўртта ҳадисни бирин-кетин зикр қилади [4:135-136].
Мустағфирий асос қилиб олган бу усул унинг асарларини бошидан охиригача бўлиб, ҳадис илмидаги теран китоб эканини очиб беради.
Мутобаа ва шоҳид ривоятларни бир ерда айтиш. Мустағфирий ўзи ривоят қилган ҳадисларнинг турли тоифаларини бир жойга йиғишдан ташқари, бир қанча мутобаат ва шоҳид хабарларни ҳам тўплаган. «Мутобаа» сўзи луғатда «мувофиқлик» маъносини билдиради.
Мутобаа – ровийнинг бир ҳадисни ривоят қилишда бошқа ровийга шерик бўлиб келишидир. Мутобаанинг икки тури бор:
Тўлиқ мутобаа – унда ровий ўзидан бошқа ровийга исноднинг аввалидан шерик бўлади.
Қисқа мутобаа – унда ровий ўзидан бошқа ровийга исноднинг давомида, қайсидир бир жойида шерик бўлади.
Мутобаа ва шоҳид атамалари ўртасида тафовут бор-йўқлиги ва қандай фарқ экани борасида ихтилоф бор. Эътибор натижасида топилган ҳадис[1] таъриф жиҳатидан мутобаа билан бир хил бўлса, мутобаа маъно жиҳатдан унга ўхшаш бўлади, деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Абдуллоҳ Ойдинли мутобаани бир ҳадиснинг лафзи ёки маъносига мувофиқ бошқа бир ҳадисни олдинги ровийдан бошқа шахс томонидан, худди шу санад билан тўлиқ ёки қисман ривоят қилиш» [1:228-230], деб таърифлаган.
Мустағфирий асарларида ҳар иккисининг мисолларини кўп учратиш мумкин. Шунинг учун бу ерда юқорида қайд этилган таърифдан келиб чиқиб, Мустағфирий ўз асарларида бирлаштирган мутобаа ва шоҳид ривоятларидан айримлари мисол тариқасида келтирилди:
– أخبرنا أحمد بن يعقوب ، حَدَّثَنا الطرخاني ، حَدَّثَنا أحمد بن زهير ثنا ابن الأصبهاني ، حَدَّثَنا شريك ، عَن أبي اليقظان عن زاذان عن عليم قال : كنت مع عبس الغفاري على سطح له فرأى قوما يتحملون من الطاعون فقال : ياطاعون خذني فقال له ابن عم له ذو صحبة لم تتمنى الموت وقد سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول : لا يتمنين الموت أحدكم فإنه عند انقطاع عمله قال : إني سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول : بادروا بالعمل خصالا ستا إمرة السفهاء وكثرة الشرط وبيع الحكم وقطيعة الرحم وذكر مثل حديث عبد الوهاب بن نجدة.
Мустагфирий → Аҳмад ибн Ёқуб → Тархоний → Аҳмад ибн Зуҳайр → Ибн Асбаҳоний → Шарик → Абу Яқзон (Усмон ибн Умайр Бажалий) → Зозон → Улаймдан ривоят қилинади: Биз Абс Ғифорийнинг айвонида эдик. У вабодан қочиб кетаётган бир гуруҳ одамларни кўриб: «Эй вабо, мени ол!» деди. Шунда саҳоба амакиваччаси: «Нега ўлимни орзу қиляпсиз? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: «Сизлардан ҳеч бирингиз ўлимни орзу қилмасин, чунки ундан сўнг, амал тўхтайди». Мен яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мана шу олти нарса келмасидан олдин амал қилишга шошилинглар; «Аҳмоқларнинг ҳукмдор бўлиши, зобитларнинг кўпайиши, ҳукмнинг сотилиши, силаи раҳмнинг узилиши», деганларини эшитганман деб, Абдулваҳҳоб ибн Нажданинг ҳадисга ўхшаш ҳадисни айтиб берди».
– أخبرنا أبو بكر أحمد بن محمد بن إسماعيل ، حَدَّثَنا أبو مطيع مكحول بن الفضل ، حَدَّثَنا محمد بن حاتم الطالقاني ، أخْبَرَنا بشير بن الوليد ، عَن أبي يوسف عن ليث بن أبي سليم عن عثمان عن زاذان عن عابس الغفاري أنه نظر إلى ناس يفرون من الطاعون فقال : ياطاعون خذني ياطاعون خذني فقال له ابن عم له — وكانت له صحبة — : لم تتمنى الموت وقد سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول : لا يتمنى أحدكم الموت فإنه انقطاع عمله ، ولاَ يرد فيستعتب فقال : إني أخاف ستا سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يتخوفهن على أمته : إمارة السفهاء وكثرة الشرط وبيع الحكم وقطيعة الرحم والاستخفاف بالدم ونشأ يتخذون القرآن مزامير يقدمون أحدهم ليس بأفضلهم في الدين ولكن يقدمونه ليغنيهم به غناء.
Мустағфирий → Абу Бакр ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил → Абу Мути Макҳул ибн Фазл → Муҳаммад ибн Ҳатим Толиқоний → Башир ибн Валид → Шарик → Абу Юсуф → Лайс ибн Абу Сулайм → Усмон (Абу Яқзон Усмон ибн Умайр Бажалий) → Зозондан ривоят қилинади: Абс Ғифорий вабодан қочаётган одамларни кўриб: «Эй вабо, мени ол! Эй вабо, мени ол!» деди. Шунда унинг саҳоба амакиваччаси деди: «Нега ўлимни орзу қиласиз? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: «Сизлардан ҳеч бирингиз ўлимни орзу қилмасин, чунки бу билан унинг амаллари тўхтайди, (ёмонликларидан) қайтиб, розиликни топа олмайди». Мен яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган, уммати учун хавф қилган олти нарсадан қўрқаман: «Аҳмоқларнинг ҳукмдор бўлиши, зобитларнинг кўпайиши, ҳукмнинг сотилиши, силаи раҳмнинг узилиши, қонни ҳурмат қилмаслик (бировнинг жонига қасд қилиш), Қуръонни қўшиқ қилиб ўқиш, динда афзали бўлмаган биттаси (имом бўлиб) олдинга ўтади, оҳангга солиб ўқигани учунгина олдинга ўтади», дедилар».
Бу ҳадисни Мусо Жуҳаний Абу Абдуллоҳ Зазон орқали ҳам ривоят қилган. Унинг ривоятида Абу Яқзон Усмон ибн Умайр Бажалийга мутобаат қилди ва Зозондан ҳадис ривоят қилиб, уни қувватлади. Чунки Абу Яқзон бу ривояти билан фард бўлган (ёлғиз қолган) эди. Бундан ташқари, Мусо ишончли ровийдир. Шунга кўра, Абу Яқзон ривоят қилган ҳадис ва унинг ривояти мутабаа алайҳ, Мусо Жуҳаний ривоят қилган ҳадис эса мутобе ёки тобедир.
Шоҳид ривоятлари.
– أخبرنا عبد الرحمن بن أحمد الزهري أخبرنا إسماعيل بن محمد حدثنا إبراهيم بن معاوية بن جبلة البصري حدثنا أبو الوليد الطيالسي حدثنا مبارك بن فضالة عن ثابت عن أنس أن رجلا قال : يا رسول الله – عليه السلام – إني أحب هذه السورة {قل هو الله أحد} قال : حبك إياها أدخلك الجنة.
Мустағфирий → Абдурраҳмон ибн Аҳмад аз-Зуҳрий → Исмоил ибн Муҳаммад → Иброҳим ибн Муовия Басрий → Абу Валид Таёлисий → Муборак ибн Фазола → Собит → Анасдан ривоят қилинади: «Бир киши айтди: «Эй Расулуллоҳ, бу сура, яъни «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни яхши кўраман», деди. У зот: «Уни яхши кўришинг сени жаннатга киритади», дедилар».
– أخبرنا نصر بن أحمد بن إسماعيل حدثنا أبو العلاء كامل بن مكرم حدثنا إبراهيم بن مرزوق حدثنا أبو الوليد الطيالسي حدثنا مبارك بن فضالة عن ثابت عن أنس بن مالك قال : قال رجل : يا رسول الله : إني أحب سورة {قل هو الله أحد} قال : حبك إياها أدخلك الجنة.
Мустағфирий → Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил → Абу Ала Комил ибн Мукрим → Иброҳим ибн Марзуқ → Абу Валид Таёлисий → Муборак ибн Фазола → Собит → Анасдан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Расулуллоҳ, бу сура, яъни «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни яхши кўраман», деди. У зот: «Уни яхши кўришинг сени жаннатга киритади», дедилар».
Келтирилган ҳар икки ҳадисни Анас ибн Молик ривоят қилган. Муҳаддислар Собит (ибн Буноний)дан ривоят қилган Муборак ибн Фазолани заиф ровий [4/2:706] ҳисоблайди. Лекин худди шундай мазмундаги ҳадисни Убайдуллоҳ ибн Умар ҳам ривоят қилган. Бинобарин, Убайдуллоҳ орқали ривоят қилинган қуйидаги ҳадис юқоридаги икки ҳадисга шоҳид бўлади.
– حدثنا الخليل بن أحمد أخبرنا ابن منيع حدثنا مصعب حدثنا عبد العزيز عن عبيد الله بن عمر عن ثابت البناني عن أنس أن رجلا كان يلزم قراءة {قل هو الله أحد} في الصلاة مع كل سورة هو ويأمر أصحابه فقال له رسول الله عليه السلام : ما يلزمك هذه السورة ؟ فقال : إني أحبها قال : حبك إياها أدخلك الجنة.
Мустағфирий → Халил ибн Аҳмад → Ибн Муниъ → Мусъаб → Абдулазиз → Убайдуллоҳ ибн Умар → Собит Бунонийдан ривоят қилинади: Анас деди: «Бир киши намозда бошқа сураларни қўйиб фақат «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қироат қилар ва яқинларини ҳам шунга буюрар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Фақат бу сурани ўқишинг сабаби нима?» дедилар. «Мен уни яхши кўраман», деди у. У зот: «Уни яхши кўришинг сени жаннатга киритади», дедилар».
Айтганимиздек, бу ривоят қолган иккисини уларга шоҳид бўлиб қўллаб-қувватлайди.
«Ихлос» сурасини ўқишнинг фазилати ҳақидаги бобда келтирилган олти ҳадиснинг ровийси Анас ибн Моликдир. Ривоятлар тадқиқ қилинганда, улар турли манбалар билан бир хил саҳобадан ривоят қилингани, улар сўз ва мазмун жиҳатдан ўхшаш экани билинади. Шунинг учун Мустағфирий зикр этилган олтита ривоятнинг ҳаммасини биргаликда зикр қилиш орқали аввалги ҳадиснинг турли санадларини баён қилади. Қолаверса, ривоятларни ҳам, айтилаётган ривоятларнинг шоҳидларини ҳам ёзиб олиш орқали ҳадисларнинг даражасини янада оширишга, сўзларни тўғри тушунишга ёрдам беради. Бундан ташқари, ҳадисларнинг турли санадларини бирлаштириб, тадқиқотчиларга кўплаб қулайлик яратади.
Мустағфирий санаддаги ровийлар ҳақида баъзан кириш маълумотларини беради. Унда ровийнинг туғилган шаҳри [4:131, 135, 472], илмий мақоми, ишончлилиги [4:136, 2, 599, 714, 719], мавқеи, ҳадисни қачон [4: 176, 344] ва қаердан олгани [4: 393, 395, 457] кўрсатилган.
Мустағфирий асарларини кўздан кечирганимизда, ҳадислар умуман, санади ҳам, матни ҳам тўлиқ ёзилганини кўрамиз. Аммо камдан-кам ҳолларда ва айрим ўринларда ҳадисни зикр қилиш билан кифояланган. Дарҳақиқат, ҳадисларнинг турли иснодларини жамлашга уриниши унинг бундай фаолият билан шуғулланишига сабаб бўлиши мумкин. Яъни китобдаги бобларда мавзуга оид бир қанча ўхшаш ҳадислар бир жойда баён қилинган. Бинобарин, у фақат ривоятларини тилга олган ҳадислар матни бошқалари билан бир хил бўлгани ва улар орасидаги фарқ ривоят туфайли бўлганини кўрсатиб, шундай усулни қўллаган.
- Абдуллоҳ Айдинли. Ҳадис терминологияси луғати. – Истанбул, 2009.
- Имом Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний. Ал-Ансоб. – Байрут: Дарул кутубил илмийя, 1998. 2-12 Ж.
- Имом Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъламин нубало. – Байрут: Муассасатур рисала, 1983. 16-19 Ж.
- Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий. Фазоилул Қуръон. – Байрут: Дору Ибн Ҳазм, 2006.
- Убайдулла Уватов. Ўзбекистон буюк алломалар юрти. – Т.: Маънавият, 2010.