Home / МАҚОЛА / АВЛИЁЛАРГА ТОШ ОТИШ – АЛЛОҲ УРУШ ЭЪЛОН ҚИЛГАН КИМСАЛАР ТОМОНИГА ЎТИШДИР (2-қисм)

АВЛИЁЛАРГА ТОШ ОТИШ – АЛЛОҲ УРУШ ЭЪЛОН ҚИЛГАН КИМСАЛАР ТОМОНИГА ЎТИШДИР (2-қисм)

Аҳмад Яссавий ҳазратлари (қаддаса Аллоҳу сирраҳу)ни айблаш учун айтилган бу сўзларнинг асоссиз ва ислом динига зид эканига яна бир далил: Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун масжидларда “эътикоф” ўтириш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат  бўлиб қолган амал эканидир.

 Кейинчалик жоме масжидлар ёнидан эътикоф ўтириш учун алоҳида қилиб чиллахоналар қурилган. Табиийки эътикоф ўтирган киши жума намози ва бошқа фарз намозларни қандай ўқиган бўлса, азиз авлиёларимиз ҳам чиллахонасидан чиқиб, худди шундай жума намозини ва беш вақт намозни жамоат билан ўқиган.

Ҳатто чиллада ўтирган азиз авлиёларимизнинг айримлари  жамоат намозига чиқишдан олдин, одамлар билан мулоқот қилиш ортидан беҳуда нарсаларга чалғиб қолмаслик учун  бошига сутра (ёпинчиқ) ташлаб олган. Одамлар бошдаги сутрадан унинг чиллада эканини билган. Зарурат бўлмаса гапирмаган, фақат дин ва охиратига тааллуқли масалалар билан мурожаат қилган. Дунёвий масалаларга оид саволлар бериб, уни безовта қилмаган.

 Аммо Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларини ер остида ўзи учун хослаб қурдирган “чиллахона”си ва унга 63 ёшида кириб кетишларига келсак, бу иш фақат ҳазратнинг ўзига хос бўлган кароматдир. Шунингдек, уни бошқа  чиллахоналар каби бир жой деб тасаввур қилмаслик керак. Ушбу ер остидаги чиллахонада Хожа Аҳмад Яссавий ўз шогирдлари билан жума намози ва қолган беш вақт намозни жамоат бўлиб ўқиш учун хослаб қурилган мўъжазгина масжид ва таҳоратхона ҳам мавжуд эди. У ўз ибодатини аҳли сунна вал жамоага мувофиқ тарзда жамоат бўлиб адо этган. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бу кароматли иш фақат Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг ўзигагина хосдир.

Инсон ўзидаги зоҳирий илм билан фикр юритиб, ботиний илм соҳиблари – ҳикмат берилган солиҳ бандалар, хусусан тасаввуфдаги азиз-авлиёлар шаънига турли ноўрин сўзларни айтишдан эҳтиёт бўлиши лозимлигига яна бир далил:

Аллоҳ таоло солиҳ бандаларини айблашдан эҳтиёт бўлишга чақириб, Қуръони каримнинг Каҳф сурасида Мусо алайҳиссалом ва Ҳазрати Хизр алайҳиссалом қиссасини таълим ўлароқ баён қилган. Мазкур сурада Мусо алайҳиссалом ва Аллоҳ “Ўз даргоҳидан раҳмат ва илму ҳикмат ато этган солиҳ банда” “Хизр алайҳиссалом” қиссаси баён қилинган.

Ҳазрати Хизрга шогирд тушган Мусо алайҳиссалом пайғамбар эдилар. Пайғамбар бўлганда ҳам улул аъзм мақомидаги беш пайғамбарнинг бири эдилар. Аммо Хизр алайҳиссалом қилган ишларининг ҳикматини англаб етолмай, сабрсизлик билан нотўғри таъвил қилиб, у зотни айблаб қўяди. Хизр алайҳиссалом қилган ишларининг сабабларини айтиб бергандан сўнг Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларидан айримларига берган илмдан ўзининг насибадор эмаслигини билиб олади. Бу қиссадан маълум бўладики, азиз авлиёларга берилган илм айрим ҳолларда фақат ўзигагина хос бўлиб, уларнинг қилган амаллари ва айтган сўзларининг таъвилига ҳамманинг ҳам ақли ва тафаккури етавермайди.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ҳазрати Хизр алайҳиссаломга берилган ҳикмат ўзларига хос илм бўлгани каби бу ишнинг замирида ҳам фақат Аҳмад Яссавийнинг ўзигагина маълум ҳикмат – илми ҳол  ётади. Бу ҳикматни нафақат миллатимиз, балки ислом оламининг фахри бўлган олиму уламоларимиз, азиз авлиёларимиздан айб қидирадиган кимсаларнинг тушунмаслиги табиий.

Авлиёларга боғлиқ ва ақлимиз етмаган айрим ишларда уларнинг шаънига ноўрин сўзларни айтишдан сақланиш зарурлигига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам далил бўлади:

﴿أَلَا إِنَّ أَوْلِيَاءَ اللَّهِ لَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ﴾

“Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари (дўстлари)га хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар”[1]

Яъни, одамлар қиёмат даҳшатидан ваҳимага тушиб, жон талвасасида нажот излаганларида Аллоҳнинг авлиёлари ваҳимага тушмаслар. Одамлар гуноҳидан ташвиш чекиб, ўзига шафоатчи излаганда улар ташвиш чекмаслар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтган сўзлардан хулоса чиқаришимиз, азиз-авлиёлар шаънига турли ножоиз сўзларни айтишдан сақланишимиз керак. Аслини олганда, ижтимоий тармоқларда азиз авлиёлар, хусусан, уламолар шаънига отилаётган тошлар замирида ёвуз мақсад ётади. Бундай Фитна келтириб чиқарувчи сўзларни айтаётган манқуртлардан огоҳ ва эҳтиёт бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.

Мусулмон киши солиҳ инсонларни ёмонлаш ўрнига, уларнинг ибратли ҳаётидан ўрнак олишга интилиб яшайди. Исломда нафақат азиз-авлиёлар, балки оддий мусулмоннинг шаънига ҳам ножоиз сўз айтиш мумкин эмас. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 عن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: كل المسلم على المسلم حرام، دمه، وماله، وعِرْضه.  

“Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва обрўси мусулмонга ҳаромдир”, деганлар[2].

Авлиёлар шаънига нолойиқ сўзларни айтиш  нафақат катта гуноҳ, балки бузғунчилик ҳамдир. Ҳақиқий мўмин эса фитнага эмас, балки тинчлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатга даъват қилади.

[1] Юнус сураси, 62-оят.
[2] Саҳиҳул Бухорий, 6064-ҳадис; Саҳиҳу Муслим, 2564-ҳадис.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

بسم الله الرحمن الرحيم ١ – بَابُ [ما جاء في] قَوْلِهِ تَعَالَى: {وَوَصَّيْنَا الإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْنًا}  АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ: “БИЗ …