XX асрга келиб ислом санъатига оид тадқиқотлар жадал ривожланганига қарамасдан, муҳрлар борасида изланишлар жуда оздир. Эҳтимол, ёзма манбалар муҳрларга қараганда кўпроқ маълумот бергани бунга асосий сабабдир. Бундай сабаблардан яна бири – бу муҳрларнинг бугунги кунгача етиб келмагани ва унинг эгалари ҳақидаги маълумотларнинг камлигидир. Шу ўринда муҳрга эга бўлиш ҳамма вақт ҳам бемалол бўлавермаганини айтиб ўтиш лозим. Биринчидан, муҳр эгаси маълум бир амалдор ёки мансаб эгаси бўлган. Иккинчидан, мансабдан тушгандан кейин улар бундай муҳрдан фойдаланиши мумкин бўлмаган.
Марказий Осиё ҳудудида ёзилган манбаларда – қўлёзма асарлар, қози ҳужжатлари, ёрлиқ, шажара ва бошқа манбаларда китоб эгалари томонидан ёки ҳужжатни тасдиқлаш учун босилган муҳрларни учратиш мумкин.
Қўлёзма китобларга босилган муҳр ёрдамида шахсий, вақф кутубхоналари ва китоб савдоси ҳамда қўлёзмаларнинг кўчиб юриши ҳақидаги тарихий фактларни аниқлаш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиё тарихи, сфрагистика ва турли фан соҳалари билан шуғулланувчилар учун кўпгина маълумотлар бериши табиийдир.
Муҳрканлик катта ҳунар ва санъат ҳисобланган. Айрим хаттотлар муҳрканлик ишини ҳам бажарган. Бу ҳунар эгалари тарихда хаттот ёки муҳркан номи билан машҳур бўлган. Муҳрканларнинг ўйиб ёзган хатлари, яъни муҳрдаги ёзув маъно ифодалашдан ташқари, кишиларга гўзал эҳтирос, эстетик завқ беради. Муҳркан қаламида тайёрланган ҳар бир муҳр санъат мўъжизаси каби ўлмас асар ҳисобланади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Марказий Осиёда ёзувнинг жуда кўп – куфий,насҳ, сулс, настаълиқ, риқо, райҳоний каби турлари мавжуд бўлган. Ўзини муҳркан деб атаган киши хаттотлик қоидаларидан хабардор бўлиши ва қоидага мувофиқ ёза олиши шарт эди. Бу эса, анчагина илм, қобилият ва диққатни талаб қилади. Шунингдек, муҳрлар турли шаклда бўлган, масалан: қози ва муфтийларники думалоқ бўлса, мударрис ва жисмоний шахсларнинг муҳри тўғри тўрт бурчак ёки бошқа шаклда ясалган.
Муҳрканлар Марказий Осиёда кенг тарқалган насх, настаълиқ ва сулс хат турларини мукаммал билиши шарт ҳисобланган.
Араб ёзувининг безаклаш имконияти ҳар бир ҳарфнинг турли шаклларда ёзилиши билан изоҳланади. Ҳарфнинг сўз боши, ўртаси, охири ёки алоҳида турганда ҳар хил ёзилиши ҳам безакдорлик учун ҳисобга олинган.
Муҳр ясашда бадиий-арабий хат чизмакашлик (график) санъатидан фойдаланилган. Марказий Осиё ҳудудида қатор муҳрканлар фаолият олиб борган, улар нафақат муҳр ясаш, балки хаттотлик ишларини ҳам бажарган.
Марказий Осиёда фаолият олиб борган муҳрканлар (муҳрсозлар) ҳақида маълумотлар жуда кам. Тарқоқ ҳолдаги маълумотлар айрим манбаларда учрайди. Абулғозий ўзининг “Шажарайи турк” асарида шаҳарларда айрим шахслар учун муҳрлар тайёрлаб берувчи ҳунармандлар – муҳрканлар ҳам фаолият юритгани ҳақида маълумот берган. Шунингдек, у Хива хони Абулғозихон XVI асрнинг биринчи ярмида Аванешхоннинг ўғли Динмуҳаммад султон “бозордин бир муҳрканни келтуриб, отасининг отина муҳр қаздурди”, деб хабар берган [1:131]. Бундай усталардан бирининг номини XVII аср муаллифи Мутрибий ҳам эслаб ўтади [2:176].
Яна бир маълумот XIX асрнинг маърифатпарвар муаррихларидан бўлган Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидайи Тошканд” (“Янги Тошкент тарихи”) асарида [6:157-158] учратиш мумкин. Муаллифнинг ёзишича, Эшон Абдулваҳҳоб хожа муҳркан Абдусамиъ хожа хатиб ўғли ҳам моҳир хаттот бўлиб, кейинчалик Бухорога кўчиб кетган. Муаллифнинг устози домулла Мир Иноятуллоҳ эса, асар ёзиш билан бирга, хаттотликда ҳам моҳир бўлган. У Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳи муалла” (Ибн Ҳожибнинг “Ал-кофия” асари шарҳи) асарини ёшлигида ҳуснихат билан кўчирган экан. А.Муродов ҳам ўзининг хаттотлик тарихига бағишланган тадқиқотида мазкур шахсларни Тошкентдаги кўзга кўринган хаттотлар сифатида санаб ўтган. Унинг ёзишича, Мир Иноятулло Жомийнинг “Фавойиди зиёия” (Жомийнинг ўғли Зиёуддин учун ёзган асари) асарини ҳам ҳуснихатда кўчирган [4:142-143].
Муҳрканларнинг яна бири Мулла Мир Аҳмадхон бўлиб, Тошкентда уламолар оиласида туғилган ва “Мир” тахаллуси билан ижод қилган. Мулла Мир Аҳмадхон хушхат муҳркан бўлиб, бундан ташқари, қозихоналарда муфтий ва аъламлик вазифасини бажарган. Мурод хожа Солиҳ хожанинг ёзишича, у “Фиқҳи акбар” (“Катта фиқҳ”) асарини арабчадан ўзбек тилига назмда таржима қилган.
Шоир, адиб Сирожиддин Махдум Сидқий Хондайлиқий [5] (1884-1934) ҳам муҳрканлик касбига эга бўлган. Бу санъатдан яхшигина хабардор бўлган. Сидқий Хондайлиқий XX аср бошларида тошкентлик қози, муфтий ва мударрисларга муҳр ясаб берган. Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида №7633 рақами остида сақланаётган йиғма жилдда Мирза Ҳошим Хўжандий (ваф.1924) ва унинг шогирди Сирожиддин Маҳдум Сидқий Хондайлиқийнинг санъаткорона ишланган бир неча шаклдаги ўйма 471 дона муҳр нусхаси мавжуд.
Муҳрларни бир неча тоифага бўлиш мумкин: қозикалон, қози, муфтий, мударрис, аълам ва уларнинг фарзандлари номи акс этган муҳрлар [3]. Шунингдек, амалдор бўлмаган киборлар авлодлардан бўлган саййид, хожа, тўра ва мирларнинг ҳам муҳрлари учрайди. Мавжуд муҳрлар Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги шаҳар ва қишлоқ қозиларига тегишли бўлган. Бу даврда ва ундан олдин расмий ва шахсий муҳрларни ясаш ҳар кимга ҳам ишониб топширилмаган. Бундай масъулиятли ишнинг Сидқий Ҳондайлиқийга топширилгани унинг катта мавқега эга бўлганини кўрсатади. Муҳрлардаги саналар тахминан 1326/1908-1336/1918 йилларни кўрсатади. Бундай муҳрларнинг кўплиги кишини ажаблантиради. Улар кейинчалик шахсий муҳрларга айланган бўлса керак, чунки XIX аср охирларига келиб, русча муҳрлар жорий этила бошлади, масалан: “Народный судя Себзарской части города Ташкента Сырдарьинской области” ёки “Народный судя Кукчинский части города Ташкента Сырдарьинской области”.
Худойберган Муҳркан Хивақий Муҳаммад Фано ўғли (1817 йил) Хиванинг Бобокарвонбоши маҳалласида дунёга келган. Нафақат хаттотлик билан шуғулланган, балки муҳр ўйиш санъатига ҳам қизиққан [7].
Бу муҳр эгаларининг аксарияти ҳозир бизга номаълум. Бир қисмигина Тошкент ва унинг атрофидаги шахсларга тегишли эканини аниқлашга муваффақ бўлдик. Бу борадаги ишлар ҳали давом этмоқда.
Ушбу масалалар ечимини топиш катта аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, биринчидан, Марказий Осиё ҳудудида яшаб ўтган мансабдор шахслар ва зиёлилар фаолиятини тадқиқ этишга, иккинчидан, бу ерда яшаб ўтган юксак интеллектуал қобилиятга эга бўлган шахслар ҳаёти борасида тўлиқ ва объектив тасаввурга эга бўлиш имконини беради.
Хондайлиқий тайёрлаган мазкур муҳрларнинг бир қисми XIX аср охири – XX бошларида фаолият олиб борган Тошкент қозиларига тегишлидир. Улардан бири Тошкентда катта мавқега эга бўлган Себзор қозиси Муҳиддин хожаники. Унинг муҳрлари асосан Марказий архивда сақланаётган қозилик ҳужжатларида учрайди. Қози Себзор қозихонасида юритилган турли хил ҳужжатларга ўз муҳрини босган. Муҳрда “Қози Муҳаммад Муҳиддин хожа ибн Муҳаммад Ҳаким хожа Эшон Алавий, 1304/1887 йил” деган маълумот берилган. Шунингдек, архивдаги айрим қози ҳужжатларида бир йўла XIX аср охирида Тошкентнинг тўрт ҳудудида қозилик қилган қозилар муҳрини ҳам учратиш мумкин.
Уларда: Себзор қозиси Азиз Хожа Эшон ибн Эшон Ой Хожа Ҳожи шайхулислом (1300/1883-84); Кўкча қозиси Мулла Бой Мирза қози ибн Мирза Оғалиқ (1300/1883-84); Бешёғоч қозиси Одил Хожа Эшон ибн Офтоб Хожа Алави (1300/1883-84); Шайх Хованд Таҳур қозиси Муҳаммад Шариф Хожа Садр нешин ибн Подшоҳ Хожа Умарий (1288/1872).
XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистон ўлкасида қозилик суди ишларини юритишда юридик ҳужжатларни қайд қилиш тартиб-қоидаларига алоҳида эътибор қаратилган. Чор ҳукумати амалдорларидан сўнг халқни бошқариб, унинг ижтимоий-сиёсий аҳволини тартибга солишда маҳаллий қозиларнинг ўрни катта бўлган. Қозилар аксарият ҳолларда мулкий ва оилавий муносабатларга оид бўлган масалаларни ҳал этган. Масалан, мулкий муносабатларга: васият, мерос, ширкат, кафолат, мулк даъвоси, етказилган зарарни қоплаш, олди-сотди, ижара, қарз, музораба, қарз, омонат, вақф кабилар кирса, оилавий муносабатларда, асосан, никоҳ, маҳр ва бошқа мулкий мажбуриятлар, ҳурмати ғализа, муайян сабабларга кўра никоҳни бекор қилиш, насабни белгилаш, қариндошликни исботлаш, ўлимни тасдиқлаш каби ишлар бўйича даъволар кўрилган.
Мулоҳазалардан яна бири шундаки, Туркистон ўлкасида ҳам қозилик суди ишлари шариат аҳкомларига кўра олиб борилган ва унга ҳанафий мазҳаби қонунлари асос қилиб олинган. Бунда шариат аҳкомларини билиш ва улардан фойдаланиш учун қозиларга фиқҳий асарлар манба бўлиб хизмат қилган. Бу эса, ўз-ўзидан ҳар бир қозикалон, қози, муфтий ёки мударрис шу соҳага оид китобга эга бўлишини тақозо этган. Буларни биз деярли қўлёзмаларга босилган муҳрлар ёрдамида улардан ҳар бири кичик бўлса ҳам кутубхонага эга бўлганини аниқладик.
Улардан бири – юқорида зикр этилган Себзор қозиси Муҳиддинхожа ўз шахсий кутубхонасига ноёб қўлёзма китобларни йиққани ҳам маълум. Масалан, унинг кутубхонасида Шарафиддин Али Яздий қаламига мансуб “Зафарнома” асарининг XVII асрда Самарқандда кўчирилган ва нафис мусавваралар билан безатилган бир нусхаси сақланган [8:9-20]. Кейинчалик ушбу нусха асарнинг 1972 йилда Тошкентда амалга оширилган факсимиле нашрига асос бўлди. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида № 4457 рақам остида сақланаётган қўлёзмада ҳам қози Муҳиддинхожа муҳри босилган.
Муҳрлар матни тарихини ўрганиш Ўрта Осиё тарихи билан шуғулланаётган тадқиқотчилар учун муҳим аҳамиятга эгадир.
-
Абулғозий. Шажарайи турк /Нашрга тайёрловчилар Қ.Муниров, Қ.Маҳмудов. – Т.: Чўлпон, 1992.
-
Ахмедов Б.А. Историко-географическая литература Средней Азии XV-XVIII в. – Т.: Фан, 1985.
-
Зиёдов Ш. “Материалы по среднеазиатской сфрагистике (Ташкент. XIX-начало XX вв.)” Монография. – Самарканд: МИЦАИ, 2020.
-
Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. – Т.: Фан, 1971.
-
Сидқий Хондайлиқий. Танланган асарлари / Таҳрир ҳайъати: О.Шарафиддинов, Н.Аминов, Б.Қосимов ва бошқалар. Тўпловчи, сўз боши, изоҳлар Қосимов Б., Жавҳарова Р. – Т.: Маънавият, 1998.
-
Султонов Ў.А. Муҳаммад Солиҳхўжа ва унинг “Тарихи жадидайи Тошканд” асари. – Т: Ўзбекистон, 2009.
-
ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, инв. № 1135, 1154, 9319, 9578.
-
Ўринбоев А. Шарафиддин Али Яздий ва унинг “Зафарнома” асари қўлёзмаси // Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Нашрга тайёрлаш, сўз боши, изоҳ ва кўрсаткичлар А.Ўринбоевники. – Т.: Фан, 1972.