Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ИЛМИЙ САФАРЛАРИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ИЛМИЙ САФАРЛАРИ

Имом Бухорий ўн олти ёшигача Бухорода таълим олган. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ватани ва ислом динининг маркази бўлган Ҳижозга юзланган. Имом Бухорийнинг хос шогирди ва котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий бундай дейди: “Имом Бухорий: “Мен ўн олти ёшимда Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларини ёд олдим. Сўнг онам ва акам билан бирга ҳаж сафарига чиқдим”, деган”.

Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг бу гапидан Имом Бухорийнинг илк сафари 210/826 йилда бўлганини билиб оламиз. Яъни, 204/820 ёки 205/821 йилда ҳадис тинглашни бошлаган бўлса, ҳажга кетгунига қадар ўтган 5-6 йиллик мана шу оз фурсатда ўз шаҳрида фазилат ва камолга эришиб, ишончли ровий даражасига етган.

Ҳаж амаллари якунига етганидан сўнг онаси ва акаси Аҳмад юртига қайтди. Имом Бухорий Маккада қолишни афзал кўрди. Макка Ҳижоздаги энг муҳим илмий марказлардан бири эди. Исломий илмларга ташна бўлгани учун онаси ва акасидан ажралишга рози бўлди ва бу улуғ шаҳардаги шайхларнинг мажлисларига қатнай бошлади. Маккадаги барча муҳаддислардан ҳадис тинглади.

Имом Бухорий Маккадан чиқиб, Мадинага юзланди. Одамлар у ерга ҳар жойдан келиб ҳадис ўрганарди. Имом Бухорий Мадинага 212/828 йили ўн саккиз ёшида келган. Имом Бухорий бу ердаги нурли кечаларда ўзининг “Тарихул кабир” китоби қораламасини ёзди. Тарихчилар Имом Бухорийнинг Ҳижоз (Макка, Мадина, Тоиф ва Жидда)да олти йил турганига иттифоқ бўлган. Лекин бу муддат узлуксиз бўлмаган.

Имом Бухорий Мадинадан чиқиб, Басрага юзланди. Чунки, Басра ўша пайтда йирик илм марказларидан эди. Бу ерда Имом Абу Осим Набил ва Сафвон ибн Исо каби уламолардан таълим олди. Имом Бухорий: “Мен Басрага тўрт марта борганман”, деган.

Басрадан чиқиб, Куфа ва Бағдодга сафар қилди. У ерларга бир-неча марта борган. Имом Бухорийнинг хос шогирди ва котиби устозининг Бағдод ва Куфага сафари ҳақидаги сўзини бундай келтиради: “Мен Куфа ва Бағдодга муҳаддислар билан бирга неча марта борганимни эслолмайман”.

Имом Нававий ўзининг “Таҳзибул асма вал луғат” китобида Имом Бухорийнинг Куфадаги машҳур устозларининг баъзиларини зикр қилган.

Бағдод Аббосийлар халифалигининг пойтахти бўлган. Ҳукуматнинг саъй-ҳаракати билан илм марказига айланган. У ерга ҳар жойдан илм аҳли тўпланган. Шунинг учун улуғ муҳаддис Бағдодга бир-неча марта борган. Имом Бухорийнинг у ердаги энг машҳур устози Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдир.

Имом Абу Али Ғассоний ўзининг “Тақйидул муҳмал” китобида Имом Бухорийнинг Бағдоддаги охирги хайрлашувини зикр қилган. Бу саккизинчи марта боришида бўлган эди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг олдига хайрлашиш учун кирганида, Имом Бухорийга ҳасрат ва алам билан: “Илмни ва шундай одамларни тарк қилиб Хуросонга кетаяпсизми?” деган. Имом Бухорий Бухоро ҳокими Абу Тоҳирнинг фитнаси сабабли Бухородан чиқиб кетганида афсусланиб: “Устозим Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сўзларини энди англаяпман”, деб эслаган.

Бағдоддан чиқиб Шомга борганда, Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбий ва Абу Назр Исҳоқ ибн Иброҳим каби етук уламолардан таълим олган.

Сўнг Мисрга бориб, Усмон ибн Солиҳ ва Абдуллоҳ ибн Солиҳ сингари улуғ устозлардан дарс олган.

Мисрдан сўнг Жазира (Дажла ва Фурот дарёсининг орасида жойлашган минтақа. Муҳим шаҳарлари – Ҳаррон, Руҳо, Раққа, Мавсил ва бошқалар)га бориб, Аҳмад ибн Абдулмалик Ҳарроний ва Аҳмад ибн Язид Ҳарроний каби забардаст муҳаддислардан таълим олган.

Аммо Хуросон ва унинг атрофидаги Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Восит каби шаҳарлар Имом Бухорий кўп зиёрат қилиб юрган жойлар бўлган.

Хатиб Бағдодий: “Имом Бухорий барча шаҳарлардаги муҳаддисларнинг олдига борган. Хуросон, Жибол, Ироқнинг барча шаҳарлари, Ҳижоз, Шом, Мисрда ҳадис ёзган ва Бағдодда бир-неча марта бўлган”, деган.

Имом Бухорий юқорида зикр қилинган шаҳарларга илм талабида борган, албатта. У киши бутун ҳаётини ҳадис илмини мукаммал ўрганиш ва жамлашга бағишлаган.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …