Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ АСАРЛАРИДА ҚУРЪОН ТАФСИРИ

ИМОМ БУХОРИЙ АСАРЛАРИДА ҚУРЪОН ТАФСИРИ

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (194/810-256/870) ислом оламида “Муҳаддислар имоми”, “Ҳадис илмининг султони” каби бир қатор шарафли номлар билан машҳур бўлган. Унинг 20 га яқин асари санаб ўтилган. У нафақат ҳадис, балки тафсир соҳасида ҳам шуҳрат қозонган. У машҳур «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»дан олдин «Тафсирул кабир» («Катта тафсир») китобини ёзган, лекин бу асар бизгача етиб келмаган.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари Қуръони каримдан кейин иккинчи манба деб эътироф этилади. Имом Бухорий ўз олдига шундай асар ёзишни мақсад қилиб қўйган ва уни бажариш учун Балх, Басра, Бағдод, Миср, Мадина, Макка каби илмий-маънавий марказларга сафар қилган. Унинг қисқа муддатда бундай улкан географик ҳудудни пиёда кезиб илм ўрганиши, жумладан, олти юз мингта ҳадисни ёд олишини мўъжиза, деб баҳолаш мумкин.

Бугунги кунда Имом Бухорийнинг илм-фан, ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунё эътироф этади. Ҳадис илмига оид деярли барча китобларда унинг ривоятларини учратиш мумкин. Ҳадислар устида илмий изланиш олиб бораётган ҳар бир тадқиқотчи унинг асарларига мурожаат қилади. Муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий фаолиятини тадқиқ қилган олимлар инсон қисқа умри давомида бу қадар салмоқли ишларни амалга ошириши учун улкан истеъдод талаб этилишини айтади.

Имом Бухорий жуда сертавозе, бағрикенг ва камтар инсон бўлган. Бирор ҳадисда камчилик ёки иллат кўрса, уни дарров танқид қилмас, аксинча, “бу хусусда аввал ўтганлар ҳеч нарса демаган”, “бу ҳақда бошқа мулоҳаза ҳам мавжуд”, деган беозор ибораларни қўллаган. Унинг энг қаттиқ айблови “мункир ал-ҳадис” (“ҳадиси инкор қилинган”) деган сўзлардан иборат. Ушбу ибора ҳадис илмида махсус қоидага айланган. Бориб-бориб, шунга етганки, Имом Бухорий бирор ровий ҳақида “мункир ал-ҳадис” иборасини ишлатган бўлса, ундан ҳадис ривоят қилинмаган.

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Имом Бухорий ва унинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳаддис дафн этилган мақбара яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби фаолият олиб бормоқда.

Шу ўринда “бугунги кунда аждодларимиз меросига алоҳида эътибор қаратилаётганининг сабаби нима”, деган савол туғилиши табиийдир. Бунинг сабаби сифатида учта омилни келтириш мумкин.

Биринчидан, Учинчи Ренессанс остонасида турган мамлакатимиз тарихда иккита оламшумул тамаддунни бошдан кечирган. Уларнинг содир бўлишига мутафаккир алломаларимизнинг ўрни ва роли, илмий фаолияти муҳим ўрин тутган. Бир сўз билан айтганда, қадим Мовароуннаҳр цивилизацияга илм-фан орқали эришган. Бу эса ҳар қандай тараққиёт негизида илм ётишини кўрсатади.

Иккинчидан, глобаллашув шароитида ўсиб келаётган ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашнинг энг самарали усулларидан бири асрлар оша анъанага айланган қадриятларимизда намоён бўлади. Дунё илм-фани бешигини тебратган аждодларимиздан тарбия бобида ҳам ўрганишимиз керак бўлган бир талай жиҳатлар бор.

Учинчидан, биз буюк аждодларнинг авлодлари ва давомчиларимиз. Бугунги кунда Имом Бухорий мероси нафақат ислом оламида, балки Ғарбда ҳам кенг ўрганилмоқда. Аллома номидаги мактаблар, мадрасалар фаолияти йўлга қўйилган, стипендия ва илмий грантлар таъсис этилган. Масалан, Англиянинг Оксфорд университети Исломшунослик илмий-тадқиқот институтида Имом Бухорий номидаги стипендия жорий қилинган. Араб мамлакатларида, Африка қитъасидаги давлатларда Бухорий номи билан аталадиган мавзелар мавжуд. У ерлардан етишиб чиққан олимлар ўзига Бухорий нисбасини олишни шараф деб билади. Дунё эътироф этган, турли миллатлар эргашадиган алломаларимизнинг ишларини давом эттиришга эса ҳаммадан кўра биз бурчлироқ ва ҳақлироқмиз.

IX асрда Мовароуннаҳрда нақлий тафсир ёзиш анъанасини Абд Ибн Ҳумайд Кеший, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Абдуллоҳ Доримий каби муҳаддислар бошлаб берди. Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг нақлий услубда китобат қилинган китоби мавжуд. “Оли Имрон” ва “Нисо” суралари шарҳидан иборат шаклда 2004 йилда Байрутда чоп этилган ушбу тафсир бугунги кунда тадқиқот жараёнига жалб этилган.

Имом Бухорийнинг “Тафсир” номли китоби борлиги манбаларда қайд қилинган. Бироқ у бизгача етиб келмаган, шу сабабли ушбу китоб ҳақида аниқ фикр айтиш қийин. Лекин унинг китоб таълиф этиш услубидан келиб чиқиб, уни нақлий тафсир, дейиш мумкин. Термизий ва Доримий тафсир ёзгани маълум бўлмаса-да, уларнинг ҳадис тўпламларида Қуръон тафсирига оид алоҳида боблар борлиги ва уларда оятлар ҳадислар ёрдамида шарҳланганидан келиб чиқиб, уларни нақл асосида тафсир қилган муҳаддислар, дейиш мумкин.

Бу анъана Х аср ва ундан кейин ҳам давом этди. Абу Исҳоқ Насафийнинг ҳали қўлёзмаси топилмаган, бироқ нақлий тафсир бўлиши мумкин бўлган “Тафсир” китоби борлиги таъкидланади.

Яна бир олим Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум”да оят ва ҳадисларга асосланган тафсирлардан кўп фойдаланган. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Ҳамазоний Самарқандийнинг ҳам “Тафсир” номли асари борлиги айтилса-да, бизгача етиб келмагани боис унинг қандай тафсир экани борасида аниқ фикр билдириш қийин. Бироқ ўша давр ва олимнинг қарашларидан келиб чиқиб, катта эҳтимол билан уни нақлий тафсир бўлган, дейиш мумкин. Тошкентлик Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али Шошийнинг ҳам “Тафсирул кабир” номли асари борлиги айтилади, лекин у ҳам бизгача сақланиб қолмаган. Бироқ айрим асарларда ундан келтирилган бир қатор иқтибослар мазкур тафсирнинг нақлий ва ақлий эканини кўрсатади. Олимнинг муҳаддис бўлгани ҳам уни тафсирларда нақлий далиллардан фойдаланганига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Имом Бухорийнинг «Тафсирул кабир» китоби борлигини Фирабрий зикр қилган. Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»га ёзган муқаддимаси «Ҳадюс Сорий»да «Ушбу китобнинг ҳадисларини чиқаришда улкан ва фидокорона хизматлар қилган. Бу ҳақда Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтган», деган.

Ҳадис илми истилоҳида «Жомеъ» деганда ҳадиснинг барча қисмларини жамловчи, деган маъно тушунилади. У ақида, ҳукмлар, зоҳидлик, емоқ- ичмоқ одоби, сафар, ўтириш-туриб одоби, тафсир, тарих, сияр, фитналар, фазилатларга оид ҳадисларни ўз ичига олган бўлади.

Бу ҳақда Валиюллоҳ Деҳлавий қуйидагиларни айтади: «Аҳли ҳадис ҳадис илмини девонга киритиб, тасниф қилганида уни тўрт фандан иборат қилган:

  1. Суннат фани. Яъни, фиқҳга оид нарсалар. Моликнинг “Муватто”си ва Суфённинг “Жомеъ”ига ўхшаш китоблар.
  2. Тафсир фани. Ибн Журайжнинг китобига ўхшаш.
  3. Сийрат Фани. Муҳаммад ибн Исҳоқнинг китобига ўхшаш.
  4. Зуҳд ва Рақоиқ. Ибн Муборакнинг китобига ўхшаш».

Имом Бухорий бу тўрт фанни бир китобда жамлаган. Шунинг учун ҳам унинг китоби «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад» деб номланган.

Буюк муҳаддиснинг « Тафсирул кабир» китобининг қўлёзмаси сақланиб қолмаган. Бироқ Карл Броккельман унинг икки қўлёзма нусхасидан айрим қисмларини Аскурия (Испаниядаги Эскориал музейи) ва Франция миллий кутубхонасида сақланади, деб маълумот беради. Шунингдек, у китобнинг бир қўлёзма нусхаси Жазоир миллий кутубхонасида ва яна бири Париждаги миллий кутубхонада мавжуд, дейди.

Бироқ улар «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»нинг қисмлари эканлиги ҳақиқатга яқинроқ. Чунки «Муснадул кабир», «Жомеул кабир» каби ушбу тафсир ҳам бизгача етиб келмаган асарлардан саналади. Буни Имом Суютий ҳам зикр қилиб ўтади. Олим барча китобларида асосан ҳадисларни келтирган. Ўзбек тилида Имом Бухорийнинг ҳадис борасидаги изланишлари алоҳида тадқиқ қилинган, бироқ тафсир соҳасидаги изланишлари ҳали ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.

Олимлар буюк муҳаддиснинг тафсир билан боғлиқ қарашларини тадқиқ қилган. Жумладан, Уммул Қуро университети битирувчиси Ҳамд ал-Имом ибн Хатарий «Манҳажул Имомил Бухорий фит тафсир мин хилал китобиҳис саҳиҳ» («Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобидаги тафсир бўйича йўналиш») ва Бағдоддаги Ислом университети магистри Муҳаммад Ҳамд Ивод ал-Ҳошимийнинг «Манҳажул Имомил Бухорий ат-тафсири фи саҳиҳиҳи» («Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобидаги тафсир услуби») китобларида унинг тафсирга оид қарашлари ўрганилган.

Имом Бухорий «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»га тафсирга оид ҳадисларни ҳам киритган. Жумладан, алоҳида тафсирга бағишланган «Қуръон тафсири китоби» бобида “Фотиҳа” сурасини тафсир қилиб, унда Абу Саид ибн Муаллодан ривоят қилинган Қуръоннинг энг улуғ сураси “Фотиҳа” экани тўғрисидаги ҳадис келтирилади.

Шунингдек, мазкур бобда «Фотиҳа», «Бақара», «Оли Имрон», «Нисо», «Анъом» каби 85 сурадаги оятларнинг тафсирлари ўрин олган ва жами 358 оятга шарҳ берилган.

Умумий ҳисобда 503 та ривоят келтирилади. 4474-рақамли ҳадисдан бошланиб, 4977-рақамли ҳадис билан якунланади.

Имом Бухорий ҳадислар орасидан ўз шартларига тўғри келганини саралаб олгани боис ҳамма оятларнинг шарҳлари бўлмаслиги мумкин. Бу тафсирлар нақлга асосланган бўлиб, асосан саҳобалардан Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Оиша, тобеинлардан Мужоҳид, Қатода, Икрима, Масруқнинг ривоятлари борлиги билан эътиборга лойиқ.

Мазкур асарнинг яна бир қисми «Қуръон фазилатлари китоби» деб аталади. Унда Қуръон ўқиш, уни такрорлаш ва ўргатиш фазилати каби мавзулар ёритилган. Бу ҳам Имом Бухорийнинг муфассирлардан эканини кўрсатмоқда. Чунки нақлий тафсирлар ҳадиснинг бир тури бўлиб, ҳадис мазмунан Қуръонни шарҳлайди. Бу эса ҳадис билимдонининг тафсир илмини билишидан далолат беради.

Буюк муҳаддиснинг тафсирга оид китоблари бу илмда нақлий тафсирлардан саналади. Чунки уларда асосан нақлга оид ривоятлар жамланган.

Сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси каби муассасалар халқимизнинг илму маърифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмагай”, деган пурмаъно сўзларини яна теран англаш, шу тамойил асосида яшаш ва ишлашга ёрдам беради.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Муҳаммад Бухорий. Ҳадис. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. – Т.: Қомуслар бош таҳририяти, 1995. Ж. III. – Б. 150 (Бундан кейин – Бухорий. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ.).
  2. Мақсудов Д. Мовароуннаҳрлик муфассирлар // Имом Бухорий сабоқлари. – Тошкент, 2006. – № 3. – Б. 233.
  3. https://islom.uz/maqola/4355
  4. http://qadriyat.uz/tarix/muhaddislar/591-imom-al-bukhorij-sho-asar-al-zhome-as-sa-i
Давронбек Махсудов,
Дин ишлар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …