Home / МАҚОЛАЛАР / АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА БУХОРО ВОҲАСИДА ҲУНАРМАНДЛИК ТАРАҚҚИЁТИ ХУСУСИДА

АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА БУХОРО ВОҲАСИДА ҲУНАРМАНДЛИК ТАРАҚҚИЁТИ ХУСУСИДА

Амир Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳр сиёсий-иқтисодий, маданий жиҳатдан гуллаб-яшнади. Мамлакат ривожи ва халқ фаровонлиги учун Амир Темур ҳунармандлик ва савдо-сотиқ ишларига, айниқса, катта аҳамият қаратганди. Айнан ҳунармандлар ва савдо аҳлининг қўллаб-қувватлашлари Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келишида муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Соҳибқирон сиёсатини унинг авлодлари ҳам давом эттириб, Самарқанд, Тошкент, Термиз, Қарши ва Бухоро каби шаҳарларни ҳунармандлик ишлаб чиқариши ва савдо марказларига айлантирди. Айниқса, Бухоро XIV асрнинг иккинчи ярми – XV асрнинг бошларида ҳунармандлик ва савдо тараққий этган шаҳарлардан бири сифатида намоён бўлди.

Бухоро ҳунармандларининг маҳсулотлари Шарқ ва Ғарбда машҳур бўлгани тарихий манбаларда келтириб ўтилган. Айниқса, бухоролик ҳунармандлар тайёрлаган матолар мўғуллар давридаёқ машҳур бўлиб, Рашидиддин ёзиб қолдирган маълумотларнинг бирида Бухородан уч савдогарнинг Хитой томон йўлга чиқиши, бу вақтда Чингизхон Шимолий Хитойни истило қилиш билан банд бўлгани ва савдогарларнинг Чингизхон билан учрашгани, савдогарларнинг Хитойга олиб бораётган маҳсулотлари орасида зарбофт (зар-олтин иплар қўшиб тўқилган қимматбаҳо мато), занданича (пахтадан сифатли қилиб тайёрланган ва гул босилган мато тури), карпас (пахта толасидан тўқилган оқ рангли бахмалмато) каби матолар ҳам бўлгани айтиб ўтилади. Чингизхон бухоролик савдогарлар маҳсулотини кўриб, гарчи уларнинг қиймати 10-20 динор атрофида бўлса-да, зарбофтнинг бир бўлагига бир болиш (мўғуллар давлатидаги пул бирлиги) олтин, занданича, карпас матосининг бир бўлагига бир болиш кумуш тўлашни буюргани айтиб ўтилган[4: 187-188]. Аммо мўғуллар истилоси ва ундан кейинги ўзаро курашлар жараёнида Бухорода ҳунармандликнинг кўп турлари йўқолиб борган.

XIV асрнинг биринчи ярмида Чиғатой улусида кечган воқеликлар шаҳарларнинг ва савдо иқтисодий муносабатларнинг вайрон бўлишига олиб келаётган эди. Ана шундай жараёнларда ҳунармандлар ўзларини ҳимоя қилиш учун иттифоқлар, биродарлик ташкилотларига бирлаша бошладилар. Бу ҳол Мовароуннаҳрда ҳам содир бўлиб, тарихчи олимлар Б.Греков ва А.Якубовскийларнинг таъкидлашича, XIV асрда Эрон, Кичик Осиё ва Ўрта Осиё шаҳарларида ҳунармандларнинг ўзаро биродарлашган иттифоқлари шаклланган эди. Ушбу иттифоқлар нафақат меҳнат тақсимотида, балки, сиёсий масалаларда ҳам фаол бўлиб, феодал жамиятда шаҳарликларнинг омма олдидаги чиқишлари айнан улар орқали содир бўлган. Бундай ташкилотлар манбаларда Ахий деб аталган. Уларнинг ўз йиғинлари, ўз шайхлари бўлиб, бошқа Ахий (биродар)лар билан яқин алоқада тез-тез чиқишлар қилиб, сиёсий ҳаётга катта таъсир кўрсатган[3: 105].  Айнан мана шундай ташкилотлар кейинчалик Амир Темурнинг иқтисодий қудратига айланиб борган. Бунинг устига XIV аср давомида савдо иқтисодий муносабатлар аста-секинлик билан ривожланиб, турк-мўғул феодалларининг айримлари ҳам савдо, ҳунармандлик ишлаб чиқаришига эътибор қарата бошлаганди. Феодаллар шаҳарларда кўчмас мулк, савдо дўконлари, ҳунармандлик расталари сотиб ола бошладилар. Бу ҳолат уларнинг ўтроқликка ўтиш ва исломни қабул қилиш жараёнини тезлаштирди. Савдо ва ҳунармандлик биринчи навбатда Самарқанд ва Бухорода ривожланиб борди[9: 9-10]. Бу эса ўзаро урушларга чек қўйиб, мамлакатни бирлаштириш тарафдорларининг кўпайиб боришини таъминлаган омиллардан бири бўлди.

1365 йил сарбадорлар қўзғолони даврида ҳунарманд ва савдо иқтисодий-муносабатлар вакилларининг етакчиларини қатл этишга қарши чиқиб, Амир Темур савдо-иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилди. Бунинг натижасида Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз шаҳарларининг қўллаб-қувватлашига эришди[9: 14].

Амир Темур ҳокимият тепасига келгач, у юритган савдо-иқтисодий сиёсат натижасида буюк ипак йўли бўйлаб савдо алоқалари қайта тикланибгина қолмай, халқаро савдода Самарқанд, Бухоро, Урганч, Тошкент каби йирик савдо-ҳунармандлик марказлари эмас, балки кичик шаҳарлар ва қишлоқларнинг ҳам фаол иштироки таъминланди[1: 79]. Бу эса ҳунармандликнинг йўқолиб кетган тармоқлари тикланишига ва янги соҳаларнинг вужудга келишига асосий туртки бўлган.

Мўғуллар босқини арафасида Бухорода қатор ҳунармандлик соҳалари тараққий этган бўлиб, айниқса, ипак матоларни тайёрлаш кенг тараққий этгани юқорида айтиб ўтилганди. Ўзаро урушлар натижасида ипакчилик Бухорода бутунлай инқирозга учраган бўлиб, Амир Темурнинг ипакчилик соҳасини Бухорода яна қайта тиклашга ва ривожлантиришга ҳаракат қилгани тарихий адабиётларда келтириб ўтилганининг гувоҳи бўлиш мумкин[8: 33].              Давоми бор…

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Амир Темур жаҳон тарихида. –Т.: Шарқ. 1996.
  2. Амир Темур Европа элчилари нигоҳида / Руи Гонсалес де Клавихо. Буюк Амир Темур тарихи (1403-1406); Тарж., У.Жўраев. Султония архиепископи Иоанн. Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар. Тарж., Б.Эрматов; Масъул муҳаррир А.Х. Саидов. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги матбаа ижодий уйи, 2007.
  3. Греков Б., Якубовский А. Золотая Орда (Очерк истории Джучи в период сложения и рассвета в XIII-XIV вв.)/Под редакцией В. Быстрянского. – М.: Госполитиздат, 1941.
  4. Рашидаддин. Сборник летописей Том I. Книга вторая/перевод с персидского О.И. Смирновой. Премечания Б.И. Понкратова и О.И. Смирновой. Редакция проф А.А. Семёнова. – М-Л.: Издательство академии наук СССР, 1952.
  5. Темур ва Улуғбек даври тарихи. –Т.: Қомуслар бош таҳририяти; 1996. www.ziyouz.com kutubxonasi.
  6. Тўхтиев И. Амир Темур ва темурийларнинг молия-пул сиёсати:/И.Тўхтиев; масъул муҳаррирлар: Муҳаммад Али, Л.Тангриев. – Т.: Oʻzbekiston, 2006.
  7. Федоров М.Н. Клад монет Улугбека из Самарканда//Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. 8-9-сон, 1969.
  8. Юлдашева М.Ю. К вопросу о ремесленном производстве в Бухарском ханстве в XVI-XVII веках//Ўзбекистонда ижтимоий фанлар, 4-сон, 1961.
  9. Якубовский А.Ю. Самарканд при Тимуре и тимуридах. – Ленинград, 1933.
Жамшид КЎЧАРОВ,
Қарши давлат университети ўқитувчиси

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …