Ёшлар онгида соғлом эътиқодни шакллантириш, уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик тамойилларини чуқур тушунтириш мақсадида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган тарғибот тадбирларидан яна бири Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда ташкил этилди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими У.Муҳаммадиев ва Дин ишлари бўйича қўмита туман бош мутахассиси О.Ботиров ҳарбий хизматчилар билан “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзусида мулоқот қилди.
Суҳбатда диний радикализмнинг салбий оқибатлари, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, турли маълумот ва ғояларга нисбатан танқидий ёндашиш, хусусан, диний мавзуларда фақат расмий манбаларга таяниш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси”нинг мазмун-моҳияти кенг ёритилди. Иштирокчиларга унда белгилаб қўйилган тамойиллар – диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, давлат ва дин муносабатларидаги аниқ ёндашувлар ҳамда мутаассибликка қарши маърифат орқали курашиш мезонлари тушунтирилди.
Масъуллар ҳарбий хизматчиларнинг маънавий барқарорлиги, юксак маърифий дунёқараши ва умуминсоний қадриятларга садоқатини янада мустаҳкамлаш муҳим вазифа эканини таъкидлади. Маънавий-маърифий мазмундаги бундай учрашувлар хизмат давомида ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва онгини юксалтириш, уларни жамиятда фаол, билимдон ва масъулиятли фуқаро сифатида камол топтиришга хизмат қилади.