Home / АЛЛОМАЛАР / ҚУШАЙРИЙНИНГ ТАСАВВУФИЙ-АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ

ҚУШАЙРИЙНИНГ ТАСАВВУФИЙ-АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ

Шарқ Ренессанси даврида рационал илмлар қаторида тасаввуф илми ҳам ривож топиб, тизимлаштирила бошланди. Х асрга келиб тасаввуф халифалик маданиятида ўз ўрнини топиб, мустаҳкам ўрнашди. Шу билан бирга тасаввуф таълимотини бир тизимга солиш, атама ва тушунчаларнинг мантиқий схемасини тузиш зарурати туғилди. Чунки бу даврга келиб, турли йўналиш ва мактаблар вужудга келиб, аксарият бир хил атамаларни турлича талқин қилар эдилар. Антик фалсафа ва илм-фаннинг кенг оммавийлашиши туфайли ҳамда муътазилийларнинг илоҳиётга рационалистик ёндашиши билан тасаввуф янги услублар асосида ўз мавқеини мустаҳкамлаш зарурати пайдо бўлди. Албатта, тасаввуфни тўлиқ мантиқ ва рационал идрок этиш имкони йўқ, чунки тасаввуфий билиш жараёнини ақл ёрдамида тасвирлаб бўлмайди, акс ҳолда унинг ўзига хослиги йўқолади.

Бироқ, ўша даврда мусулмон тафаккурининг бошқа оқимларига муносиб қаршилик кўрсатиш ва халифаликнинг турли ҳудудларидаги тасаввуф мактаблари билан мулоқот олиб бориш учун сўфийлар фойдаланадиган ягона атама ва тушунчалар тизимини яратиш талаб этиларди. Бундан ташқари, сўфийлар ҳар доим тасаввуфни бидъат ва исломга қарши оқим деб ҳисоблайдиган анъанавий илоҳиётчиларнинг ҳужумларидан доимо ўзларини ҳимоя қилишлари керак эди.

Абулқосим Қушайрийнинг “Рисола фит-тасаввуф” (Тасаввуф илми ҳақида рисола) асари сўфийлар фойдаланадиган ва якунланган тизимлаштирилган қўлланма сифатида машҳур. Қушайрий (998-1072) тасаввуфни сунний илоҳиёт ва мусулмон фиқҳи билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилган. Ғаззолий эса бу ишни 1099-1102 йилларда ёзилган “Иҳёу улумид-дин” (Диний илмларининг тирилиши) асари билан якунлаган.

Қушайрийнинг “Рисола” асари 1046 йилда ёзилган бўлиб, олимнинг тасаввуф соҳасида олиб борган тадқиқотларининг чўққиси, бу ҳодисанинг моҳияти ва унинг исломдаги илдизлари ҳақида юритган мулоҳазаларининг маҳсули ҳисобланади. Бу асар тадқиқотчилар ва тасаввуф ихлосмандлари орасида кенг тарқалиб, машҳур бўлганлиги ажабланарли эмас. Бу, энг аввало, асар тилининг қулайлиги ва кенг китобхонлар оммасига эътибор қаратилганлиги билан боғлиқ. Қушайрий нафақат тасаввуф вакиллари, балки анъанавий қарашга эга бўлган ислом уламолари орасида ҳам юксак эҳтиромни қозонган. Шунинг учун у тасаввуфнинг бошқа вакилларидан фарқли равишда, бу таълимотга расмий мақом бериб, ортодоксал мусулмон илоҳиётшунослари орасида ҳурмат қозонган.

Шубҳасиз, ўша пайтда бу муаммони тўлиқ ҳал қилишнинг имкони йўқ эди, аммо Қушайрийнинг ушбу рисоласи тасаввуфни тўғри қабул қилиш учун жиддий сабаб бўлди ва ниҳоят тасаввуфни бидъатчилар ҳаракатидан ташқарига олиб чиқишга муваффақ бўлган Ғаззолий таълимотининг пайдо бўлишига туртки бўлди.

Имом Қушайрий тасаввуф таълимотини мусулмон жамоати назарида қайта тиклашни ўзининг асосий вазифаси деб билади. Зеро, XI асрга келиб тасаввуф ўзининг оғир кунларини кечираётган давр бўлиб, бу нафақат уламоларнинг доимий ҳужумлари билан боғлиқ эди. Бу даврга келиб тасаввуфнинг “олтин даври” ниҳоясига етиб, тасаввуф осмонида Жунайд Бағдодий ва Ҳорис ал-Муҳосибий каби юлдузлар порламай қолганди.

Қушайрий тасаввуф таълимотининг таназзулга учрашини ҳис қилган ҳолда, ёрқин сўфийлар йўқлиги ва уларнинг ўрнига сохта тасаввуфчилар пайдо бўлганлигидан афсусланади. У ҳақиқий солиҳ амаллар қолмаганлигини ёзади[1] .

Шу сабаб унинг “Рисола”си анъанавий ислом назарида тасаввуфни нафақат оқлаб, балки панд-насиҳат ролини бажариб, мусулмон жамиятида ахлоқни юксалтиришга қаратилгандир. Ушуб асар сўфийлар учун тасаввуфни аввалги шон-шуҳратига қайтаришга даъват этувчи ўзига хос мурожаат вазифасини бажарган. Муаллиф ҳақиқий сўфийликни ва унинг ҳақиқий шайхларини кўрсатишга, таълимотни ихтилофдан тозалашга, унинг асосий қоидаларини Қуръон оятлари билан далиллашга интилади.

Кейинги авлод сўфийлари Қушайрийнинг рисоласини Аллоҳни таниш учун тариқат йўлига эндигина қадам қўйган соликлар учун ўқув қўлланма деб биладилар. Шунингдек, асар тасаввуф анъаналаридан бехабар бўлганларни сўфийлик билан яқиндан таништириш учун дарслик сифатида қўлланилган. Ҳатто ҳозирда ҳам олимнинг “Рисола” асари тасаввуф оламида асосий назарий асарлардан бири саналади.

Албатта, Қушайрий тасаввуф  илмни ва унинг руҳий-маънавий мазмунини тўлиқ ҳамда аниқ билан етказа олмаган. Россиялик олим А.Книшнинг фикрича, у ўзи англаган билимларни тизимлаштиришга ҳаракат қилиб, уларни бевосита тасаввуф доирасидан ташқарига олиб чиққан[2]. Қушайрийнинг асари тизимлаштириш бўйича рационалистик ғояларни киритиш билан муаммонинг ўзига хос илмий тадқиқотини акс эттиради.  

Ал-Қушайрий “Рисола”нинг муқаддимасида ўзининг ислом ва тавҳидга нисбатан позициясини белгилайди, бу эса уни анъанавий суннийлик билан боғлаш имконини беради. Шу билан бирга  муқаддиманинг биринчи қисми суннийларнинг анъанавий теологик асарларидан унчалик фарқ қилмайди: “Аллоҳнинг на ёрдамчиси, на издоши, на уни қамраб оладиган миқдори, на уни ушлаб турадиган макони, на унга етиб оладиган вақт, на уни таърифлай оладиган калима, на тасвирлаб бера оладиган тасаввур мавжуддир”[3].

Бундай баён услубини Қушайрий тасодифан танламаган: муаллиф биринчи сатрданоқ дин асосларини тушунишда нуфузли уламолар билан ҳамжиҳат экани ҳақидаги фикрни беради, уларга кириш қисмида мурожаат қилади ва бу билан тасаввуфнинг номини оқлайди ҳамда сўфийларнинг замонавий авлодлари томонидан тасаввуф бузилган деган фикрни уқтиради:

“Улар тақводор бўлмай қолдилар, жойнамозларини ўраб йиғиштириб қўйдилар, уларнинг очкўзлиги ортди, порахўрлик кўпайди, қалбларини шариатнинг муқаддаслиги тарк этди, динга етарлича эътибор бермаслик кучайди, улар ҳалол ва ҳаромни фарқламай қўйдилар, ҳурматни тарк этишга, тақвони ташлашга чақирдилар, урф-одатларни бажаришдан қочдилар, рўза ва намозни эътиборсиз қолдирдилар. Улар бепарволик майдонига кирдилар ва нафсларига берилиб, руҳоний ва маънавий, тасаввуфий амалларга етарлича эътибор бермай, оломондан, аёллардан ва ҳокимият эгаларидан олган нарсаларидан фойдаланишга ўтдилар”[4] .

Ал-Қушайрий асл ва ҳақиқий юксак ахлоқий тасаввуфий анъаналарга амал қилувчиларни олқишлайди ва илк тасаввуф намояндаларининг яккахудолик ҳамда ислом асослари ҳақидаги сохта уйдирмаларини янада очиб беради. Маълумки, тасаввуф илмини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Тасаввуфий рисолаларнинг аксарияти тушуниш қийин бўлган тилда, рамзий образлар ва шеърий иборалар устунлик қилган ҳолда ёзилган. Қушайрий ўз олдига тасаввуф таълимотининг назарий асосларини энг қулай тарзда тақдим этиш вазифасини қўйган. Шу сабабдан у рисоласини ёзишда халқ тилидан фойдаланишга ҳаракат қилган. У тасаввуфий кечинмаларни тасвирлашни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган, аксинча, унинг мақсади сўфийларнинг тасаввуфий билимлари имкониятларини тизимлаштириш ва тушунишга ёрдам бериш бўлган. Айтиш жоизки, Қушайрийнинг “Наҳв ул-қулуб” (Қалблар грамматикаси) асари торроқ аудиторияга, яъни сўфийнинг ўзига қаратилган бўлиб, бу асарнинг тили бундай содда шаклда эмас.

Имомнинг “Рисола” асари тасаввуф уламолари ва шайхларининг ахлоққа доир фикрлари ҳамда қарашлари билан аҳамиятли. Шу жиҳатдан, Қушайрийнинг одоб-ахлоқ ва маънавиятга доир фикрлари, Учинчи Ренессансни барпо этаётган бир даврда ёшларимизнинг ахлоқий тарбиясига муҳим ҳисса қўшади деб ҳисоблаймиз.

[1] Имом Абулқосим Қушайрий. Рисола фит-тасаввуф. Байрут, 1984. –Б.4-5.
[2] Кныш А.Д. Мусульманский мистицизм. – М., 2004.-Б.148.
[3] Имом Абулқосим Қушайрий. Рисола фит-тасаввуф. Байрут, 1984. –Б.3.
[4] Имом Абулқосим Қушайрий. Рисола фит-тасаввуф. Байрут, 1984. -Б.4.
Туронбек ҚОДИРОВ,
Бухоро давлат университети талабаси

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …