Ислом таълимотида Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қиладиган, гуноҳдан сақланиб, динини, жамоатни ва илмни ҳимоя қиладиган солиҳ бандаларига “авлиё” деб аталади. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда айрим кимсалар авлиёлар ҳақида асоссиз гаплар тарқатмоқда. Жумладан, Содиқ Самарқандий: “У (Аҳмад Яссавий) ғорга кириб кетди деганини биз мақтов деб тушунар эдик. “Беш ёшимдан белим боғлаб тоат қилдим, тавалло деб рўза тутмоқ одат қилдим, шу сабабдан 63 да ерга кирдим”. Ерга кириб кетиб, яна 63 йил ер тагида яшаган экан, дейилади. Расулуллоҳ шундай қилганмилар? Бу дегани Аллоҳга исён эмасми: “Эй Робби, мени ўлдиришинг керак эди. Мени нимага тирик қўйибсан! Мен кетдим ер тагига. Қабрда яшайман!”. Аллоҳ нега умр берди унга?! Бу ерда жума қани, жамоат қани?!” каби сўзлар билан Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларини танқид қилиб, шаънига нолойиқ сўзлар айтган. Бундай масалалар ислом нуқтаи назаридан қандай талқин этилган? Бу ҳақда оят ва ҳадисларда нима дейилган? Воқелик ва ҳақиқат улар айтгандекми ёки бошқачами? Бу ҳақда батафсил тўхталсак. Албатта, улар бундай чиқишлар орқали маълум мақсадни кўзлаган. Жамоат ичида фитна чиқариш, одамлар ишончини сўндириш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш – шундай ғаразли мақсадлар сирасига киради.
“Авлияёуллоҳ – Аллоҳнинг дўстлари”, яъни авлиёлар кимлиги хусусида турли таърифлар мавжуд. Жумладан, улар тоат-ибодат билан Аллоҳга яқин бўлган, Аллоҳ эса, фазлу каромати билан уларга яқин бўлган кишилардир. Кўпчилик уламолар фикрига кўра, валийлар Аллоҳ йўлида дўстлашган кишилар бўлиб, уларни боғлаб турувчи нарса бойлик ҳам, қариндошлик ҳам эмас, балки Аллоҳнинг ризолигидир. Бунга далил қилиб, ушбу ҳадисни келтирадилар:
أن عمر بن الخطاب رضي الله عنه قال: قال النبي صلى الله عليه وآله وسلم: إن من عباد الله لأناساً ما هم بأنبياء ولا شهداء يغبطهم الأنبياء والشهداء يوم القيامة؛ بمكانهم من الله تعالى، قالوا: يا رسول الله! تخبرنا من هم؟ قال: هم قوم تحابوا بروح الله على غير أرحام بينهم، ولا أموال يتعاطونها، فوالله إن وجوههم لنور، وإنهم على نور، لا يخافون إذا خاف الناس، ولا يحزنون إذا حزن الناس، وقرأ هذه الآية: ﴿ أَلا إِنَّ أَوْلِيَاءَ اللَّهِ لا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلا هُمْ يَحْزَنُونَ ﴾] يونس: ٦۲.[
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг шундай бандалари ҳам бор, улар пайғамбарлар ҳам эмас, шаҳидлар ҳам эмас. Қиёмат куни уларнинг Аллоҳга яқинлигини кўриб ҳатто пайғамбарлару шаҳидлар ҳам уларнинг мақом ва мартабаларини ҳавас қиладилар,” дедилар. Саҳобалар: Эй Расулуллоҳ! Бизга уларнинг кимлиги ҳақида айтиб беринг! дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар ўзаро қариндош ҳам эмаслар, бир-бирлари билан бойлик жиҳатдан ҳам олди-бердилари бўлмаган, лекин улар Аллоҳнинг йўлида дўстлашган кишилардир. Уларнинг юзлари нуроний, ўзлари ҳам нури раббоний узра барқ уриб турурлар. Одамлар (қиёмат ваҳимасидан) қўрққанда улар қўрқмаслар, одамлар (гуноҳларидан) ташвиш чекканда улар ташвиш чекмаслар”, деб қуйидаги:
﴿أَلَا إِنَّ أَوْلِيَاءَ اللَّهِ لَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ﴾
“Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари (дўстлари)га хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар”[1] оятини ўқиб берган эканлар”.[2]
Валийлар ёки авлиёлар таърифи тасаввуфда ўзига хос тарзда акс эттирилган.
Тасаввуфдаги таърифга кўра “Валий – Авлиё” тушунчаси Қуръон ва ҳадисга асосланган бўлиб, “дўст” яъни “Аллоҳнинг дўсти” маъносини билдиради.
﴿وَاللَّهُ وَلِيُّ الْمُتَّقِينَ﴾
“Аллоҳ эса тақводор зотларнинг дўстидир”[3].
Бу маъно замирида Қуръони каримда зикр этилган Марям онамиз – Бинти Имрон, Осиё онамиз, Мусо алайҳиссаломга илм берган солиҳ одам – Хизр алайҳиссалом, Сулаймон алайҳиссаломга тахтни келтириб берган “Китобдан илми бор” киши кабиларнинг аниқ, равшан тарзда валий инсон бўлганликларига ишора қилинган.
Юқорида айтилган “валий – авлиё” сўзининг таърифлари ўртасида умумий ўхшашликлар мавжуд.
Тарихда ҳикмат соҳиблари бўлган азиз авлиёлар ишларини тушунмасдан уларни айблайдиган кимсалар ҳам бўлган. Бунга Мансур Халложнинг “Анал ҳақ” дегани учун осиб ўлдирилиши ва Муҳйиддин ибн Арабийнинг кофирга чиқарилишини мисол келтириш мумкин.
Аммо ислом шариатининг азиз авлиёлар ва уларга қарши бўлганларга муносабати қандай? Авлиёларни ҳурмат қилиш – бу динга ҳурмат, уларнинг шаънига асоссиз сўзларни айтиш – Аллоҳнинг динига беҳурматликдир.
Энг оғир гуноҳлардан бири – мусулмон киши ғафлатда қолиб, ўзи билиб-билмай, эътибор ҳам қилмай гапириб юборишидир. Бу ҳақда Набий соллалллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бундай дейилган:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله – صلى الله عليه وسلم – : إن الله قال : من عادى لي وليا فقد آذنته بالحرب ، وما تقرب إلي عبدي بشيء أحب إلي مما افترضت عليه ، وما يزال عبدي يتقرب إلي بالنوافل حتى أحبه ، فإذا أحببته كنت سمعه الذي يسمع به ، وبصره الذي يبصر به ، ويده التي يبطش بها ، ورجله التي يمشي بها ، وإن سألني لأعطينه ، ولئن استعاذني لأعيذنه.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Аллоҳ таоло бундай дейди: “Ким Менинг валийимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам унга фарз қилган нарсаларимдан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлашмайди. Бандам Менга нафллар билан яқинлашаверади ва ниҳоят Мен уни яхши кўриб қоламан. Қачон Мен уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли, юрадиган оёғи бўламан. Мендан сўраса, унга албатта бераман. Мендан паноҳ тиласа, уни албатта паноҳимга оламан. Қиладиган ҳеч бир ишим хусусида мўминнинг жони(ни олиш) ҳақида иккиланганимдек иккиланмадим. У ўлимни истамайди, Мен эса унга азият истамайман”[4].
Ушбу ҳадиси қудсийга кўра, авлиёларни яхши кўриш вожиб, уларга қарши гапириш ҳаромдир. Ушбу ҳадисга кўра, мўмин-мусулмон кишилар билиб-билмай азиз-авлиёлар шаънига ножоиз сўзни айтиб, Аллоҳ уруш эълон қилган томонга ўтиб қолишдан сақланиши зарур. Аллоҳнинг валийларига сўз билан ёки бирор хатти ҳаракат билан ҳаддидан ошиб, озор берган ҳар қандай кимса, билиб олсинки, унга қарши Аллоҳ субҳанаҳу таоло уруш очади. Дунёда Аллоҳ билан уруш қилмоқдан кўра ҳасрати оғирроқ иш йўқдир.
Яна бир ҳадисда:
عن النبيّ ﷺ قَالَ: إنَّ الرجلَ لَيتكلَّمُ بالكلمةِ لا يرى بها بأسًا يهوي بها سبعين خريفًا
“Киши ҳеч зарари йўқ деб бир сўзни айтиб қўяди-ю, лекин шу сўзи сабабли Аллоҳнинг раҳматидан етмиш йиллик масофага узоқлашиб кетади”[5].
Банда шунчаки арзимаган сўз айтаяпман деган ўй билан гапириб юборади. Аммо айтган сўзлари Аллоҳнинг ғазабини келтиради. Алалоқибат дўзахга равона бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عن النبيّ ﷺ قَالَ: إنَّ الْعَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمةِ مِنْ رِضْوَانِ اللَّهِ تَعَالى مَا يُلقِي لهَا بَالًا يَرْفَعُهُ اللَّه بهَا دَرَجاتٍ، وَإنَّ الْعبْدَ لَيَتَكلَّمُ بالْكَلِمَةِ مِنْ سَخَطِ اللَّهِ تَعالى لا يُلْقي لهَا بَالًا يهِوي بهَا في جَهَنَّم
“Банда аҳамият бермаган ҳолда Аллоҳ таоло рози бўладиган бир сўзни гапириб қўяди-да, ана шу сўзи сабабли Парвардигор унинг даражасини кўтаради. Яна бир банда парво қилмаган ҳолда Аллоҳ таоло ғазабини келтирадиган сўзни айтиб қўйиб, шу сабабли жаҳаннамга қулайди”[6].
Ижтимоий тармоқдаги ушбу кимса ҳам шунчаки арзимас нарса ҳақида гапиряпман деган хаёл билан қилаётган ишини енгил санаб, тасаввуф пешвоси бўлган Султонул орифин Хожа Аҳмад Яссавийдек зот шаънига нотўғри ва ножоиз фикрларни билдирган. Унинг айтганлари ҳеч нарсага арзимайдиган шунчаки сўзлар эмас. Аксинча, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисларига кўра, Аллоҳ уруш эълон қилган кимсалар томонига ўтишдир.