Home / МАҚОЛАЛАР / “МУСТАЛАҲУЛ ҲАДИС” ИЛМИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ВА ТАРҚАЛИШИДА ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ЎРНИ

“МУСТАЛАҲУЛ ҲАДИС” ИЛМИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ВА ТАРҚАЛИШИДА ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ЎРНИ

Мустақиллик йилларида ислом дини, маданияти ва фалсафасини ўрганишга, исломий маънавий-ахлоқий қадриятларни қайта тиклашга катта эътибор қаратилди. Чунки ислом дини миллий, маънавий-ахлоқий қадриятларимизга айланган. Ислом таълимоти дунёвий тафаккур билан синтезлашиб кетган. Шарқда тасаввуф фалсафаси ривожланиб, кишилик жамиятида яхлит умумфалсафий меросни яратишга муҳим ҳисса қўшган. “Ўзбекистондай ўтмиши инсоният тарихи, кишилик ҳаёти ибтидоси билан боғлиқ бўлган маконда туғилган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳонуддин Марғиноний, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Имом Ғаззолий, Азизиддин Насафий, Хожа Аҳрор Валий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий каби юзлаб даҳолар борки, улар ислом динини оддий, кундалик тақво ва ибодатдан том маънодаги таълимот даражасига олиб чиқдилар. Инсоният тараққиётини бутунлай ўзгартириб юборган, жаҳон цивилизациясига ғоятда кучли таъсир ўтказган Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, улуғ саркарда ва давлат арбоби соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа бобоколонларимиз дунёвий тараққиётни, табиий фанлар, фалсафа, мантиқ ва адабиёт ривожини ислом таълимоти билан муштарак ҳолда тушундилар ва ривожлантирдилар. Давр, тарихий шароит шундай эдики, ана шу омилларнинг бири кам бўлган тақдирда буюк ихтиролар, оламу одам тақдири ва истиқболи билан боғлиқ бўлган кашфиётлар дунёга келмаган бўлур эди.” Ана шундай машҳур аждодларимиздан бири Имом Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг фалсафий қарашлари, у тўплаган энг ишончли ҳадисларни ўрганиш ҳозирги янгиланаётган ўзбек жамияти учун муҳим аҳамиятга эга. Зотан, дунё мусулмонлари Қуръони каримдан кейинги мавқеда кўрадиган ушбу ҳадисларнинг мўътабар ирфоний-маърифий, маънавий-аҳлоқий ва руҳий-тарбиявий аҳамияти давлатимизнинг баркамол авлод сиёсати билан ҳамоҳангдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлар экан, “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб авайлашга даъват этади,” деди. Шу билан бирга, Президентимиз юқори минбардан туриб, Имом Бухорий номини тилга олди ва жаҳолатга, залолатга, ақлий ва ҳиссий биқиқликка қарши фақат билим ва тафаккур билан, маърифат билан қарши чиқиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Ислом дини ва адабиётига оид адабиётларда ҳадислар бобида “ҳадис илми”, “ҳадис – суннат”, “Қуръондан кейинги иккинчи масдар”, “аҳли суннат”, “ҳадис тўпламлари”, “муснад ҳадис”, “саҳиҳ ҳадис” каби иборалар кўплаб учрайди. Ушбу ибора ва тушунчалар ҳақида маълум бир тасаввурларга эга бўлмаслик турли чалкашлик ва мураккабликни келтириб чиқаради. Шунинг учун биз “Мусталаҳул ҳадис” илмининг шаклланишига бевосита тааллуқли бўлган юқоридаги ибора ва тушунчалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

“Ҳадис” сўзи арабчадан келиб чиққан бўлиб, “сўз”, “калом”, “пайғамбар сўзи”, “ҳикоя”, “нақл” деган маъноларни англатади. Диний-илмий китобларда “ҳадис” дейилганда, Муҳаммад пайғамбарнинг айтган гап-сўзлари, қилган ишлари назарда тутилади [6:156]. Демак, “ҳадис илми” деганда Муҳаммад пайғамбар гап-сўзлари ва феълини ўрганиш, жамлаш, таснифлаш ва шарҳлаш билан боғлиқ фаолият тури тушунилади.

“Суннат” араб тилида “тариқат – маънавий йўл” деган маънони англатади. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар с.а.в.нинг суннатлари деганда тариқатлари, йўлларини тушунамиз [6:157]. Диний-илмий талқинда суннатга қуйидагича таъриф берилади: “Пайғамбар (с.а.в.)дан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “суннат” дейилади» [6:9]. Мазкур таърифда “гап”, “иш”, “тақрир”, “халқий”, “хулқий-ахлоқий сифатлар” ва “таржимаи ҳол” деган ибораларга дуч келамиз. Улар ҳақида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг “Муқаддима” китобида тўхталиб ўтган. Илм аҳлига талқини маълум бўлгани учун, уларни такрорлаб ўтирмай, ҳали илмий истеъмолга кирмаган “тақрир” маъносини бериш билан чегараланамиз. “Тақрир” – бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш-маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборат”. Юқоридаги талқинлардан келиб чиқсак, “Суннат ва ҳадис бир-бирининг ўрнида ишлатилиб келган истилоҳлардир. Уларга яна ҳам диққат қилсак, ҳадис хосроқ, суннат умумийроқ экани кўринади” [6:9].

“Қуръондан кейинги иккинчи масдар”, Қуръони каримни изоҳловчи ва баён этувчи Расулуллоҳнинг ҳикматли гаплари, манбалари деганда суннат-ҳадислар тушунилади. “Суннат-ҳадиснинг маъноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир” [6:13]. Муснад турли мавзулардаги ҳадислар тўплами бўлиб, унда “ҳадис ривоят қилувчи саҳобалар ислом динини қабул қилган вақтига кўра, ёки алифбо тартибида жойлаштирилган” [1:4].

“Саҳиҳ” арабча сўз бўлиб, ишонарли, тўғри, хатосиз деган маъноларни англатади. У билан бирга диний-илмий адабиётларда “ғайрисаҳиҳ” ёки “мавзу ҳадис” деган тушунча ҳам қўлланилади. “Ғайрисаҳиҳ” ёки “мавзу ҳадис” ишончсиз, нотўғри, хато маъноларини англатиб, “Саҳиҳ” сўзининг акси сифатида ишлатилади. Суннат-ҳадисларни тўплаш Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар давридаёқ бошланган. “Исломнинг биринчи кунидан бошлаб, мўмин-мусулмонлар каттаю-кичик ҳар бир нарсани ўз пайғамбарларидан ўргана бошладилар. Улар у зотдан илоҳий дастур бўлган Қуръони карим оятларидан тортиб, то оддий таҳорат олишгача бўлган ҳамма нарсаларни аста-секин қабул қилиб олар эдилар. Шунинг учун ҳам Муҳаммад (с.а.в.) муборак ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам саҳобаи киромларнинг диққат эътиборидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, шахсий мисол, ҳикмат, насиҳат ва кўрсатма сифатида қабул қилинарди” [6:16]. Шу тариқа саҳобалар Муҳаммад пайғамбарнинг суннат-ҳадисларини тўплаб, ўрганиб, уларга амал қилиб, кейин эса бошқа мусулмонларга, улар ўз навбатида авлодлари-тобеъинларга етказганлар. Бу борада Абу Ҳурайра, Ойша онамиз, Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Анас ибн Молик, Абу Саъд ал-Ҳудрий, Соҳиб ибн Язид, Ибн Аббос, Умму Салама, Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас, Уқба ибн Омар каби саҳобалардан кўплаб ҳадислар келтирилганини эслаш мумкин. Бироқ бу саъй-ҳаракатлар илмий характерда эмас эди. Ҳатто Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмон халифалиги давридаги ҳадислар тўплашга қўйилган қатъий талаблар, Муҳаммад пайғамбарнинг “Сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар – Аллоҳнинг Китоби ва Суннатимдир” [6:14], деган алоҳида таъкидларига қарамай, айниқса, ижтимоий-сиёсий, мазҳабий, қавмий-эътиқодий, хусусий ихтилофлар туфайли суннат-ҳадисларда ғайрисаҳиҳ ривоятлар, гаплар аҳли динни исломдан, Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) таълимотидан чалғитувчи фикрлар, оқимлар пайдо бўлди. Ҳазрати Усмон даврида ислом дини кенг тарқалиб Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) суннат-ҳадисларидан шахсан хабардор саҳобалар турли юртларга тарқалиб кетди. “Қолаверса, сиёсий фитналар чиқиб, турли жанжаллар бошланди. Хилма-хил фирқалар юзага келди. Орада ҳам қуролли, ҳам фикрий, ҳам даҳанаки жанглар авж олди. Маълумки, тарафкашлик, гуруҳбозлик бор жойда, мутаассиблик бор жойда ўз тарафдорларини қўллаш учун ҳеч нарсадан қайтилмайди. Бундай пайтда мустақил қолиш жуда ҳам қийин. Ҳар ким, ҳар тараф ўзининг ҳақлигини исботлаш учун тўғри-нотўғри барча чора-воситаларни ишга сола бошлайди. Ўша пайтдаги оммавий ҳаёт диний ҳаётдан иборат бўлгани учун ҳар ким ўзини диндор кўрсатишга, қилаётган ишига, айтаётган гапига Қуръон ва Суннатдан далил келтиришга уринар эди” [6:25]. Бундай пайтда ислом динини ғайридиний унсурлардан, суннат-ҳадисларни сохта гаплар, ривоят ва хабарлардан холи қилиш лозим бўлди. “Аср бошида Қуръондан бошқа нарсани расмий равишда ёзмаслик давлат сиёсати бўлса, энди ўша вақтдаги омиллар ўзгарган …ҳадисларни расмий равишда ёзиб, эҳтимом беришни давлат сиёсатига айлантириш давр талаби бўлиб қолган эди” [5:26]. Мазкур талабни саҳобаларни кўрган, уларнинг ривоят ва нақлларини, сўзлларини эшитган, амалларини шахсан кузатган тобеъинлар амалга оширишга киришдилар. Натижада ислом динига, Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳаётига бўлган қизиқиш турли диний, метафизик ва илмий қарашларга эга муҳаддисларни ҳаёт саҳнасига олиб чиқди. Айнан улар “Мусталаҳул ҳадис” илмининг юзага келишига замин тайёрладилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қайд этишига мувофиқ бу “ҳижрий тўртинчи асрда юзага чиқди. Шундан бошлаб уламолар мусталаҳ илми ҳақида алоҳида мустақил китоблар ёздилар” [5:26]. Шайхнинг келтиришича, бу борада яратилган биринчи китоб қози Муҳаммад Ҳасан ибн Абдураҳмон ибн Холлад Ромаҳурмузийнинг “Ал-муҳаммадисул фосил байнар – ровий вал воъий” асаридир. “Лекин Ромаҳурмузий бу китобида “Мусталаҳул ҳадис”нинг барча баҳсларини қамраб ола билмаган” [5:27]. Шундан кейин Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳадисшунослик илмининг шаклланишига ҳисса қўшган муҳаддислар ва уларнинг турли юртларда сақланаётган асарларини келтиради. Улар қаторида Ҳоким Абу Абдуллоҳ Найсобурийнинг “Маърифату улумул ҳадис”, Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатийб Бағдодийнинг “Кифоя фий илмир-ривоя” ва “Ал-Жомеъ ли ахлоқир-ровий ва адабис сомеъ”, қози Иёз ибн Мусо Яҳёубийнинг “Ал-илмаъу ила маърифати усулир-риваяти ва тақйидис-самъи”, Абу Наъийм Аҳмад ибн Абдуллоҳ Асбаҳонийнинг “Ал-мустаҳрож у ала маърифати улумул ҳадис”, Абу Амр ибн Абдурроҳман Шахразурийнинг “Улумул ҳадис” (“Муқаддимату Ибн Салоҳ”), Абу Ҳафс Умар ибн Абдулмажийд Маёнажийнинг “Малаа ясаъул муҳаддиса жаҳлуҳу”, Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф Нававийнинг “Ат-Тақрийб ват-тайсийр ли маърифати сунанил бешийрин-назкийр”, Жалолуддийн Абдурроҳман ибн Абу Бакр Суютийнинг “Тадрийбур-ровий фий шарҳи тақрийбин Набавий”, Зайнуддийн Абдурроҳийм ибн Ҳусайн Ироқийнинг “Назмуд-дурар фий илмил асар”, Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саҳовийнинг “Фатҳул муғийс фий шарҳи алфиятил ҳадис”, Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Нухбатул фикар фий мусталаҳи аҳлил асар”, Умар ибн Муҳаммад Байқунийнинг “Мамзуматул Байқуния”, Саййид Шарийф Журжонийнинг “Мухтасар фий мусталаҳи аҳлил асар”, Ҳофиз Шамсуддийн Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳобийнинг “Ал-мувқиза фий илми мусталаҳил ҳадис”, Абдулҳақ ибн Сайфуддийн ибн Саъдуллоҳ Бухорий Деҳлавийнинг “Муқаддима фил улумил ҳадис” асарлари мавжуддир.

Имом Бухорийнинг ҳадислар тўплашга ва “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”ни ёзишга киришгани борасида турли фикрлар мавжуд. “Мазкур асарнинг ёзилиш сабабларидан бири Имом Бухорий ҳазратларининг устози, ҳадис илмида мўминларнинг амири Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг сўзлари деб кўрсатилган, Иброҳим ибн Маъқал ан-Насафийдан ривоят қилинади: “Имом Бухорий: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ бир куни: “Қанийди сизлар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларидан саҳиҳларини тўплаб бир асар таълиф этсангизлар,” деб айтди. Мана шу сўзлар менинг қалбимга қаттиқ ўрнашиб қолди. Натижада “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”ни жамлашга киришдим,” деди.” [4:14] Шу билан бирга бу тўғрида бошқа ривоятлар ва талқинлар ҳам мавжуд. Шарқда буюк ишлар бундай плюралистик талқинларсиз, ривоят ва афсоналарсиз бўлиши мумкин эмас. Уларни таҳлил қилиш бизнинг вазифамизга кирмайди, бу борада манбашуносларнинг изланишларига мурожаат этиш мумкин. Тадқиқотчи Н.Қобиловнинг келтиришича, Имом Бухорий “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳни тахминан 217/833 йилда 23 ёшларида Масжидул Ҳарамда бошлаб, 233/849 йилда қирқ ёшга тўлмасдан 16 йил давомида ёзиб тугатган. “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”дан олдин ҳадислар даражаларига қараб ажратилмаган. Имом Бухорий ишончли ҳадисларни тўплаб, уларни носаҳиҳларидан ажратиб, “мутлақ янгича бир йўлни кашф этиб, ҳадисшунослик соҳасида “олтин йўл”ни бошлаб берди.” “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” 97 китоб ва 3881 бобдан иборат, унда 7563 ҳадис келтирилган. Китобнинг ҳошиясидаги муаллақ ҳадислар 1391 та, бирон-бир ҳадисга эргашиб, уни тўлдириб келган ҳадислар 344 та, барча ҳадисларнинг адади 9082 тага етади. Уларни Имом Бухорий 600 000 (олти юз минг) ҳадис ичидан ажратиб, текшириб, таҳлил қилиб, қайта-қайта синаб олган.”

“Мусталаҳул ҳадис”нинг илм, илмий фаолият соҳаси дейилиши ғарбона тафаккурга эга кишида, айниқса, диний-илмий меросдан бехабар бўлиб келган тадқиқотчида савол, эътироз уйғотиши табиий ҳолдир. Шунинг учун “Мусталаҳул ҳадис” илмининг тадқиқот объекти (предмети), мақсади, асосий категориялари, унда қўлланиладиган методлар ҳақида маълумот бериб ўтиш даркор. Имом Бухорийнинг ҳаёти, диний-илмий изланишлари, асосий асарлари “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” ва “Ал-Адаб ал-Муфрад” айнан “Мусталаҳул ҳадис”нинг илм сифатида шаклланиши ва тарқалишига хизмат қилади.

Очиқ айтиш керакки, мустақиллик йилларида эълон қилинган диний-илмий асарларда “Мусталаҳул ҳадис” ўзининг имманент қонуниятлари ва талабларига эга илмий фаолият экани эсга олинмайди. Ҳатто шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”) асарига ёзган муқаддимасида ҳам, унинг 2002 йилда тайёрлаган “Ҳадис ва ҳаёт” китоби муқаддимасида ҳам “Мусталаҳул ҳадис” мавжудлиги келтирилмайди. Уларда “ҳадис илми”, “суннат тарихи” каби иборалар тилга олинса-да, аслида улар “Мусталаҳул ҳадис”нинг айнан ўзи эмас. Бизнинг фикримизча, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг ўттиз тўққиз жилдлик “Ҳадис ва ҳаёт” мажмуасини тайёрлаш жараёнида мусулмон Шарқида шаклланган “Мусталаҳул ҳадис”ни диний илм сифатида ўзбек ўқувчиларига тақдим этиш зарурлигини англаб етган. Шу боис у 2010 йилга келиб “Мусталаҳул ҳадис” илми ҳақида китоб тайёрлашни ният қилади ва бу борадаги ишларни бошлаб юборади. Мазкур ниятнинг маҳсули сифатида “Шарқ” нашриёти шайхнинг “Мусталаҳул ҳадис” китобини, “Ҳадис ва ҳаёт” мажмуаси таркибида, 2011 йили чоп этади.

Энг аввало шуни чуқур эҳтиром билан қайд этишимиз зарурки, “Мусталаҳул ҳадис” ўзбек тилида, балки бутун Марказий Осиё (Мовароуннаҳр) халқлари тилида, ҳадис илмига оид энг муҳим илмий, методологик ва диний-фалсафий масалаларни ёритишга жазм қилган илк асардир. Унгача битилган диний-илмий асарларда ҳадисларнинг рационал асослари, Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.)нинг сўзлари, деганлари, ҳаёт тарзи, эътирофлари билан боғлиқ масалалар у ёки бу даражада қайд этиб келинган, аммо уларнинг ҳеч бири “Мусталаҳул ҳадис” илми мавжудлигини асослашга интилмаган. Ҳатто диний-илмий изланишларида Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.)нинг суннат-ҳадисларига энг кўп мурожаат этган Ғаззолий, Фаридуддин Аттор, Имом Аъзам, Имом Шофиъий ҳам бу борада бирор аниқ фикр билдирганлари маълум эмас. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф очиқ тан олишга мажбур бўлади: “Бизнинг муҳаддисларимиздан олдин керакли инсонларнинг ижтимоий ўрни ва салоҳиятини алоҳида ўрганиб, ўша ўрганилган маълумотларни илмий равишда қайд қилиб, китоб шаклига келтирган халқ бўлмаган. Ровийларнинг ишончли ёки ишончсиз эканликларини, уларнинг ёд олишдаги қувват даражалари ва бошқа нарсаларни ўрганиш учун олиб борилган изланишлар натижасида мазкур буюк илм юзага келган” [5:5]. Ушбу ички зиддиятларга тўла, бир-бирига мувофиқ келмайдиган икки фикрни мантиқий таҳлил этишга берилмай, юқоридаги таъкиддан маълум бўладики, “Мусталаҳул ҳадис” то қози Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Абдурроҳман ибн Холлад Ромаҳурмузийнинг “Ал-муҳаддисул фосил байнар-ровий вал воъий” асари (у кишининг ҳижрий 360 санасида вафот этгани маълум) гача диний-илмий таълимот фаолият сифатида маълум эмас эди. Шунинг учун ҳам Шайх қози Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Абдурроҳман ибн Холлад Ромаҳурмузий асарларини ҳадис илми шаклланишини бошлаб берган “биринчи китоб” деб атайди” [5:10].

“Мусталаҳул ҳадис” шундай илмки, унда ҳадисни қабул қилиш ёки рад этиш учун матн ва санаднинг аҳволларини текширишни ўргатадиган қоида ва усуллар ўрганилади” [5:19]. Бу ўринда “санад” дейилганда ҳадис айтувчилар, уларнинг кетма-кет келиши, ўзаро боғлиқ ҳолда ривоят қилиши кабилар тушунилади. Демак, ҳадис шунчаки келтирилмайди, уни ривоят қилувчиларнинг исми-шарифи, мақомати, агар Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) саҳобаларига яқин бўлса, ушбу яқинлиги кабилар навбатма-навбат, хронологик тарзда текширилиб аниқланади. Ҳадис Набий саллаллоҳу алайҳи вассалламгача, хронологик тарзда етиб бориши зарур.

Ҳадисларни энг ишончли, яъни бошқаларга айнан етказувчилар саҳобалардир. Шунинг учун уларнинг ҳадислари ҳеч иккиланмай қабул қилинади. Саҳобалардан кейин келадиган ҳадисчиларнинг нақл қилиши тўғрилиги, ҳоли, ишончлилиги, адолати, зобти, ҳадиснинг узилмай етиб келиши диққат билан ўрганилади [5:28]. Кўриниб турибдики, ҳар бир ҳадиснинг ишончли ёки ишончсиз, саҳиҳ ёки ғайрисаҳиҳ эканини аниқлаш ровий (ривоят, ҳадис айтувчи)ларнинг ҳаётини, саҳобаларга алоқасини, Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.)га яқинлигини, қайси мазҳабда эканини билишга етаклайди. Ҳадисларни ёд олиш унча қийин машғулот эмас, балки саҳобалар ва ровийларнинг кетма-кет келишини, ҳадисни аввал бошида ким эшитган, ундай кейин кимлар қабул қилган ва келгуси авлодларга етказган, уларниyu исломдаги мақомати, мазҳаби қандай бўлганини билиш ҳақиқий илмий изланишни тақозо этган. Имом Бухорийнинг Бағдод ҳадис уламолари олдидаги имтиҳон пайтида чалкаш хабарларни изчил, кетма-кет тўғрилаб, жавоб бергани у зотнинг йирик илм эгаси эканидан далолат беради [2:27].

Ҳанафий уламолар ҳадисларни “мутавотир ҳадис”, “машҳур ҳадис” ва “оҳод ҳадис”ларга ажратадилар. Мутавотир ҳадисларни иккиланмай ишончли, мутлақ саҳиҳ, тўғри ҳадис, дейиш мумкин. Унинг талабига кўра, ҳадисни Расулуллоҳ (с.а.в.)дан камида ўнта саҳоба, ушбу саҳобалардан камида ўнта тобеъин, ушбу тобеъинлардан камида ўнта ровий эшитган бўлиши шарт. Яъни, санаднинг ҳар бир табақаси ровийлар, ҳадисчилар сони ўнтадан кам бўлмаслиги даркор.

Машҳур ҳадиснинг ровийлари ҳар бир табақада камида учта бўлиши талаб этилади. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” ва “Ал-Адаб ал-Муфрад” асарларидаги суннат-ҳадисларнинг аксарияти ушбу йўналишдадир. Масалан, “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг 1-бобидаёқ Имом Бухорий келтиради: “Урва ибн Зубайр ривоят қиладилар, у киши эрса, Ойша онамиздан эшитган эканлар: “Ҳорис ибн Ҳишом розияллоҳу анҳу расулуллоҳ с.а.в.дан: “Ё, расулуллоҳ, сизга ваҳий нечук келгусидур?” – деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Менга ваҳий баъзан қўнғироқ овози янглиғ келгусидир. Кучли ваҳий келганда шундай бўлғай. Шунда мен бутун борлиқни унутгум ва ваҳий сўзларини уқиб олгумдир. Баъзан эса, менга инсон қиёфасидаги фаришта ваҳий келтирғай, мен унинг айтганларини ёдлаб олгайман” деб жавоб қилдилар” [1:7].

Бу ўринда иккита саҳоба (Ойша онамиз ва Ҳорис ибн Ҳишом) ва бир ровий (Урва ибн Зубайр) исмлари тилга олинган. Оҳод (аҳад) ҳадис бир киши ёки озчилик томонидан етказилади.

“Мусталаҳул ҳадис” илмида “азиз ҳадис” ҳам мавжуддир. Унда ровийлар сони ҳар бир табақада камида икки киши бўлиши зарур. Аммо улар ичида “мутавотир ҳадис” Қуръони каримнинг умумий ҳукмини хослайди, мутлақ ҳукмини қайд этади” [5:35].

Ҳадисларни ёд олишга алоҳида эътибор берилган. Ислом оламида инсон хотирасига, зеҳнига, ёд олиш кўникмасига ишониш муҳим ўрин тутади, ҳатто Қуръони каримни ёддан билиш, бошқаларга ёд орқали етказиш анъана бўлган. Имом Бухорийнинг ўзи ҳам Қуръони Каримни ёд билган, уч юз минг ҳадисни, уларни етказган ровийлар ҳаёти, эътиқоди, ҳоли, мазҳаби, адолатли эканини хотирасида сақлаган. Ёдлаш, хотирада сақлаш унга ҳадисларни ваъз қилиш учунгина эмас, балки саҳобалар ва ровийлар хабарларининг саҳиҳлигини текшириб кўриш, синовдан ўтказиш учун зарур эди. Имом Бухорий “ўз шайхи ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрни ўрганиб, ишончли ровий эканига қаноат ҳосил қилганидан кейин ал-Ҳумайдийнинг шайхи Суфённи ўрганишга киришади. Суфёнда ҳам ҳадиси қабул бўлиши учун зарур ҳамма шартларни топганидан кейин икковлари қаерда, қачон, қандай учрашганлари ҳақида ҳужжат ва далил келтиради. У ҳам собит бўлганидан кейингина учинчи ровийни ўрганишга киришади. Шундай қилиб, ҳар бир ҳадисни неча киши ривоят қилган бўлса, ҳаммаси текшириб чиқилади [6:33].

Матн, ҳадисдаги сўзлар, иборалар Мусталаҳул ҳадис илмида энг муҳим қисм ҳисобланади. Санадлар, ровийлар ҳоли ўрганилгач, матн текширилади. Муҳаммад пайғамбар лафзига хос иборалар, сўзлар муҳаддис эътиборида туради, у мазкур иборалар, сўзлар орқали ҳадиснинг саҳиҳлигини аниқлайди. Бу ўринда муҳаддисдан грамматика ва стилистика қонун-қоидаларидан хабардорлик талаб этилади. Сўзлар ва ибораларнинг луғавий, мантиқий ҳамда аксиологик моҳиятини топиш, ўрганиш алоҳида илмдир. Араб тилини мукаммал эгаллаган Имом Бухорий ҳар бир ҳадисдаги сўзлар ва ибораларни диққат ва қунт билан ўрганиб, текшириб, уларни бошқа ҳадислардаги вариантлари, синонимлари билан қиёслаб чиққан. Шундай синовдан ўтган ҳадисларни у саҳиҳ ҳисоблаб, асарларига киритган. “Ривоят этилишича, Имом Бухорий ҳазратлари кўпинча, ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқиб, уйқуга ётар эканлар. Тушларида Муҳаммад с.а.в. келиб, “ушбу ҳадис мендан” десалар, туриб, китобларига ёзар эканлар” [6:34].

Бундан маълум бўладики, чуқур диний-илмий изланишлар муҳаддиснинг бутун ўй-фикрини, қалби ва вужудини чулғаб олган, у ҳар бир ҳадисни борлиғидан, ҳис-туйғуларидан ўтказган, саҳиҳ эканлигига ҳатто уйқусида ҳам асос излаган.

Имом Бухорийнинг “Мусталаҳул ҳадис” илм ривожига қўшган буюк ҳиссасини у зот тирик пайтидаёқ эътироф этишган. Шу боис ҳам ислом оламида буюк муҳаддислар сифатида тан олинган алломалар бошида Имом Бухорий туради, ундан кейин у зот каби саҳиҳ ҳадислар тўплаган Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Доримий Самарқандий келади. Энг муҳими шундаки, ушбу олти буюк муҳаддисларнинг тўрттаси бизнинг юртимиздан чиққан юртдошларимиздир. Бу мисол Имом Бухорий диний-илмий изланишлари, асарлари ўлкамизда ҳадис илмининг шаклланиши ва тарқалишига қанчалик катта таъсир қилганини кўрсатади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Қуръони карим. Алоуддин Мансур таржимаси. –Т.: Чўлпон,1992.
  2. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» (Ишонарли тўплам) 1-жилд. Т.: – Қомуслар бош таҳририяти, 1991.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Мусталаҳул ҳадис». –Т.: Шарқ, 2011.
  4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Муқаддима. 1-Жуз. –Т.: Шарқ, 2004.
  5. Алимов У.Имом Бухорий баракоти. –Т.: Мовароуннаҳр, 2007.
  6. Қобулов Н. “Саҳиҳу-л-Бухорий”нинг ёзилиши тарихи ва услуби // Имом Бухорий сабоқлари, 2009.
  7. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Яхшилик ва ахлоқ. 34-Жуз. –Т.: Шарқ, 2011.
  8. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Намоз китоби. 6-Жуз. – Т.: Шарқ, 2011.
  9. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Рўза китоби. 9-жуз. – Т.: Шарқ, 2011.
Нодира МУСАЕВА
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доценти, ф.ф.н.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …