Home / МАҚОЛАЛАР / “ТАЗКИРАИ МУҚИМХОНИЯ” ҚЎЛЁЗМАСИНИНГ ТАВСИФИ

“ТАЗКИРАИ МУҚИМХОНИЯ” ҚЎЛЁЗМАСИНИНГ ТАВСИФИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказнинг қўлёзмалар фондида тарихга ҳам оид асарлар мавжуд бўлиб, улардан бири “Тазкираи Муқимхония” қўлёзмасидир. Унда уч сулоланинг сиёсий жараёнлардаги тўқнашувлари ва Мовароуннаҳрда янги бир сулола аштархонийларнинг сиёсат майдондаги ўрни ва аҳамияти баён қилинган. Асардаги воқеа-ҳодисалар муаллиф томонидан барча тафсилотлари билан тасвирланган.

Муҳаммад Юсуф Мунший ибн Хўжа Бақо балхлик тарихчи олим бўлиб, XVII асрда аштархонийлар даврида Субҳонқулихон (1680-1702) ва Балх тахтига ўтирган шаҳзода Абу Музаффар Саид Муҳаммад Муқимхон(1702-1704) ҳукмронлиги даврида сарой муншийси бўлган. Муҳаммад Юсуф Мунший шаҳзода Абу Музаффар Саид Муҳаммад Муқимхонга бағишлаб, “Тазкираи Муқимхония” асарини ёзган[1]

Бухоро хони Субҳонқулихон ўғил кўрганида унга ном қўйиш учун “Бурҳонул авлиё вал атақия, ҳидоятпаноҳ, ҳақиқатогоҳ Насриддинхожа ибн Абдуғаффорхожа ибн Солиҳхожа ибн Хожа Калонхожа ибн Махдуми Аъзам қуддусу сирруҳа” нинг ҳузурига боради ва ул зот Қуръони карим саҳифаларини очиб, ундан: Аъузубиллаҳи минаш шайтонир рожим,

رَبِّ ٱجْعَلْنِى مُقِيمَ ٱلصَّلَوٰةِ وَمِن ذُرِّيَّتِى …

“Парвардигоро, мени ва зурриётларимни намозда қоим қилгин”  (Иброҳим сураси 40 оят) деган оятга кўзлари тушиб, чақалоққа Муқимхон деб исм қўйган. Кейинчалик шаҳзода Балх валиаҳди бўлиб, тарихда катта из қолдирган[2].

Асар Ўрта Осиёнинг XVI аср охири ва XVII аср бошларидаги тарихини ёритадиган муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Унда Чингизхон ва унинг авлодлари, Амир Темур ва темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар  ҳукмронлик қилган даврларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлари ва уларнинг шажарасини барча деталлари билан ёритилган[3].

  1. Муаллиф: Муҳаммад Юсуф Мунший ибн Хўжа Бақо.
  2. Кўчирилган санаси: 1239/1823 йил.
  3. Тили: форсий.
  4. Қоғози: шарқ.
  5. Варағи: 24,5х15 мм.
  6. Хат тури: настаълиқ.
  7. Сиёҳ тури: асарнинг боб ва фасллари, исмлар қизил сиёҳда, матн қора сиёҳда ёзилган.
  8. Матн ўлчами: 19х9,5 мм.
  9. Асарнинг бошланиши:

افتتاح مقال بعون واهب ذوالجلال وقادر مبتدل تعلی شانه عما یقال که درمبدء فطرت

  1. Асарнинг охири:

… اقبال و كوكب النبور جلال ابن پادشاه خصال ازوسمت سبوط و وبال مصونی وماءمونی دار او الحق محمد واله الامجاد                                                                                                        

  1. Колофон:

شد توفيق خداى لا ينام سنة ١٢٣٩  اين كتابت يوم بنچشنبه تمام

  1. Ҳошия: Амир Ҳусрав ғазали ва матнларга тўлдирмалар берилган.
  2. Пойгир: мавжуд.

Асарнинг тавсифи: Мазкур қўлёзма бой ва қадимий маданиятга эга бўлган Мовароуннаҳр ва Хуросон  халқлари тарихини ойдинлаштирадиган ноёб нусхадир. У 1823 йили кўчирилган ва марказнинг қўлёзмалар фондида №68 рақамда сақланади. Асар муқаддима ва 10 бўлимдан иборат бўлиб, бобларда тарихий воқеалар кетма-кетликда ёритилган.

 Биринчи бўлим  ўн бобдан ташкил топган. Унда Чингизхоннинг насл-насаби, тахтга ўтириши, юришлари ҳақидаги ҳикоялар ва Мовароуннаҳрга келиши ва шаҳарларни забт этиши баён қилинган.

Кейинги бобда Шайбонийхон бошчилигидаги Дашти Қипчоқ кўчманчи қабилаларининг Мовароуннаҳрга бостириб кириши ҳақида ҳикоя қилинади. Убайдуллахон ва Бобур Мирзо ўртасидаги Бухоро учун тўқнашувлар, Искандархон ва Пирмуҳаммадхон ҳукмронлиги, шунингдек, Абдуллахоннинг Мовароуннаҳр тахтини эгаллаши, вафоти  ва Абдулмўминнинг қатли воқеалари ёритилган[4].

Асарнинг иккинчи бўлими ўттиз саккиз бобдан иборат. Аммо боблардаги маълумотлар нисбатан қисқа. Улардаги маълумотлар асарнинг асосий қисмини ташкил этади — аштархонийлар ҳукмронлиги даври акс эттирилади. Шунингдек, Бухоро хонлигининг XVI-XVIII асрлардаги сиёсий аҳволи тасвирланади, хусусан, ҳукмронлик шайбонийлардан аштархонийларга ўтиши, Балх ва Бухоро ҳукмдорлари ва амирлари ўртасидаги низолар ҳақида маълумотлар келтирилади. Марказий ҳокимиятнинг заифлашиши, Бухоро хонлигининг Эрон ва Ҳиндистон билан муносабатлари баён қилади.

 Асарнинг сўнгги бўлимида Балхда шаҳзода Абу Музаффар Саид Муҳаммад Муқимхоннинг тахтга чиқиш тарихи ва унинг Бухоро билан муносабатлари ёритилган. 1702-1704 йиллар воқеалари, хусусан, Бухоро билан Балх ўртасида бошланган қуролли кураш ўрин олган. Асарда хонлар ва йирик заминдорлар тўғрисида, меҳнаткашларнинг оғир аҳволи ҳақида ҳам сўз юритилган. Шунингдек, ўз даврининг етук тариқат пешвоси, хаттот, шоирлари ва  Қундуз, Термиз, Балхда яшовчи  қавмлар (қатағон, қўнғирот, қурама) ҳамда сарой мансаблари ва ҳарбий унвонлар тўғрисида маълумотлар келтирилган[5].

Муаллиф аштархонийлар давлатида тариқат вакилларининг мавқеи баландлигини ва улар сиёсий бошқарувда юқори лавозим соҳиблари бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтган. Асар билан танишар эканмиз, аштархонийлар ички зиддиятлар туфайли таназзулга учрагани ва маҳаллий зодагонлар Муқимхонни тан олмай Балх ҳокимлигига Хожа Абдували Порсонинг ўғли Солиҳхожани тайинлаганига гувоҳ бўлишимиз мумкин[6].

Муҳаммад Юсуф Мунший XVI-XVIII асрларидаги тарихий, сиёсий воқеаларни тасвирлар экан, хронологияга алоҳида эътибор қаратган. Шунингдек, муаллиф Марказий Осиёда сулолаларнинг сиёсий курашлари, халқ қўзғолонлари, Бухоро хонлигидан ажралиб чиққан Балх ва Фарғона водийсидаги вазиятни батафсил тасвирлаган. Самарқанд, Шаҳрисабз ва Бадахшон ҳокимларининг марказга бўйсунмаслик ҳаракатларини ва бунинг сабабларини кўрсатиб берган. 1708 йилда Убайдуллахон ўтказган пул ислоҳоти ва унинг аҳоли ҳаётига салбий таъсирини ёритиб ўтган.   

“Тазкираи Муқимхония” асари хонликлардаги ички вазият, маҳаллий зодагон ва дин пешволарининг сиёсатдаги мавқеидан то оддий халқнинг ҳаёт тарзигача бўлган оид маълумотлари билан аҳамиятлидир. Келажакда тадқиқотчи олимлар томонидан бу асарнинг турли саналарда кўчирилган нусхалари тадқиқ ва таҳлил қилинса, унда келтирилган баҳс-мунозарали жиҳатларга ойдинлик киритилар эди.

Масалан, баъзи олимлар Солиҳхожани Махдуми Аъзамнинг набираси деса, бошқалари Хожа Абдували Порсонинг ўғли, дейди. Бундай чигал масалалар талайгина. Асар даврлар ўтса-да, ўз қийматини йўқотмаган, ҳамон тарихчи олимлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Комилхон Каттаевнинг “Нодир қўлёзмалар” шахсий фондида китобнинг иккита қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, биринчиси, 186 варақдан иборат. 1829 йилда кўчирилган; Яшил шарқ муқовасининг, таякиси чармдан, турунж ва лоладан иборат. Иккинчи нусхаси — 266 варақ, 1897 йилда кўчирилган ва  яшил шарқ муқовасининг, таякиси чармдан, турунж ва лоладан иборат. Икки қўлёзманинг ҳам хаттоти келтирилмаган[7].

Шунингдек, асарнинг Шарқшунослик қўлёзмалар институти Ҳабиб Сулаймонов фондида ҳам бир неча нусхалари сақланмоқда. Улардан;

“Тазкираи Муқимхония”-  №72 рақамдаги нусхаси уч бўлимдан иборат бўлиб, مقالة деб бобларни номлаган. I–бўлим 14а-27а ; II –бўлим  27а-101а ; III – бўлим 101а-119б ва خاتمة 119б-120б варақ. Муаллиф асарни сўнгида Хожа Баҳоулҳаққ, Хожа Ҳофиз Шерозий, Амир Темур, Саййид Шариф Журжоний, Хожа Аҳрор Валий, Алишер Навоий, Адуллахон каби тарихий шахсларнинг биографияси ҳақида ва Бухородаги айрим меъморий ёдгорликларнинг тарихига оид маълумотларни баён этган. 138а варағида  нусханинг охирги қисми колофонда 1324/1906 йил 139б варақда эса, ميرزا عبد الفتاح كاتب ١٣٤٠ яъни,  Хаттот Мирзо Абдулфаттоҳ котиб 1922 йил кўчирган деган ёзув келтирилган.

“Тазкираи Муқимхония”-  №2569 рақамдаги нусхасида ҳам юқоридаги нусха каби бўлим ва бобларга ажратилган. 1824 йил настаълиқ хатида Хоразмда кўчирилган. Нусха тўлиқ, матн қизил рамкага олинган ва пойгирлари бор. Шарқона рақамланган[8].

“Тазкираи Муқимхония”-  №609/II рақамдаги нусхасида Муҳаммад Юсуф Мунший Музаффар Муқимхоннинг Балх  сиёсий бошқарувидаги муҳим шахс экани эътироф этилган. Асар 408 варақдан иборат, бўлиб, 1814 йил مرزا خدايداد ولد مرزا محمد حسين بلخي   хаттот Мирзо Ҳудойдод ўғли Мирзо Муҳаммад Ҳусайн Балхий томонидан кўчирилган[9].

Қўлёзманинг Санкт-Петербург ва бошқа хорижий фондларда 60 дан зиёдроқ нусхалари сақланади. Аксарият нусхалари XIX асрда кўчирилган. Асар 1861  йили ўзбекчага  тўлиқ таржима қилинган, ундан айрим парчалари француз ва рус тиларида эълон қилинган. 1956 йили тўлиқ русчага таржимаси шарқшунос рус олими А.Семенов томонидан нашр этилган[10].

Мухтасар қилиб айтганда, аллома Муқимхон ва аштархонийлар тарихини ёзиш орқали бутун даврни, унда барча ижтимоий-сиёсий жараёнларни, оддий одамларнинг ҳаётини, муҳим тарихий шахсларнинг шажараси ва фаолиятини батафсил ёритиб берган. Асар шу жиҳати билан ҳам ноёб бўлиб, ўз долзарблигини йўқотмаган ва кенг қамровли тадқиқотларга муносибдир.

[2] К.Каттаев “Маҳдуми Аъзам ва Даҳбед” 1994. –Б.-18
[4] Муҳаммад Юсуф Мунший. “Тазкираи Муқимхоний” №68 16б-17а-бетлар
[5] Ўша асар 26б  бет
[6] А.Саидов. Сведения Муҳаммада Юсуфа Мунший об административном устройстве Бухарского ханства в XVI-  начале XVIII вв.
[8] Католог фонда института рукописей II-том № 72; №2569 -С-275
[9] Собрание восточных рукописей академии I-том №609/II, №1531, №1691, №1738, №789, №1967, №1862/II, №20/ I, №2212/II, №615/II, -С-275
Даурбекова Ирода,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
Маманов Меҳриддин СамДУ 1-курс магистранти

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …