Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Шажарашуносликдан юксак илм сари: Махдуми Аъзам авлодлари изидан

Шажарашуносликдан юксак илм сари: Махдуми Аъзам авлодлари изидан

Япониянинг Токио университети доценти, тарихшунос олим Яёи Каваҳара Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Махдуми Аъзам Даҳбедий ва унинг авлодлари: шажара ва силсила” мавзусида қўшма илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Изланишлар доирасида олима Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудидаги Махдуми Аъзам Даҳбедий ва унинг авлодлари билан боғлиқ муқаддас зиёратгоҳлар, мақбара ва маданий мерос объектлари билан яқиндан танишди. Мазкур масканларда сақланиб келаётган эпиграфик ёдгорликлар – қабр тошлардаги қадимий битиклар таҳлил этилиб, уларда акс этган маълумотлар ислом тарихи, илм-фан ва маънавият тараққиётининг юксак намунаси сифатида баҳоланди.

Ушбу битиклар нафақат ўзбекистонликлар, балки жаҳон илм-фан жамоатчилиги учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Уларда авлодларнинг ҳаёт тартиби, маънавий мерос силсиласи ҳамда маҳаллий тарихнинг бой жиҳатлари ўз аксини топган.

Яёи Каваҳаранинг таъкидлашича, мазкур тадқиқотлар Ўзбекистонда диний-маърифий мерос илмий асосда, ўта эҳтиёткорлик билан сақланаётганини намоён қилади. Шу билан бирга, етук тарихий шахслар ва уларнинг авлодлари ҳаётини ўрганиш, илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишга хизмат қилади.

Ташриф доирасида келгусида халқаро илмий лойиҳа доирасида кенг қамровли тадқиқот ишларини амалга ошириш, хусусан, шажаралар, сулола силсилалари, тарихий битиклар ва археологик объектларни чуқур ўрганиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Мазкур ташаббус Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг жаҳон илм-фани намояндалари билан ҳамкорликда маънавий меросни ўрганиш ва уни келажак авлодларга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг яна бир амалий намунасидир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

МАККА БИЛАН ТОШКЕНТ ЎРТАСИДА МАЪРИФИЙ МУЛОҚОТ

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари …