Home / АЛЛОМАЛАР / МЎМИНЖОН ҲАКИМ ХОТИРАЛАРИДА АБДУРОЗИҚ МАРҒИНОНИЙ ТАЪРИФИ

МЎМИНЖОН ҲАКИМ ХОТИРАЛАРИДА АБДУРОЗИҚ МАРҒИНОНИЙ ТАЪРИФИ

Табобат илмининг билимдони, буюк ҳаким Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач, тиббиёт фанлари номзоди Бухоро амири Олимхоннинг хос табиби “Ҳаким” тахаллуси билан ижод қилган Мўминжон Ҳаким ўз хотираларида Бухородаги машҳур ўн бир муфтийнинг бири шайх, фақиҳ, муҳаддис, муфассир домло Абдурозиқ Марғиноний тўғрисида қимматли маълумотларни баён этганки, бу маълумотлар бошқа  адабиётларда учрамайди. Мўминжон Ҳакимнинг 1910 йили илм олиш учун Бухорога келган илк кунларданоқ Абдурозиқ Марғиноний билан учрашади ва шу тарзда бир муддат унинг хонадонида яшаб қолади. Натижада, Абдурозиқ Марғиноний билан  яқиндан танишиб, унинг феъл-атвори, турмуш тарзи, кўриниши, оиласи ва вафоти хусусида бизга номаълум бўлган жиҳатларини кейинчалик ўз хотираларида баён этади [1: 116].

Шу ўринда А. Иноятов ва М.Солиеваларнинг “Зулматдаги зиёкорлар” китобидаги Муфтий Абдурозиқ тўғрисидаги маълумотга эътибор берайлик:

“Домло Абдурозиқ Содиқ ўғли қадим Марғилон шаҳрида дунёга келганлар. Бошланғич таълимни Марғилонда ўз маҳаллаларидаги мактабда олиб, кейин Бухорои шарифдаги катта илм даргоҳи – Мир Араб мадрасасида ўқийдилар. Домло Абдушукурнинг хос шогирдларидан бўладилар. Ўқишда, одобда, илм-маърифатда ўрнак бўлганлари учун шу мадрасада қолиб мударрислик қиладилар. Амир саройида муфтий лавозимида ишлаганлар. Бухородан уйланиб, Чор Минор маҳалласида яшаганлар.

Шайх, фақиҳ, муҳаддис, муфассир домло Абдурозиқ ўз даврларида Бухородаги машҳур ўн бир муфтийнинг бири бўлганлар. Жуссалари кичик бўлгани учун у кишини халқ орасида “Абдурозиқча” деб аташган.

Оталари Содиқ ўз замонасининг етук шайхи бўлганлар. У зоти бобаракот фарзандларининг илмли, маънан баркамол бўлиб вояга етишига ҳаракат қилганлар. Домло Абдурозиқнинг Иноятхон, Оишахон, Ҳидоятхон исмли неваралари бўлган. Ҳидоятхон Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. 1942 йилда у кишидан қора хат келади.

Оишахондан тўрт фарзанд: Баҳодиржон (марҳум), Сожидахон, Бахтиёржон ва Озодахонлар туғилади. Булар домло Абдурозиқнинг эваралари.

Домло Абдурозиқ кўплаб шогирд тайёрлаганлар. Шулардан бири шайх, мутасаввиф олим, муҳаддис, тарихчи, хаттот, жамоат арбоби тошкентлик Абдулазиз қори (1902-2006) бўлиб, у киши мўмин-мусулмонлар орасида таниқли уламолардан эдилар.

Домло Абдурозиқ ёшлари 70 дан ўтган бўлса-да, Бухоро амиридан бир неча марта ҳажга бориш учун рухсат сўрайдилар. Лекин амир ҳар гал: “Сиз кетсангиз, Бухоро илм-маърифатсиз қолади”, – деб, у кишига рухсат бермайди.

Таъкид жоизки, ушбу китобда Муфтий Абдурозиқ тўғрисида илк бор батафсилроқ маълумотлар келтирилган. Шундай бўлсада, ундаги айрим берилган маълумотларга Мўминжон Ҳаким хотиралари орқали аниқлик киритиш лозим бўлади. Чунончи, Мўминжон Ҳакимнинг ёзишича, Абдурозиқ домланинг икки ўғил, бир қизи бўлган. Биринчи ўғлининг исми Абдуллоҳ бўлиб 1912 йилда 35 ёшда бўлган. Иккинчи ўғлининг исми Абдуқаюм  бўлиб ўша вақтда тўрт ёшда эди. Аломат номли қизлари 6 ёшларда бўлган.Орадан сал ўтмай, домло Абдурозиқ бир кечада ғойиб бўладилар. Икки йил Марғилон шаҳрида қариндошлариникида яшаб, сўнгра ҳаж сафарига борадилар ва 1918 йили Мадинада вафот этадилар. Қабрлари “Жаннат ул-бақиъ” қабристонида” [2: 40-41].

 Мўминжон Ҳакимга кўра, Муфтий Абдурозиқ домла 1331 ҳижрий йилнинг зулҳижжа ойининг 27-куни (1912) Маккада вафот этган. Мўминжон Ҳаким Муфтий Абдурозиқ домла ҳажга бориши вақтида бўлиб ўтган воқеаларни ҳам батафсил ҳикоя қилган.

Муфтий домла Мулла Абдурозиқча судурни шахсий ҳаёти ва турмуши

Домлани асли туғилган жойи Марғилонни Косагирон маҳалласидан. Болаларга оёғ кийим тикийим тикадирган косиб оиласидандир.  Ёш вақтида ота ва онаси вафот этиб бир номеҳрибон акани қўлига қоладир. Акасини ўз болалари кўб бўлғони учун укасига яхши қарамайдир. Ҳатто акасини хотуни ўз болаларини алоҳида  овқатлантириб, болаларидан қолдиқ овқатларни берадир ва оғир ишларни буюрадир.  Хулоса,  шундай шароит туғдирадирким, бошқа тоқат қилиш имкониятдан ортадир. Лекин бу болани табиатида ўқушга ортуқча муҳаббати бўлиб, ҳамма вақт фикри ёди нима қилсаки ўқиса. Бир кун тасодифан эшитадики, бир гуруҳ савдогарлар савдо билан Тошкандга жўнар эмиш. Бу бола булар қайси куни ва  қайси вақтда жўнашларини билиб, ўша кун кечаси ухламай то саҳаргача ўлтуриб, саҳар вақтида карвон мол товарини ортиб, йигирмага яқин кишилар сафарга жўнайдилар. Бу бола ҳам савдогарларга билдирмай орқаларидан қарамоқда пиёда кетаверадир. Хўқандлардан ўтганда савдогарлар пайқайдурлар. Бир бола доим аларнинг изидан келаётур. Таъжжубланган бир киши боладан сўраса, у ўз аҳволини ва етимлигини айтиб, ўқумоққа кетаётганини билдирадир. Мазкур савдогарлар болани Тошкандгача овқатлантуриб бориб, бу бола Тошканд шаҳрида бир бойни молини боқадир. Аммо доим карвонсаройлардан сўраб юриб, Самарқандга жўнайдиган савдогарларни сафар асбобларини тайёрлаганларга дуч келиб қолиб, уларни орқасидан яна пиёда чўлларда эргашиб,  қолдиқ овқатларни еб пиёда жўнайдилар.

“Малик чўлида “Чўли маликда” (ҳозир Мизачўлдир) чарчаб, ҳавони ҳароратидан чанқаб, оёқларим оғриб савдогарлар карвонидан кўринмаслик даражада кейинда қолдим. Бироқ чўлда кўб ёввойи итлар бор экан. Бир ўнтача ит менга қараб йироқдан югуриб “ав-ав”лашиб кела бошладилар. Умидим узилган ҳолда ҳаёлимга бир эшитганим келди. “Ит ва от яланғоч одамдан зиёда қўрқадир”,– деб. Дарҳол эски кўйлак, лозим ва тўфидан бошқа устимда  ҳеч нима йўқ эди. Дарҳол мен қиб яланғоч бўлиб, уларга қараб жон халфида югурдим. Шу ондан итлар қичқируб, чунон қочдиларки, қутулиб қолдим” дейдилар ва  бир кулиб: “Ҳақиқатдан ҳам инсон қиб яланғоч бўлса, ундун хунук нарса йўқда”, – деди.

Самарқандга келиб, Шоҳизинда мозорини биринчи кўчаси дарвозасидан кирганда, ўнг қўлда биринчи тўб чилонжийдалар (зизивия унноби) борлар (ҳозирда ҳам). Ул дарахтлар олдида ўнг тарафда бир кичик эшик бор. Ул эшикдан кирсангиз 6-7 ҳужралик мадрасача бордир. “Уни кейинроқ яна ўзимни аҳволимда такрор ўқурсиз). Шул мадрасада бир толиби илм ифлос ҳужрага жойлашадир…

Бизни суҳбатимиз бу ерга етганда дарвозадан икки-уч киши домлани зиёратларига келиб қолдилар. Афсуски, сўрай олмадим, кимда ўқуганларини. Бу хил неча соатлаб холи вақт кам бўлар эди. Чунки, ҳар шаҳардан келган одамлар узулмай зиёратга келиб турар. Бемеҳмон соатлар кам бўлар эди[2: 61]..

Мўминжон Ҳаким Абдурозиқ Марғинонийнинг шахсий сифатлари ҳақида сўзлар экан, уни барча илмларни билгувчи уламо сифатида эътироф этибгина қолмай, балки ҳар доим камбағалларга ёрдам бериб келувчи саховатпеша зот  эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтади:

“Муфтий домлани шахсий хусусиятларига келганда, ул  киши ўз даврини илм уммонини энг бузруги, ўшал даврнинг ҳамма илмларини мукаммал билгувчи ва ҳар нарсага табиат кўзи билан қаровчи ва баъзи уламолар масалан, Мулло Ҳолмурод Тошкандий каби шогирдларига “керосин ва кавуш ўрисники” деб ман қилгувчиларга кулувчи бир киши бўлиб, ҳамма вақт камбағалларга махфий ёрдам қилгучи, меҳмонсевар бир киши бўлиб, ёз кунларида доим меҳмон узилмас эди.

Ҳар кечқурун йигирма кишидан кам бўмаган меҳмон ва муллобаччалар ошга ҳозир бўлур эрдилар. Шомдан кейин ҳар кун учта катта хитой табоқда ош чиқар эди.

Домла ўзини шахсий кўриниши: бўйлари метр 70 сантимердан зиёда эмас эди. Қотма, юзида камроқ чечак ўрнилари бор. Сийрак оқсоқол. Ёшини етммишлигига қарамай чаққон, тез ҳаракат, камгап киши, жуда оз овқат еб, кам ухлар эди.

Ўқиш даврида соат ўнларда ухлаб, кечаси соат иккида туриб, китобхонасида қирқ йиллар маърузалар ўқушигға қарамай, соат тўртғача китоб кўриш билан машғул бўлиб, соат тўртда уйда бир гуруҳ талабларга маъруза ўқиб, бомдод намозини шу гуруҳ билан уйда  ўқиб, иккинчи гуруҳ ўртага олиб, у киши отлиқ, талабалар пиёда дарсхонасига, Турсунжон мадрасасига бориб, мадрасада яна саккиз соат маъруза ўқурди.

Ҳар гуруҳ 40-50 кишидан иборат бўлуб, уйдан кетарда қўлтуқларига уй нонини тўртдан бирини, у ҳам бўлса қаттиқ нон бўлиб, андак кўк чой халтачага солиб чўнтакларида олиб кетар, соат иккида  дарсхона (аудитория)да гуруҳ билан пешин ўқуб, мадраса олдидаги самовардан сув қуйдириб келарди. Ўша қўлтуқдаги тўртдан бир қаттиғ нонни уютиб ер эдилар. Ўлтурган жойда бир шолча устида бир қўйни териси ҳатто уни жунлари баъзи жойларида андак-андак қолган эди.

Домлани вафотларидан кейин Турсунжон мадрасасига Мулло Зокиржон муфтий Каррухий таъйин бўлиб, домлани ўрнида  ўлтурган жойда бир шойи кўрпани тўрт қабат қилиб, янги гилам устига икки ёнига икки пар ёстиқ қўйуб маъруза ўқир эди. Ваҳоланки, домлани ўндан бир илми бўлмаган киши эди. Кўчада юрадирган бир мўйсафид дарвиш киши бўлар эди. Бир куни дарсхона (аудитория) эшигидан кириб келиб қаради(1-китоб. 47-бет). Домла Зокирни бу хил тўрт қабат шоҳи кўрпаларини кўриб: “Ин намешавад туф-ф”, яъни “бунинг ярамайди туф-ф” деб қайтиб кетгани халқ ичида дарҳол гап бўлиб тарқалди.

Домла 8 дарсдан бўшаб хуфтон намозини уйига келиб ўқурди. Энг кийинги гуруҳ яна уйгача узатурлар эди. Бул вақтда ичкаридан ош чиқарди. Ажойиб ош ердилар. Кичкина қилиб бир жойдан ўйиб табоқни тахтига тушар эдилар. Еб бўлгандан қолган ошда гўёки сичқонни уйини тешигига ўхшаб қоларди. Ҳаммаси бўлиб еган ошлари оддий одамлар олган икк-уч ошича эди…

Муфтий домлани Кўкалдош мадрасасида дарвозадан кириб ўнг тарафдан шарқий-жанубий бурчагида иккинчи қабатда иморати бу вақтда бўш бўлиб, қолган жойга алоҳида зина билан кичкина 2х2 метр ҳужрачаси бўлиб, бунда қашшоқ муллобаччалар истиқомат қилур эди. Бир кишилик вақфини домла қаерда камабағал муллобаччалар бўлса, махфий чақириб, берар эдилар. Мана мен шул ерга бориб турдим. Ҳар кун кечқурун домлани ҳовлисига келишларидан илгари ҳовлидаги ишларни қилиб, меҳмонларни қабул қилиб, кечқурун хуфтондан кейин Кўкалдошда машғулотимни қилиб ухлар эдим.

Мўминжон Ҳаким хотираларида Абдурозиқ Марғинонийнинг Ҳаж сафарига кетиши  билан боғлиқ воқеалар ва унинг вафотида тўғрисида тафсилотлар муҳим кенг ўрин олган бўлиб, мазкур маълумотлар бошқа бирон бир манбада қайд этилмаган.

“Шаъбон ойини ўрталари (июл бўлса керак. Чунки мусулмонлар ой ҳисоби ҳар хил 12 кун илгари келадир. Бинобарин, ойлар ҳамма вақт бир вақтда бўлмайдир) бирдан Ҳазрат Муфтий домладан менга телеғром (келди) “Эртага фалон соатда Самарқанд станциясида мени кутинг”.

Бир, икки, уч соатдан сўнг бутун Самарқандга маълум бўлдики, “Ҳазрат муфтий домла ҳажга эртага фалон поездда жўнаятурлар”, – деб. Чунки Бухорода доимий истиқомат ҳар шаҳарлик ўз шаҳарларига телеғром юбориб, домлани фалон поезда кетушларини эълон қилибдурлар. Аммо домла тарафларидан фақат бир менга телеғром берилибдир. Бу менга охирги марҳамат ва шафқати бўлиб, мени қанча илм йўлида тортмиш меҳнат ва машаққатларим учун мени кўнглимга тасалли бермоқ учун экан…

Домла бир кун тушларида Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)ни кўрадирлар. “Тезда мени олдимга кел” деган ишорат  бўладир-да, эрта билан бомдод намозони ўқуб, сойис (отбоқар)ни чақириб “Отини тайёрла” дейдилар ва отга миниб тўғри “Ситораи Моҳи хоса”га Амир Олимхон ҳузурига кириб, ҳажга ижозат сўраб, ижозат олиб уйга келиб айтадирлар: “Эртанги поездга билет олинглар. Мен  ҳажга жўнайдурман”. Дарҳол Бухорога ёйиладир. Ҳар ким ҳар тарафга телеғром берадирлар…

 Ҳазрат Домлани кўрсатувларича, Бухорода домланинг энг яхши шогирдларидан Асвад махдум. Бу киши Домладан кейин Болорлик даражани эгаллади. Домла ўзлари билан бир нечта катта гиламларни Мадина ва Маккага жойнамоз учун олиб кетдилар. Аввал Мадинага бориб, то мавсуми Ҳажгача Мадинада туриб, ҳаж мавсумида Маккага борадилар. Маккага борарда Маккаи шарифга  неча километрлар бориб, истиқбол этадир. Ҳаж маросимини тамом қилиб, ўпка чумаси билан оғриб 1331 йили 27зулҳижжа ойида Маккада вафот этадилар.

Маккаи шаҳар тарафидан ўшал кун Бухоро қозикалонига телеғром келадир. Бухорода Мирзо Улуғбек мадрасасини шарқидаги Азизон масжидида Асвад махдум домлани маърузусида эдим. Бир талаба келиб хабар қилди: “Ҳазрат Домла вафот этибдилар”.  Дарҳол маърузасини тўхтадилар. Ўшал ердан талабалар ва  Асвад  махдум Домлани ҳовлиларига югурдик. Келсак ҳовлига эмас  кўчаларга одам сиғмайдир. Мен кириб, дарҳол ҳовли саҳниларига гилам, фалослар солдим. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб, халқ дуойи фотиҳа қилиб қайтадилар. Чеккада бу кун пайваста узлуксиз фотиҳахонлик бўлди. 

Уч кундан кейин бўлак йироқ шаҳарлардан уламолар кела бошладилар то қирқиғача…

37куни қирқиси бўлди. Ҳар кун мен меҳмон ва фотиҳачиларни кузатдим. Дарсларга бора олмадим. Қирқи ўтгандан кейин фотиҳачилар тугади. Меҳмонхонага одам келиши тўхтади” [2: 63].

Мўминжон Ҳакимнинг Бухорога келиши ва муфтий Абдурозиқча билан учрашиб, унинг уйида яшаб қолиши унинг келгуси ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шу сабабдан у  ўз хотираларида меҳрибон устози муфтий Абдурозиқ тўғрисида мароқ билан ҳикоя қилади.

Шундай экан,  Мўминжон Ҳакимнинг Муфтий Абдурозиқ домла тўғрисида ёзиб қолдирган хотиралари тадқиқотчилар учун шубҳасиз муҳим манба сифатида илмий аҳамиятга эга.

  ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР: 
  1. Файзуллаев Р., Абдулаҳатов Н. Фозилжон Махдум Марғилоний. IV. – Т.: NOSHIR, 2017.
  2. Иноятов А., Солиева М. Зулматдаги зиёкорлар.– Т.: HILOL–NASHR, 2016.
  3. Абдулаҳатов Н. Хожа Марғилоний. – Т.: ABU MATBUOT-KONSALT, 2017.
Нодиржон АБДУЛАҲАТОВ,
ЎзХИА докторанти,
тарих фанлари номзоди

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …