Home / МАҚОЛАЛАР / АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА БУХОРО ВОҲАСИДА ҲУНАРМАНДЛИК ТАРАҚҚИЁТИ ХУСУСИДА(2-қисм)

АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА БУХОРО ВОҲАСИДА ҲУНАРМАНДЛИК ТАРАҚҚИЁТИ ХУСУСИДА(2-қисм)

(1-қисм)Бухоро ҳунармандлари тўқиган матолар илк ўрта асрлардаёқ машҳур бўлиб, Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам бу матонинг шуҳрати пасаймаган. Занданича матосининг Европа мамлакатларига тарқалиши ҳақида маълумотлар сақланиб қолган бўлиб, тарихий адабиётларда бу матони XIV-XV асрларда оддий аҳолининг сотиб олишга молиявий аҳволи йўл қўймагани билан боғлиқ маълумотлар мавжуд. Жумладан, Тевтон диний-рицарлик ордени ҳужжатхонасидаги 1401 йилга оид бир ҳужжатда орден савдогарларининг занданича сотиб олиш билан боғлиқ маълумотлари мавжудлиги юқорида келтирган фикр-мулоҳазаларимизни тасдиқлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, Россиянинг Новгород шаҳрида археологик изланишлар жараёнида топилган ва қайин пўстлоғига ёзилган XIV-XV асрларга оид ёзувда бир аёл ўзига “Зенден – зядяцу” матосидан сотиб олиб беришларини сўрагани билан боғлиқ маълумотлар топилган[5: 151]. Амир Темур ва темурийлар даврига оид бу маълумотлар Бухоро воҳасида ҳунармандлик тараққий этгани ва айниқса, занданича матосининг иқлимий шароитлари турли-туман бўлган минтақаларда бирдек қадрланганини кўриш мумкин. Темурийлар давридан бошлаб машҳур бўлган матолардан бири бу олача матоси бўлиб, уни ишлаб чиқаришда Бухоро етакчи ўринда турган. Бухоро яқинидаги Олачабофон қишлоғи ўз замонасининг машҳур олача матоси тўқишга ихтисослашган, ҳунармандлар яшаган мавзе сифатида танилган[1: 74]. Бухоро Мовароуннаҳрнинг маданий марказларидан бири бўлиб, нафақат турли-туман матолар ишлаб чиқаришда, балки кийим-кечаклар тикишда ҳам асосий марказлардан бири бўлгани тарихий адабиётларда қайд этиб ўтилган[5: 129].

Амир Темур ва темурийлар даврида ҳунармандликнинг сополсозлик йўналишида ўзига хос услублар шаклланган бўлиб, бу даврда Самарқанд кулолчилиги Мовароуннаҳрда етакчи бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Бухоро, Шаҳрисабз шаҳарлари Самарқанд кулолчилигининг ўзига хос хусусиятларини ўзлаштирган эди. Тарихий адабиётларда Ғиждувон уста кулолларининг Амир Темур ва темурийлар даврида ўзига хос услубга эга бўлгани келтириб ўтилган[5: 131]. Темурийлар даври идишлари тайёрлаш техникасига кўра монохром ва полихром  турларга бўлинади. Монохром турдаги идишни асосий ёрқин фони бўйича кўк ранг (кобальт)да нақшланган ёки қора ранг билан нақшланган идиш устидан ҳаворанг сир берилган бўлиб, у анча кам учрайди. Полихром тури эса кўк (кобальт) – тўқ жигарранг ва ҳаворанг бўёқлар намоёнидир. Ушбу турдаги ноёб идишлар археологик тадқиқотларда Амир Темур давлатининг барча йирик марказлари сингари Бухородан ҳам топиб ўрганилган[1: 178].

Бухоро ҳунармандчилигида яна бир тараққий этган соҳа бу металлга ва, айниқса, қимматбаҳо металларга ишлов бериш бўлиб, Амир Темур ва темурийлар даврида сопол, чинни буюмлар билан бир қаторда бронза буюмлар ҳам кенг қўлланилган[1: 75]. Бу эса, Бухорода металлга ишлов беришнинг тараққий этганини кўрсатади. Бухоро Амир Темур ва темурийлар даврида металл, қимматбаҳо металларга ишлов бериш марказларидан бири бўлгани ҳақида европалик сайёҳлар ҳам ёзиб қолдирганини кўриш мумкин. Султония архиепископи Иоанн “Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар” асарининг “Темурбек ҳукмронлик қилган вилоятлар ва ўлкалар хусусида” – деб номланган 9-бўлимида Бухорога таъриф бериб, унинг аъло сифатли олтин ишлаб чиқариш билан ҳам  машҳур эканини ёзиб қолдирган[2: 177].

Бухорода қимматбаҳо металларга ишлов бериш тараққий этиши унинг темурийлар даври молиявий марказига айланишида асосий омил бўлган. Бухоро Мирзо Улуғбек даврида асосий танга зарб қиладиган марказга айланганини тарихий адабиётлар тасдиқлайди. Ташқи савдо учун пул ислоҳотлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Мирзо Улуғбек буни яхши англарди. 1447 йилгача отаси Шоҳруҳ Мирзо номидан танга пул зарб қилдирган бўлиб, у асосан Самарқандда зарб қилинарди. Улуғбек ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Бухоронинг мамлакат молиявий маркази сифатидаги роли ошиб борган. Чунки 1428-1429 йилларда Бухорода Улуғбек томонидан зарб этилган тангалар мамлакатнинг асосий молиявий муомала воситасига айланган. Археологик ёдгорликлардан 1428-29 йилларга оид тангаларнинг шу вақтгача бўлган тангалар билан бирга топилмагани пул ислоҳоти ўтказилиб, бошқа тангалар бекор қилинганини англатади. Бухорода 1428-29 йилларда зарб қилинган тангаларнинг олд томони ўртасида “Бухоро” ёки “Зарб Бухоро” деб ёзилган бўлиб, унинг атрофи турли гулсимон нақшлар билан безатилган. Орқа томонида эса, “Фи ат тарих санаи исна салосина ва самиа”, яъни 832 (1428-29) йил деб ёзилган[6: 65]. Тарихчи олим М. Н. Федоров маълумотларида айтилишича, Мирзо Улуғбек 1428-29 йилларда пул ислоҳоти ўтказиб, қатор шаҳарларда зарбхоналар очган ва пул тўлиқ алмаштирилиб бўлгач, Бухородан бошқа шаҳарлардаги барча зарбхоналарни ёпган[7: 98].

Хулоса қилиб айтганда, Бухоро Амир Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳрдаги йирик ҳунармандлик, савдо-иқтисодий, молиявий марказлардан бирига айланиб борди. Амир Темур, кейинчалик темурийзодаларнинг Бухоро ҳунармандларига ҳомийлиги, ҳунармандлик соҳаларининг ривожи ушбу шаҳарни иқтисодий-ижтимоий ва ишлаб чиқаришдаги роли ортиб бориши билан кейинчалик унинг сиёсий ҳаётга таъсирининг ошишига хизмат қилганди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Амир Темур жаҳон тарихида. –Т.: Шарқ. 1996.
  2. Амир Темур Европа элчилари нигоҳида / Руи Гонсалес де Клавихо. Буюк Амир Темур тарихи (1403-1406); Тарж., У.Жўраев. Султония архиепископи Иоанн. Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар. Тарж., Б.Эрматов; Масъул муҳаррир А.Х. Саидов. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги матбаа ижодий уйи, 2007.
  3. Греков Б., Якубовский А. Золотая Орда (Очерк истории Джучи в период сложения и рассвета в XIII-XIV вв.)/Под редакцией В. Быстрянского. – М.: Госполитиздат, 1941.
  4. Рашидаддин. Сборник летописей Том I. Книга вторая/перевод с персидского О.И. Смирновой. Премечания Б.И. Понкратова и О.И. Смирновой. Редакция проф А.А. Семёнова. – М-Л.: Издательство академии наук СССР, 1952.
  5. Темур ва Улуғбек даври тарихи. –Т.: Қомуслар бош таҳририяти; 1996. www.ziyouz.com kutubxonasi.
  6. Тўхтиев И. Амир Темур ва темурийларнинг молия-пул сиёсати:/И.Тўхтиев; масъул муҳаррирлар: Муҳаммад Али, Л.Тангриев. – Т.: Oʻzbekiston, 2006.
  7. Федоров М.Н. Клад монет Улугбека из Самарканда//Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. 8-9-сон, 1969.
  8. Юлдашева М.Ю. К вопросу о ремесленном производстве в Бухарском ханстве в XVI-XVII веках//Ўзбекистонда ижтимоий фанлар, 4-сон, 1961.
  9. Якубовский А.Ю. Самарканд при Тимуре и тимуридах. – Ленинград, 1933.
Жамшид КЎЧАРОВ,
Қарши давлат университети ўқитувчиси

Check Also

ИМОН ВА ИСЛОМ БИТТАДИР («Ал-Эътимод фил эътиқод» асари асосида)

Имон ва ислом биттадир. Лекин зоҳирийлар бунга хилоф қилган. Улар Аллоҳ таолонинг  ﴿قَالَتِ الْأَعْرَابُ آَمَنَّا …