Home / ҲАДИС / ИСЛОМДА ПАШША ТУШГАН ОВҚАТ ЁКИ ИЧИМЛИКНИНГ ҲУКМИ

ИСЛОМДА ПАШША ТУШГАН ОВҚАТ ЁКИ ИЧИМЛИКНИНГ ҲУКМИ

Ҳадис шарҳи

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингизнинг идишингизга пашша[1] тушса, унинг ҳамма жойини бўктириб, кейин уни олиб ташланг! Албатта, пашшанинг икки қанотининг бирида дард бўлса, бошқасида даво бордир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ: Маълумки, уй шароитида пашшадан сақланишнинг иложи йўқ, у овқат ёки ичимликнинг ҳидини сезган заҳоти унга ўзини уради. Айниқса, дала жойларда инсон пашшадан ҳимояланиши қийин. Масалан, энди ҳўпламоқчи бўлган чойимиз ёки қозондан сузилган овқатимизга пашша тушса, уни тўкиб ташласак увол бўлмайдими, шундай ҳолатда қандай йўл тутиш керак? Бунга юқорида келтирилган ҳадис аниқ жавоб бўлади. Шу тарзда биз умматларнинг машаққатдан чиқиб кетиш йўлини Пайғамбаримиз алайҳиссалом енгил ва осон тарзда тушунтириб берганлар.

Пашша тушиш билан овқат ё ичимлик нопок бўлмайди. Агар пашша тушган нарса нопок бўлиш эҳтимоли бўлганида, Пайғабаримиз алайҳиссалом бундай қилишни буюрмаган бўлардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадислари билан пашшанинг заҳрини кесадиган усулни ўргатдилар.

Кўп ҳолларда, пашша тушган овқат тўкиб юборилиб, исроф бўлади. Динимизда буюрилган ҳар бир амал инсоннинг маънавий тарбияси учун ҳам хизмат қилади. Агар пашша тушган овқат ё ичимликни ҳадисда айтилганидек қилинса, инсондаги кибр ва манманлик синади ва навбатдаги исрофнинг олди олинади. Зеро, кибр ва исроф инсон табиатидаги маънавий қусурдир. Шайтон ҳам кибр ва манманлиги туфайли Аллоҳ таолонинг даргоҳидан қувилган.

Абу Яъло ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилган марфуъ ҳадисда: «Пашша қирқ кеча кундуз умр кўради. Асаларидан бошқа барча ҳашаротлар дўзахдадир», дейилган. Ҳазрат Жоҳиз айтади: «Пашша дўзахга азобланиш учун киритилмайди, балки дўзахдагиларни азоблаши учун ташланади».

Пашшанинг ботмаган қанотини у тушган овқат ё ичимликка босиб олиш билан инсондаги “энди нима бўлар экан”, деган ваҳима тарқалиб, ўрнини хотиржамлик эгаллайди. Абдуллоҳ ибн Масно амакиси Самомадан ривоят қилади: Самома деди: «Биз Анас ибн Моликнинг ҳузурида эдик. Бир пашша у зотнинг идишига тушганида, уни овқатга уч бор ботириб олиб, сўнгра ташлади ва «Бисмиллаҳ», дедилар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга шундай қилишни буюрганларини айтдилар», деди.

Пашшанинг қайси қанотида дард, қай бирида шифо борлигини ҳеч ким билмайди. Баъзи уламолар пашшанинг чап қанотида заҳар, ўнг қанотида эса шифо бор, дейишган. Бироқ ундаги ажиб нарсалардан бири шуки, агар унинг ахлати қора кийимнинг устига тушса, оқ доғ пайдо бўлади. Оқ кийимнинг устига тушганида эса, қора доғ ҳосил бўлади.

Имом Ҳаттобий айтади: «Нодон одам бу ҳадис хусусида «Пашшанинг икки қанотида шифо ва дард қандай жамланади», дейиш мумкин. Бу жоҳил кимсанинг бемаъни саволидир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло асаларини ажойиб, ясалган уясига асал йиғиш учун илҳомлантирган, чумолининг бор кучини озуқа йиғишга илҳомлантирган Зотдир. Агар чумоли Аллоҳ таоло билдирмаганида, у донни иккига бўлса, дон уруғ бўлиб, унмаслигини қаердан ҳам билиши мумкин эди”

Демак, Аллоҳ таоло чивиннинг ҳам бир қанотида заҳар, бошқасида эса уни кесадиган шифо пайдо қилишга қодир Зотдир.

“Фатҳул Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий” китоби асосида
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.
[1] Пашшани баъзи вилоят шеваларида чивин, чивинни эса, пашша дейилади. У қон сўрувчи кичигидан кўра жуссаси катта, қора ёки қўнғир рангли ҳашоратдир.

Check Also

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доимо уларга мурувват кўрсатишни буюрган. Аллоҳ …